O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ОЛОЙ МАЛИКАСИ

ОЛОЙ МАЛИКАСИ
184 views
02 December 2019 - 6:30

Ўш шаҳри. Чор Россияси мустамлакачилари томонидан жазо ҳукми ижро этиладиган қатл майдонига ёғий тазйиқи остида ҳар галгиданда кўпроқ оломон йиғилган. Босқинчилар Олой маликаси дея эъзоз этилган Қурбонжон додхоҳнинг кенжа ўғли Қамчибекни осиб ўлдиришга ҳукм этган.

Барча ваҳимада, барчанинг нигоҳи дор остидаги ёш йигитда. Душманларга айнан шу керак. Яъни мустамлакачиларга қарши исён кўтаришнинг оқибати шафқатсиз бўлишини, уларга қарши курашиш бефойда ва даҳшатли эканини кўрсатиш. Босқинчиларнинг режаси фақат бу эмас. Енгилмас исёнчиларнинг бошлиғи – Қурбонжон додхоҳни шу орқали қўлга олиш. Жонфидо она, албатта, боласи билан видолашиш учун келиши тайин. Майдон атрофидаги ва халқ орасидаги душман айғоқчилари бу борада ҳушёр. Олой маликаси ҳам буни яхши билади.

Шу пайт узоқдан чанг кўтарилиб, бир отлиқ – Қурбонжон момо учиб кела бошлади. У нафаси ичига тушган оломонни ёриб ўтиб, тўғри дор остига келди. Боласига юзланиб: «Ўғлим, дадил бўл. Юрт учун шаҳид кетиш бизга меросдир, сендан розиман», деди-ю, от жиловини ортга бурди-да, қандай келган бўлса, майдонни шиддат ила шундай тарк этди. Душман, ҳатто чора кўришга имкон топа олмади…

Она ер, қалблар кўшкидаги – бебаҳо Ватан. Киндик қонимиз тўкилган жонларга туташ замин. Сени асраш учун не ботиру баҳодирлар, фозилу фузалолардан тортиб, ғарибу ғураболарга қадар жон олиб, жон берган. Тарихда буюк Турон давлати, дея ном олган қудратли мамлакат халқлари асрлар давомида босқинчиларга қарши елкама-елка курашиб келган. Алпликда, ориятда, куч-қудратда ўзини кўрсата олган. Беш панжа бирлашиб, мушт бўлгани каби, беш оға-ини ботирлар – ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ, туркман миллатлари босқинчи ёвларга ён бермаган, гоҳ енгган, гоҳо енгилган. Не-не фотиҳлар келиб кетмасин, ўзлигини, асрий қадриятини асраб қолган.

Ҳа, асрий истибдод зулми остида ҳам туркий миллатларга таянч бўлган она Ватандир бу, жон риштаси бу. Шоир куйлаганидек:

Тўмариснинг кўксида қудратга инган титроқ,

Минг ёвга бас келмоққа шид дати етган Широқ,

Фотиҳлар талошида тахтин бермаган тупроқ –

Ватандир бу, Ватандир бу, жон Ватан.

Юртга ёғий бостириб кирдими, унга қарши турмоқ учун барча баробар оёққа қалқийди. Ёшу қари, эркагу аёл. Негаки, Ватан оёғости бўлдими, истибдод зулми остида миллат топталади, қадрият ва ор-номус топталади. Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати Туркистондаги миллий озодлик курашларини юзага чиқарди. Босқинчилар келиши баробарида ўз ери ва эркидан маҳрум бўлган халқ орасида очарчилик, қашшоқлик авж олди, турли касалликлар кўпайди. Ўғрилик, талончилик, юлғичлик халқ бошига оғир савдолар солди. Зулм остида эзилган эл ўзининг эрки, қадр-қиммати, юрт озодлиги учун тинимсиз курашлар олиб борди. Бу курашлар Туркистон ўлкасининг деярли барча ҳудудларида муттасил давом этди. Тарих гувоҳлик беришича, 1887 – 1897 йилларда Сирдарё, Самарқанд, Фарғона вилоятларида мустамлака идораларига қарши жами 663 марта ҳужум уюштирилганлиги ҳам фикримиз далилидир. Ҳукмрон тузумга қарши қўзғолонлар асосан камбағал деҳқонлар, косиблар, ҳунармандлар томонидан амалга оширилди. Маҳаллий халқ томонидан ўтказилган юзлаб қўзғолонлар орасида Султон Содиқ, Ботирхон Тўра, Пўлатхон ҳамда Қурбонжон додхоҳ бошчилигидаги миллий озодлик ҳаракатларини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим.

Қурбонжон додхоҳ! Юрт озодлиги, халқ дарди етти фарзанднинг онаси бўлган бу аёлни жангчи сувворага айлантирган бўлса, ажабмас. Олой маликаси дея ном олган бу забардаст аёл ҳақида қўшиқлар, ривоятлар тўқилган. Негаки, халқ ўз қаҳрамонларини ҳамиша эъзозлайди, улуғлайди, унутмайди. Унинг мўътабар номи ҳамон асрларни ортда қолдириб келмоқда. Бунинг сири нимада? Истибдод зулмига қарши юзлаб халқ қўзғолонларига раҳбарлик қилган юзлаб фидойи ватанпарварлар орасида Қурбонжон додхоҳ бу қадар эъзозга қандай эришган?

1811 йилда Ўш яқинидаги Моди қишлоғида туғилган Қурбонжон Маматқизи Қўқон хонлиги вазири Олимбек додхоҳ Ҳасанбой ўғлининг рафиқаси бўлган. Умр йўлдоши уни хон саройига олиб келиб, Нодирабегимга таништиради. Нодирабегим ва Увайсий каби ўзбек шоиралари таъсирида Қурбонжоннинг дунёқараши шаклланади.

