O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Оллоҳдан кутилган раҳмат

Оллоҳдан кутилган раҳмат
157 views
24 August 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(17)
(давоми)

 

Оллоҳдан кутилган раҳмат

Абу Ҳурайрадан (ундан Оллоҳ рзи бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Оллоҳу Таоло раҳматини юз тилимга ажратди. Тўқсон тўққиз тилимини ўзида қолдириб, бир тилимини ерга индирди. Бу индирилган раҳмат туфайли бутун жонлилар бир-бирига марҳамат кўрсатадилар. Ҳатто от ҳам қулунини эмизаркан, оёғини кўтарганда, ўша раҳмат ҳиссидан кўтаради (Бухорий).

Ҳазрати Ҳасандан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна шундай деган:

“Оллоҳу Таолонинг юз раҳмати бор. Булардан фақат биттаси дунёдаги жонлиларга индирилгандир. Бу раҳмат дунё жонлиларига ўлимигача етарлидир. Оллоҳу Таоло Қиёмат куни бу раҳматни қайтиб олиб, тўқсон тўққиз раҳматига қўшади ва уни юзтага чиқаради. Сўнгра уни дўстлари билан Ўзига ибодат этганларга тарқатади.

Пайғамбаримизнинг раҳмат ҳақида мўминларга бу билгини бериш сабаби мўминларнинг Оллоҳнинг бу раҳмати эвазига Унга ҳамд ва шукр этишлари, яхши амаллар ишламоғи учундир.

Оллоҳу Таоло шундай буюради:

Ҳеч шубҳасиз, Оллоҳнинг раҳмати яхши амал ишлаганларга яқиндир” (“Аъроф” сураси, 56).

Оллоҳу Таоло яна бир оятида шундай дейди: “Агар бир киши Роббига қовушмоқни истаса, солиҳ амал ишласин ва ишлаган амаллари билан Роббига шерик қўшмасин” (“Қаҳф” сураси, 110).

Бошқа бир оятда шундай дейилади: “Менинг раҳматим ҳар нарсадан кенгдир” (“Аъроф” сураси, 156).

Бу сўнгги оятдаги маъно “ҳар нарсанинг Менинг раҳматимдан олажаги бир ҳиссаси бордир”, демакдир.

Зотан, Ибни Аббоснинг (ҳар иккисидан ҳам Оллоҳ рози бўлсин) билдиришига кўра, “Менгинг раҳматим ҳар нарсадан кенгдир” маъносидаги оят нозил бўлганда, шайтон чиқиб, “Мен ҳам бир нарса” бўлганимга кўра, Оллоҳнинг раҳматида менинг ҳам ҳиссам бор” деган. Айни шаклда, яҳудий ва христианлар ҳам бу раҳматдан ҳисса талаб этадилар.

Аммо юқоридаги оятнинг давоми ўлароқ “Раҳматимни ёзажагим зотлар”, ширкдан сақланган, закотини берган ва оятларимизга иймон этганлардир”, маъносидаги бу оят инганида шайтон Оллоҳнинг раҳматидан умидини узди.

Лекин яҳудийлар ва христианлар “Биз ширкдан ҳам сақланаяпмиз, закот ҳам бераяпмиз, Унинг оятларига ҳам ишонамиз”, дейишди. Шунда пастдаги оят нозил бўлди:

Раҳматимга ноил бўлганлар уммий Набига ва Расулга тобеъ бўлганлардир” (“Аъроф” сураси, 157).

Бу оят инганда яҳудийлар билан христианлар ҳам Оллоҳнинг раҳматидан умидини уздилар.

Шундай қилиб, Оллоҳнинг раҳмати фақат мўминларга махсус бўлгани ўртага чиқди.

Бунга кўра, ҳар мўмин Оллоҳу Таоло унга иймон бериб, исмини мўминлар рўйхатига ёзгани учун Унга ҳамд ва шукр этмоғи лозим, гуноҳларини авф этишини тилаб, дуо этиши керак.

Яҳё бин Муоз (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай дейди: “Оллоҳим, устимизга биргина раҳматингни индириб, бизни ислом бўлиш шарафига ноил этдинг. Бизга юз раҳматингни индирсанг, нега мағфиратингдан умид қилмайлик?

Оллоҳим, агар Сенинг савобинг – итоаткорларга, раҳматинг – гуноҳкорларга бўлса ва мен итоаткорлардан бўлмасам, савобингни истамайман, гуноҳкорлардан бўлганим учун, раҳматингни истайман.

