O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Олим Атаев: «Ўзбекистонда етиштирилаётган донни истеъмол қилиб бўлмайди»

Олим Атаев: «Ўзбекистонда етиштирилаётган донни истеъмол қилиб бўлмайди»
161 views
07 September 2013 - 14:36

don«Ўздонмаҳсулот» давлат акциядорлик корпорациясининг собиқ раҳбари, айни пайтда Францияда сиёсий муҳожирликда яшаётган Олим Атаев Би-Би-си радиоси мухлисларининг саволларига жавоб қайтарди.

Жумладан, «Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришганини эълон қилди. Мамлакатимиз ўз аҳолисини буғдой билан тўлалигича таъминлаяпти, деб айта оласизми?» деган саволга жавобан О. Атаев шундай деди:

«Бугунги кунда мен Ўзбекистон дон ва дон маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаётир деб айта олмайман. Чунки Ўзбекистонда етиштирилаётган доннинг ўзини нон ишлаб чиқариш соҳаси ва ун қилиб аҳолига тарқатиш мутлақо мумкин эмас. Стандард бўйича ҳам, сифат даражаси бўйича ҳам бу донни истеъмол қилиб бўлмайди. Биринчидан, Ўзбекистоннинг 70-80 йилдан буён пахта етиштирилувчи ерида ҳеч қандай кучи қолмаган. Ернинг ўзида етарли даражада модда йўқ. Ўсимлик ўзига сўриб олиб, донга ўтказадиган минерал ва оқсил ҳисобланувчи клейковина етарли даражада донда йўқ. Бу буғдойни фақат крахмал сифатида ва спирт ишлаб чиқариш учун ишлатиш мумкин. Бу буғдойнинг 70-80 фоизини ишлатиб, комбикорм қилсак ҳам, ҳайвонларга бериб бўлмайди. Агар бошқа донларга 10 фоиз қилиб ишлатса, мумкин. Чунки заҳарланган ерда етиштирилган дон молга берилса, ундан гўшти ва сутига ўтади. Айни маҳсулотларнинг ёшларга ва ўсаётган болаларга жуда ҳам салбий таъсири бўлади. Маҳсулотлар инсон организмида тўпланиб-тўпланиб, трансформация бўлиб, келажак авлодга катта зарар келтириши мумкин. Ўзбекистонда етиштирилаётган, йиғиб олинаётган донни Қозоғистоннинг буғдойига 5-10 фоиз атрофида қўшиб ишлатиб мумкин, холос».

«Ўздонмаҳсулот»нинг собиқ раҳбари бу йил Ўзбекистонда 7 миллион тоннадан кўпроқ ғалла етиштирилгани ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

«Бу асоссиз. Ҳеч қанақасига Ўзбекистоннинг бугун ғалла етиштириш учун ажратилган шўр заминида 7 миллион тонна ёки 8 миллион тоннага яқин сифатли ғалла етиштириш мумкин эмас. Бунинг ҳаммаси «приписка» («қўшиб ёзиш»). Максимум 3,2-3,3 миллион тонна атрофида бўлиши мумкин», деди у.

Манба: Марказий Осиё янгиликлар хизмати