O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Она тилини мукаммал билиш, маданийликнинг юксак кўрсаткичидир.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати интернет саҳифаси (uzerk.org) қадрли ўқувчилари, 20-асрнинг сўнгги йилларида Ўзбекистоннинг (умумийроқ қараганда бутун Туркистоннинг) Россия империяси мустамлакаси вазиятига қарши курашнинг янгидан кўзга кўриниши, ўзлигимизни, яъни урф одатларимиз, маданиятимиз, руҳий кимлигимиз (яъни динимиз)ни, тарихий обидаларимизни, айниқса кимлигимиз асоси (ҳужжати) бўлган она тилимизни йўқотиб қўяётганимизга норозилик сифатида майдонга чиққан эди.

Она тилини мукаммал билиш, маданийликнинг юксак кўрсаткичидир.
199 views
05 August 2011 - 14:48

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати интернет саҳифаси (uzxalqharakati.com)  қадрли ўқувчилари, 20-асрнинг сўнгги йилларида Ўзбекистоннинг (умумийроқ қараганда бутун Туркистоннинг) Россия империяси мустамлакаси вазиятига қарши курашнинг янгидан кўзга кўриниши, ўзлигимизни, яъни урф одатларимиз, маданиятимиз, руҳий кимлигимиз (яъни динимиз)ни, тарихий обидаларимизни, айниқса кимлигимиз асоси (ҳужжати) бўлган она тилимизни йўқотиб қўяётганимизга норозилик сифатида майдонга чиққан эди. У замон ҳам курашнинг исми “Халқ ҳаракати,” дейиларди, бироқ унинг исмига “Бирлик” сўзи ҳам қўшилиб айтилган эди. Ҳа, у ҳаркатимиз бугун тарихга айланди. Унинг ютуқлари ва қусурлари ҳақида анчагина сўзлар ёзилди. Бугунги Ҳаракатимизда ҳам ният ва мақсадлар тарихга айланган “Бирлик” халқ ҳаракати олдига қўйганларидан
деярли фарқ қилмаса-да, давр, вазият (Ватанда ва дунёда) жиҳатидан бугун фарқли бир замонда, ҳатто ўзга маконда (маконларда) ҳаракат қилишимизга тўғри келмоқда.

Масалан, ўтган асрнинг 80-90 йилларида бизда-советларда сиёсатшунослик(политология) атамаси, шунингдек ҳуқуқий давлат(правовое государство), фуқаровий жамият (гражданское общество) каби атамалар совет фану илмида ҳам, кишилар орасидаги оддий муомалада ҳам деярли учрамасди. Алҳамдуллоҳ, бугун сиёсат оламида кўзга ташланадиган кишиларимиз, ҳатто сиёсатшунослик фани соҳасида унумли илм қилаётган фан одамларимиз ҳам мавжуд. Жумладан “Озодлик” радиоси тингловчиси саволига муҳтарам раисимиз М.Солиҳнинг жавоби ва унга билдирилган Искандарбек Усмонов изоҳи фикримизга далил бўлар деб ўйлайман.

Муҳтарам М.Солиҳ ўз жавобида ЎХҲ асосий мақсадларига тўхталиб, биз, “Ҳуқуқ ва адолатга асосланган давлат тарафдор”лигимизни таъкидлайди. У сўзининг хулосасида, “Ҳуқуққа асосланган, адолатга асосланган давлат деса, ана ўшанда бугун ўз обрўсини йўқотган демократия ҳам ва ўз обрўсини йўқотган исломий давлатдан ҳам йироқроқ турамиз, масофалироқ турамиз. Ҳуқуқий ва фуқаровий жамият”, ( < http://uzerk.org/?p=1287 >) каби жумла қўллайди.