Оллоҳим, жаннатни яратдинг ва у ерни дўстларингга зиёфат ери қилдинг. Кофирларни эса у ердан маҳрум этдинг ва малакларни ҳам у ерга муҳтож бўлмайдиган шаклда яратдинг. У ердан Сен ҳам мустағний бўлганингга кўра, Жаннатни бизга бермасанг, кимга бермоқчисан?”.

-Абу Саиди Худрийдан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Умрида ҳеч яхшилик қилмаган бир одам жаннатга кирди. У ўлаётган пайтда яқинларига “Мен ўлсам, жасадимни оташда ёқинг, сўнгра кулларимни ўгитиб, ярмини денгизга, ярмни ерга тўкинглар”, деб васият этди. У ўлганда васияти бажо келтирилди.

Лекин Оллоҳнинг амри билан денгиз ва ерга тўкилган куллар бир жойга тўпланди. Оллоҳу Таоло у одамга “Нега бундай қилдинг?”, деб сўраганида, одам “Ё, Рабби, Сендан қўрққаним учун”, деб жавоб берди.

Мана шунинг учун Оллоҳ унинг гуноҳларини авф этди”.

-Саҳобийлардан бири шундай деди: “Бир кун Пайғамбаримиз ўзаро кулишаётган пайтимизда келиб қолди. Ва бизга “Жаҳаннам орқангизда турса-ю, сизлар қандай кулишоласизлар?”, деди ва тескари бурилиб, қайтиб кетди.

Бизнинг бошимизга худди оғир бургут қўнган каби бўлди.

Аммо бир оз сўнгра Пайғамбаримиз (с.а.в.) қайтиб келиб, шу муждани берди: “Бир оз аввал Жаброил келди. Менга шундай деди: “Оллоҳу Таоло сенга нечун қулларимнинг умидини кесаяпсан? Қулларимга Менинг авф этгучи ва марҳаматли эканимни, аммо азобимнинг ҳам оғир эканини билдир”, деди”.

-Амр бин Асдан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Оллоҳу Таоло учун қулнинг гуноҳини авф этиш оғир келмайди. Аввалги даврларда бир одам тўқсон тўққиз кишини ўлдириб, битта роҳибнинг ёнига борди. Ва: “Мен тўқсон тўққиз кишини ўлдирдим. Тавба этишимга имкон борми?”, деб сўради роҳибдан.

Роҳиб унга: “Гуноҳларинг жуда оғир”, деди. Одам роҳибни ҳам ўлдирди.

Ва бошқа бир роҳибнинг ёнига бориб, “Юз кишини ўлдирдим, тавбам қабул қилинадими?”, деб сўради.

-Жуда оғир гуноҳлар ишлабсан, билмайман. Аммо сал нарироқда икки қишлоқ бор. Биттасининг номи Басарий, иккинчисиники Кафарадир. Басарийдагилар жаннатликлар ишлайдиган амалларни ишлайдилар, ораларида бошқа турли одам йўқ. Кафараликлар эса, жаҳаннамликлар ишлайдиган амал ишлайдилар, уларнинг орасида ҳам бошқа турли одам йўқ. Агар сен Басарий қишлоғига бориб, уларнинг амалларини ишласанг, ҳеч шубҳа йўқки, тавбанг қабул бўлди, демакдир, – деди роҳиб.

Одам Басарий қишлоғига бориш учун йўлга чиқди. Аммо икки қишлоқнинг чегарасига борганда тўсатдан ўлиб қолди.

Унинг ўлигини ким олиш хусусида азоб малаклари ва раҳмат малаклари ўртасида тушунмовчилик пайдо бўлди. Раҳмат малаклари вазият ҳақда Оллоҳу Таолодан сўрадилар. Оллоҳу Таоло уларга: “Ўликнинг ётган нуқтаси билан икки қишлоқ орасидаги масофаларни ўлчаб, бир-бири билан муқояса этинг. Ўлик қайси қишлоққа яқинроқ бўлса, у ўша қишлоқ аҳолисидандир”, деди.

Раҳмат малаклари бу масофани ўлчаб кўриб, ўликнинг Басарий қишлоғига бир бармоқ учи қадар яқинроқ эканини тасбит этдилар. Ва ўша одам бу қишлоқ ҳалқидан ҳисобланди.

