O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Олма

Олма
341 views
30 March 2020 - 15:04

ОЛМА

УЧ ОЛМА инсоният тарихида туб бурилишлар ясаган дейишади: биринчиси, иблис васвасасига учраб, тақиқланган олма дарахти мевасидан тотинган Одам Ато ва Момо Ҳавонинг жаннатдан қувилиши; иккинчиси, атоқли физик олим Исаак Ньютоннинг бошига олма тушиб, олимнинг “бутун олам тортишиш қонуни”ни яратиши; учинчиси, Стив Жобснинг “Apple” компаниясини ташкил этиши.

Чиндан ҳам булар инсоният тарихида туб бурилиш ясаган ҳодисалар. Аммо уларнинг биринчисини бироз таҳрир қилишимизга тўғри келади. Чунки “тақиқланган олма” деган тушунча Оврўпода кейинчалик пайдо бўлган. Муқаддас китобларда олма дарахти ҳақида гап йўқ. Ислом оламидаги адабиётларда, хусусан, Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” ёки Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарларида “олма” ўрнида “буғдой”. “Ҳар тақдир била Одамға буғдой емакдин наҳй бўлди”, яъни “буғдой емак тақиқланди”, – деб ёзади ҳазрат Навоий, – “Баъзи узум, баъзи анжир дебдурлар”. Демак, узум, анжир, дегувчилар ҳам бўлган, лекин, Навоийга кўра, иблис Одам Ато ва Момо Ҳавони айнан буғдой ейишга васваса қилган.

Иккинчидан, Ньютоннинг ҳам бошига олма тушмаган, лекин олимнинг биографи Стъюклининг хабар беришича, чиндан ҳам, олим боғда чой ичиб ўтираркан, дарахтдан узилиб тушган олмани кузатади ва бу ҳодиса унинг машҳур қонунни кашф этишига туртки бўлганлигини олимнинг ўзи гапириб беради. Бу 1666 йил воқеаси.

Учинчиси, Стив Жобс нега ўз компаниясини «Олма» деб номлаган? Бу ерда ҳам ҳеч қандай сирлилик йўқ. Айтишларича, Стив Жобс ўз компаниясига асос солишдан олдин «Atari» деган видеоўйинлар ишлаб чиқарадиган компанияда ишлаган ва алифбо бўйича тузилган рўйхатларда «Atari»дан олдинда бўлиши учун у ўз компаниясини “Apple” деб номлаган экан.

Лекин олманинг инсоният тарихида муҳим ўрин тутганлиги ҳақиқат, олма энг дастлабки «маданийлаштирилган» мевалардан бири.

Айтайлик, апельсин, мандарин, киви каби меваларнинг асл ватани Хитой; помидор, картошка, какао каби маҳсулотларнинг келиб чиқиши Америка қитъаси ҳисобланса, маълумотларга кўра, олманинг ватани – Марказий Осиё, айнан, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудуди, Тян-Шан тоғлари экан. Шу боис бизда олмазор, себзор каби олма билан боғлиқ жой номлари кўп. Нафақат бизда, балки бошқа ҳудудлар, ҳатто Канадада ҳам шундай жой номлари бор экан. Гапни дастлаб узоқдан – Канададан бошласак.

КАНАДАДАГИ ОЛМА ШАҲРИ ВА ОЛМА ҚИШЛОҒИ

Канадада кўпгина жой номлари «биринчи миллат», яъни ерли халқлар тилларидан олинган: Оттава, Торонто, Саскачеван, Квебек, Онтарио, Ниагара, Монитоба, Абитиби, шунингдек, Канада номининг ўзи ҳам. «Канада» ерли халқ – микмаклар тилидаги «қишлоқ» маъносидаги «каната» сўзидан ясалган. Квебек провинциясидаги бир сўлим шаҳар эса – «Алма» (Alma) деб аталади. Нью-Брансвик (New Brunswick) провинциясидаги бир қишлоқнинг номи ҳам «Алма» (Alma). Кўпчилик бу номлар ҳам ерли халқлар тилидан олинган, деб ўйлайди. Аммо, шаклан сизга жуда таниш туюлаётган бу номлар, ҳа, айнан, туркча, тўғрироғи, қирим-татарча.

