O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Озод Ўзбекистон дўстлари” Каримовни маҳкамага бермоқчи (Audio)

“Озод Ўзбекистон дўстлари” Каримовни маҳкамага бермоқчи (Audio)
208 views
10 May 2012 - 13:46

Истанбулда ўтган анжуманда бир гуруҳ туркиялик ва ўзбекистонлик фаоллар 2005 йил 13 май куни Андижонда тинч намойишчиларнинг ўлдирилишида айбдор шахсларни топиш ва жазога тортишни талаб қилдилар.

[soundcloud id=’45931142′]

Туркиядаги қатор нодавлат ташкилотлари ва ўзбек мухолифат гуруҳларини ўзида бирлаштирган “Озод Ўзбекистон дўстлари” ташкилоти 11 май куни БМТ Халқаро Жиноят Маҳкамасига Президент Ислом Каримовни маҳкамага тортиш ҳақидаги талабномани топширмоқчи.

2006 йил мартида Олмония Федерал прокуратураси Андижон воқеалари жарбийдаларининг Ўзбекистон собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматовга қарши жиноят иши очиш ҳақидаги даъво аризаларини рад этган эди.

Ўзбекистон ҳукумати бундан 7 йил муқаддам Андижонда исломий жангарилар исёнини бостирганини айтиб келади.

2005 йилнинг 13 май кунида ҳукумат аскарларининг ҳеч бир огоҳлантиришсиз ва пала-партиш ўт очишлари натижасида Андижонда аксарияти тинч намойишчилардан иборат юзлаб кишилар қурбон бўлишганди.

Намойишларнинг куч билан бостирилиши ва ўзбек ҳукуматининг юз берган қирғин юзасидан мустақил халқаро тергов олиб борилишига изн бермаслиги ортидан 2005 йилнинг октябрида Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга жазо чораларини киритган ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашга оид муайян мезонларни белгилаб берганди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, расмий Тошкент ўша мезон даражасида иш олиб бормаган бўлса ҳам, Оврўпо Иттифоқи босқичма-босқич ўз санкцияларини бекор қилиб борди ва 2009 йилда уларни бутунлай олиб ташлади.

“Ўзбекистон ва Ғарблик иттифоқчилари орасидаги муносабатлар ўз измига тушган эса-да, мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг яхшилангани далолати ёки тинимсиз инсон ҳақларининг топталиши ҳолларига эътибор қаратишга бўлган сиёсий хоҳиш-ироданинг нишонаси йўқ,” дейди “Хьюман Райтс Вотч” ташкилоти.

Истанбулда бўлиб ўтган анжуман иштирокчиларидан Камолиддин Йулдошнинг айтишича, янги маҳкама даъвосидан мақсад – тобора унутилиб бораётган Андижон воқеаларига эътибор қаратиш.

“Бугунга қадар бирор бир халқаро ташкилот бу жиноятни тергов остига ёки… жиддий тарзда кўрилмади. Ва бу йиллар ўтган сайин унутилиб бораяпти. Ҳаттоки, бунга (Андижон воқеаларига) таалуқли санкциялар бекор қилинди”, – деди Камолиддин Йўлдош.

У Ислом Каримовни маҳкамага тортиш учун “Озод Ўзбекистон дўстлари” ташкилотида етарлича исбот-далиллар борлигини айтди.

Камолиддин Йўлдош билан бўлган суҳбатни тингланг.

 

bbc.co.uk