(Сиёсий партиялар, сиёсий рақобат ва давлатчилик тараққиёти хақида)
Ўзбекистон давлати ўзининг 25 йиллиги сари қадам босмоқда. Чорак асрлик давр мушохада ва якуний хулосалар чиқариш учун етарли муддат.
Омонатга хиёнат туркумидаги аввалги мақолаларимизда тўлиқ исботланган далил ва хаётий фикрларимизга асосланган холда, амалдаги И.Каримов режимини қаттиқ танқид қилиб келяпмиз.
Биз И.Каримовни 25 йилдан бери хукмдорликни қўлдан бермай, давлатни новиждонан бошқариб келаётганликда айблаб келмоқдамиз.
Ўзбекистонда умумхалқ ишларини оқилона ташкил этиш ва оқилона бошқаришга масъул, давлатни бошқариб келаётган хукуматнинг йўл қўйган хато ва камчиликларини ошкор қилмоқдамиз. Товар – пул муносабатларини бутунлай издан чиқиб кетиши оқибатида жонажон ватанимизда чуқур молиявий-иқтисодий бўхрон кузатилаётганлигини жамоатчиликка билдириб келмоқдамиз.
Ўзбек сўми гиперинфляцияга учради. Озиқ – овқат ва зарурий товар ва хизматларнинг чакана нархларининг муттасил ортиши 25 йилдан бери тўхтамаяпти. Аксинча кун сайин ошиб бормоқда. Юқоридаги холатлар бўйича бизнинг ва фуқароларнинг билдираётган норозилигимизга, Ариза ва Шикоятларимизга Президент ва Бош Вазир жаноблари, шахар ва туман Хокимлари етарли эътибор бермаяптилар. Оддий фуқаро олдида ўз фаолиятлари юзасидан хисобдор ва масъул эканликларини тан олишмаяпти.
(Ўз.Р. Конституциясининг 2 моддаси). Амалдаги хукуматни ва қонунчилик хокимиятини хавфсизлигини таъминлашга масъул ИИВ ва МХХ ходимлари иккала хокимиятнинг хавфсизлигини сўзсиз таъминлаб, ўз бурчларини бажармоқдалар. Бироқ, ўз фаолиятларини давлат манфаатларига зид тарзда олиб бориб, давлатнинг иқтисодий хавфсизлигига ва давлатчилигимизга тахдид солаётган амалдорларни аниқлаш ва жазолаш хам уларнинг бурчларига киради.
Камина Ж.Шосалимов оддий фуқаро, нафақахўр ва солиқ тўловчи шахс сифатида ўзимнинг ва жамоат муаммоларининг ечимини излаб, Ўзбекистонда қонун асосида расман фаолият олиб бораётган 4 та сиёсий партияларга Ариза билан мурожаат қилдим. (Иловалар № 1,2,3,4.)
Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Қонунга асосан партия рахбарлари бир ой муддат ичида – 18, 23 январь кунлари расмий жавобларини менга беришлари лозим эди. Лекин, партия рахбарлари хеч бир изохсиз, деярли 2 ойдан бери сукут сақламоқдалар.
Қонун асосида фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар қандай сабабларга кўра Қонун талабларини бузмоқдалар ва уларни сукут сақлашга нима мажбур қилаяпти ?
Ўзбекистондаги 4 та сиёсий партияларнинг барчасини Дастурларининг мужмаллиги ва ноаниқлиги, сиёсий саёзлиги, ахолининг ва ватанимизнинг долзарб масалаларини четлаб ўтаётганлиги кимларга фойда-ю, кимларга зиён ?
Сиёсий партиялар кимларнинг манфаатларига хизмат қиляптилар ?
Давлатимиз бошидан кечираётган чуқур иқтисодий инқироздан чиқиш ечимини топиш борасида уларнинг фикрини билиш ва ўрганиш мақсадида уларга мурожаат қилинди. Президент Фармони билан 25 йилдан бери Конституциянинг қатор моддаларини бузаётган энг кам иш хаққи миқдорига (130.000 сўм.) уларнинг муносабатларини аниқлаш учун Ариза билан мурожаат қилганмиз. Адолатсиз нафақа тизимини ислох қилиш, чакана нархларни белгилашда ижроия хокимиятидан хам устунлик қилаётган долларнинг қора бозорига уларнинг сабр-тоқатини билиш истагида уларга мурожаат қилинди. Хомаки хисоблар бўйича хар бир партиянинг туман, вилоят ва республика Кенгашларидаги хукумат бюджетидан ойлик маош олиб ишловчи ходимларнинг сони 1000 дан зиёд. Демак, сиёсий партияларнинг 4000 дан зиёд ходимларининг сиёсий фаолиятларини молиялаштириш учун бир ойда ўрта хисобда 4.000.000.000 сўм, бир йилда 48.000.000.000 сўм бюджет маблағи сарфланмоқда.