Қандай қилиб туркий тиллардаги «олма» бу жойларга келиб қолди? Бу саволга жавоб қилиш учун Канада эмас, балки Қирим яриморолида содир бўлган воқеаларни эслашимизга тўғри келади.

Ўтган асрларда энг кўп ва узоқ давом этган урушлар Россия ва Усмонли империялари ўртасида бўлган. Оврўпо давлатлари ўз манфаатларидан келиб чиқиб, гоҳ Россия билан иттифоқчи бўлиб Усмонли давлатига қарши, гоҳ усмонлилар билан иттифоқчи бўлиб Россияга қарши урушларда иштирок этган. Шундай урушлардан бири Қирим уруши деб тарихга кирган. 1853-1856 йилларда бўлиб ўтган бу урушда Буюк Британия, Франция, Усмонли Давлати (ва бошқалар) иттифоқчи бўлиб Россияга қарши уруш олиб боради ва Қиримдаги Алма дарёси бўйидаги жангда Россия ўз мағлубиятини тан олади.

Бу уруш аслида Усмонли ва Россия эмас, Франция ва Россия ўртасидаги уруш эди. Урушнинг дастлабки сабабларидан бири ўша пайтдаги Франция ва Россия императорлари: Наполеон III ва Николай I ўртасидаги шахсий келишмовчилик, қолаверса, бонапартлар сулоласи асосчиси – Наполеон I мағлубияти учун ўч олиш, реванш ҳам эди. Иккинчи ўринда Буюк Британия манфаатлари ва охирги ўринда ўша пайтда кучсизланиб қолган Усмонли давлати манфаатлари турар эди.

Қиримдаги Алма (Олма) дарёси бўйидаги иттифоқчи кучларнинг Россия устидан ғалабаси Франция ва Буюк Британияда катта воқеа сифатида кўрилади. Ғалаба шарафига (балки Алма дарёси номи ҳам французларга ёқиб тушгандир) Париждаги бир кўприк ва бир кўчага «алма» номи берилади. Париж обсерваториясида кашф этилган бир астероид ҳам «алма» деб аталади. Шунингдек, ўша пайтларда Буюк Британия ва Франциянинг колониялари бўлган бугунги Канада ерларидаги бир қишлоқ ва шаҳарга ҳам “алма” номи берилади. Ўз навбатида инглизлар ҳам Янги Зеландиядаги бир қишлоқ ва бир дарёни «алма» деб номлайди.

ҚИРИМДАГИ ОЛМА ДАРЁСИ

Қуюқ олмазорлардан оқиб ўтиб, эҳтимол, сувида олмаларни ҳам оқизиб келганлиги учун бу дарё қиримликлар томонидан “алма” (“олма”) деб аталган. Дарёнинг қуйироғида Алматамақ деган қишлоқ ҳам бўлган (Ҳозирда “Песчаное”). Қайси даврдан бу дарё “алма” деб аталгани ҳақида маълумот йўқ, аммо Қиримда туркий қавмларнинг жуда қадим замонлардан ерлаша бошлагани аниқ. “Қора денгиз шимолидан Каспийгача чўзилган ерларда “Оврўпо хунлари” пайдо бўлган даврдан (V аср) то чингизийларгача бу гўзал замин кўплаб кўчманчи қавмлар ҳукмронлиги ёки таъсири остида бўлди, улар туркий қавмлар эди”, – деб ёзади америкалик турколог П.Б.Голден. VI асрда эса бу ҳудудлар (Истеми ҳоқон даврида) Турк ҳоқонлиги таъсири остида бўлган эди.