-Абдуллоҳ бин Маъсуд (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай дейди: “Уч нарса борки, улар ҳақда ямин этаман. Тўртинчи бир нарса борки, у ҳақда ҳам ямин этсам, ёлғончи чиқмайман:

1.Оллоҳу Таоло дунёда биттасининг дўсти бўлса, Охиратда ҳам унинг дўсти бошқа бўлмайди.

2.Исломдан насиби бўлган кимсага, асло исломдан насиби бўлмаган кимсага каби муомала қилинмайди.

3.Қиёмат куни ҳар ким мутлақо яхши кўргани гуруҳ билан бирга бўлади.

4.Оллоҳ биттасининг айбларини дунёда яширса, Охиратда унинг гуноҳларини ҳам яширади.

-Ибни Масъудга (ундан Оллоҳ рози бўлсин) кўра, “Нисо” сурасидаги шу тўрт оят мусулмонлар учун бутун дунёдан хайирлироқдир. Бу оятларнинг биринчиси шудир:

Шубҳасиз, Оллоҳ Унга шерик қўшганларни авф этмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган қуллари учун кечиради. Ким Оллоҳга шерик қўшса, у катта гуноҳ билан ифтиро этгандир” (“Нисо” сураси, 48).

Иккинчи оят шудир:

Агар улар гуноҳ ишлаганда, сенга келиб, Оллоҳдан авф этилишини тиласалар эди, Пайғамбар ҳам улар номидан авф тиласа эди, мутлақо Оллоҳнинг тавбаларни қабул этгувчи ва марҳаматли эканини кўрардилар” (“Нисо” сураси, 64).

Учинчи оят шудир:

Агар сиз тақиқланган катта гуноҳлардан сақлансангизлар, сизнинг ёмонликларингизни биз беркитиб, сизни мақбул бир ерга (жаннатга) қўямиз” (“Нисо” сураси, 31).

Тўртинчи оят шудир:

Ким ёмонлик қилса ва ёки ўзига зулм этса, кейин Оллоҳдан авф тиласа, Оллоҳнинг тавбаларни қабул этгувчи ва марҳаматли эканини кўражак” (“Нисо” сураси, 110).

Жобир бин Абдуллоҳдан (ҳар икковидан ҳам Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Менинг шафоатим умматимнинг катта гуноҳ ишлаганлари учундир. Менинг шафоатимга инонмаган кимса, унга ноил бўлолмайди”.

-Яна Жобир бин Абдуллоҳга (ҳар икковидан Оллоҳ рози бўлсин) кўра, катта гуноҳ қилмаганларнинг шафоатга алоқаси йўқдир.

У шундай ҳикоя қилади: “Бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёнимизга келиб, шундай деди:

“Дўстим Жаброил боя ёнимга келди. У менга “Ё, Муҳаммад, сени ҳақ Пайғамбар қилиб юборган Оллоҳга ямин этаманки, Оллоҳнинг бир қули бор эди, у эни ва бўйи ўттиз тирсак, тўрт тарафи тўрт минг фарсаҳ кенглигидаги денгиз билан ўралган бир тоғ тепасида беш йил Оллоҳни зикр қилди, ибодат этди.

Оллоҳу Таоло унга бармоқ қалинлигида тешикдан чучук сув чиқариб, чашма яратди. Ва ҳар кун битта мева берган анор дарахтини ўстирди.

Оқшом тушганда, обид чашма ёнига келиб, обдаст оларди. Ва анорнинг ўша куни етишган мевасини ерди. Кейин намозга турарди.

Бир куни у Оллоҳдан саждада экан, жонини олишини тилади. Кейин жасадининг на тупроқ, на-да бошқа нарсадан бузилмаслигини, Қиёмат куни сажда ҳолида тирилтиришини истади.

Оллоҳ бу истакларни қабул этди.

Чиндан ҳам, бизлар (малаклар) ерга иниб-чиқар экан, унинг сажда ҳолида ётганини кўрардик.

Бизга берилган хабарга кўра, бу қул Қиёмат куни тирилиб, Оллоҳнинг ҳузурига чиқганда, Оллоҳу Таоло:

“Бу қулимни раҳматим асари ўлароқ жаннатга қўйингиз”, дея амр қилади.

Лекин қул, “Йўқ, мени амалимнинг бадали ўлароқ қўй”, дейди.

Шунда Оллоҳу Таоло малакларига: “Қани, бу қулимнинг амаллари билан, унга берганим неъматларни муқояса қилиб чиқингларчи”, дея амр беради.

