(“Озодлик” саволларига жавоблар)
Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда ҳам инсон эрки ва озодлиги қадрланадиган жамият кўришни истовчиларга шундай мужда йўллади.
Kуни кеча Ўзбекистон мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳ Озодлик радиосининг Прагадаги бош қароргоҳида меҳмон бўлди. Озодликнинг инглиз, рус, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик хизмати мухбирлари билан учрашган Муҳаммад Солиҳ ОзодликТВ студиясида ҳам айрим саволларга жавоб берди.
Озодлик: Муҳтарам Муҳаммад Солиҳ жаноблари. Авваламбор Озодлик студиясига хуш келибсиз. Бугунги суҳбатимиз ўша 90 йиллар бошида Ўзбекистонда охирги чиққан китобингизга қўйилган ном, “Орзу фуқароси” деб ўзингизга берган
ташбиҳингиз атрофида бўлади.
Марҳум шоиримиз Рауф Парфи ибораси билан айтганда, 60-йиллар иккинчи ярмида Муҳаммад Солиҳ деган шоирнинг Туркистон соғинчи билан, эрк, ҳуррият соғинчи билан шеъриятга кириб келганига бугун 40 йилдан ортиқ вақт ўтди. Ўзингиз қўйган “Орзу фуқароси” деган ташхисдан келиб чиқадиган бўлсак, бугун нафақат шоир, балки сиëсат майдонида анчадан бери мавқеъ- ўрин тутиб келаëтган Муҳаммад Солиҳ қайси орзу билан яшаяпти?
Муҳаммад Солиҳ: Биласиз “Орзу фуқароси” совет даврида Ўзбекистонда босилган энг сўнгги китобим. Шу маънода “Орзу фуқароси”даги ғоялар ҳали ҳам мен учун энг янги ғоялар бўлиб қолаяпти ва ҳали ҳам орзунинг фуқаросимиз. Бизнинг энг буюк орзумиз ватанимизнинг, миллатимизнинг озодлиги эди. Афсуски, 1991 йилда қозонилган сиëсий озодлик, яъни сиëсий мустақиллик бизга биз кутган озодликни, биз кутган мустақилликни бермади. Миллатимиз аввал Москвага қул эди, бугун битта диктатор Каримовга қул. Шунинг учун Орзу фуқаросининг тезиси, шиори ҳали ҳам ўзгаргани йўқ. Биз ҳали ҳам миллатимиз учун, ватанимиз учун озодликни орзу қилаяпмиз.
Озодлик: Ўзбекистон ўзини сиëсий жиҳатдан мустақил деб эълон қилганидан бери орадан 17 йил ўтди. 17 йилдан буëн сиëсий мустақил бўлган юртнинг фуқаролари ҳамон озодликни орзу қилар экан, демак, қаердадир бир ноқислик бўлса керак. Ким озодликка тайëр эмас- халқми ëки сиëсатчиларми?
Муҳаммад Солиҳ: Бизнинг раҳбарларимиз “Озодликка тайëр эмас” деб бизнинг халқимизни кўрсатар эди. Совет ҳокимияти даврида, хусусан, қайта қуришнинг сўнгги босқичларида халқ кўчага чиқиб, ўзининг ҳақларини талаб қила бошлаган пайтда, Каримов ва унинг атрофидаги коммунистлар “Биз ҳали озодликка тайëр эмасмиз, бизнинг халқимиз озодликка тайëр эмас. Мана Ғарб 150 йилда демократияга эришди. Сиз бир-икки йилда демократияга эриша олмайсиз. Шунинг учун халқни бунақа қистаманг. Халқимиз озодликка тайëр эмас” деган эди.
Аммо воқеалар шуни кўрсатдики, демократияга халқ эмас, Каримов ва унинг атрофидагилар тайëр эмас эди. Каримов сўнгги 15 йил ичида халқимизга қўллаган сиëсати билан ўзининг демократия душмани эканлигини кўрсатди. Демократияга ўзбек халқи эмас, балки ҳукумат тепасида Каримов бошчилигида ўтирган бир тўда тайëр эмас.
