Ўзбекистонда пахта йиғим-терими давом этмоқда. Ҳукуматга яқин матбуот воситалари бу йилги ҳосил болалар меҳнатисиз териб олинаётганини айтсада, ҳуқуқ фаоллари бу каби ҳоллар ҳали ҳам учраб туришини хабар бермоқдалар.
Ҳосилни йиғиб олишда болалар иштироки камайган экан, ҳукумат ва хусусий идоралар ходимларига нисбатан пахтага чиқиш борасида босим ошган.
Олмония парламенти аъзоси Виола Фон Крамон халқаро кузатувчиларсиз Ўзбекистондаги терим жараёни борасида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин эмас дейди.
Виола Фон Крамон: Ўзбекистонда ҳануз бу соҳада биронта халқаро назорат ўтказилмаган ва пахта териш мавсумида нималар рўй бераётганини ҳеч ким билмайди. Албатта бу ҳолат мени хавотирга солади. Ўзбекистон бир неча бор турли халқаро конвецияларга имзо чеккан, лекин бу битимларга мувофиқ ўз мажбуриятларини бажармаяпти. Шунинг учун Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва ҳукуматлар ўзбекистонга бу борада босим ўтказиб халқаро комиссияларнинг мамлактага бориб вазиятни ўз кўзлари билан кўра олишларига рухсат берилиши учун ҳаракат қилишлари керак.
Би-би-си: Нима учун Олмон ҳукумати бу каби босимни ўтказиши керак , деб ўйлайсиз?
Виола Фон Крамон: Албатта Олмон ҳукуматининг ўзигина бу каби босимни ўтказиши керак эмас, қанчалик кўпроқ ҳукуматлар бу йўлда ҳаракат қилсалар шунчалар яхши. Лекин буни кимдир бошлаб бериши керак. Олмония Халқаро Меҳнат Ташкилоти аъзоси сифатида Ўзбекистондаги вазият қониқарли эмаслиги ҳақида гапириши керак. Олмониянинг инсон ҳуқуқлари бўйича расмийси бу борада мактуб ёзган , лекин бунинг ўзи кифоя эмас, бу йўналишда ҳаракатлар анчайин мунтазам ва мутасси, шунингдек, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ичида ҳам кенгроқ бўлиши керак. Бунинг учун келгуси йил июл ойида бўлиб ўтиши режаланган халқаро анжуманни кутиб ўтириш керак эмас. Бу масала зудлик билан ёндошувни талаб қилади, Ўзбекистонда пахта терими мавсумида нималар бўлиб ўтаётганини биз билишимиз керак.
Би-би-си: Асосий муаммо пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш, дея айтиб келинади. Бу йил ҳукумат балоғатга етмаганларни пахтага олиб чиқмаслик ҳақида фармон чиқарган, мактаб ўқувчиларини ёппасига пахтага сафарбар этилмаганликлари айтилмоқда, мана шу каби хабарлар сиз учун етарли эмасми?
Виола Фон Крамон: Албатта етарли эмас, биринчидан бу фармон оғзаки берилгани айтилмоқда. Шунинг учун унда аниқ нималар дейилганини биз била олаймиз. Нима бўлганда ҳам амалдаги вазият ҳақида далилларга эга бўлмасангиз ва тасдиқлай олмасангиз бундан нима фойда. Болалар пахта далаларида камроқ эканликлари ҳақида ҳар-хил гаплар юрибди, лекин бошқаларнинг пахта теришга мажбурланаётганлари ҳақида айтиляпти. Шифокорлар, давлат корхонлари ишчилари, катталар пахта теришга мажбурланмоқдалар. Муаммо ана шунда. Ўзбекистонда пахта етиштириш саонати квоталрга, режага асосланган тизимдир. Бу саноатни юргизиб туриш учун Ўзбекистон ҳукуматига арзон гаров ишчи кучи керак. Бу соҳада қандай ўзгаришлар бўлаётганини тасдиқлаш учун халқаро ташкилотлар назоратчиларини мамлакатга қўйишлари керак. Бу борада ошкоралик йўқ экан, мен уларнинг сўзларига мутлақо ишонмайман.
Би-би-си: Нима учун бу каби назоратчилар зудлик билан мамлакатга боришлари керак деяпсиз, бу каби вазият йилларки давом этиб келмоқда. Музокарлар олиб бориб, келгуси йил жўнатса бўлмайдими ўша комиссияни?
Виола Фон Крамон: Чунки ўзбек ҳукумати ҳудди шундай йўлда йилларки вақтни чўзиб келмоқда. Пахта саноатидаги тизим шўролар давридан мерос қилиб олинган ва агарда биз босим ўтказмасак келажакда ҳам шундай давом этиб кетаверади, вазиятга ҳеч қачон чек қўйилмайди.