Малаклар ҳисоблаб кўришса, қулнинг беш юз йиллик ибодатининг фақат унинг кўзи қийматига тенг келиши, вужудидаги бошқа неъматлар эса бадалсиз қолишини аниқлайдилар.

Шунда Оллоҳу Таоло: “Қулимни жаҳаннамга ташланг”, едб амр қилади. Қулни жаҳаннамга олиб боришаётганда, у “Ё, Рабби, мени раҳматинг билан жаннатга қўй”, дея ҳайқиради.

Оллоҳу Таоло малакларига “Қулимни қайтариб олиб келинглар”, дея амр этади. Қайтиб келган қул такрор Оллоҳ ҳузурига чиқади. Оллоҳу Таоло ундан “Сени йўқдан бор қилган ким?”, деб сўрайди. Қул “Сенсан, ё Рабби”, деб жавоб беради.

Оллоҳу Таоло ундан “Сени яратишим сенинг амалингникими ёки менинг раҳматимнинг қаршилигими?”, деб сўрайди. Қул “Албатта, сенинг раҳматинг туфайли яратилдим”, деяжакдир.

Оллоҳу Таоло “Беш юз йил бўйича ибодат этишингни таъминлаган кучни сенга берган ким?”, деб сўрайди яна. Қул “Сенсан, ё, Рабби!”, деяжак.

“Сени тоғнинг тепасида, яшилликлар орасига ким қўйди? Ким сенга тузли сувдан чучук сув чиқариб берди? Ким ҳар оқшом сенга битта анор етказиб турди? Сен руҳимни саждада ол, дединг, бу орзуингга етказдим. Бутун буларни қилган ким?”, деди Оллоҳу Таоло.

“Сенсан, ё, Рабби”, дея жавоб беражак.

Шунда Оллоҳу Таоло: “Бутун булар раҳматимнинг асари бўлгани каби, энди ҳам раҳматимнинг асари ўлароқ сени жаннатга қўяман”, деяжак.

Ҳасандан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир куни “Ҳеч бирингиз амалингиз билан қутулишга эришолмайсизлар”, деди. Буни эшитган саҳобийлар унга: “Сен ҳамми, ё, Расулуллоҳ?”, деб сўрашди. Пайғамбаримиз (с.а.в.):

-Ҳа, мен ҳам. Фақат Оллоҳ мени раҳмати билан ҳимоя этса, қутилишим мумкин. Оллоҳга яқин бўлинглар. Тўғриликдан айрилманглар. Саҳар вақтини ва кечанинг бир қисмини ибодат билан ўтказинг, – деди.

-Анас бин Маликдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Қулайлаштиринг, қийинлаштирманг. Мужда беринг, нафрат эттирман” (Бухорий).

-Ибни Маъсуднинг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) айтишига кўра, Қиёмат куни Оллоҳнинг инсонларга раҳмати шу қадар ортадики, буни кўрган шайтон ҳам умидланиб, ўртага чиқажакдир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) билдиришига кўра, Арш остидан шундай бир овоз эшитилажак: “Эй, Муҳаммаднинг уммати, менга боғлиқ ҳақларнинг ҳаммасини бағишладим. Орангиздаги бўлган ҳақларгина қолди. Уларни ҳам бир-бирингизга бағишланглар (ҳалол қилинглар) ва раҳматим билан жаннатга киринглар”.

-Фудайл бин Иёзнинг айтишига кўра, инсон соғлиги жойида эканлигида Оллоҳдан қўрқиши, касалланиб, кучини йўқотганда эса Оллоҳдан умид қилиши энг тўғри йўлдир.

-Ибн Абу Руводнинг ўз отасининг айтганига таяниб, билдиришига кўра, Оллоҳу Таоло ҳазрати Довудга “Ё, Довуд, гуноҳкорларга мужда бер, сиддиқларни қўрқит”, дея ваҳий этганди.

Ҳазрати Довуд “Ё, Рабби, гуноҳкорларни нима билан муждалайин, сиддиқларни нима билан қўрқитайин?”, деб сўраганида, Оллоҳу Таоло: “Гуноҳкорларга, нақадар катта бўлмасин, ҳеч бир гуноҳ менинг кечирувчилигим қаршисида ҳеч нарса эмаслигини айт. Сиддиқларга айт-ки, зинҳор амалларига ишонмасинлар. Чунки менинг адолат ўлчовларимга кўра, ҳисобга тортганим ҳар ким мутлоқ маҳв бўлур”, деди.

