НАЖОТ ЙЎЛИ
(46-қисм)
ОИЛА ВАЗИФАСИ254
Бу олам даражама-даража такомиллаша борган. Ҳар бир иш хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, аста-секин ривожланиб, аста-секин таназзулга юз тутади. Бинобарин, нафсингизни ислоҳ этишга муваффақ бўлсангиз, ул вақтда оила вазифаси сиз учун осон кечади. Оила вазифасига оилани ташкил қилиш киради. Биз шу ерда оилани ташкил этиш ва бошқариш хусусида андак баҳс юритамиз.
Шуни билиш керакки, табиатдаги барча мавжудотда икки хил мавжудият бор: бири — шахсий мавжудият, иккинчиси, навъий мавжудиятдир. Шахсий мавжудиятнинг муддати нисбатан қисқа бўлиб, коинотда унчалик аҳамиятга эга эмас. Аммо навъий мавжудият барқарор ва муҳимдир.
Масалан, Эшмат, Тошматларнинг мавжудияти неча йилдан буён йўқ ва бу махлуқларнинг бўлган-бўлмагани муҳим эмас. Аммо уларнинг навъий мавжудиятлари, инсоний ҳаётлари борки, то қиёматга қадар барқарордир ва нисбатан коинотга муҳим таъсир ўтказиб туради.
Жаноби Холиқу ҳаким бу мавжудиятларнинг ҳифзи ҳимояси учун алоҳида қонунларни тайин этган. Еб-ичиш ва ухлаш шахсий мавжудиятни сақлаб туради. Таносул ва насл бериш эса навъий мавжудиятни ҳимоя қилади.
Биз бу илоҳий қонунларнинг ҳар бирига тобе бўлишга мажбурмиз. Агар билфарз уларнинг бирортасига амал қилмасак, шахсимиз ёки навъимиз, табиатимиз зарар кўради. Масъалан, фалончи еб-ичмаса ва ухламаса, шубҳасиз, андак фурсатдан сўнг ҳалок бўлади. Шунинг учун барча одамлар, ё уларнинг кўпчилиги таносул ва таваллуд қоидаларини тарк этишса, башарнинг навъий мавжудияти маҳв бўлади, яъни одам насли барҳам топади.
Яна шу ҳам маълумки, роҳат ва озодликда тааллукдорлик бўлмайди. Танҳо, бирор одамга боғланмаган киши, ҳаётнинг анча аламу ташвишларидан халос бўлган ва умрини роҳат, осудаликда ўтказиши мумкин. Лекин оилали одамларга бу бахт камроқ насиб этади. Шундай одамларнинг ихтиёри ўзида бўлганда эди, яккаликнинг роҳатини тааллуқдорлик меҳнатига алмаштирмас эдилар. Яъни ҳеч ким хотин олиш фикрини хаёлига ҳам яқин йўлатмасди.
Шу сабабдан одам насли аста-секин йўқолиб борарди ёки бўлмасди. Яратувчи ҳазрат ҳакимнинг ҳикматлари бениҳоя, бу таҳликали йўлни одамларга фойдали қилиб боғлаб қўйган. Эркагу аёлнинг табиатига шаҳватни қўшиб, уларни бир-биридан лаззат олувчи қилган, шу лаззат учун улар бир-бирларини ихтиёр қиладилар, натижада таваллуд ва насл давом этади.
Шаҳвоний қувватнинг берилиш ҳикматларидан бири ана шудир. Аммо, биз китобимизнинг аввалида арз қилган эдикки, одамлар бу қувватларини ифрот даражасигача тушириб, баъзи бир беҳаёлар бировларнинг номусини поймол қилиб ҳам юриши мумкин.
Қодир Аллоҳ бу хатарнинг олдини олиш чораларини тайин қилганки, бу чора суннати сания (маъқул), яъни никоҳдир. Никоҳнинг жорий этилиши шаҳвоний қувватни боғлаб, бир маромга солиб туради…
Бу хусусда Имом Бухорий жуда кўп ҳадислар ривоят қилган, уларда шундай дейилади: «Эй ёшлар, агар қудратингиз етса уйланинг. Зеро, уйланиш кўзингизни гуноҳдан сақлайди, порсолигингизга сабаб бўлади. Агар уйланишга қудратингиз етмаса, рўза тутинг, рўза тутмоқлик шаҳвоний қувватни заиф қилади ва кишини ҳаромга юришдан асрайди».
Шу муқаддимадан маълум бўладики, ҳар бир қудрати бор кишига уйланиш лозим экан, шу илоҳий қонунга хилоф борган киши билсинки, Аллоҳ розилиги ва башарият манфаатига қарши борибди… Мана шу тўғридаги ҳадислардан ҳам бу маълум бўлади: «Уйланинг ва фарзандлар кўринг, мен қиёматда умматимнинг кўплиги билан фахрланай».
«Аллоҳ ҳаққики, мен сизлардан кўра тақводор ва иймонлироқман, лекин мен рўза тутиб, намоз ўқийман, ухлайман ва уйланаман. Кимки менинг қилганларимга хилоф чиқса, у одам мендан эмас».
«Сизлардан баттарроғингиз уйланишга қудрати бўлиб, уйланмай юрганингиздир. Аёлдор кишининг ўқиган икки ракаат намози аёли бўлмаган кишининг етмиш ракаат ўқиган намозидан афзалдир».
«Сизлардан баттарларингиз уйланмаган кишилардир, энг паст табиатлиларингиз эса уйланмай ўлиб кетганлардир».
Чунончи, арз қилдикки, уйланишдан мақсад навъий мавжудиятни давом этгиришдан иборатдир, яъни инсон номини боқий қилдиришдир. Бироқ бунга хотин олиш ҳар кимга осон бўлгандагина эришиш мумкин. Аммо бизнинг мамлакатимизда уйланиш шу қадар қийинки, бу хайрли ишни ҳар ким ҳам орзу қилавермайди.
Аввало, қизнинг отаси қизининг хуни баҳосида нақд пул талаб қилади. Шунга илова тарзида ҳеч бир муносабатсиз бир олам ҳарир, кимхоб ва шунга ўхшаш нарсалар талаб қилади. Сўнгра уйланиш орзусида бўлган эркак юзтадан ортиқ ё камроқ одам чақириб, уларга ошу нон қилишга ва келганларга тўн кийдиришга мажбур бўлади. Бу харажатлар учун камида ўн минг танга бемалол кетади. Шу сабабдан миллатимизнинг бир қисми хотин ололмай, бу дунёдан кўз юмиб кетмоқда ва наслимиз кундан-кунга камайиб бормоқда.
Агар бу шум одат давом этаверса, наслимиз қолмай номимиз дунё саҳифасидан ўчиб кетади, деб қўрқаман. Ваҳоланки, бу каби муносабатсизликларни ислом дини қатъиян манъ қилади. Бу ҳақда «Жомеъ ус-сағир»да қуйидаги ҳадислар келган: «Никоҳнинг афзали унинг осонлигидадир», «Никоҳида оғирлиги кам бўлган аёлда хайру барака кўпдир».