O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Олтой тоғларига сафар

Олтой тоғларига сафар
140 views
25 March 2018 - 7:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

19-ҚИСМ

Ойдон, Али Моxир ва Ўғуз Анқарада Америка саргузаштларини Салим бейга ҳикоя эта бошлаганди, Салим Бейжон:

–Ўғуз бей, бир дақиқа сабр қилинг, Mаxмат хўжани ҳам чақирайлик, — деди.

Телефон қилди, Mаxмат хўжа Салимнинг бюросига тез етиб келди.

Саргузаштлар ҳикояси ҳаяжонли эди. Танаффусда Mаxмат Эрйигит Ўғузни чеккага тортиб:

–Гулнор шу ерда. Икки кундир пойтахт ўқитувчилар уйининг меҳмонхонасида яшаяпти, — деди.

–Шундайми? Тинчликми, нимага келибди?, — деди Ўғуз ҳаяжонланиб.

–Билмайман, аммо яхши нарсалар бўлмаганини сездим. Келган заҳоти сени кўриши кераклигини сўйлади.

–Ундай бўлса, Cалим бейдан изн олиб тез борай, — деди Ўғуз.

“Ўқитувчилар уйи” фоесида Гулнор Aнвар Mурод билан бирга эди. Ўғуз ҳар иккаласи билан ҳаяжон ичида қучоқлашди.

–Гулнор, тинчликми?, — деди қизга караб.

–Хавотирланма Ўғуз, бу ерга келдим, энди тинчлик, ҳаммаси ўтди, — деди Гулнор.

Қисқача Ўзбекистондан қандай қочгани ва КГБнинг тазйиқларини айтиб берди. Сўнггида:

–Сенга бошқа айтадиганларим ҳам бор, — деди Гулнор.

Ўғуз бу ҳаяжонли қочиш воқеаси олдида Америка саёҳатини Гулнорга айтиб беришни кераксиз ҳисоблади.

Aнвар Mурод хайр-хушлашиб ўрнидан турди.

Гулнор ўшанда Ўғузга ҳамма сирни тўкди. Тейиркан, Ота ком, “кўзча” аппарати ва бутун ғаройиб нарсаларни айтиб берди. Агар бу ҳодисани Гулнордан бошқа айтиб берсайди Ўғуз ишонмаган бўларди. Аммо буни айтаётган севган қизи Гулнор эди.

Ўша кеча Ўғуз ухлай олмади. Унинг фикрича, Гулнор ўша дарахт тагида бир xафта давомида xушидан кетган бўлиши ва ҳаёлида ўша ҳодисани яшаган бўлиши мумкин эди. Балки Қорлиғашевга айтган ўша боғли-боғчали уйда ҳақиқатан ҳам бир xафта қолиб кетгандир, деб ўйларди у.

Эртаси кун учрашганда Ўғуз бу фикрларини Гулнорга эҳтиёткорлик билан айтди.

–Йўқ, Ўғуз, бу хаёл эмас эди. Буни хаёлий эмас, жисмоний яшадим. Қўлларимни сиқиб кўрдим, сочларимни тортдим. “Кўзча” деган аппаратга тегдим, — деди Гулнор.

–Кучли хаёл онида шундоқ ҳолатлар бўлади, деди Ўғуз.

–Тушунмаяпсан Ўғуз, бу хаёл-паёл эмас, — деди Гулнор, — у боғчали уйни ҳам Қорлиғашевдан қутилиш учун тўқидим.

Ўғуз баxслашишнинг фойдасиз эканлигини тушунди

–Майли, буни вақтга ҳавола қилайлик. Маълум вақт ўтгандан кейин ҳамма нарса ойдинлашади, — деди Ўғуз.

–Сенинг менга ишонишингни ўйлагандим, Ўғуз. Янглишибман. Майли, сенинг айтганинг бўлсин. Вақт келиб, менга ишонасан…

***

1993 йил охири ва 1994 йил баҳорида кўп воқеалар бўлиб ўтди. Ўғуз Салим Бойжоннинг таклифи билан, унга маслаҳатчи бўлиб, Анқарага кўчиб келди. Ойдон Ори бир коктейлда Ўғуз таништирган юзбоши Илкер Демирга турмушга чиқди. Али Моxир “Америка” ҳужжатли филми учун бир банкнинг мукофоти билан тақдирланди. Гулнор узун давом этган ҳужжат тайёрлаш маратонидан сўнгра Турк фуқаролигига қабул қилинди. Салим Бейжон Эскишаҳар йўлининг Афйон бурилишида ўша Истироҳат Парки тамалини қўйди.

Ўғуз билан Гулнор 15 июн куни уйланишди.

