O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Оила…

Оила…
212 views
01 January 2013 - 8:04

Оила…

Оила бўлиб яшаш Аллоҳ таолонинг амри, пайғамбаримиз (сав)нинг суннати, Одам Ота ва Момо Ҳаввонинг бизга меросидир…
Биз мусулмонлар, хоссатан ўзбеклар оилани қадрлаймиз, ота-она сифатида фарзандларимизга, фарзанд сифатида ота-оналаримизга боғлиқмиз, бир-биримизни ташлаб кета олмаймиз, ташлаб кетишга мажбур бўлганда ҳам (ҳижратда ҳам) отам деб, онам деб, болам деб ёнамиз…

Мен ғарбда бунинг аксини кўрдим. Фақат шахс инқирозига эмас, оила инқирозига ҳам гувоҳ бўлдим бу ерларда…Ғарбда ёшлар оила қуришдан кўра ўйнаш тутишни (русча сожитель-сожитителница, норвег тилида-самбоер) маъқул кўрадилар. Яъни, топгани билан ётиб туриб кетавериш, оила масъулиятини, ота-оналик, фарзандлик масъулиятини ҳис қилмаслик тарқалган бу томонларда…

Оила жамиятнинг пойдевори, деймиз. Оилага аҳамият берамиз, оилани ерга урганларни ерга урамиз, булар тўғри, маъқул ишлардир…

Аммо оилавий қироллик, ота ўлганда боланинг подшоҳ бўлиши…Бу оилага илова қилинган ёмон хислатдир. Инсоният ичида бу ёмонлик қачон ижод қилинган буни билмаймиз, аммо мусулмонларга бу Муовия Абу Суфёндан мерос қолган…

Ислом подшоҳлик дини эмас, пайғамбаримиз ҳам подшоҳ бўлмаганлар, рошид халифалар ҳам подшоҳ бўлмаганлар. Ислом сиёсатда адолатга, шўрога (шахслар ва жамият билан маслаҳатлашишга), ишни аҳлларига (мутахассисларига) беришга, раҳбарларни сайлашга, уларга амру бил маъруф, наҳйи анил мункар қилишга (шу жумладан раҳбарларни танқид қилишга), зулмга қарши чиқишга, золим мусулмон ёки ғайри мусулмон бўлишидан қатъий назар итоат қилмасликка даъват қилади. Яъни, Ислом ҳеч бир шаклда диктаторликни ва айниқса оилавий диктаторликни маъқулламайди…

Халқимиз тарихида хонликлар, амирликлар ва бекликлар отадан болага мерос қолган даврлар бўлган. Аммо бугун бутун дунёда бу ишларнинг терси, зидди бўлмоқда. Оилавий қиролликлар, диктаторликлар бирин-кетин қуламоқда. Тахтни золим отаси Ҳофиз Асаддан олган золим ўғил Башар Асаднинг бу кунларда қулашини кутиб турибмиз.

Хуллас, оила имонга, меҳр-муҳаббатга, ўзаро масъулиятга асосланса, жуда муҳим ва катта қадриятдир. Уни ерга урганларнинг ўзлари тубанликкка муккасидан кетадилар. Аммо сиёсатда оилавий йўл йўқ, аввал бўлган бўлса ҳам, бу ўзини оқламаган, нотўғри ва адолатсиз бошқарув усулидир. Оилавий диктаторликлар эса зулм ва тоғут режимларидир. Бундай режимга дунёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ўрин бўлмаслиги керак. Бу ҳақиқатни унутмайлик, ўзбекларнинг ҳаётида бундай жирканч сиёсий усулнинг ўрин олишига қарши курашайлик, ота диктаторга қарши турганимиз каби, диктаторликни отасидан олишни умид қилаётган ҳаёсиз ва золим фарзандга ҳам қарши чиқайлик…

Намоз Нормўмин
01.01.2013