1994 йилда ахолимизнинг “сохта” дўстлари ва ўзбек сўмининг очиқ душманлари бўлган юқори мансаблардаги амалдорларидан иборат бир гурух амалдорлар Ўзбекистон Марказий Банкига монетар сиёсат олиб бориш хуқуқини берувчи Қонунни ва ўз назоратларини тўлиқ таъминловчи тартибни ижодкорлари бўлишди. Улар томонидан Марказий Банкнинг монетар сиёсати фаолияти янги тарихимизнинг қора, қинғир ва яширин ишларини амалга оширадиган сиёсий майдонга айлантирилди. Юқорида қайд қилинган амалдорлар гурухи ва уларнинг амалга ошираётган ишларини сўзсиз қўллаб қувватлаган минлаб ижрочилар ўтган вақтнинг сиёсий институтлари (сиёсий партиялар, Олий Мажлис депутатлари, хокимиятнинг қуйи ва ўрта бўғини амалдорлари) калтабинлик батқоғига ботиб, Ўзбекистон ахолиси келажагига ва ўзбек сўми манфаатларига хиёнат қилганликларини хаёт бугун тўла тасдиқламоқда.
Ахолимизнинг “сохта” дўстлари” ва ўзбек сўмининг очиқ душманлари Давлатимизнинг сиёсий партиялари ва Президентлик институтини хам ўз истакларига бўйсиндириб олганликларини хаётий манзаралар яққол кўрсатиб келди ва келмоқда. “Сохта” дўст ва очиқ душманлар Ўзбекистондаги режимни ахоли ва ўзбек сўми манфаатларига қарши эълон қилинмаган уруш бошлашига бош сабабчи бўлдилар. Қарийиб 22 йилдан бери олиб борилаётган эълон қилинмаган уруш оқибатлари ахолимиз ва давлатчилигимиз хаётига халокатли таъсир ўтказмоқда.
1. Ахолимиз ўзбек сўмининг қадрига, қийматига ва келгувчи кунда ўз қадрини, бугунги қийматини сақлаб қолишига ишончларини 100% йўқотдилар.
2. Пул бирлиги сифатида ўзбек сўми ўзининг асосий хаётий функциялари- сақлаш ва жамғариш функцияларини тўла қонли бажариш салохиятини буткул бой берди.
3. Ўзбек сўми ватанимиз худудида ягона хисоб китоб пули бўлишдаги ўз обрўси ва ўрнини АҚШ долларига бўшатиб берди. Доллар мамлакат ичкарисида хукмдор пул бирлигига айланиб қолди.
Давлат хавфсизлигининг ажралмас ва таркибий қисми бўлган иқтисодий хавфсизлигимиз жиддий хавф остида қолди.
Ахолимиз 1992 йилги давлат қарз облигациялари, асосий ва айланма маблағлари, пул жамғармалари ўзбек сўмининг халокатли қадрсизланиши сабабли улкан ва мислсиз йўқотишларга дучор бўлдилар. Давлат корхоналари, банклар ва турли жамғармалар, нафақа жамғармалари кўрган зиён қўрқинчли ва дахшатли бўлди. Ахолимиз ва давлатимиз тараққиётига қахшатқич зарба берилди.
Ахолимизнинг “сохта” дўстлари ва ўзбек сўмининг очиқ душманлари хозирги кунда ўзларини қўй оғзидан чўп олмагандай кўрсатмоқдалар.
Ахолимизнинг “сохта” дўстлари ва ўзбек сўмининг очиқ душманлари ИИВ ва МХХ сафларида хизмат қилаётган ўзбекларнинг елкалари ва соялари ортига беркиниб, ўзларини хавфсиз хисобламоқдалар ва қилган ишларини ёпиқ қолишидан умидвор яшамоқдалар.
2016 йилнинг бахори хам яқинлашмоқда. Хаётсевар ва мехнатсевар Ўзбекистон ахолиси ўз хаётлари учун курашни ўзлари бошламоқдалар.
2015 йилнинг ўрталарида бошланган иқтисодий – молиявий инқироз олдида сиёсий партиялар, сиёсий институтлар, Олий Мажлис Сенати заиф ва ожиз қолаётганини хаёт яққол кўрсатмоқда. Сиёсий заиф ва сиёсий рақобатни умуман билмайдиган сиёсий партиялар давлатчилигимизга хавф солаётган иқтисодий бўхрон олдида нима қилишни билмай турибдилар.
Глобал сиёсатда катта ўзгаришлар рўй бераётган тахликали даврда ўзбек давлатчилигини сақлаб қолиш, ахоли ва давлат тараққиётини таъминлаш, ватанпарвар давлат манфаатларини устивор кўрувчи фуқароларимиз зиммасига тушмоқда.
Фаол фуқароларимиз албатта Ўзбекистонда шу кунларда рўй бераётган иқтисодий ва сиёсий бўхрондан чиқишни энг тўғри йўлини топадилар. Бунга шак -шубха йўқ.
Бизга ўзбек миллатини қалбини сўзда ифодалай билган, замонамизнинг мутафаккир шоири буюк устозимиз Рауф Парфининг ўрни жуда билинмоқда. Биз устозимиз Р.Парфининг орзу умидлари, истакларини амалга ошириш учун ўз харакатимизни тўхтатмаймиз.
(Давоми бор)
Мустақил иқтисодчи: Ж.Шосалимов
Хуқуқ химоячиси: Ш.Рустамов
15.02.16 йил