O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ойдин опа ҳақида ойдин хотира

Ойдин опа ҳақида ойдин хотира
83 views
09 December 2015 - 21:13

IMG_20151217_211459“Ҳақиқий тиббиёт” – менинг қайта-қайта яхши кўриб ўқийдиган китобларимдан биттаси.

Бу китобни ёзган ажойиб инсон Ойдин опани бор-йўғи икки марта кўрганман. Китобда кичкина сурати бор. Уни илк бор шу суратидан кўрдим, танидим. Биринчи тасаввурим бўйича олима аёл юзи истарали, ўзи киборли, гавдалик, ниҳоятда бой ва чиройли кийинадиган, дунё кезиб жуда кўп нарсаларни биладиган аёл эди.

Ёзганлари фақат ҳақиқат, ҳамма касалликларнинг чинакам даъволари оддий, оммабоп, оилабоп, айниқса аёлларбоп эканидан мен китобни қариндош-уруғларга, таниш-билишларга кўп марта тавсия қилганман, ўқиттирганман.

Бундан уч йилча бурун Дадаси билан бирга Туркияда бўлганимизда бир сабаб билан Ойдин опанинг уйларига меҳмон бўлиб бордик. Ўшанда опани ўз ҳолатида биринчи кўрдим. Суратда тасаввур қилганим тимсолдан фарқли равишда уй бекаси кичкина жуссали, ниҳоятда одми кийинган ,гаплари кескир, лекин жуда самимий экан. Туркча гапира бошлади. Мен эсам туркча билмасдим. Иложсиз ўрис тилида суҳбатлашдик.

Опа ҳаётида бўлиб ўтган воқеалардан, ёзган китобларидан гапириб берди. Мендан оиламиз ҳақида, қачондан намоз ўқиётганим, намоздан кейин қандай дуолар қилишим, Оллоҳдан  нималарни сўрашим ҳақида суриштирди. Мен айтдим. Сўнгра ўзидан сўрадим:

– Сиз-чи, сиз нимани сўрайсиз дуоларда? – дедим.

У киши Қуръони карим оятларини кўп ўқиганидан, уларнинг маъноларини яхши тушунганидан катта-катта неъматларни, яъни,  охиратда бериладиган ажру мукофотларни сўрашини айтди.

Суҳбат асносида одатда турли сабаблар билан чет элларда юрган кишилардан сўраладиган саволни бердим:

– Ватанга қайтишни, Ўзбекистонга боришни хоҳлайсизми, – деб сўрадим.

Бундай савол сўралганида одатда қанақа жавоб берилишини ҳам билардим. Лекин Ойдин опа кутилмаганда бошқача жавоб қилди:

– Мен эрим билан дунёда кўп сарсон юрдим, ғурбатнинг кўп қийинчилигини тортдим ва эндигина ўз уйимга эга бўлдим. Оллоҳдан худди мана шундай уйим бўлишини кўп сўраган эдим, орзуйимга эришдим. Бу ердан энди ҳеч қаерга кетмайман!..

Албатта, унинг бу қарори ўзига ҳам оғирлиги сўзларидан билиниб турарди, айни чоқда, мусофирликнинг кўп машаққатларини бошдан ўтказган бир аёлнинг аламли севинчлари ҳам сезилар эди.

Шундай қилиб, ғоят таъсирли ўтган меҳмондорчилик ортиқча мулозаматларсиз тугаб, хайрлаша бошладик. Шунда Ойдин опа бирданига:

– Сен Қуръони каримнинг Моида сурасидан учинчи ва олтмишинчи  оятларни ўқиб, таржимасини билиб олгин, янаги учрашганимизда сўрайман, – деб қолди.

Мен, албатта, нимага энди айнан ўша оятларни ўқишим кераклигини ўша пайтда билмадим. Лекин қўноқ бўлиб турган уйимизга келганимиздан кейин ихтиёрсиз равишда Қуръони каримни олиб, айтилган оятларни излаб топдим ва ўқий бошладим.

Орадан бирор ҳафта ўтиб Ойдин опанинг клиникасига бордик. Дадаси ўзларини қаратмоқчи эдилар. Расмиятчиликларини қилиб, қабулига кирдик. Опа Дадасининг қўл ва оёқ тирноқларига, лабларини оғдартириб ичларига, кўзларига, юзларига қараб, қандай касалликларни бошдан кечирганларини, уни даъволаш учун қандай муолажалар қилиш, қанақа дори-дармон қабул этишлари лозимлигини айтди.

Менга берган топшириғи эсида экан, жавобини сўради. Билганимча айтдим.

