O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳуқуқ ва адолатга асосланган давлат тарафдоримиз

“Озодлик” радиосига қўнғироқ қилган тингловчилардан бири Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳга бир неча савол билан мурожаат этди.

Ҳуқуқ ва адолатга асосланган давлат тарафдоримиз
230 views
22 July 2011 - 16:03

“Озодлик” радиосига қўнғироқ қилган  тингловчилардан бири Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳга бир неча савол билан мурожаат этди.

Аввалги дастурларимиздан бирида “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари, АҚШда истиқомат қилувчи Баҳодир Чориев Эркин микрофонга қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон Халқ ҳаракати муассислар мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳни баҳсга чақириш ниятида эканини маълум қилган эди.

Чориевнинг чақириғини Озодлик радиоси Муҳаммад Солиҳга Эркин микрофон эшиттириши орқали етказди.

Бироқ жаноб Солиҳ чақириққа рад жавоби берди.

Муҳаммад Солиҳ жумладан бундай деди.

“Менинг у билан гаплашишим кулгили бўлар эди ва бу кулгили аҳволга тушишни албатта мен истамайман. У менинг тенгим эмас. Каримов менинг рақибим. Мен Каримовга 1991 йилда рақиб бўлганман ва бугун ҳам ўша мақомимни муҳофаза қилиб келаяпман, яхшими ëмонми, ҳар ҳолда. Каримов асосан бизга қарши курашаяпти бугунгача”.

Муҳаммад Солиҳнинг бу жавоби эфирга кетиши биланоқ 21 июл куни Тошкентдан ўзини Шавкат деган йигит Озодликка қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон Халқ ҳаракати муассислар мажлиси раисига саволлари борлигини билдирди.

Озодлик Шавкатбек билан Муҳаммад Солиҳнинг савол-жавобини Эркин микрофон эшиттириши доирасида ёзиб олди.

Шавкатбек: Мен бир савол билан сизга мурожаат қилмоқчи эдим. Ҳозир жуда кўпчилик одам ўйланиб қолганда сизни қўллаб-қувватлаш керакми ëки қўлламаслик керакми деган тўғрисида. Ўшанга мен сўрамоқчи эдим сизнинг позициянгиз қанақа? Эслайман, 1990-1991 йиллларда роса кўп гап бўлган эди. Муҳаммад Солиҳ одамларни паранжига тиқаркан, одамларни намоз ўқишга мажбур қиларкан, деган роса кўп гап бўлган эди. Балки бу уйдирма бўлган бўлиши мумкин. Билмоқчиманда сизнинг позициянгизни. Агар ниятингиз бўлса, Ўзбекистонда тузум қурмоқчи бўлсангиз, қанақа тузум бўлади у? У Исломга, шариатга асосланган бўладими ëки бўлмаса демократик, одамларни инсон ҳуқуқлари бўйича таъминлайдиган қанақа давлат бўлади?

Муҳаммад Солиҳ: Бу саволлар ҳақиқатан бундан 20 йил олдин ҳам бизга берилган. 20 йилдан кейин ҳам берилаяпти. Демак, халқимизнинг онгида, ўша пайтдаги КГБ, ҳозирги МХХ ишлаб чиққан психологик стратегиянинг таъсири ҳали ҳам кўриниб турибди. Бизнинг программамизни ўқиган бўлсангиз, Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг программасида очиқ ва ойдин ëзилган. Биз ҳуқуққа асосланган фуқаровий жамият қурамиз, дейилган. Шундай жамият қуриш тарафдоримиз. Оллоҳ насиб қилиб биз агар иқтидорга келадиган бўлсак, албатта ҳуқуққа асосланган давлат ва бунда қонун устуворлиги, ҳуқуқ устуворлиги, адолат устуворлиги бўлади. Идеал давлат, идеал адолатга асосланган давлат бўлади. Уни демократик деб атайсизми, диктаторлик деб атайсизми ëки хонлик, подшолик деб атайсизми адолати йўқ давлат золим бир давлат бўлади. Биз золим давлатнинг 20 йилдан бери ўлкани нимага айлантирганини кўраяпмиз. Шунинг учун бу тажрибадан келиб чиқиб биз озодлик, ҳур фикрлилик ва адолат тарафдори бўламиз ва биз қуришни орзулаган давлатимиз ҳам ана шу принципларга, ана шу қадриятларга асосланган давлат бўлади.

Шавкатбек: Яъни бу шариат, исломий тузумга асосланган бўлмайди.

Муҳаммад Солиҳ: Исломий тузум деган нарсанинг ўзи нисбий гап. Исломий тузум бугун дунëда йўқ. Бу менинг субъектив фикрим. Исломий давлат деб аталган давлатнинг ҳам кўпчилиги ҳақиқатан ўша шариатнинг мен айтган қадриятларига, адолатга ва бошқа инсон фитратига уйғун нарсаларга риоя қилганда эди, Исломни бу қадар обрўсизлантирмаган бўларди. Бугунга қадар исломий давлат қурилмади албатта. Шунинг учун исломий давлат ëки демократик давлат дегандан кўра менимча, чунки ҳар икки нима ҳам ўзининг обрўсини йўқотиб бўлган афкор оммаси олдида, ҳуқуқий давлат дегани менимча бизнинг кўнглимизга яқинроқ. Ҳуқуққа асосланган, адолатга асосланган давлат деса, ана ўшанда бугун ўз обрўсини йўқотган демократия ҳам ва ўз обрўсини йўқотган исломий давлатдан ҳам йироқроқ турамиз, масофалироқ турамиз. Ҳуқуқий ва фуқаровий жамият. Тушунтира олдимми сизга?

Шавкатбек: Мен қониқдим сизнинг жавобингиздан. Одамларга тушунтиришда шунга кўпроқ урғу берганингизда, мен сизни тушундим, шунга урғу берганингиздан яхши бўларди. Чунки Ўзбекистонда камчилик дин вакиллари бор, бошқа фикрдагилар бор. Одамларга унга ишон, бунга ишонма деган сингдира олмайди тўғрими? Ўзбекистонда ҳар хил идеологиялар ҳосил бўлганда. Шунинг учун шу нарса одамларга ойдинроқ тушунтирилганда бугун гапирганингиздай, жуда кўпчилик одам шу нарсадан манфаат топармиди деб ўйлаган эдим. Шунинг учун телефон қилган эдим.

Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат, жуда тўғри гапираяпсиз. Афсуски, жуда кўп инсонлар ўша эски стереотиплар билан яшаб, бизнинг айтганларимизни нотўғри тушунаяпти ëки, махсус, кўпчилиги нотўғри тушунганга солиб, бошқа тарафга оғдираяпти.

Шавкатбек: Ўзбекистонда кўпчилик одам бугун ҳуқуқий давлат тарафдори. Инсон ҳуқуқлари қаерда таъминланмаса, жуда қийин бўлади жамият учун. Ҳамма нарсани орқага тортади. Катта раҳмат саволларимга жавоб берганингиз учун.

Муҳаммад Солиҳ: Сизга ҳам раҳмат.

ozodlik.org/