Муҳтарам Искандарбек Усмонов исмли сайт ўқувчиларидан бири, юқорида келтирилган кўчирма(иқтибос)нинг охирги жумласига, яъни “Ҳуқуқий ва фуқаровий жамият” каби жумла ишлатилишига қўшила олмайди шекилли, унга эътирозини билдириш учун “Ҳуқуқий ва фуқаровий жамият” (<http://uzerk.org/?cat=32 >) сарлавҳали таҳлилий (таъбир жоиз бўлса) мақола эълон этишни лозим кўради. Афтидан муҳтарам И.Усмонов сиёсатшунослик соҳасининг қандайдир даражадаги мутахассиси кўринади. Бироқ у, мақолага имзо чекаркан ўзининг илмий даражасини кўрсатишни лозим кўрмайди.

Шундай қилиб, “Ҳуқуқий ва фуқаровий жамият” (Муаллиф Искандарбек Усмонов) сарлавҳали мақолада бир қатор жумлаларнинг ўзбекча чиқмаганлиги, фикрлар, атама ва таърифларнинг ўзбекчада жуда чалкаш ифодаланганлиги каминаи фақирни қалам олишга ва ўқиётганларингизни ёзишга ундади.

Энг аввал, муҳтарам М.Солиҳ қўллаган ва И.Усмоновнинг эътирозига сабаб бўлган жумлага бироз тўхталаман. Масалан мен, “Ҳуқуқ ва адолатга асосланган давлат тарафдоримиз” сарлавҳасида эълон қилинган муҳтарам М.Солиҳнинг жавобларида грамматик ёки сиёсий-илмий номутаносиблик кўрмадим. Ундаги “Ҳуқуқий ва фуқаровий жамият” жумласига келсак, бундан аниқ “ҳуқуқий жамият” дейилаётгани келиб чиқмайди, менимча. Тўғри, яхшиси жамиятга ҳам “ҳуқуқий” сифатини бераётган “ҳуқуқий ва фуқаровий жамият” бирикмасини қўлламаслик илмий кўркамлироқ бўларди, албатта. Асли бу каби қусурлар, материални нашрга тайёрлайдиган муҳаррирлар тарафидан тўғрилаб юборилиши керак. Бизнинг интернет сайтларимизда бундай муҳаррирлик ишлари яхши ва мунтазам йўлга қўйилмаганлигидан, уларда ўшандай баъзи қусурлар учраб туради. Демак, Ҳаракатнинг матбуотини юритишда масъул кишилар, унда эълон қилинадиган мақола ва материалларнинг мана шунақа нозик тарафларини ҳам тушуна оладиган бўлишлари лозим экан. Ҳақиқатда ҳам матбуотда босиладиган материалларда учрайдиган ўшанақа қусурлар, муҳаррирлар тарафидан материалларнинг мазмунига футур етказмаган даражада таҳрир қилинади.

Энди муҳтарам И.Усмоновнинг мақоласига қайтиб, ундаги “Ҳуқуқий давлат ғояси давлат ҳукумати (кучи)ни қонун асосида чегаралашга қаратилган. Бунда, одамларни эмас, қонунни бошқариш устуворлиги назарда тутилади; инсонни давлат билан қиладиган муносабатларида уни хавфсизлигини таъминлаш илгари сурилади”, дейилган жумлани қараб чиқамиз. Менинг фикримча, биринчидан, бу жумла русчадан таржима қилинган, бироқ мақоланинг бошланишида “политология фанида” дейилган сўз ишлатишдан бошқа оригинал ҳақида аниқ бир манба кўрсатилмайди. Иккинчидан ва жуда муҳими, мазкур жумла ўзбекчада яхши тузилмаган ёки яхши таржима қилинмаган дейиш лозим бўлмоқда. Қаранг, “Ҳуқуқий давлат ғояси давлат ҳукумати(кучи)ни қонун асосида чегаралашга қаратилган”, дейилган жумлани қандай тушунса бўлади? ”Давлат ҳукумати (кучи)ни”, дейилганда нимани тушуниш керак? Менимча, “давлат ҳокимияти”, бирор мамлакат (Ўзбекистон, Россия, Туркия)нинг ҳукумати, дейилган иборалар бор, аммо “давлат ҳукумати (кучи)” каби жумланинг борлиги шубҳалидир. Билмадим, балки менинг билимимда камчилик бордир. Шунга қарамасдан бу ибора қайси манбадан таржима қилингани кўрсатилганда эди, фақат таржима ҳақида ўйлаб кўрган бўлардик, қусур ҳам балки таржимада бўлган бўларди.

