Хабар қилганимиздек, адабиётшунос Акром Маликнинг адвокатлари Республика Олий судига ёш олимнинг ноҳақ айблангани, туҳмат билан қамалгани ва оқланиши зарурлиги ҳақидаги шикоят тартибидаги ариза билан мурожаат қилган эдилар.
Адвокатларнинг маълум қилишича, Олий суд мазкур аризага жавоб йўллаган. Унга кўра, навоийшунос Акром Маликка қўйилган айбловлар далиллар билан асосланган ва жазо қонуний равишда тайинланган. Адвокатларга кўра, бу жавоб шикоят аризасида акс этган мазмунга мантиқан ҳам, қонунан ҳам мос эмас.
Чунончи, шикоят аризасида Акром Маликка айблов асоси ҳисобланган далиллар номақбул, яъни қонуний бўлмаганига диққат қаратилган, суддан навоийшуносга қонуний жазо берилган ё берилмагани сўралмаган.
Акром Маликнинг адвокатлари шикоят аризасига қониқарли жавоб берилмагани юзасидан Олий суд раиси қабулига кириб, бу масалани шахсан муҳокама қилишларини айтишмоқда. Шунингдек, Республика Бош прокуроридан мазкур ноқонуний жиноий иш масаласида судга протест киритиш ҳам сўралади.
Маълумот ўрнида 2019 йил 22 июл куни унинг қамалганига уч йил тўлишини айтиб ўтамиз. Маҳкумнинг иқрори руҳий босим ва қийноқлар билан олинган ва у 6 ой давомида мутлақо ташқи оламдан узилган ҳолда сақланган. Оила аъзолари ёллаган адвокатлардан воз кечтирилиб, бошқа адвокат олишга мажбурланган. У адвокат маҳкум қандай айблов билан қамалаётганидан ҳам бехабар бўлган.
Бундан ташқари, ёш олим ўз тақдири ҳақида Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ хат йўллаб, озод этилишини сўраган эди (видео). Ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегментида кенг тарқатилган мазкур мактуб ҳам эълон қилинганига икки ойдан ошса-да, ҳамон эътиборсиз қолдирилмоқда.
Манба: sof.uz