O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ОЛИМ ОТАХОН ВА ХУЛИО КОРТАСАР

ОЛИМ ОТАХОН ВА ХУЛИО КОРТАСАР
151 views
18 October 2019 - 22:47

“Бир вақтлар мен аксолотллар ҳақида кўп ўйлардим…” Ўз асарлари билан XX аср ҳикоячилиги уфқларини мисли кўрилмаган даражада кенгайтириб юборган аргентиналик улуғ адиб Хулио Кортасар қаламига мансуб “Аксолотль” ҳикояси ана шу сўзлар билан бошланади. Ҳикояда ботаника боғидаги аквариумга қатнаб, у ердаги аксолотль номли балиқсимон жонзотни муттасил кузатишга мубтало бўлган бир одам билан боғлиқ таносуҳ ҳолати, кутилмаганда ўша одамнинг ўзи аксолотлга айланиб қолиши воқеаси қаламга олинади – “Энди эса ўзим аксолотлман.”

Ушбу асар илк бор нашр этилганидан сўнг (1956) 31 йил ўтиб уни ўзбек тилига ўгирган ва “Ёшлик” журналининг 1987 йилги сонларидан бирида эълон қилган таржимон эса Олим Отахон эди. Вақт ўйинларини қарангки, орадан яна худди шунча йил ўтиб, дастлабки ўзбекий “Аксолотль”га қайта мурожаат қилар эканмиз, эндигина 18 ёш остонасидаги пайтларимиз уни ютоқиб ўқиб чиққандаги ҳолатимиз эсга тушади. Ушбу ҳикоя “эга-кесими маълум” бир хил андозадаги ҳикоя ва қиссалар билан тўйинтирилган норасида дидимизни деярли вайрон қилиб, дунёда ўзгача – маънолари чуқур ва муҳитлари бошқача адабиётлар ҳам борлигидан бизга дарак берган эди.

Кортасар ҳикояларида кўпинча шуурдан ташқари ҳолатлар, одатдаги мантиқ билан изоҳлаш мушкул бўлган фавқулодда унсурлар қаҳрамонларнинг кундалик турмушларига билдирмасдан бостириб киради ва шу пайтга қадар бир маромда тизилиб келаётган сюжет йўналишини пароканда қилиб, ўқувчини кутилмаган жумбоқлар рўпарасида ҳозир қилади. Адиб шу тариқа бир хил тусдаги зерикарли воқеликдан бошқа оламлар сари – тасаввур жилвалари бисёр бошқа кенгликлар сари интилади. Ёзувчи билан бирга ўша бошқа манзиллар томон йўлга отланиб, жумбоқларнинг тагига етиш ёинки хулосларининг шу тарздаги тушуниксиз манзараси қаршисида қолиб, улар қандай бўлса, шу ҳолича завқланиш эса ҳар кимнинг ўзига ҳаволадир.
Муҳтарам адибимиз Олим Отахон узоқ йиллар асносида аргентиналик ана шу забардаст қаламдошининг яна кўплаб ҳикоя ва қиссаларини маҳорат билан ўзбекчалаштириб, ниҳоят, китоб ҳолида нашр эттирган экан (Ўйиннинг тугаши. “Янги аср авлоди”, 2018), ушбу куллиёт ўзбек китобхони учун ҳар икки соҳиби қаламдан қадрли туҳфадир. Кортасарнинг ўзбекча илк китобини қўлига олиб, унинг бисотидаги яширин хазиналарни излаб топишни истаган зукко муштарий, залвори улуғ бу тадбирга нега айнан Олим Отахон қўл урганини англаб етишига шубҳа қилмаймиз. Зотан, у ҳам ўз асарларида нафис туйғуларни фусун шамойилларига жойлаб, нафосат билан ва теран тараннум этадики, ораларига вақт ва макон масофа солган бўлса ҳам, ҳар икки ижодкорнинг ўзаро руҳий яқинлигини, ўхшаш адабий интилишларга мойиллигини кўриш мумкин. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ижодкорнинг хос таржимони бўлиши, асарларининг қалби ва муҳитини чуқур англаб етган ўз маслакдоши бўлиши мақсадга энг мувофиқ эканидан келиб чиқсак, Кортасар ҳикояларини ўгириб, ўзбек тили муҳитига олиб кириш вазифасини айнан Олим Отахон рўёбга чиқаргани айни муддаодир.

“Кортасар асарларининг мураккаб тарафларини қўйиб турайлик, – дейди Олим Отахон суҳбатларнинг бирида, – унинг ҳикояларини ўқиган одам Ватанини севадиган одамга айланади. Кортасарни ўқиган одам ҳеч бўлмаганда руҳан озод бўлади. Руҳан озод бўлган одам бировдан ҳайиқмайди, қўрқмайди. У тўғрилик билан яшайди. Чунки у энди руҳан озоддир. Кортасар худди шундай тарбиялаб қўяди.”

Шариф Аҳмад