Араб баҳори
Туркум
1
Мен Шомга бир бора борган эмасман,
Зотан, ҳар бир куним қоронғу шомдир.
Йўқотган бойлигим, тўкилган қоним –
Топган дардим сингари муҳташамдир.
Ҳар куни хабарлар келар Ироқдан –
Қон ҳидин анқитар сўз ва жумлалар.
Оч қолган одамлар гарчи йироқда,
Аммо азоблари қалбни тилкалар.
Қалбни тилкалар ки, худди снарядь
Гўдакнинг вужудин парчалагандек.
Ўзига сиғмасдан ёнар орият,
Дуд чиқар юракнинг дарчаларидан.
2
Араб баҳори бу – гуллари қондан,
Адирлари тўла яшил фарёдга.
Қулоқ тутармиз биз онда ва сонда
Камалакдек рангин бу оҳу додга.
Фитна қозонида қайнайди сўзлар,
Ҳукмлар дардлардан олис ва олис.
Қадаҳда қон ичиб кулган ёвузлар
Ўзини кўрсатар беғубор, холис.
Минг йиллик масжидлар эврилди кулга,
Қадим миноралар ерга қайтдилар.
Миллионлаб одамлар учраб довулга –
Қадру аламини йўлга айтдилар.
3
Нечун қон тўкилди, нечун қатлиом,
Ким бунда айбдор? Кимлар қотилдир?
Савдога келганда ҳийлагар Шайтон –
Унинг Ваъдасига кимлар сотилди?
Дедилар: “Золимлар, хоинлар – козиб,
Қўллари, юзлари – қондир, қорадир”.
Бу ҳукмни тутиб минглаб адашган
Шайтоннинг кетидан кетиб борадир…
4
Нечун қон тўкилди? Нечун қатлиом –
Ким олди инсоннинг ҳурлигин, эркин?
Озодлик – Тангрининг очган эшиги,
Кимлар бу эшикни қўймиш беркитиб?
Озодлик – Тангрининг ҳадяси эрур,
Мийсоқда руҳларга ато этилган.
Аммо ундан қуллар ўзи воз кечур,
Эрк истаб бошқа Қулга кўз тутилган.
Озодлик – Тангрининг улуғ неъмати,
Сотилди, қўлларда бўлди у исроф.
Энди кўринг унинг қадру қимматин –
Ҳаётдир у учун энг лойиқ тўлов…
Унинг тўловини тўларлар энди –
Кўзлардан қону ёш, фарёдлар тўкиб…
Курашга маҳкум бу миллат эрк топар –
Чин эркни тутқазган Зот Сўзин ўқиб…
Тангри берган йўлни унутган қавм
Танлади юришга ўзга сўқмоқни.
Бошқа йўлга ўтган онда билмади –
Чексиз азоблар ва қонлар тўкмоқни…
5
То топгунча йўлини миллат,
То топгунча мустаҳкам иймон,
То кетгунча аянчли иллат,
Тўхтамайди кўнгилда пушмон,
Тўхтамайди бу қонли уруш,
Давом этар кураш беаёв.
Давом этгай улкан бу хуруж,
Токи қўллар тутмагунича –
Адолат деб номланган ялов.
*****
Гўрўғли