XIII асрдан Қирим яриморолида куман-қипчоқлар турфа этник гуруҳлар устидан ҳукмронлик қила бошлаган ва уларнинг тили турфа тилли элатлар ўртасида, П.Б.Голден таъбири билан айтганда, “lingua franca”, яъни асосий мулоқот тили, халқаро тил вазифасини ўтаган. XIII аср тарихчиси Ибн ал-Асир ўша даврдаги Қиримдаги Судак шаҳрини қипчоқлар шаҳри, деб атайди. Денгиз қирғоғидаги шаҳарларда тижорат билан асосан қипчоқлар шуғулланган.

Шу боис XIII асрда оврўполик миссионерлар куманларнинг (турк) тилини ўрганишга катта аҳамият беради ва итальян ва олмон тилчилари томонидан “Codex Cumanicus” (“Кодекс куманикус”), яъни “Куман тили луғати” (ёки “Куман тили рисоласи”) тузила бошлайди. “Codex Cumanicus”да изоҳланган сўзларнинг аксарияти, гарчи бу луғат етти аср муқаддам тузилган бўлсада, ҳозирги ўзбек тилидаги сўзларга жуда яқин, десам, муболаға бўлмас. Менимча, “Кодекс”ни “Эски қирим-татар тили луғати”, дейиш ҳам мумкин. “Codex Cumanicus”да “олма” сўзи ҳам “alma” шаклида берилган.

Куманлар кимлар? Ўша даврларда Қирим яримороли ва унга туташ ҳудудларда яшаган барча туркий қавмлар (куманлар, қунлар, бажанаклар, қарайимлар ва ҳ.к.) оврўполиклар томонидан куманлар деб аталган. Ўрта асрларда улар билан яқин алоқада бўлган мажорлар (венгрлар) эса, куманларни “kun”, (кўпликда:“kunok”) деб билган. (Турколог Ю.А.Евстигнеев “Куманы, куны: кто они?” мақоласида куман ва қунларнинг фарқли жиҳатларини мушоҳада этади. Ю.А.Евстигнеевга кўра, куманлар ўғузларга, қунлар қипчоқларга яқин бўлган.)

XIII асрда Қирим яриморолида Олтин Ўрда ҳукмронлиги ўрнатилгандан кейин куман ва қунлар этнос сифатида тугатилади, тўғрироғи, улар бошқа туркий қавмлар таркибига сингиб кетади. Куман-қунларнинг бир қисми чингизийлар босқинидан қочиб мажорлар (венгрлар) ерига келади ва “kun” этноними фақат Мажористонда сақланиб қолади. Ундан олдин ҳам (XI асрда) қунларнинг мажорларга келиб қўшилганлиги манбаларда қайд этилган. Бугунги кунда мажорлашиб кетган қунлар авлодлари ҳозир ҳам Мажористоннинг икки вилояти: Надкуншаг (Nagykunság – “Катта қунлар диёри”) ва Кишкуншаг (Kiskunság – “Кичик қунлар диёри”) вилоятларининг асосий аҳолисини ташкил этади.

“ЧЎНТАГИМДА БИР ОЛМА БОР”

Мажористон пойтахти Будапешт шаҳридаги асосий кўчалардан бирининг номи “Alma utca”, яъни “Олма кўчаси” экан. Қолаверса, Мажористоннинг бошқа шаҳарларида ҳам шу номдаги кўчалар бор, аммо бунинг Қиримдаги дарёга алоқаси йўқ, шунчаки, “alma” мажор тилида ҳам “олма”ни англатади. Мажор тилидаги туркий сўзлар ҳақида гап кетганда, кўпинча, ушбу мисол келтирилади: усмонли туркча: “Cebimde bir elma var” (“Жебимде бир елма вар”), мажорча: “Zsebemben alma van” (“Жебембен алма ван”), яъни, “чўнтагимда бир олма бор”. Мажорлар ҳам ўзларини “Оврўпо хунлари” авлодлари ҳисоблайди. Турколог, лингвист олима Анна Дыбо “Оврўпо хунлари”дан кейин майдонга келган протоболгар ёки кўҳна булғор-туркий тилига оид сўз-ўзаклар энг кўп сақланиб қолган оврўподаги тил бу – мажор тили”, – деб ёзади. Бу билан мажор тилидаги “алма” сўзи хунлардан қолган, демоқчимасман. Бу сўз, юқорида гувоҳи бўлганимиздек, қун-куман, бажанак каби мажорлар таркибига қўшилган туркий қавмлар орқали мажор тилига ўтган десак, тўғрироқ бўлади. Мазкур мисолда келтирилган туркча “ceb”, мажорча: “Zseb“, (“жеб” – “чўнтак”) сўзи эса асли арабча (جيب), яъни турк тилига ўзлашган арабизмдир. “Codex Cumanicus”ни кузатганда гувоҳи бўлиш мумкинки, ўша даврлардаёқ Шарқий Оврўподаги туркий қавмлар тилларида кўплаб форсий, арабий сўзлар қўлланилган. Мажор тилидаги “zseb“, (“жеб”) ҳам ана шундай турк тили орқали ўзлашган арабизмлардан биридир. Мазкур мисолдаги мажорча “van” (“бор”) сўзи туркча “var”га шаклан ўхшаб кетсада, фин-угор тилларига мансуб сўздир.