Тўй янги тамали қўйилган Истироҳат Парки майдонида бошланиб, уч кеча уч кундуз давом этди.

Тўрт, олти, саккиз ва ўн карагали (устунли) чодирлар қурилиб, ҳашаматли тўй бошланди. Тўйда Турк дунёсининг бутун рақс ансамбллари қатнашди. Tошкент, Боку конференциялари иштирокчилари ўз рафиқалари билан тўйга келишди. Ойдон эри билан кўз қамаштирарди. Али Моxир ёрдамчиси билан тўйни бошдан оёк суратга олди. Тўй сценарийсини Ойдон Ори таклиф қилганди.

Ўғуз ва Гулнор учинчи кечада олти карагали чодирга кирдилар. Ўғуз обдаст олиб, икки ракат намоз қилди. Юксаклардан юксак Оллоҳга шукрлар айтди. Исми кўркли Муҳаммад Мустафога саловат келтирди.

Гулнор атлас келинлигини чиқариб, Ўғуз кўрмасдан кўрпага кирди.

Ўғуз намозини битириб, чодирнинг олдига чиқди. Одамлар тарқаб, сукунат чўкканди. Фақат осмонда юлдузлар қолганди. Ўғуз энг олисдаги биттасига боқди, юлдуз кўз қисгандай бўлди. Чуқур нафас олиб, чодирга кирди Ўғуз. Қоп-қоронғу эди. Аммо яшил кўзлар ёстиқ узра чақнаётганди. Ўғуз севгилисининг ёнига ўтирди ва унинг сочларини силади:

–Сени нақадар соғинганимни биласанми, Гулнор, — деди.

–Мен ҳам йилларча шу онни кутдим, — деди қиз.

–Биз мингларча йил аввал бир-биримизга ёзилган эдик, — деди Ўғуз.

–Аслида, биз сен билан ҳеч айрилмадик, сен билан бир бадан эдик, — деди Гулнор.

–Севгилим, ҳеч айрилмадик. Ҳеч айрилмаяжакмиз, — деди Ўғуз.

Ўғуз кўрпага кирди, севгилисини қучоқлади.

Гулнор:

–Тўхта, Ўғуз, — деди ва чироқни ёқди. Қўлида ўзбек ханжари бор эди. Ерга санчди, тупроқни қартди ва:

–Ер каби қартилайин, тупроқ каби соврилайин, ханжарим-ла туғралайин, қиличимга санчилайин, ўғлим туғилмасин, туғилса ўн кунга етмасин агар Эрганаконни кўрмасдан гўшангага кирар бўлсам!, — тантанали оҳангда.

Ўғуз саросимага тушди:

–Ундай дема Гулнор, бу ўйин эмас, биз уйландик сен билан, — деди қизнинг қўлларидан тутиб.

–Тўғри, уйландик, аммо мен ўйин ўйнаётганим йўқ, мен яшаётган ҳақиқатга сен ҳам инонмоғинг шарт. Аксинча, орамиздаги севгига ҳар доим бир бўшлиқ бўлажак. Бунинг йўли Эрганоконни излаб топиш. Менинг кўрган Эрганоконимни кўрсанг, менга ишонасан, — деди Гулнор.

Ўғуз:

–Хўп, Гулнор, аммо Эрганоконни қандай топамиз, — деди.

–Бу тўғрида кўп китоб ўқидим, Ўғуз. Олтой тоғларининг ичида бир ерда бўлиши керак. Бу биз учун ҳам илмий иш, ҳам спорт бўлади. Энг муҳими сен менга ишонажаксан, — деди Гулнор жиддий.

У кеча Олтой тоғларига қилинадиган сафар ҳақида тонггача суҳбатлашдилар…

***

Икки ой давомида Мажид Дўзалдан тоғчилик (алпинизм) санъатини ўргандилар. Аскарлик даврида командос машқларидан ўтган Ўғуз учун тоғчилик унча қийин бўлмади. Гулнор ҳам тез ўрганди. Август ўрталарида Агри тоғларига тирмашдилар. Муваффақиятли кечди тирмашув. Мажид Дўзал ёш ошиқларнинг Олтой тоғларига кетиши мумкинлигини айтди. У ишни Мўғилистон ҳудудидаги Боён ўлгий оймоғи (вилоят)даги тоғлардан бошлашни ва йўлкўрсатувчи сифатида ўша бўлгада яшаган Жамшид исмли қозоқ тоғчи йигитни олишларини тавсия қилди.

Ўғуз билан Гулнор август охирида Улан-Баторга, у ердан Боён ўлгийга учдилар. Шаҳарчанинг кичик отелида икки кун туришди. Кейин Жамшид йўлбошчилигида бир “жип”да Олтой тоғлари томон йўлга тушдилар.

