Бугун Туркия вақти билан эрталаб соат 08-лар чамаси Турсунбой дўстимнинг скайпидан менга боғланиш чиқди. Қабул қилдим. Скайпда Турсунбой эмас, 20-ёшлар чамасида бўлган бир ўғил бола чиқди. У билан саломлашиб, “Даданг қаерда? Уни чақир”, десам, йигитча сукут сақлади. Саволни такрор-такрор қайтарганимдан сўнгра, йигитчадан “дадамни бериб қўйдик” дейилган жавоб эшитилди. Жуда хафа бўлдим, ниҳоятда ачиндим. Кўз ёшларимни тута олмадим. Дарҳол, Оллоҳ уни раҳматига олсин, сизларга сабр берсин, деб болага тасалли берган бўлдим, албатта. Бошқа нима ҳам қилардим, қўлимдан нима ҳам келарди, дейсиз. Бу вақт, аллақачон Оллоҳдан Турсунбойга бу дунё учун чиқарилган сўнгги ҳукм бажарилганди.
Бундай ғамғин ҳолларда биз-ўзбекларнинг удумига кўра, марҳумнинг оиласига “Оллоҳ ҳукмида”, дейилиб тассалли берилади, таъзия билдирилади. Шу сабаб мен ҳам ўша удумга амал қилишдан бошқа йўл топа олмадим. Ачинишим ва кўз ёшларим ўзим билан бирга қолди. Яна такрор Турсунбойнинг оиласига, бутун қариндошларига ва дўстларига шу сайт орқали ҳам ўзимнинг ва оиламнинг таъзиясини изҳор қиламан. Турсунбой дўстимизга жойингда роҳат ол, Сенга Оллоҳу таоло раҳмат ва марҳамат насиб айласин, дея дуода қоламан.
Алибой Йўляхши
Турсунбойнинг қадрдонларидан бири