O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Оллоҳдан қўрқмoқ

Оллоҳдан қўрқмoқ
31 views
30 December 2012 - 9:54

Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Муборак айтадиларки: Мен ҳаждан қайтаётганимда бир отлиқ мен тарафга келаётганини кўрдим. Отлиқ менга яқин келганида, у аёл киши эканини билиб, унга салом бердим.

У аёл; “Раҳийм бўлган Роббдан “салом” сўзи бордир”, (Ясин 58) – деб жавоб берди.

У бу оятни ўқиганда, менинг саломимга жавоб берди деб тушуниб, қаердан келяпсиз деб сўрадим.

У аёл: “Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг”, (Бақара 196), – деб жавоб берди.

Мен шунда у Каъбатуллоҳни зиёратидан қайтаётганини тушуниб, қаерга кетяпсиз, – дедим.

У аёл: “Кимни Аллоҳ залолатга кеткизса, бас, унинг учун ҳеч бир ҳидоят қилгувчи йўқ””(Аъроф 186), – деган оят билан жавоб берди.

Мен у бу оятни ўқиганидан йўлдан адашиб қолибди, деб тушундим. Менинг тахминимча у ёши каттароқ кампир эди. Мен: Онажон қаерга олиб бориб қўяй, деб сўрадим.

У аёл: “Аллоҳнинг ҳоҳиши ила Мисрга омонликда киринглар”(Юсуф 99) , – деб жавоб берди.

Мен унинг бу оятни ўқиганидан шаҳарга бориши кераклигини тушундим, мен ҳам шаҳарга боришим керак сизни йўл бошлаб бораман дедим.

У аёл: “Яхшилик қилинг, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни хуш кўради” (Бақара 195) , – деб жавоб берди.

Мен унинг бу оятни ўқиганидан, йўлбошлаб боришимга рози эканини тушуниб, уловни юганини ушлаб йўл бошлаб кетдим. Бир қанча юрганимиздан кейин, мен баъзи арабча шеърларни ўқишни бошладим.

У аёл: “Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар” (Муззаммил 20) , – деди.

Мен жим бўлдим, лекин бу аёл ким экани ҳақида ўйлаб қолдим. Шунда мен унинг хонадони ҳақида маълумотга эга бўлмоқчи эдим,

У аёл буни сезиб: “Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар зоҳир бўлса, сизга ёмон бўлади” (Моида 101), – деган оятни ўқиди.

Мен тушундимки, у оиласи ҳақида гапиришни ҳоҳламаяпти. Бир қанча юриб шаҳарга яқинлашганда мен ундан: шаҳарда сиз ким билан кўришмоқчисиз? – деб сўрадим.

У аёл: “Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир”(Каҳф 46) – деб жавоб берди.

Мен тушундимки, Аллоҳ унга мол-у дунё ва ўғиллар берган экан. Мен шаҳарга кириб, ҳаждан қайтаётган карвон аҳлига йўлиқдим. Улар юкларини тушураётган экан. Мен у аёлдан: ўғилларингизни исми нима? – деб сўрадим.

У аёл: “Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ”, (Бақара 140)

Мен унинг ўғилларининг номлари шу экан деб тушундим ва баланд овоз билан уларни номини айтиб чақирдим. Шунда учта жуда чиройли, илм ва фазл эгаси бўлган йигитлар югуриб келишди. Улар карвоннинг ичидан оналарини қидириб, онамиз қаерда қолди экан, деб паришон бўлиб юришган эди. Улар бир-бирларини кўриб жуда ҳурсанд бўлдилар. Мен энди уйимга кетсам ҳам бўлади деб турган эдим,

У аёл буни сезиб, “Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, ва асирга берарлар”, (Инсон 8) – оятини ўқиб, болаларига мени меҳмон қилишга ишора қилди.

Мен меҳмон бўлишдан бош тортиб, узр айтдим.

У аёл: “Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз”(Инсон 9),- деди.

Мен жуда ҳайрон бўлиб: “Эй Аллоҳ, бу қандай муомала, бу тугун менга ечилмаяпти”, – дедим. Мен бироз таомланиб, унинг болаларидан, бу қандай муомала қачон бу аёлга бир гап айтсам, ҳар гапнинг жавобида Қуръони Каримдан бир оят ўқиб жавоб беряпти,- деб сўрадим.

Ўғиллари: ”Бу бизнинг онамиздир, Қуръоннинг ҳофизаси, ҳадиснинг олимасидир, унинг дилида қиёмат кунида ҳар айтган сўзимга Аллоҳга қандай жавоб бераман, деган Аллоҳдан қўрқинч ўрнашиб олгандир. Шунинг учун, 20 йилдан бери Қуръон оятларидан бошқа бирорта лафз унинг тилидан чиққан эмас”,- деб жавоб бердилар.

Субҳаналлоҳ, Илоҳий қўрқинчнинг ажойиб намунасини кўрингки, Аллоҳнинг каломидан бошқа бирорта лафз унинг тилидан чиққан эмас экан. Аллоҳ таоло тилларимизни беҳуда нарсаларга ишлатишдан ўзи сақласин.