O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ойдин Солиҳ китобини ўқиб, юрагимдан кечганлари…

Ойдин Солиҳ китобини ўқиб, юрагимдан кечганлари…
155 views
19 March 2018 - 21:45

Сўзимнинг аввалида айтиб ўтишим керакки мен “Ҳақиқий Тиббиёт” китобини дунё ўзбеклари сайтида ўқидим. Афсуски бу китоб менинг қўлимда йўқ. Дунё ўзбеклари сайтига ва Исмат ака Ҳушевга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Сизни топганимда, Сиз ўзингиз бир умр содиқа қулдай хизмат қилган, ўзингиз севган Аллоҳингизга қовушган эдингиз. Кўзимда ёш, дилимда чексиз қайғу, кўнглимдаги соғинч билан эътироф этаманки, Сиз барча оҳират кунига ишонган қалби ёниқ ва ақли уйғоқ инсонлар қалбида абадий яшайсиз. Назаримда мен ўзимни, вужудимни китобингизни ўқиб англагандекман.

Инсон қизиқ экан, Яратган эгам ато этган неъмат тирикликнинг ҳикматини, моҳиятини, улуғлигини англаб англамай бу дунёни тарк этаркан.

Ўқиганларим, биз нима учун туғиламиз ва нима учун бу дунёни тарк этамиз саволларига жавоб бўлди. Китобни ўқиб гўё бошқа дунёга тушиб қолгандай бўлдим. Бу бошқа дунёда ақл билан идрок этганим бу ўзимни, вужудимни чуқур онг билан англаганимдир. Ўз ўзимдан уялиб кетдим. Яратгандан кечирим сўраб йиғладим. Танамдаги хар бир ҳужайра хар лаҳза Яратганнинг зикрида эканлигини, Сизни ўқимагунимча билмаганлигимдан уялиб йиғладим. Сиз менга улуғ китоб Қуръоннинг моҳияту мазмунини чуқур англатдингиз. Лавҳи Маҳфуз битикларини юрагимга жойладингиз. Яратганнинг қонунлари инсон ҳаётининг аввали ва охири эканлигини англаб етдим.

Мен дойим қачонлардир дийдори насиб этишини сўраб Яратганга ёлвориб йиғлайдиган юрак-юрагимдан талпинганим оламлар сарвари Расулуллоҳ с.а.в. нинг суннатларига уйғунликни ўргатдингиз. Борлиқ уйғониб, тириклик дунёси яшилликка бурканган бир пайтда сидқидилдан меҳр кўйиб, сидқидилдан яхши кўриб қолганим Ойдин опам бу кун сизни хотираладим. Мен бошқача яшай олмай қолдим.

Сиз айтгандек, сиз ўргатгандек илоҳий қонунлар топталмаган йўлдан содда ва ҳақиқат қидириб кетаяпман. Суннатга уйғун яшашга ҳаракат қилаяпман. Хақ йўлида ойдин йўлларни қалбларга жойлаб кетган менинг Ойдин опам сизни, сизга муносиб хотирлай олмаган бўлсам мени кечиринг.

Қадамларим, Сиз мангу маскан айлаган диёрга етса, Сизни албатта зиёрат қиламан. Ҳозирча Яратган эгамдан дуо қилиб ётган жойларингиз жаннатлардан бир боғ бўлишини тилайман.

Холида

Манба: “Дунё ўзбеклари”