O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Одам териси қопланган уруш ноғораси

Одам териси қопланган уруш ноғораси
150 views
09 September 2014 - 19:13

10426610_317008985130609_9008583794695350554_nНю Йоркдаги JFK аеропортидан Парижга учадиган учоқни 8 соат кутишга тўғри келди. Вақтни ўтказиш учун шаҳар зиëратчиларига мўлжалланган журнални варақладим.

Журналнинг Арт Антик бўлимида Khiva деган ëзувга кўзим тушди.

Ню Йоркдаги осори атиқалар билан ким ошди савдоси қиладиган галереяда Хива хонига тегишли уруш ноғораси савдога қўйилибди.

Галерея ҳам шаҳар марказида Грей Ҳаунд деган автобус бекатидан сал нарида экан.

Аеропортни шаҳар билан боғловчи қаторга тушиб бир зумда Грей Ҳаунд тарафларга етиб олдим.

Ким ошди савдоси ўтаëтган галерея катта кўчанинг орқасидаги ëнбошига занглаган темир зиналар ëпиштирилган қизил ғиштлик эски бинонинг 3 қаватида экан.

Ким ошди савдосига махсус таклифнома билан кирилар экан.

Мен журналист эканлигимни айтиб ҳужжатимни узатдим.

Бу гапдан кейин бинога кириш янада мушкуллашгандай бўлди.

Ота боболари африқо занжиларидан бўлган савлатли эшик оғаси ҳужжатимни олиб ичкарига кириб кетди. Орадан 10 минутлар ўтиб эшик оғаси¸ чуваккина¸ сариқ сочли¸ оч пушти куйлак устидан оч мовий бўйинбоғ боғлаган кўз ойнакли бир йигит ҳамроҳлигида чиқди.

Овоз ëзиб олмаслик¸суратга туширмаслик шарти билан ичкарига қўйилдим.

Ўзбекистоннинг овлоқ туманларидаги колхоз клуби залига менгзайдиган бир қоронғу жой.

Тўрдаги саҳнада оëқлари от шаклида шамшод дарахтидан бронза ва кумушлар қадалиб ясалган чорпоя савдога қўйилган.

Бу чорпояда Наполен Ватеерлодаги мағлубиятидан олдин бир кеча ухлагани айтилди.

Умуман бу ким ошди савдосига қўйилган ашëларнинг ҳаммаси уруш билан боғлиқ эди.

Хива хонига тегишли уруш ноғораси тақдимотига ҳали бир соатча бор.

Уруш ноғорасининг тарихи галерея чоп қилган семизгина китобда ëзилган эди.

Зални тўлдирганларни ҳаммасида ана шу китобдан бор эди. Бу китоб таклифномага қўшиб берилгани боис¸тасодифан бу ерга келган мен каби журналист бу китобдан бенасиб эдим.

Наполеон чорпояси сотилганидан кейин қисқа танаффус берилди. Танаффус чоғида Ню Йоркда расмларга чорчўп қиладиган фрамминг ширкат соҳиби бўлган Камол исмли анҳўйлик ўзбекни учратиб қолдим.

Камол қўлидаги китобни очиб Хива хони ноғораси ҳақидаги барча маълумотни мен билан ўртоқлашди.

Бу ноғоро Хива хони Шерғозий тарафидан 1714 йилда руслар устидан қозонилган зафар шарофати билан ясалгани маълум бўлди.

Китобга кўра бу ноғорага 1714 йилда Хивани ишғол қилиш учун келган рус генерали Бекович Черкасский териси қопланган.

Яъни одам териси қопланган ноғора.

Буни эшитиб этим жунжикиб кетди. Шунчаки афсона деб ўйладим.

Аммо галерея мутаҳассислари бу ноғорани экспертиза қилган ва унга ҳақиқатдан ҳам одам териси қоплангани ҳақида лабаратория ҳулосаси бор эди.

Провенанс¸ яъни бу қадимий ашëнинг тарихи ҳам ўрганилган эди. Бу маълумотга кўра ноғора Бухоронинг сўнгги хони Олимхон тарафидан Афғонистонга олиб келинган. Кейинроқ бу ноғора Афғонистондан АҚШга кўчиб келган бир бадавлат оила бисотида бўлган. Кейин бу ноғора уруш артифактлари билан шуғулланадиган галерея тасарруфига ўтган.

Ноғоранинг қорнида қиздирилган мих билан ислими хатда бир байт ëзилган. Ребус каби бу байт айни пайтда абжад ҳисобида ноғора тарихидан ҳам маълумот беради.

Ноғора Тарихда йўқ бўлиб кетган Хоразм давлатининг сўнгги зафарини эслатувчи ашëвий далил эди.

Шу ўринда қисқа билдириш.

Амударë қуйисида олтин конлари бор деб ишонган Русия шоҳи Петр биринчи Хивани ишғол қилиш орзусида эди.

Бу орзуни амалга ошириш учун асли черказ бекларидан бўлган аммо ëшлигида асир олиниб рус оиласида тарбияланган Генерал Бекович бошчилигидаги қўшинни Хивага юборади.
Қўшин Хивага етиб келади. Қақшатқич жанглар бўлади. Бу жангларда ғалаба қила олмаслигига кўзи етган Шерғозиҳон ҳийла ишлатишга қарор беради.

У Бековичга элчи юбориб¸ таслим бўлганлигини маълум қилади. Бу таслимият эвазига зиëфат беришини билдирган Шерғозиҳон шунча қўшинни биргина Хивага сиғдира олмаслиигини айтиб¸ рус аскарларни Хоразмнинг бешта туманига бўлиб ташлашни илтимос қилади.

