O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Озодлик”:Ўзбекистон Халқ ҳаракати норозилик тадбирларини давом эттирди

“Озодлик”:Ўзбекистон Халқ ҳаракати норозилик тадбирларини давом эттирди
162 views
02 September 2011 - 12:21

Ислом Каримов сиёсатига қарши норозилик намойишлари 2 сентябр куни Швеция, Чехия, Норвегия ва АҚШда давом этди.

2 сентябр куни эрталаб соат 10.30 да Швеция парламенти биноси олдида Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг 60 дан зиёд фаоли йиғилди.

Улар ўз чиқишларида Ўзбекистонда 20 йилдан буён қатағон сиёсати давом этаётгани, президент Каримов диктатураси даврида минглаб одамнинг виждон тутқунига айлангани ҳақида гапирдилар¸ дейди
Ўзбекистон Халқ ҳаракати муассислар мажлиси аъзоси Ҳазратқул Худойберди:

– Жуда ҳам конкрет диктатурага қарши намойиш. Норозилик намойиши. Ҳаммамизнинг жонимизга тегиб кетган Каримовнинг 22 йиллик ҳокимиятда зўравонлик билан ўтириши. Энг асосий нарса¸ Каримовнинг ўзи ва унинг ҳукумати Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасини икки марта бузди. Бу Президент ҳақидаги модда. Ўша ерда конкрет ëзилган – бир инсон икки мартадан ортиқ Ўзбекистон президенти бўлиши мумкин эмас, деб. Шуни билиб туриб, оëғининг остига олиб, Конституцияни топтаб¸ яна қонун ҳақида гапиради, ëлғонни гапиради. Аммо ҳамма кўриб турибди, бутун дунë кўриб турибди.

Энди қолган моддаларни қўяверинг. 31-модда бор инсонларинг намойиш қилиш моддаси. Мана бизлар Стокҳолмда парламент олдида туриб намойиш қилаяпмиз. Нима учун Ўзбекистонда шундай қилиш мумкин эмас? Учта одам йиғилса, ушлаб кетади. Бу ерда ҳозир 60 та одам турибди. Мана одамларимиз карнайлар билан гапириб ëтибди. Бунинг фарқини мана кўриб турибмиз. Мустақиллик деб мустақилликка қарши бўлган Каримов гапиради, мустақиллик учун курашганлар Швецияда ўтириб мустақиллик талаб қилади. Бу шармандагарчиликку. Ҳамма ëққа кўриниб турибди. Ўйлайманки, ҳукумат эшитиб, мулоҳаза қилиб фаросати бўлса¸ вақтида истеъфога чиқиб кетади. Бўлмаса, Ўзбекистон халқ ҳаракати кучайиб мажбур қилади уларни кетишга, дейди Ҳазратқул Худойберди.

Ҳаракат фаолига кўра, араб давлатларидаги халқ исёнларидан Ислом Каримов тегишли сабоқ чиқариб олиши керак:

– Буни тушунган одам ўз вақида хулоса чиқариши керак. Миср президенти Ҳусни Муборак ҳеч нарса қилиша олмайди деб ўйлаган эди. Уч ойда ағдар-тўнтар қилиб ташлашди. Мана каззоб Қаддафий. Ҳаммасини каламуш деди¸ ўзининг халқини. Ўзи каламушдан баттар бўлиб сичқоннинг уяси минг танга бўлиб қочиб юрибди. Қаердалигини ўзи ҳам билмайди. Мана бу халқ қўзғолони бўлади, халқ норозилиги барибир ағдаради. Каримов ҳам кетади.

Мана Сурияники. Ўзича у ҳам халққа қарши танкларни ташлади, армияни ташлади. Нима бўлди? Мана ҳозир тахти лиқиллаб қолган. Қаëққа қочишини билмай турибди. Бутун араб дунëси унга қарши, бутун дунë унга қарши. У ҳам кетади. Навбат секин-секин Ўзбекистонга келади. Халққа қарши қурол ишлатмасдан, армияни ташламасдан, Андижондаги мусулмонларни қирганидай халқни қирмасдан¸ агар фарсосати бўлса Ўзбекистон ҳукумати истеъфога кетиши керак. Мана шуни талаб қилиб бизлар бугун Стокҳолмда парламент қаршисида намойиш қилиб турибмиз.

Озодлик: Нима учун сизлар намойишни 1 сентябр- мустақиллик куни ўтказмасдан 2 сентябрда ўтказаяпсизлар?