Муаллиф ҳуқуқий давлатнинг таърифига “Бунда, одамларни эмас, қонунни бошқариш устуворлиги назарда тутилади; инсонни давлат билан қиладиган муносабатларида уни хавфсизлигини таъминлаш илгари сурилади,” дейилган ибора қўшади. Айтганимиздек, бу ибора ҳам ўзбек тилида гап бўлиб чиқмаган, мазмун ғализ. “Бунда, одамларни эмас, қонунни бошқариш устуворлиги назарда тутилади”, деганда нимани тушунасиз? Бу ибора ўзбек тилида бирор гапни ифодалайдими? Унинг мазмуни эса, янада чалкашлигини кўриб турибмиз. “Қонунни бошқариш устуворлиги назарда тутилади,” дейилаяпти, яъни ҳуқуқий давлат “одамларни эмас,” “қонунни бошқариш устуворлиги”ни назарда тутади дейилмоқда. Агар бу жумла бирор тилдан ўзбекчага тўғри таржима қилинган бўлса, фанда (сиёсатшуносликда) “янгилик”дир. Унинг манбаси кўрсатилиши шарт эди. Бордию оригиналдан нотўғри таржима қилинган бўлса, ЎХҲ каби жиддий бир сиёсий ташкилотнинг матбуот органи(масалан, веб сайти)да унинг эълон қилиниши таажжубларга асос бўладиган жуда хунук бир ишдир. Ўзбек тили грамматикасига кўра гап шаклида тузилмаган, илмда йўқ нарсаларнинг ЎХҲ матбуот органида эълон қилинишини қандай изоҳлаш мумкин?

Мана бу иборага ҳам бир қаранг, бу ерда, “инсонни давлат билан қиладиган муносабатларида уни хавфсизлигини таъминлаш илгари сурилади,” дейилган. Билмадим, бу ибора қайси шевада тузилган, бироқ бу ибора(жумла) ўзбек грамматикасида тузилмаган ва ўзбекчада жуда хунук чиққанлигини кўриш учун мутахассис бўлишга ўрин йўқ. Бошқа тарафдан, ҳуқуқий давлат, “инсон хавфсизлигини таъминлашни илгари суради,” дейишни қандай тушунса бўлади? Бу иборани тушунишга балки менда тафаккур етишмаётгандир. Агар шундай бўлса, муаллиф каминаи фақирни бағишласинлар.

Қисқаси, мақолани ўқиб чиқсангиз унинг бошидан охиригача юқорида келтирилганларга ўхшаш ўзбек тилини билмаслик, жумла ва иборалар савиясиз таржима қилинган, аммо таржималарнинг оригинали кўрсатилмаганига гувоҳ бўласиз. Ўзбек тилида ёзилган сўзлар, жумлаларнинг тўғри тузилишига эътиборсизлик, тилга (она тилига) эътиборсизлик бўлиб, жуда катта қусурдир. Ўзбек тилини бузиб ёзганлар ўзбек миллатига оид бўлмаган кишилар бўлсалар, ўзбек номини ташиётган бир буюк миллатга нисбатан ҳурматсизлик этган бўладилар. Тилга ҳурматсизлик, элга ҳурматсизликдир. Бундай ҳолнинг ўзига яраша жазо йўллари бор. Ундай жазолар ҳақида бу ерда тўхтолмаймиз. Бизнинг ҳолимизда муаллифнинг исмига қараганда ўзбек киши кўринади. Ўзбек бўла туриб, ўз она тилига бунчалар эътиборсиз бўлишга қандай исм қўйилади? Инглиз, рус ва бошқа тилларда хабарлар ва мақолалар босиладиган интернет саҳифаларини кузатиб турувчи қадрли ўқувчилар! Ўша саҳифаларда грамматик хатолар ошиб-тошиб ётган бирорта материал ўқийсизми, ўқидингизми? Менимча, бу саволга аксарият “йўқ” жавобини беради. Шундай экан, нима учун бизнинг ёзувларимизда ўзбек тили ёнтоққа судуралиши керак? Ўзбек бўлсангиз ва ўзбекча ёзишни истасангиз, ўзбек тилини бузиб ишлатишдан уялинг, ахир! Ҳа тўғри, совет замонида етишган кўпгина мутахассисларимиз учун она тилини билиш шарт эмас эди. Шундай бўлса, яъни ўзбек бўлсангиз-да ўзбекчада ёза олмасангиз, қайси тилни яхши билсангиз ўша тилда ёзинг. Ёзганларингиз ўзбекчада босилишини истасангиз, уларни ўзбек тилини дурустроқ биладиганларга таржима қилдиринг. Бироқ, ўзбекча ёзаман деб бундай кулгига қолишдан ниҳоят уялинг, ахир!

