Муҳаммад Солиҳ
ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(38)
ОЛОВ БИЛАН ЎЙИН
Келаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати Фарғона водийсидаги диний гуруҳларга қарши янги репрессиялар бошлаган.
Ҳужрада диний дарс олаётган болалар тарқатилиб юборилган, уларнинг ўқитувчилар қамоққа олинган. Фарғона водийсида машҳур диний лидер Абдували Қори бедарак йўқолган.
Айтишларича, Абдували Қори Тошкент қўналғасида миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ушланиб олиб кетилган. Унинг қаердалиги ҳозирча номаълум. Эсингизда бўлса, бундан уч йил аввал исломий партия раҳбари Абдулла Ўтаев ҳам шундай бедарак йўқолган эди. Унинг КГБ ертўласида экани бир неча ойдан кейин маълум бўлган эди. Ҳеч қандай айб қўймасдан инсонларни ертўлага ташлаш Ўзбекистон ҳукумати учун оддий ҳол бўлиб қолди.
Бедарак йўқолган Абдували Қори водийда маълум обрўга эга эди. Халқнинг ичида таъсири катта эди. Президент Каримов, биласиз, ўзининг обрўсидан ташқари ҳар қандай бошқа обрўдан қўрқади. Ўзбекистонни тарк этган арбобларнинг кўпчилиги обрўси сабаб тарк этганлар. Агар бу обрўлиларнинг ичида ватанини тарк этмайдиган ўжарлар чиқиб қолса, уни дарров турмага тиқиши мумкин. Абдували Қори бунинг сўнгги ўрнаги.
Қорининг ҳибсга олинишига муҳим сабаб бор. Бугун Ўзбекистонда диний гуруҳларда муайян бир жонланиш кузатила бошлади. Сиз биласиз, президентлик сайловларида диндорлар Каримовга овоз берган эдилар. Каримов уларга берган сайловолди ваъдаларини бажармади ва том тескарисига, диндорларга қарши очиқ уруш бошлади. Бугун қирққа яқин катта-кичик уламолар ҳар хил уйдирмалар билан турмада ўтирибди.
Камина 1992 йилда ёзган мақолаларимда диний гуруҳларга қарши репрессия уларни яширин фаолиятга ўтишга мажбур қилади ва бу уларнинг легал фаолиятига нисбатан кўпроқ таҳликалидир, деган эдим. Худди шундай бўлди.
Бугун Каримовнинг манглайидан совуқ тер чиқаётган бўлса, бунинг ягона сабаби “Эрк” ёки “Бирлик” эмас, исломий ҳаракатдир ҳам. Бу ҳаракат потенсиали биз ўйлагандан анча катта ва бизнинг вазифамиз, мухолифатнинг вазифаси – бу ҳаракатни сиёсий курашнинг демократик методлари ичига тормоқдир, бу ҳаракатга ёрдам бермоқ, уларнинг ҳақли талабларини дунё жамоатчилигига билдирмоқдир.
Президент Каримов сўнгги уч йил давомида диний гуруҳларга қарши урушни осонликча олиб борди, чунки, Ғарб дунёсига айтадиган гапи бор эди. Бу уруш қурбонлари ислом фундаменталистлари ўлароқ кўрсатиларди ва Ғарб ҳам фундаментализмни ёмон кўргани учун индамай қўяқолди. Ҳатто ўз фидойилиги билан машҳур инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жаҳон ташкилотлари ҳам диндоларнинг таъқиб қилинишига эҳтиёткорлик билан ёндошар, улар ҳам ўша фундаментализм афсонаси таъсири остида қолардилар. Бундай тотал изолятсия, табиий-ки, диндорларниниг фолиятини янада қийинлаштирар ва бу эса, ўз навбатида уларнинг янада радикаллашувига сабаб бўларди.
Бугун Ўзбекистонда, хусусан, Фарғона водийсида кетаётган қама-қама кампанияси ҳукуматнинг исломий ҳаракат олдида борган сари чорасиз қолаётганидан дарак беради. Ҳукуматни бу нуқтага олиб келган нарса унинг сўнгги уч йил давомида юритган репрессив сиёсатидир. Ҳукумат экканини ўраяпти.
Ҳужраларни ёпиш кампанияси 1992 йил сўнгида бошланиб, уч ой ичида деярли ҳаммаси ёпилган эдилар. Агар бугун бу кампания қайтадан бошланган бўлса, демак, уч йил ичида диний гуруҳлар қайтадан ташкилотланишга эришганлар.
Доимий тазйиқ-таъқиб остида бунга эришишни ҳавас қилса арзигулик ташкилотчилик намунасидир. Шу нарса аниқ-ки, ҳукумат ҳужра ташкилотчилиги билан курашиб, бирор нарса қозониши маҳол.
Демократик ўлкаларда бундай структуралар легал фаолият кўрсатиши мумкин. масалан, ҳужрада ўқитиш фақат тоталитар Ўзбекистонда эмас, демократик Туркияда ҳам мавжуддир. У ерда ҳеч ким бировни фундаменталист, деб ҳибсга олаётгани йўқ. Ҳатто исломий партия ҳам мавжуд.
Ҳужрада ўқиганлар тузум учун таҳликали бўлиши мумкинми? Агар тузум золим бўлса, ҳа, ҳужра талабалари бундай тузум учун таҳликалидир. Чунки, ислом золим билан муроса қилмасликни ўргатади.
Бир халқ ўз фарзандларини эътиқодли қилиб тарбиялашга интилса, унинг бунга ҳаққи бордир. Агар ҳукумат ўзбек болаларининг ҳужрага кетишини истамаса, мавжуд маориф системасини тузатсин. Мактаб ўқув программаларини қайтадан ёзсин, ўқитувчиларнинг моддий аҳволини яхшиласин, халқнинг эҳтиёжини ҳисобга олиб, мактабларда дин асосларини ўргатсин.
Мен ўзимдан мисол келтираман. Ўйлайман-ки, мени ҳеч ким ислом фундаментализмида айблай олмаса керак. 1991 йилда кенжа ўғлим Темурни мактабдан олишга мажбур бўлдим ва Андижонга ҳужрага жўнатдим. Чунки, унинг мактабда ўрганган нарсалари мени чинакамига қўрқитди. Мен мактаб ўқитувчиларини айбламайман, улар арзимаган маош учун умрини шу болаларга сарфлайди, аммо Ўзбекистондаги маориф системаси бу фидоийларнинг меҳнатини маънавиятсиз бир тарбияда қўлламоқда.
Ҳужра тарбияси ўғлимни тамоман ўзгартирди. Албатта, ижобий томонга. Бугун бу бола фундаменталист бўлиб қолгани йўқ. Мактаб дарсларини ҳам қилаяпти, намозини ҳам. Аввалгидай уни қаерга, ким билан бординг, дея назорат қилишга ҳожат қолмади. Биламан-ки ёмон ерга бормайди. Агар ёмон ерга борса, намозини ўқимайди. Чунки, эътиқод ва ёмонлик ёнма-ён яшай олмайди. Хуллас, бугун Ўзбекистонда диндорларга қарши бошлатилган ҳукумат кампаниясининг оқибати хайрли бўлмаса керак. Чунки, халқимиз узоқ йиллар ўз динидан айри яшади ва, мустақил бўлдик, деб эндигина енгил нафас ола бошлаган эди. Бу коммунистларга ёқмади. Албатта, уларга ёқиш учун халқ ўз динидан кечмайди. Кураш қайтадан бошланади.
1995. Сентябр.