O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Олмаотада атоқли ўзбек шоири Муҳаммад Солиҳнинг шеърий тўплами қозоқ тилида нашрдан чиқди

Олмаотада атоқли ўзбек шоири Муҳаммад Солиҳнинг шеърий тўплами қозоқ тилида нашрдан чиқди
520 views
26 April 2022 - 13:07

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўзбекистонлик атоқли шоир ва мухолифатчи Муҳаммад Солиҳнинг шеърий тўплами қозоқ тилида нашр этилди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг “Адабиёт портали” сайти хабар қилган.

“Вал-фажр” номи билан 1000 нусхада босилган тўплам ўзбек шоирининг қозоқ тилида чиққан илк китобидир. Шеърларни қозоқчага шоир ва таржимон Файзулла Тўлтай ўгирган. Китобдан Туркия собиқ бош вазири, шоир Булент Эжевит, Қозоғистон халқ ёзувчиси, шоир Ўлжас Сулаймонов ҳамда таниқли ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоиловларнинг шоир Муҳаммад Солиҳ ва унинг ижодига оид фикр-мулоҳазалари ўрин олган.

“Адабиёт портали” эътирофича, Муҳаммад Солиҳ нафақат ўзбек шеъриятида, балки бутун туркий шеъриятда ўзига хос мактаб шакллантира олган йирик шоирдир.

“Унинг қўшиқлари теран сукунат ичидаги улкан жанг жабҳасига ёки улкан жабҳа ичидаги теран сукунатга ўхшайди”, дейилган хабарномада.

Муҳаммад Солиҳ 70-80 йиллар давомида Ўзбекистонда чоп этилган “Бешинчи фасл”, “Қудуқдаги ой”, “Оқ кўйлаклар”, “Тун ташбеҳлари”, “Шаффоф уй”, “Валфажр” , “Олис табассум сояси”, “Орзу фуқароси” каби шеърий тўпламлар, “Кўзи тийран дард” адабий-бадиий эссе ва мақолалар тўплами муаллифидир. Унинг аксар шеърлари рус, инглиз, турк ва бошқа тилларга ўгирилган.

М. Солиҳ ўзи ҳам етук таржимон ўлароқ Франц Кафка ҳикоялари, Пол Элюар, Апполинер, Имант Зиедонис асарларини, фин ва турк шеърияти намуналарини ўзбек тилига ўгирган.

Муҳаммад Солиҳ 1991 йил декабрида Ўзбекистонда бўлиб ўтган президент сайловида Ислом Каримовга рақиб номзод сифатида қатнашиб, расмий эътирофга кўра, 12,7 фоиз овоз тўплаган, бироқ вазиятдан хабардор манбалар сайлов натижалари сохталаштирилгани, М. Солиҳ сайловда расман эълон қилинганидан анча кўп овоз олганини қайд этганлар.

Мазкур сайлов ортидан мухолифатга босим кучайиб кетганидан кейин Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ҳамда муҳожиротдаги ҳаётининг аксар йилларини Туркияда, айрим саналарини эса Европа мамлакатларида ўтказган.

У мамлакатдан чиқиб кетганидан кейин шоирнинг Ўзбекистонда ҳамда хорижда чоп этилган китоблари ҳам “тақиқланган адабиëтлар” рўйхатига киритилган, мамлакат ичкарисида жамоатчилик орасида унинг номи ва китобларини тилга олиш жиноятга тенглаштирилган. Гарчи 2016 йили Муҳаммад Солиҳнинг асосий оппоненти Ислом Каримов ўлиб, ҳокимият тизгини Шавкат Мирзиёев қўлига ўтган бўлса-да, шоир китобларига қўйилган тақиқ ҳалигача давом этмаётганини исботловчи бирор ишора йўқ. Билъакс, бу вақт оралиғида М. Солиҳ китобларини Ўзбекистонга олиб киришга уринганлар тазйиққа учрагани, газеталардан унинг номини тилга олмаслик талаб қилинганига оид хабарлар мавжуд.

2018 йили ўзбекистонлик бир гуруҳ зиёлилар Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб, президент Мирзиёевга мурожаатнома билан чиққан эдилар. Расмий Тошкент бу мурожаатномани ҳам жавобсиз қолдирган.

Манба: Ozodlik.org