-Яна Абу Руводнинг бир аҳли китобга таяниб, айтган сўзига кўра, Оллоҳу Таоло шундай дейди:

“Шубҳасиз мен Оллоҳман, мулкнинг асл соҳиби Менман. Подшоҳларнинг қалблари менинг қудрат қўлимдадир. Қайси миллатдан рози бўлсам, у миллатнинг подшоҳларини марҳаматли қиламан. Аксинча, мени ғазаблантирган миллатларнинг подшоҳларини эса ўз халқларига қарши золим қиламан. Подшоҳларга лаънат ўқиш билан машғул бўлиш ўрнига, Менга тавба этингиз-ки, уларнинг сизга нисбатан юмшоқ бўлишини таъмин этайин”.

-Абу Ҳурайрадан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Агар мўмин Оллоҳнинг азобининг нақадар оғир эканини билса, улардан ҳеч ким жаннатни умид қилмасди. Ёки, аксинча, агар кофир Оллоҳ раҳматининг нақадар мўл эканини билса, улардан ҳеч ким Унинг раҳматидан умидини узмасди”.

-Аҳмад бин Саҳл шундай дейди: “Бир кечаси тушимда Яҳё бин Аксамни кўрдим, унга “Эй, Яҳё, Роббинг сенга қандай муомала қилди?”, деб сўрадим. Оллоҳ менга “Эй, ёмон чол, қилғилигингни қилдинг”, деди. Мен Унга “Ё, Рабби, мен фақат сенга таянган бир сўзни нақл этдим, халос”, дедим. Оллоҳу Таоло “Қандай нақл этдинг?”, деди. Мен шундай жавоб бердим: “Мен Абдураззоқдан, Абдураззоқ Муаммардан, Муаммар Заҳрийдан, Заҳрий Урвадан, Урва ҳазрати Ойшадан, ҳазрати Ойша Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) Жаброилдан, Жаброил эса Сендан эшитганига кўра, сен шундай буюрдинг: “Мусулмон ўлароқ қариган ҳеч бир кимса йўқ-ки, уни азобга учратишни истаган бўлай ёки уни азобга учратишдан уялмаган бўлайин”, мен ҳам қари бир одамман”, – дедим.

Оллоҳу Таоло шундай жавоб берди: “Абдураззоқ ҳам, Муаммар ҳам, Заҳрий ҳам, Урва ҳам, ҳазрати Ойша ҳам, Пайғамбаримиз ҳам, Жаброил ҳам, Мен ҳам тўғри сўйладим. Ё, Яҳё, Мен чиндан ҳам мусулмон ўлароқ қариган одамларни азобга учратмайман”.

Сўнгра Оллоҳу Таоло мени амал дафтарлари соғ тарафдан берилганлар билан бирга жаннатга юборилишини амр этди.

-Билдирилишига кўра, бир куни ҳазрати Умар (ундан Оллоҳ рози бўлсин) Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёнига борди ва унинг йиғлаётганини кўрди ва:

-Ё, Расулуллоҳ, йиғлашингнинг сабаби недир?, – деб сўради.

-Жаброил боя ёнимга келди ва Оллоҳнинг мусулмон ўлароқ кексайган кишига азоб беришдан уялишини айтди. Аммо мусулмон ўлароқ кексайган киши Оллоҳнинг амрига қарши ҳаракат қилишдан нега уялмайди?, – деди Расулуллоҳ (с.а.в.).

Ёшлар ҳам Оллоҳдан қўрқиб, ибодат этишлари керак. Чунки ёш киши ҳам қачон ўлишини билмайди.

Абу Ҳурайрадан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Бошқа ҳеч бир соя қолмайдиган кун – Қиёмат куни Оллоҳу Толо шу етти кишини Аршнинг сояси остига олади:

1.Одил имом. (Давлат бошлиғи).

2.Ихлос билан Оллоҳга ибодат этган ёш.

3.Масжиддан чиққандан сўнг то яна масжидга боргунча, қалби масжидга боғлиқ қолган киши.

4.Бир-бирини Оллоҳ учун яхши кўрган, бу севги ила учрашиб, бу севги ила айрилган икки киши.

5.Ёлғиз пайтида Оллоҳни зикр этиб, кўзлари ёшланган одам.

6.Соғ қўлининг берганини сўл қўли билмайдиган қилиб, садақа берган киши.

7.Гўзал хотин тарафидан зино ишлашга чақирилиб, “Мен Оллоҳдан қўрқаман”, деган одам.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси