O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Олтинчи сайлов – олтинчи мотам

Олтинчи сайлов – олтинчи мотам
2,011 views
24 October 2021 - 21:15

Демократик давлатларда сайловлар умумият-ла байрам кайфиятда ўтади.Чунки халк эмин-эркин ўзлари севган, ўзлари умид қилган миллатвакилини, давлат раисини сайлайди.
Бизникига ўхшаган ўлкалардаги сайлов эса мотамни эслатади. Чунки халқ ўз давлатининг раҳбарига ишонмайди, чунки бу раҳбар аввалги сайловда сайловни сохталаштириб раҳбар бўлган. Халқ бу сайловда хам беш йил аввал “сайланган” сохтакорнинг ҳокимиятга келишини билади.

Ўзбекистонда халқаро кузатувчилар кўзини шамғалат қилиш мақсадида уюштирилган зўрма-зўраки томошалар ҳисобга олинмаса бугунги сайловнинг ҳам ҳазин манзараси одамни теран хўрсинтиради. Бу тадбирни ҳам халқ учун навбатдаги миллий мотам куни дейиш мумкин. Чунки биздаги сайловларда бу кун яна беш йилга миллатнинг қадр қиммати ўлади, ғурури яксон ва келажаги барбод бўлади.
Таасуфки, ўтган ўттиз йил давомида халқимиз олти марта бу мотамни бошдан кечирди.

Яккаҳокимликка асосланган бошқарув остида ҳар сафар қўғирчоқ номзодлар билан ўтказиладиган сайлов томошаларидан халқимиз безган, келажакка умиди сўнган.
Иродаси тортиб олинган ва ғурури синдирилган миллат бу разиллик қаршисида ўттиз йилдир сабр қилиб келмоқда.
Бироқ миллатнинг сабрини синашда давом этаётган золимлар билсинки, тарих уларни асло кечирмайди.
Кун келиб бу ўтган давр мамлакат тарихининг энг қора саҳифаларидан жой олиши муқаррардир.
Эрк Демократик Партияси бугунги масхарабозликни сайлов сифатида тан олмайди. Миллат иродасини топтаган Мирзиёев бошчилигидаги ҳукуматни эса кескин қоралайди.

Эрк Демократик Партияси Марказий Кенгаши