Бу аскарлар бошидан бир туки ҳам тўкилмайди деб Шерғозиҳон Қуръонни ўпиб қасам ичади.

Бу қасамдан кейин Бекович Шерғозига ишониб қўшинни бешга бўлади.

Ўша куннинг ўзидаëқ рус қўшинлари қириб ташланади.

Бекович бошлиқ ўнга яқин рус қўмондонлари Хивадаги Ичон қалъадаги маҳсус ҳандақда тириклайин териси шилинади.

Бу маълумот Россия харбий архивидаги хужжатларга асосланади.

Бу ҳужжатлар қатлни ўз кўзи билан кўрган рус асирлари ҳикояларига асосланган. Бу ҳикоялардан бирида Бекович териси ноғорага тортилгани айтилса яна бирида Бековичнимнг боши кесилиб Бухоро хонига тортиқ қилингани айтилади.

Аниқ бўлгани шуки 1714 йилда Руслар Хивада мағлуб бўлишди. Бу мағлубият Хивани ишғол қилиш режасини 100 йил орқага сурди.

Хивада қатл қилинган Бекович ҳақида¸ исчез как Бекович деган тагдор гап мақол тарзида рус луғатига кирди….

Бугунги кунга¸ яъни Ню Йоркдаги галереяга қайтсак. Ноғора ҳақидаги маълумотларни бергани учун анҳўйлик Камолга миннатдорлик билдирдим. Ўзбекларнинг Руслар устидан ғалабаси тимсоли бўлган ноғорани ўзбекистон музейларида бўлишини чандон истадим. Телефон кулбасидаги малла китобдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси номерини қидириб топиб тердим.

Шундай¸шундай¸Шерғозининг ноғораси дедим.

Элчихона мулозими гапни калта қилди.

Қанақа ноғора¸ қанақа ширгази. Сиз ўз кимсиз. Мақсад нима деди

Мен журналистман¸ рассомман¸ Шухрат Бобожонман дедим. Ноғоранинг тарихий аҳамиятини тушунтирган бўлдим.

Мулозим ўта совуқ оҳангда гапимни кесиб¸ сизга ким айтди бизга телефон қилсин деб¸ким тарафдан вакил қилингансиз деди.

Мен ўзим шу¸ ватанпарварлик туйғуларим қўзиб телефон қилувдим дейишим билан у киши трубкани қўйиб қўйди.

Мен элчихонанинг мадания атташеси билан гаплашгандим.

Шу пайт Камол қўл силтаб қолди. Ноғора тақдимоти бошланди.

Мана ноғора. Сал каттароқ ошқовоқдай бир матоҳ. Ғолибнинг мағлуб устидан қаҳқаҳасига мензайди.

Кучсиз ҳам ҳийла билан¸ ўзидан кучлини енга олиши мумкин деган фалсафанинг ўрнаги эди бу.

Қуръонга ëлғондан қасам ичилмаслигига инонган черкез бекиинг харбий хато учун тўлаган тўлови эди бу.

Аммо бу одам териси тортилган ноғора наъра тортишга улгурмасдан безак ашëсига айланди.

Шерғозидан кейинги Хонлар уруш ноғорасини чалишмади. Доираю танбур чалиб бачча қўлидан май ичиб ғазалҳонлик қилишди.

Бу ноғора ясалганидан кейин ўтган 100 йил Туркистон учун таназзул йиллари бўлди.

Нафақат қиличлар балки миллат руҳи ҳам ўтмаслашди.

Оқибатда Хива Хони Мадримҳон 1873 йил ëзида мағлуб бўлиб Кауфман этигини ўпди. Энди бу хон уруш ноғорасини чала олмас эди. Балки уни ўзини руслар ноғора қилиб чалар эди…..

Ню Йорк . Ким ошди савдоси жаллоби уста бозингар каби қўлидаги ëғоч болғани ҳавода ўйнатиб бор барака қилмоқда.

5 минг доллардан бошланган нарҳ 16 мингга кўтарилди.

16 минг. 16 минг бир….Сотилди. Ëғоч болға сандонга урилди. 1714 йилда Хивада ясалган ноғора 2011 йил 15 октябрда 16 минг долларга Ню Йоркда сотилди.

Ўзбек тарих китобининг яна бир варағи тужжорлар чўнтагига пул бўлиб тушди.

Ҳаридор исми айтилишини истамади. Билганимиз шуки ноғорани Жанубий Кореялик бир тадбиркор сотиб олди.

Уруш артифактлари ишқибози экан¸ Ню Йорк ва Вашингтонда бир неча кирхоналари бор экан.

Мен JFK аеропортига қайтдим.

Паспорт текшириш¸ҳавфсизлик тафтишлари¸ аеропортдаги тинимсиз табассум қилаëтган¸тинимсиз шошаëтган олақуроқ оломон эътиборимдан четда эди.

Шу пайтгача кам қизиққаним юртим тарихи шууримнни ағдар тўнтар қилганди.

Шерғози ясаттирган уруш ноғорасиннг олисларда қолган саси ичимда жаранглар эди.

Улкан учоқ ҳавога кўтарилди. Сал олдин ичида адашиб юрганим улкан шаҳар қоринжа инидай кичик бўлиб кўринди. Бор йўғи 200 ëшга кирган шаҳарнинг боши билан кетини ундан узоқлашгачгина кўрдим.

Шухрат Бобожон

“Озодлик” радиоси мухбири