“ОЛМА”НИНГ “АЖДОДЛАРИ”

Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк”да “алма” сўзига шундай изоҳ беради: “الما алма – олма (ўғузча). Турклар الملا алмiла дейдилар” (ДЛТ. I т. 150-б). “Девон”да бошқа ўринда келтирилган бир мақолда ҳам “олма” “алмила” шаклида ёзилган: “Атаси, анаси ачиғ алмила еса, оғли, қизи тиши қамар”, – маъноси: “ота-онаси нордон олма еса, ўғил-қизининг тиши қамашади”. Бу мақол ота-она қилмишининг болаларга таъсири ҳақида. Демак, туркларнинг “алмила” шакли эскироқ, кейинчалик бу сўз ўғуз шеваси таъсирида “алма”га айланган бўлиши мумкин.

Турколог Анна Дыбо бу сўзни “алимла” шаклида прототурк, яъни қадимги турк тилига тоҳар тили орқали ҳинд-оврўпо тилларидан ўтган сўзлар рўйхатида келтиради (А.В.Дыбо. Тюркско-тохарская контактная лексика). А.Дыбога кўра, ҳинд-оврўпо тилларида “amel” – “мевали дарахт ва унинг меваси, олма” – маъноларини билдирган. “The English etymological dictionary”да “apple” сўзи этимологияси шундай тушунтирилади: “apple” сўзи ўрта инглиз тилида “appel” шаклида, кўҳна инглиз тилида “æppel” шаклида бўлган. Бу эса ўз навбатида протоҳинд-оврўпоча “ab(e)l”, “hzébl̥”, “hzebōl” шаклларидан келиб чиққан. Юқорида А.Дыбодан келтирилган иқтибосдаги “amel” ҳамда “ab(e)l” аслида бир сўз, “m” товушининг “b”га айланиши эса кўпгина тилларда ўчрайдиган табиий ҳодиса. А.Дыбо “алма” прототурк тилига тоҳар тилидан ўтган, деган фикрини шундай тушунтиради: “Предположительный источник тюркского слова должен был бы выглядеть, например, как «amil-la» «яблоко» (> alimla с метатезой) – рефлекс и значение, в принципе возможные для тохарского», яъни ундошларнинг алмашинуви (метатеза) тоҳар тилига хос хусусият бўлганлиги учун «амилла» – «алмила» га айланган, деган фикр билдиради.

Шунингдек, “ab(e)l”, “hzébl̥”, “hzebōl” шаклларидан форс-тожик тилидаги “себ”, санкритча “сева” шакллари ҳам келиб чиққанини кўриш мумкин.

Славян тилларидаги “яблоко”, “яблука”, “jablko” шакллари – протославян: “ablъko”, прото-балто-славян: “āblan” ва ўз навбатида прото-ҳинд-оврўпоча: “ab(e)l”, “hzébl̥”, “hzebōl”га бориб тақалади. Шундай қилиб, “олма”, “себ”, “apple”, “яблоко” – бир ўзакдан бўлиб чиқади.