Илмий дунёда ёки бошқа ҳарқандай ёзув ижодкорлигида иқтибосларга ўрин берилади. Затон, ҳар қандай бир янги дейилиб ёзилган масала бундан олдин кўрилган ва унинг устида ишлаганлар бўлган бўлади. Шу сабабдан ҳар қандай ёзувларда қўлланиши лозим бўлган кўчирма (иқтибос)ларнинг манбаси кўрсатилади. Агар бундай бўлмаса, ёзувчини, ижод қилувчини плагиат (кўчирмачи,) деб атайдилар. Ундай киши бошқасининг фикри(ижоди)ни ўғирлаган ҳисобланади. Плагиатлар халқаро қонунлар билан жазоланишга маҳкум этилгандир.

Мана масалан, муҳтарам И.Усмонов мақоласида, “ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИнинг белгилари:

1. Ишлаб чиқариш воситаларида эркин эгадорларнинг мавжудлиги;

2. Ривожланган демократия;

3. Фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлиги;

4. Фуқаро маданиятининг маълум даражада эканлиги;

5. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг тўла таъминланганлиги;

6. Ўз-ўзини бошқариш;

7. Жамият структурасини ташкил қилувчилар ва турли инсон гуруҳлари орасидаги рақобат;

8. Ижтимоий фикрнинг эркин шаклланиши ва плюрализм;

9. Легитим (ҳуқуқ ва ваколатга эгалик) бўлишлик,” деб келтиради. Бу жумла(аломатлар)нинг рус тилидаги оригинали тубандаги интернет адресда турибди:
http://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%93%D1%80%D0%B0%D0%B6%D0%B4%D0%B0%D0%BD%D1%81%D0%BA%D0%BE%D0%B5_%D0%BE%D0%B1%D1%89%D0%B5%D1%81%D1%82%D0%B2%D0%BE

Аммо кўп марта такрорлаганимиздек, муаллиф келтирган таъриф ва атамалари учун мақоласида ҳеч бир манба кўрсатмайди. Нима, бу таърифлар атамалар, муҳтарам И. Усмоновнинг ўз ижоди ва қарашларими ёки улар аввалдан мавжуд бўлган манбалардан олиниб, оммага умумий маълумот учун келтирилмоқдами?

Юқорида кўрсатилган интернет адересда “Фуқаровий жамият”нинг аломатлари русча оригиналда қуйидагича берилган:

[1. наличие в обществе свободных владельцев средств производства;]

[2. развитая демократия;]

3. правовая защищённость граждан;]

[4. определённый уровень гражданской культуры; ]

[5. наиболее полное обеспечение прав и свобод человека;]

[6. самоуправление;]

[7. конкуренция образующих его структур и различных групп людей;]

[8. свободно формирующиеся общественные мнения и плюрализм;]

[9. легитимность.]