– Чунки бизлар Ислом Каримов ўйлаб топган 1 сентябр мустақиллик деган нарсани тан олмаймиз. Мустақиллик 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон парламентида эълон қилинган. Ўшанда Каримов парламент залидан қочиб кетган. Кейин 1991 йил 17 мартда Совет иттифоқида қоламиз деб бутун халқни мажбур қилиб референдумда 90 фоиз халқнинг овозини тўплади. Орадан 4-5 ой ўтмасдан 1 сентябрга келиб ағдар-тўнтар бўлиб кетди Москва. Кейин чиқиб 1 сентябр бизлар мустақил дейди. Ҳеч ким қарсак ҳам чалмади. 20 июнда ҳамма қарсак чалган эди. Ҳақиқий мустақиллик кунимиз 20 июн эди. Шунинг учун бизлар Каримов ўйлаб топган 1 сентябр кунини мустақиллик байрами демаймиз. Бу диктатуранинг мустақил ҳукмронлик куни. Шуни ҳамма билиши керак, дейди Ҳазратқул Худойберди.

Прага

2 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 11да Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Чехиядаги фаоллари мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида пикет ўтказдилар.

Ҳаракат фаоли Абдусалом Каримовнинг айтишича, бу пикетдан мақсад Чехия ҳукумати, шаҳардаги сайёҳлар ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари диққатини Ўзбекистон ҳукумати ўтказаётган репрессив сиёсатга қаратишдир:

– Ўзбекистондаги мустақилликнинг бугунги кундаги байрами аслини олганда халқ байрами эмас¸ халқ мустақиллиги эмас. Бу халқни қийнаб, одамларни эзиб келаëтган режимнинг мустақиллиги. Бугунги кундаги Ўзбекистондаги мустақиллик халқ мустақиллиги эмаслигини Чехия давлати, Чехия Ташқи ишлар билишлиги учун, бу ердаги туристлар, халқ билишлиги учун мана шу намойишни ўтказаяпмиз. Шу билан бирга Чехия халқининг ҳам эътиборини қаратиш.

Ўзбекистондаги режим бугунги кунда ўта бир қалтис, ўта хунук ҳолатда. Шунинг учун ҳам 7-8 миллион одам ўз юртига сиғмасдан, ўз юртида тирикчилик қила олмасдан қийналиб бола-чақаларини боқаман¸ деб Ўзбекистондаги сиëсатдан қийналган ҳолатда тўрт-беш йилдан бери бола-чақасидан айрилган ҳолатда тирикчилик қилиб ўзларининг ғамларини кўтариб юришибди. Бу ҳолатга Ўзбекистондаги режим бефарқ, дейди Абдусалом Каримов.

Осло

Норвегия парламенти биноси олдида ўтказилган пикетда Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаолларидан 30 яқин одам қатнашди.

Ҳаракат муассислар мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси Намоз Нормўмин фикрича, бундай намойишлар Ўзбекистондаги диктатура режимини тинч йўл билан ағдаришга билвосита хизмат қила олади:

– Ҳозир биринчи навбатда бугун биз Ослода Ўзбекистон Халқ ҳаракати Норвегия бўлимининг норозилик намойишини ўтказаяпмиз. Аввало шуни айтишимиз керакки, биз мустақилликка қарши эмасмиз. Биз мустақил давлатимизнинг диктатура режимига айлантирилганлигига қаршимиз. Яъни биринчи талабимиз диктатуранинг тугатилиши, иккинчиси ноҳақ қамалган, сиëсий, диний ëки бошқа сабаб билан режимга қарши бўлганларнинг озод қилиниши, кейинчалик зарур бўлган ислоҳотларнинг ўтказилиши.

Озодлик: Мана сизлар норозилик намойишларини Ўзбекистоннинг ичида эмас¸ ташқарисида қилаяпсизлар. Шу митинглар Ўзбекистон ҳукуматига қанчалик таъсир қилади?

– Албатта¸ таъсир қилади. Чунки бизнинг халқимиз аслида ҳам ижодкор, тарихда ҳам, бугунда ҳам дунë жамоатчилигида ўз ўрнини эгаллаган халқ. Мустақилликнинг илк йилларидаги намойишларни, халқимизнинг ислоҳотларга бўлган хоҳишларини ҳаммамиз эслаймиз. Демак бу ҳам дунë жамоатчилигининг, ҳам Ўзбекистондаги халқимизнинг эътиборини тортишга ва мавжуд диктатура ҳукуматини изоляция қилишга қаратилган. Биз умид қиламизки, бу ўз натижасини беради, дейди Намоз Нормўмин.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати шу йил май ойида Берлинда илк таъсис қурултойини ўтказган ва ҳозирга келиб дунёнинг 10 га яқин давлатида ўз бўлинмаларини ташкил қилишга улгурган.

Ҳаракат фаоллари муттасил равишда ўз режалари борлиги ва бу режалар Ўзбекистондаги диктаторлик режимини ўзгартиришга қаратилганини айтиб келмоқда.

Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг АҚШда ўтказиладиган намойишлари ҳақидаги маълумотдан кун давомида Озодлик сайтида хабардор бўлишингиз мумкин.