O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Озодликка интервью берганларга чора кўринг”!

“Озодликка интервью берганларга чора кўринг”!
171 views
24 January 2016 - 15:36

EEFFE7C6-8297-47C0-8D61-5746B2D266CD_w640_r1_s-e1451458631991Жиззах вилояти, Пахтакор тумани хокимининг маданият ишлари бўйича муовини Карим Татлибаев, Арамаис Авакян ва унинг шериклари устидан бўлиб ўтаётган суд мажлисида, Озодлик радиосига интервью берганларга чора кўришини сўради.

ИШИДчи ва жиходчи, хамда Конституциявий тузумга тажовузда айбланаётган Жиззахлик фермер, насроний Арамаис Авакян ва унинг шериклари устидан бўлиб ўтаётдан суд мажлисида, Карим Татлибаев Пахтакор тумани хокимининг вакили сифатида қатнашаяпти.

22 январ куни давом этган суд мажлисида хокимнинг вакили, туман хокими Ғофур Қаршибоевнинг Арамаис Авакян ва унинг шерикларини танимаслигини айтган. “Хокимимизнинг Арамаисни хўжалигига кўз тиккани хақидаги Озодлик радиоси тарқатган хабар қуруқ тухмат” деган Карим Татлибаев.

Карим Татлибаев суд раиси Асқар Мамарахимовга мурожаат қиларкан, Озодлик радиоси орқали туман хокимига тухмат қилганларга, хамда шу радиога интервью берганларга жазо тайинлашини сўради.

У суд раисидан, Арамаис Авакяндан яна бир бор туман хокими Ғофур Қаршибоевга эътирози бор ёки йўқлигини сўрашни илтимос қилди. Лекин суд раиси Асқар Мамарахимов бу масала бўйича Арамаис аввалги мажлисда гапирганини айтиб, хоким вакилининг бу сўровини рад қилган.

“У холда Озодлик радиосига интервью ва хабарлар бераётганларга чора кўринг” деган Карим Татлибаев.

Суд раиси эса унга, “Биз фуқароларни кимга нима дейишларини таъқиқлай олмаймиз. Буни ўзларингиз Махалла фуқаролар кенгашлари билан маслахатлашиб, хал қилинглар. Махаллага чақириб ташвиқот ва тарғибот қилинглар” деб жавоб берган.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасидаги манбаанинг айтишича, Пахтакор тумани хокимининг фермер Арамаис Авакяннинг хўжалигини тортиб олиш мақсадида, фермернинг қамоққа олдиргани хақидаги хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарлар, нафақат туман, балки вилоят хокимлигидаги амалдорларни ташвишга солган.

“Пахтакор тумани хокими Ғофур Қаршибоев шу кунларда ўз номини қутқариш учун, фермернинг яқинларига босим ўтказяпти. Уларни хокимиятга чақириб, рахбарга тухмат қилганликлари учун қамоққа олинишини вакиллари орқали билдиряпти. Арамаис Авакянга хам босимлар кучайган. Унга хозир терговчилар “Хокимни умуман танимайсан, у хам сени кўрмаган. Сени ишинга унинг алоқаси йўқлиги хақида судда гапирасан” дейишяпти. Арамаиснинг бошқа чораси йўқ” деди манбаамиз кечаги сухбатда.

22 январ куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида қатнашганларнинг айтишларича, Арамаис Авакян анча тушкун холатда кўринган. Хокимлик вакили Карим Татлибаевнинг туман хокимини химоя қилиб гапирган сўзларига хам эътироз билдирмаган.

Навбатдаги суд мажлиси 25 январ кунига белгиланган.

ЎХҲ таҳририятига келган мактуб