(Давлат қарз облигацияларининг тақдири хақида)
Қарзни вақтида тўлаш – иноятдир,
Омонатга хиёнат – жиноятдир.
Ватанпарвар аҳолимиз мустақил Ўзбекистон ҳукумати амалдорларига қаттиқ ишонганидан, келажак истиқболларини ватан равнақи билан биргаликда кўрганлари учун, Ўзбекистон ҳукуматининг қарзга пул бериб туриш ва умумий фойда кўриш таклифига рози бўлиб, 1992 йилги Ўзбекистон давлат қарз облигацияларини сотиб олган эдилар.
Халқимиз давлат қарз облигацияларини сотиб ола туриб, ҳукумат раҳбарларини ўзбекона тарбия кўрган, уларнинг ҳаққига хиёнат қилмайдиган, қинғир ишлардан нари юрадиган ва узоқни кўрувчи раҳбарлар деб ўйлаган эди. Марказий Банк раиси Ф.Муллажоновни ва молия Вазири Б.Хамидовни Ўзбекистон халқи ичида катта обрўга эга, ўз мансаб вазифаларини мукаммал билимдонлари деб билган эдилар.
Ўзбекистан аҳолиси уларга ишониб топшириб қўйган пул маблағларини кўз қора чиғидек асрайдиган, фойдали лоиҳаларни амалга ошириб, ваъда қилинган фоизлари билан давлат қарзларини эгаларига қайтариб беришига ишониб, уларга пулларини яхши ниятда қарзга берган эдилар.
Юқоридагилардан ташқари мамлакат Президенти И.Каримов иқтисодчи эканлиги, молия Вазири лавозимида ишлаганлиги, ўз фуқаролари ҳаққига хиёнат қилмаслиги, фуқароларга садоқат билан хизмат қилишга берган қасамёдига аҳоли қаттиқ ишонган эди. Фуқаролар ўз пулларини келажакда ваъда қилинган ютуқлари билан қайтариб олишга ишончлари жуда катта эди.
1994 йил 1 июль – 1 август ойларида бозорда кичикроқ қўйларни 250 сўм, каттасини эса 500 сўмга бемалол сотиб олса бўлар эди. Абдураззоқ, Шухрат ва Рахматлар ҳукумат амалдорларига ишониб, бозордаги қўйларни эмас, балки давлат қарз облигацияларини сотиб олган эдилар.
1996 йилда ҳукуматнинг 1992 йилги давлат қарз облигацияларини музлатиб қўйиш ҳақидаги Қарори аҳолимизда ўз пулларини ўз қийматида қайтариб ола олмасликларининг дастлабки шубҳаларини пайдо қилди. Ҳукумат ўз тўлов қобилиятини йўқотганлигини тан олган ҳолда, бунинг сабаби ва оқибатлари тўғрисида оғиз очмадилар, айбдорларни ўз вақтида топиб жазолашни ҳукумат истамади. Давлат бошқарувига жавобгар Президент И.Каримов қарз берувчилардан кечирим сўрашни ҳаёлига ҳам келтирмади ва келтирмаяпти.
1994 йилнинг 1 июль куни, хажми 4 миллиард сўм атрофида муомалага киритилган ўзбек сўмини халқ мустақилликнинг энг муҳим белгиси сифатида қабул қилди. Ўзбекистан миллий валютаси – Ўзбекистон халқининг фахри бўлиши лозим ва шарт эди. Бунинг учун давлат раҳбари И.Каримов, Бош Вазирлар Ў.Султонов, Ш.Мирзиёев, ҳукумат аъзоларининг ҳар биридан ўта ҳалоллик, пок виждон ва имонга садоқат талаб қилинар эди.
Дастлаб Ўзбекистоннинг хар бир кўзга кўринарли жойларига “ўзбек сўми – Миллатимиз фахри” деган шиорлар осиб қўйилди. Кейинчалик эса, ҳукумат раҳбарларининг ўзи бу шиорларни кўздан нарига олиб қўйдилар.
1994 йилнинг октябрь, ноябрь ва декабрь ойларининг ўзида ўзбек сўми, товарлар, олтин валюта заҳиралари билан таъминланмаган қоғоз пулларни муомалага киритилиши билан деярли икки баробарга қадрсизлади. Бу дегани, аҳолимизни қўлидаги ва уларнинг давлат қарзларидаги пул маблағларини тенг ярми ўз ўзидан йўқ бўлди дегани эди.
Бу биринчи ғирромлик ва хиёнатга бошловчи қадам бўлди. Бу йўлга Ўзбекистон хукумати нима сабабдан кирди? Бу қадамнинг қўйилишига ва унинг оқибатини бош ҳисобчи сифатида жуда яхши билган Ф.Муллажонов қандай рози бўлди?
Аҳолининг, халқ хўжалиги корхона ва ташкилотларининг пулларини, жамғармаларини қадрини тушиш орқали йўқ бўлиб кетишини давлат раҳбари И.Каримов билмасмиди, ёки қасддан шуни хоҳладими ? Бу саволлар аҳолини ўйлантирмоқда. Юқоридаги амалиёт қонунлаштирилган ўғрилик ва босқинчиликка очилган йўл эканлигини давлат маслаҳатчилари В.Голышев ва бошқалар билмасмиди?
Хатарли йўлга кирган амалдорларни қандай куч бошқарди? Бойлик, шон-шуҳрат, ҳокимият лаззати бу амалдорларнинг кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб қўйганини Ўзбекистон аҳолиси сабр тоқат билан кузатиб турдилар.
Омонатга хиёнат қилган ҳукумат амалдорлари бир кун келиб, халқ олдида ҳисоб беришлари лозимлигини тушунмаяпти ва тушунишни мутлақо истамаяпти. Ҳукуматнинг “доно” раҳбарлари аҳолининг қўйларини ва хақларини еб қўйиб, айбни бўриларга ва тақдирга тўнкаб қўйиш орзусида юришибди. Зийрак, сабр матонатли ўзбеклар қилган ишларимизни билмай қоладилар, биладиганлари индамайдилар, биз эса куч билан бошқаришни давом эттираверамиз деб юрибдилар.
Қонунлаштирилган ўғрилик ва қаллобликни амалга оширган айрим нопок амалдорлар ўз қилмишлари учун жавоб беришлари шарт.
(давоми бор)
Мустақил иқтисодчи:
= Ж.Шосалимов =
____10. 2014 йил.