Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 1 декабр куни Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев билан учрашиш истагида келган одамларнинг талаби қондирилмаган. Норози аҳолини тинчлантириш учун милиция махсус кучлари чақиртирилди. Каска ва махсус кийимларда кириб келган милиция ходимлари йиғилганларни олиб кетиш билан таҳдид қилган.
Гувоҳларнинг Би-би-сига айтишича, Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев ҳар ойнинг биринчи жумасида фуқароларни қабул қилиши маълум қилинган.
Бироқ шикоят билан келаётган фуқароларнинг айримлари қарийб уч ойдан бери Бош прокурор билан учрашолмаяпти.
1 декабр куни 50 атрофидаги одамлар Бош пурокурор билан учрашишни талаб қила бошлаган. Бош прокуратура ходимлари фуқароларнинг талабига жавобан уларни тинчлантириш учун алоҳида топшириқли милиция отряди – ОМОНчиларни чақирган.
“Бош прокурор билан учрашамиз деб турсак иккита каска ва жилет тақиб олган ОМОНчи ва яна тўртта милиция кириб келди. Қўрқиб кетдик. Ихтиёр Абдуллаев билан учрашувни талаб қилган аёлларни паспортини сўрашди, тинчланмасанглар бошқармага олиб кетамиз деб қўрқитишди”, дейди Инобат Арзиева.
Инобат Арзиева Бош прокурор билан учрашаман деб Навоий шаҳридан келган. Бироқ уч ойдирки прокурорларнинг бошлиғи билан учрашиш насиб қилмаяпти.
“Қабулни талаб қилса ҳам ҳеч ким қулоқ солмаяпти. Фақат жимликни сақланглар ва қўрқитиш. Ўша ерда 50 тадай халқ бор эди. Ҳеч ким ҳеч нарса деёлмаяпти. Мен 3 ойдан бери Бош прокурорнинг қабулига ёзилганман. Бораман, аммо киролмайман”, дейди Инобат Арзиева.
Би-би-си ҳодисага изоҳ олиш мақсадида Бош пурокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Рахимова Гюльноза билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ расмий сайтда кўрсатилган рақамларга боғланиб бўлмади.
Инобат Арзиева ва яна 5 ота-она Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди томонидан Россияда ишлаб келган ўғилларига нисбатан ноҳақ ҳукм чиқарганидан норози.
Улар кўрсатмалар даҳшатли қийноқлар ва таҳдидлар орқали олинганини айтишади.
Август ойида сайёр қабул ташкил қилган Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев тергов давомида қийноқлар қўлланилгани бўйича ҳолатни кўриб чиқишга сўз берган.
Бироқ қийноққа тутилганлар яқинларининг айтишича, бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти.
Ўзбекистонда 2017 йил 1 майдан бошлаб алоҳида топшириқли милиция отряди – ОМОН тикланди, деб хабар қилинган эди.
ЎХҲ хабарлар бўлими