Буларни биз, “Википедия (свободная энциклопедия)”нинг “Гражданское общество” (интернет адреси юқорида кўрсатилди) қисмидан бу ерга кўчириб қўйдик. Интеретга қўйилган “Большая Советская Энциклопедия”да ҳам бу каби тушунчаларни топиш мумкин. Фуқаровий жамият аломатларининг ўзбекча ва русча кўринишларига мен номерлар қўйдим.

Бундан кўринаяптики, муҳтарам И.Усмонов мақоласидаги “Фуқаровий жамият”нинг аломатлари русча оригиналдан сўзма-сўз таржима қилинган. Аммо мақолада шундай эканлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. Энди буёғига қадрли ўқувчи, сиз, изоҳ ва баҳо беринг?! Унинг устига таржима ҳам таҳрир талаб бўлиб қолган.

Қиссадан ҳисса шулки, ЎХҲ каби жиддий бир ташкилотнинг матбуот органида, айниқса ўқувчилари етарли даражада кўп бўлган интернет саҳифасида ўзлигимизнинг ҳужжати бўлган она тилимизга эътиборсизликка йўл қўйиш ниҳоятда қупол бир хатоликдир. Иккинчидан, ўзбек тилида ёзадиганлар ҳам ўзбек тилида чиқаётган нашрларни, ўзбекчани ўрганиш дарсхонаси ҳисоблашга уялишлари керак деб ҳисоблайман. Учинчидан, ўзбек тилида фаолият кўрсатаётган матбуот органларига материал юбораётган қардошлар, бу матбуот воситаларида исталган чалкаш фикрлар, турли тиллардан олинган аралаш сўзлардан тузилган жумбоқ жумлаларни қўллаш мумкин деб ўйлашдан воз кечишлари лозимдир. Бордию улар (атама, таъриф, жумлалар) фанга ва илмга тегишли бўлса [чунки муҳтарам И. Усмонов ёзувларини политология (аслида бу атаманинг ҳам “сиёсатшунослик” дейилган жуда чиройли ўзбекчаси мавжуд) фани исми билан бошлайди], уларни бундай эътиборсиз қўллаш, энг аввал муаллифнинг тилни ва фаннинг ўша соҳасини билиш савиясида қусур борлигидан дарак беради.

Ўзбек тили ўз табиати ва ўта бойлиги билан дунё тиллари ичида юксак ўрин эгаллайди. Бу тилда исталган фикрни ўта гўзал шаклда ифодалаш имконияти бор. Фақат бу тилда фикрларни чиройли ифодалаш учун уни мукаммал билиш керак бўлади. Жуда кўп жаҳонга машҳур илм одамлари, ёзувчилар, шоирлар ва бошқа соҳаларда номи оламга танилган ижодкорлар бу тилни ўз она тиллари ҳисоблаганлар, ҳисоблайдилар ва шу тилда ижод қилганларидан фахр туядилар. Шу сабабдан ҳам бу тилга қасддан эътиборсизликни миллатга хиёнат дейиш мумкин. Затон, ҳар бир одамзотининг маданийлиги, унинг ўз она тилини мукаммал билиш даражаси билан белгиланади. Ўзлигимизнинг давомлигини сақлаб қолиш, она тилмизни жонли тил шаклида сақлаб қола олишимиздан иборатдир.

ЎХҲ матбуот органлари саҳифасида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий масалаларда замонавий юксак даражада мақолалар босилишини истардим. Ўшандай материаллар тайёрлай оладиган илмий ижодкор қардошларимиз бор ва уларнинг оз эмаслигига ишонаман. Улар, бугун дунёнинг турли бурчакларида яшашга мажбур қолиб туришибди.

Азизлар, ҳар бирингиз (четда ва Ватанда яшаётган бутун ўзбекистонликлар) бор имконингиз қадар Ватан эрки, ҳуррияти ва халқ фаровонлиги йўлида биргалашиб ишлашга қўшилинг. Биласиз, Ватан, халқ (умум) манфаати олдида ҳар қандай бошқа шахсий, дунёвий манфаатлар ҳечдир.

Алибой Йўляхши