Олимбек додхоҳ ҳокимият учун курашларда сарой фитнаси оқибатида ўлдирилгач, у эрининг ўрнига маълум муддат Андижон ҳокими бўлган ва ўзининг тадбиркор, элпарвар, жасур ва довюраклиги боис, Қурбонжон додхоҳ унвонига эришган. Сўнгра, маълум сабабларга кўра, беш ўғил ва икки қизини олиб, ўз овулига қайтади.

Қўқон тахтини қайта эгаллаган Худоёрхон Қурбонжон додхоҳни Олой воҳасининг ҳокими қилиб тайинлайди ва у Олой маликаси сифатида ном чиқаради. Унинг катта ўғли Абдуллабек Ўш ҳокими этиб тайинланади. Қурбонжон додхоҳ билан Қашқардаги Еттишаҳар уйғур ҳукмдори Ёқуббек ўртасида яхши муносабатлар ўрнатилган. Ён атрофдаги қўшни ўлкалар билан дўстона алоқа боғлаган. Мустамлакачиларнинг ёвузлиги, халқнинг миллий ва диний қадриятларини, инсонийлик қадр-қимматини поймол этаётгани Олой маликасини ҳам курашга чорлади. У ўғиллари Абдуллабек, Маҳмудбек, Ҳасанбек, Ботирбек ва Қамчибек билан Пўлатхон қўзғолонида иштирок этади. Қўзғолон мағлубиятга учрагач, Фарғона водийсидаги барча ватанпарвар кучлар истиқлол учун курашчи машҳур қирғиз аёли Қурбонжон додхоҳ қўшинлари сафига келиб, қўшила бошлайди. Водийда яшовчи ўзбек, тожик, қирғиз халқлари бирлашиб, умумий душманга қарши курашни давом эттирадилар.

Қурбонжон додхоҳ Европадаги урушларда катта тажриба орттирган Чор Россияси генерали Д. Скобелевга қарши курашларда уни мағлубиятга учратади. 1876 йилнинг ёзида бўлиб ўтган жангдан сўнг, мағлубиятга учраган генерал сулҳ сўраб, Қурбонжон додхоҳ ҳузурига офицерини юборади. Бироқ мағрур саркарда аёл уни қабул қилмайди ва мансаб поғонаси жиҳатидан ўзига тенг бўлган саркарда билангина музокара олиб боришини билдиради. Музокара амалга ошмагач, мустамлакачилар яна жангни давом эттиришга мажбур бўлади. Қурбонжон додхоҳнинг ўғли Абдуллабек ўз укалари билан бирга онасини қўллаб-қувватлайди, босқинчиларга қақшатқич зарбалар бера бошлашади. Улар мустамлакачилар ҳар қандай келишув ва битимни ҳеч қачон ҳалол бажармасликларини англаб етган эдилар. Шундан сўнг, генерал Скобелев билан Қурбонжон додхоҳ Олойда шахсан учрашиб, ўртада сулҳ тузилади. Бу орқали Олой воҳасидаги ички бошқарувда Қурбонжон додхоҳ ўз мустақиллигини сақлаб қолган. Унинг довруғи, ҳатто Санкт-Петербургга император саройигача етиб борган.

Юрт озодлиги, миллат ҳурлиги, дини ва қадрияти йўлида босқинчиларга қарши эр йигитлар қаторида кураш олиб борган Қурбонжон додхоҳ ҳақида узоқ тўхталиш мумкин. Ҳа, у ҳоким бўлиб, юрт бошқарган забардаст арбоб, эрк ва озодлик йўлидаги курашларга бошчилик қилиб, душманни қўрқув ва ҳайратга солган ёвқур халқ қаҳрамони, дор остидаги боласининг кўзига қараб туриб, ризолик беролган мушфиқ она, жовдираб турган фарзандига орқа ўгириб кетолган, юрагини фарёд куйдирсада, кўзига чиқармаган аёл.

Асрлар ўтсада, Фарғона водийси аҳолиси ўртасида у ҳақида кўплаб қўшиқлар, ривоятлар айтилади. Шунингдек, у қирғиз халқининг тарихий қаҳрамони ҳисобланади. Режиссёр Сиддиқ Шерниёз томонидан суратга олинган, Олой маликаси ҳаётидан ҳикоя қилувчи «Қурбонжон додхоҳ» фильми АҚШ киноакадемияси «Оскар» мукофотининг «Хорижий тилдаги энг яхши фильм» йўналиши бўйича номзодлар рўйхатига киритилган. «Кураш анча қизғин бўлади, бироқ биз курашамиз. Фильм Қирғизистонда муваффақиятли намойиш этилди. Шу кунларда фильмни Нью-Йоркда намойиш этамиз. Яқин вақт ичида эса Россия кинопрокатига чиқамиз», – дейди Сиддиқ Шерниёз.

Уч йил давомида суратга олинган, етти юз нафар актёр иштирок этган фильм жаҳон миқёсида эътироф топса, ажабмас. Олой маликаси Қурбонжон додхоҳ – эрксевар момомиз ҳақидаги мақоламизни эса шеърий сатрлар билан тугатишни лозим топдик:

Алп ўғлонлар бердинг дунёга,
Зафарларда буюк ҳиссанг бор.
Сен қўл очсанг, эзгу дуога,
Ҳар инсонга омад бўлур ёр.
Фарзандлари миллатга пойдор,
Башарият камоли – Аёл.

Зулфия ЮНУСОВА
Манба: facebook.com