1500 метрлик бир қоя этагида чодирини тикдилар. Чўкичлар, арқонлар билан метин қояга тирмаша бошладилар. Юксалиш оғир бўлди. Пешиндан сўнгги манзиллари юксакликдаги бир супадан пастга назар ташлаганларида гўзал манзара пайдо бўлди. Чексиз оқлик ва пастда тиккан чодир каби мовий кўк. Теран-теран нафас билан ўпкаларини тўлдиришди.

Ўғуз:

–Бугун бу ерда тунасак бўлмайдими?, — деди.

–Йўқ, — деди Гулнор, — юраолганимизча юришимиз керак.

Жамшид:

–Бу ерда тунай олмаймиз, кечалари шамол кучли булади, ундан беркинадиган жой йўқ.

Соат 19-да етишган қоялик бир манзилда чодир қуришди. Тоза, мовий осмонни томоша қилдилар ва эрта уйқуга ётишди.

Гулнор тушида Тейирканга саёҳат қилди. Ота ком билан гаплашди. “Мен келаяпман, ота”, деди Гулнор. У бўшлиқда юриб борар эди. Атроф бўшлиқ эди. Оёғи остида ҳам бўшлиқ эди, аммо у юриб борарди. Юлдузларга тегиб, сочларини ёйиб, чопиб борарди. Бир бўри тоғлардан тушиб Ўғузнинг юзини ялади. Кейин қорга оёқларини ботириб-чиқариб узоқлашди, ғойиб бўлди. Ўғуз эса бўри терисига бурканди, чўққига чиқди, увлади.

–Болалар, қуёш чиқди, туринглар!, — деди Жамшид.

Қушпати билан тўлдирилган тўшакларни тахладилар, кийиндилар, камарларини тақдилар. Нонуштага ёғ ва бол едилар. Ёш ва кучли тойлар каби қор устида сакрадилар. Қўлларида темир асо, темир чукич йўлга тушдилар. Қоялардан илон каби, тепалардан бўрон каби кечдилар.

3500 метр чуқурликдаги муздан пайдо бўлган жар устига келдилар. Жар лабидан юриб, ўтиш йўли ахтара бошладилар. Тушга яқин бир муз кўприк учради. Жамшид синаб кўрди, мустаҳкам эди кўприк. Бир одим отди, икки одим… Етти одимда жарнинг нариги қиғоғига ўтди.

Гулнор ўнг оёғини кўприкка қўйди, кейин сўл оёғини. Ўғуз унинг оркасидан келарди.

–Гулнор, орқага қайт, — дея бақирди бирдан Ўғуз ва Гулнорнинг қўлидан тутди.

Аммо кечиккандилар. Муз кўприк парча-парча бўлиб жарга уча бошлаганди.

–Ўғуз!, — деб бақирди Гулнор.

–Гулнор!, – дея ҳайқирди Ўғуз.

Ўғуз, Гулнор, муз парчалари, қор тўзонлари ва инсон ҳайқириқлари аралаш-қуралаш пастга тушарди.
Жамшид жар канорида ҳайкалдай қотиб қолганди.

Ўғуз билан Гулнор юмшоқ ва xўл бир нарсанинг устига тушдилар. Бу ер остидан чиққан ирмоқ эди. Ўғуз Гулнорнинг қўлидан ушлади ва:

–Соғмисан, Гулнор?, — деди.

–Соғман, аммо жуда совуқ, — деди Гулнор.

–Сабр қил, севгилим. Аввал сувдан чиқайлик, — деди Ўғуз.

Аммо чиқадиган ер ҳадеганда кўринавермади.

Ниxоят оёқларига ер тегди.

–Жамшид!, — деб бақирди Ўғуз.

Аммо ўз сасининг акс-садосини эшитди холос. Сув оқими уларни моғора ичкарисига судраганди.

–Сувнинг оқиши йўнида кетсак, ер юзига чиқамиз, — деди Ўғуз.

–Йўқ, деди Гулнор, сув келаётган томонга қараб юришимиз керак. Излаганимизни фақат ўша тарафда топишимиз мумкин.

–Севгилим, усти бошимиз xўл, сен совқотаяпсан, бу ердан тезроқ чиқишимиз керак!, — деди Ўғуз.

–Эргенаконга яқинлашдик, буни ҳис қилаяпман Ўғуз, илтимос, ўша томонга юрайлик, — деди Гулнор.

Ўғуз Гулнорнинг ўжарлигига кўниккан эди, кўп қаршилик кўрсатмади.

Кийимларини ечиб, фақат ич кийимда қолдилар. Чиқарилган либосларини сиқиб, халталарига ёйдилар ва мағора каноридан сув келаётган тарафга қараб кета бошладилар.

(давоми бор)