– Уй-рўзғор, оила, бола-чақа, қуда-андачилик, невара ташвишлари – бунақа баҳоналар инобатга олинмайдиган, ўзинг учун фақат ўзинг жавоб берадиган пайтга ҳозирлик кўрмайсанми?! – деди ўзига хос кескирлик билан.

Айтганига ўзи амал қилганидан, буларни ўз бошидан кечирганидан гаплари жуда таъсирли эди. Мени биринчи марта кўрганидаёқ гўё ичимдагиларни билиб олгандай эди. Иккинчи марта кўришганимизда ҳолатимга аниқ-тиниқ ташхис қўйди.

– Яшаб ўтаётган умрингни бекорга увол қилма, ҳамма майда-чуйда нарсалар ўткинчи, ҳаётда аниқ бир мақсад билан яшаш керак, – деди опа.

Мен учун сира кутилмаган яна бир гапи:

– Одамларни даволайдиган бўлмайсанми? – дегани бўлди.

Ҳайрон бўлдим. Табобатдан умуман хабарим бўлмаса.

– Қандай даволайман? – деб сўрадим.

– Ҳожамот қиласан (яъни, зулук билан қон оласан).

– Қон олишни билмайман-ку? – десам,

– Бирортасидан ўрган, – деди опа.

Ойдин опа билан яна бир оз гаплашиб ўтирдик. Юртга қайтаётганимизни, яна келганимизда албатта зиёратига келишимни айтдим. Чиндан, нимагадир яна кўришишни истаётган эдим.

– Сен билан ҳали яна кўришамиз… Сен пиширган ошнинг таърифини эшитдим. Энди бизникига бориб шунақа ош қилиб берасан, – деди опа.

Кулишиб хайрлашдик.

Лекин бошқа кўришиш насиб этмаслигини мен унда билмас эдим. Бу воқеалардан бир ярим йилча вақт ўтиб Ойдин опа вафот этди. Вафотини қишлоғимизда, Дадасидан эшитдим.Тўғриси, кўнглим бир оғдарилиб тушгандай бўлди.

Мен Ойдин опани яхши кўриб қолганим каби,  назаримда, у ҳам мени озгина бўлса-да ёқтиргандай эди, буни гап-сўзлари, муомаласидан ҳис қилардим.

Қандай ҳам гўзал ўлим топибди! Тўғриси, ҳавасим келди. Албатта, ўлимга ҳавас қилиб бўлмас. Ойдин опанинг ҳаёти ҳавасимни келтиргандир балки.

Тиригида ўзи ҳақида мақтовларни кўп эшитган бўлса керак. Аммо вафотидан кейинги эътирофлар, ёдланишлар, соғинишлар, самимият билан орқасидан қилинган дуолар…

Ҳаммага ҳам бунақа бахт насиб қилавермайди!

Етмиш бир йиллик умри давомидаги алғов-далғовли ҳаёт, хавотирли дарбадарликлар, Ватан соғинчи, эрининг тақдиридан ташвишлар – ҳамма-ҳаммаси учун Оллоҳ таоло ўзи дуо қилиб сўраганидан ҳам мўл ажру савоблар берган бўлсин. Булар устига, умр йўлдоши ёзган тўрт қатор шеър…

Мозорингга кетдим, севгилим
Мозоринг гулзор эди.
Сўнгра уйга қайтдим сенсиз
сенсиз уй мозор эди…

Бу тўрт қаторгина шеър ичига яширинган буюк иқрор!..

Менимча, бу шеърни ёзишга соатлаб вақт кетмаган. Онда туғилган. У иккинчи бир самимий юрак тубидан бирданига отилиб чиққан нидодирки, Ойдин опа шунга муносиб эди. Демак, у кимнингдир бир хотини ўлароққина яшамаган, яна нималардир бор унда.

Илк суратидан таниганим, кейинроқ ўзини кўриб таниганим, ниҳоят, ўлимидан кейин таниганим Ойдин опа тимсоли бугун ҳам сира кўз ўнгимдан кетмайди. Бир бардошли аёл ўлароқ ҳам Ойдин опа барча аёлларга ибрат бўларли даражада ҳаётда чиройли яшаб ўтганини юрак-юрагимдан ҳис этдим.

Ойдин опа ўзидан кейин шундай бир садақаи жория қолдирдики, орқасидан бунинг савоблари, иншаоллоҳ, мўл-кўл бўлиб етиб тургуси ва ҳаққига шогирдлари, мухлислари қилаётган  дуолар ҳам, иншаоллоҳ, ижобат бўлгусидир.

Оллоҳ раҳмат айлаб, ётган ерини жаннатлардан бир боғча қилсин ва ўзи орзу этган чин ватанига – фирдавс жаннатларига қовуштирсин.

Умму Марям
2015 йил ноябр,

Истанбул.