ОВРЎПОНИНГ АСОСИЙ МЕВАСИ

“Apple” эски инглиз тилида “умуман мева” маъносини билдирган, дейилади “The English etymological dictionary”да. “Олма”нинг қадимшунослар томонидан реконструкция қилинган энг қадимги: “abalikā”, “amarnā”, “(a)masl”, “ŝamlu” шакллари ҳам, мутахассисларга кўра, “мева” маъносида. “Олма”нинг лотинча номланиши: “malum”, “pomum” бўлиб, улар ҳам прото ҳинд-оврўпоча ўзакка бориб тақалади. Лотинчада ҳам бу сўзлар “олма” ҳамда “мева” маъноларини билдирган. Французча “pomme” (талаффузи: “пом”) мазкур лотинча ўзакдан ясалган, демакки, “pomme”ни ҳам “олма” сўзи билан бир этимологияга эга, дейиш мумкин. Француз тилида “pomme” сўзи иштирокида бошқа мева номлари ҳам ясалган. Масалан, “pomme de terre” («Ер олмаси») – “картошка”, “апельсин”нинг дастлабки номи француз тилида “pomme d’orange” бўлган, Франциянинг баъзи ҳудудларида “помидор”ни “pomme d’amour”, деб аташган. Умуман, рус тилидаги “помидор” сўзи бир пайтлар Италия ерларида ўсган “сариқ помидор”га нисбатан ишлатилган итальянча: “pomo d’oro” (“олтин олма”) сўзидан келиб чиққан, дейишади. Шу каби герман тилларидаги: “appelsien”, “sinaasappel”, “apfelsine” ҳамда русча “апельсин” ҳам айнан “Хитой олмаси” маъносида бўлиб, илк бор бу мева Оврўпога португал денгиз сайёҳлари томонидан Хитойдан келтирилгани учун шундай аталган. Ўрта Ер денгизи ҳудудидаги кўпгина тилларда эса бу мева “португал” маъносида “portakal” (турк), “portokali” (юнон), “porteghal” (форс) каби шаклларда ўчрайди. “Апельсин”нинг эски французча “pomme d’orange” номи ҳам баъзи славян тилларида: “pomeranč”, “pomaranča”, “pomarańcza” шаклларида яшаб келмоқда. Ўз навбатида “orange” ҳам санскритча “апельсин дарахти” маъносидаги “naranga” сўзига бориб тақалади, бу сўзнинг форсча шакли “норанг” (نارنگ) бўлган, ўз навбатида, бу сўз араб тилига, араб тилида “г” товуши мавжуд бўлмаганлиги боис, “норанж” (نارنج) шаклида ўтган ва араб тили, Андалусия орқали Оврўпога “orange” шаклида кириб борган.

Шунингдек, қадимги юнон тилидаги “mêlon” сўзи ҳам мазкур ўзакка бориб тақалиб, “олма” ва “дарахтда ўсадиган мева” маъноларини билдирган (ҳозирги юнон ва итальян тилларида: “mela” – “олма”). Бугунги кунда “melon” сўзи – инглиз, француз, испан тилларида “қовун”, инглизча: “watermelon”, французча: “melon d’eau” эса – “тарвуз”ни билдиради. Демакки, оврўпо тилларидаги ҳатто “тарвуз”, “қовун” сўзлари ҳам “олма” сўзига “қариндош” экан.

Алқисса, олма инсоният тарихида марказий ўрин тутган мевалардан биридир. Шу боис қадимги юнон мифларидан тортиб, диний-дунёвий адабиётлар, эртакларгача: “олтин олма”, “жанжал олмаси”, “сеҳрли олма”, “тақиқланган олма” каби рамзлар кўп учрайди. Маълумотларга кўра, олма дарахтининг энг қадимий ёввойи тури ҳозир ҳам Марказий Осиё, Тян-Шан тоғларида учрайди, шу боис олманинг ватани Марказий Осиё ҳисобланади, шундай экан, олманинг энг қадимги номи ҳам айнан Марказий Осиёда пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас.

Абдувоҳид ҲАЙИТ

facebook.com