Озодлик: Муҳаммад Солиҳ жаноблари агар сиëсатчилар, хусусан, Каримов озодликка тайëр бўлмаган бўлса, 27 миллионлик халқнинг, биз бунинг қанча эканлигини билмаймиз, озодлик истовчи қисмининг роли, уларнинг таъсири нега кўринмаяпти? Масалан, сиз етакчилик қилаëтган мухолифат гуруҳининг озодлик орзуси устиворлигича қолаëтган бир пайтда, ўзбекнинг кундалик ҳаëтида бугун озодлик руҳи сўнса сўниб бораяптики, кучаяëтгани йўқ. Айниқса глобал молиявий инқироз авж олоб бораëтган кунларда аксар ўзбеклар озодликдан кўра нонни орзу қилишади. Нима учун озодлик соғинчида яшаëтган одамларнинг бугунги кун Ўзбекистон ҳаëтидаги роли кўринмаяпти?
Муҳаммад Солиҳ: Умуман озодликни истаган одамларнинг сони ҳамма даврларда бир хил бўлган. Бу фақат бизнинг ўзбек халқимизга эмас, бутун халқларга тааллуқли. 100та одамдан 10та одам озодлик учун ўзининг тинчлигидан, фароғотидан воз кечиб, бирор-бир таваккал акцияга киришиши мумкин, кўчага чиқиши мумкин, талаб қилиши мумкин. Бугун ҳам шу фоиз турибди. Лекин миллатнинг кучли бир эҳтиросли қисми бугун ë қамоқларда ўтирибди, ë сургун қилинган, ë ўлдирилган.
Шу маънода бугун кўраëтганимиз пассивлик халқнинг ўзгарганидан эмас, балки репрессиянинг, давлат террорининг жуда кучли эканлигидан келиб чиқаяпти. Миллатнинг кучли, эҳтиросли қисми қамоқда бўлса ҳам, сургунда бўлса ҳам яшаяпти. Бир куни улар, албатта, ватанининг озод бўлиши учун ўзининг ўрнига келиб, кучини кўрсатади деб ишонамиз ва халқни ўзининг озодлиги учун кўчага бошлаб чиқади деб ўйлаймиз.
Озодлик: Муҳаммад Солиҳ жаноблари, агар рухсат берсангиз, Туркияда тўпланган “Валфажр” деб номланган китобингиздан бир парча ўқисам. Агар орзулардан чарчасанг, Албатта тўхта, Танаффус эълон қил вақтга, У ҳам бир дақиқа чўзилиб олсин.
Сизнинг сиëсий ҳаëтингизда орзулардан чарчаш, яъни озодлик орзусидан, кун сайин узоқлашиб бораëтган инсоний ички бир ҳуррият, ички бир эрк орзусидан танаффус эълон қилиш дамлари бўлдими?
Муҳаммад Солиҳ: Йўқ, танаффус бўлмади, чунки биз орзумизга эришганимиз йўқ. Танаффус фақат орзуга эришгандан кейин бўлиши мумкин ва орзуга интилиш процессининг ўзида танаффус бўлиши мумкин эмас. У ҳолда одам ëки бу дунëдан кетиши керак, ëки бутун умрини берган эътиқоддан, йўлидан чекиниши керак. Биз чекинмадик, иншооллоҳ чекинмаймиз. То орзуга етмагунча орзу қилишдан иншооллоҳ тўхтамаймиз.
Озодлик: Файласуфларда “Орзу қилганда эҳтиëт бўлиб орзу қилгин, бир кун келиб ўша орзуинг амалга ошса, шу билан жазоланишинг мумкин” деган бир гап бор. 1970, 1980 ҳатто 1990 йилларнинг илк кунларида ҳам Ўзбекистоннинг сиëсий мустақиллиги, совет иттифоқининг парчаланиши қўл етмас бир орзу эди.
Бугун Ўзбекистон сиëсий мустақилликка етди, аммо бу юртда ҳақиқий маънодаги ҳуррият, ҳақиқий маънодаги озодлик йўқ. Бу файласуфлар айтгандай, орзу қилишда эҳтиëт бўлишни эслатадиган бир ҳолат эмасми?
Муҳаммад Солиҳ: Менимча, биз учун, шахсан мен учун бу хусусда қўрқишга ҳожат йўқ. Чунки менинг ўйлашимча, биз қилган орзуларимиз учун етарлича жазоландик. Олдимизда яна бир жазо бўлса, бу охиратдаги жазо бўлар ва ундан қутулиш учун ўзимизни тозалашга ҳаракат қилаяпмиз. Бу дунëнинг жазолари мени ҳеч қўрқитмайди. Шунинг учун биз охиригача, қаттиқ бир шаклда қўлимиздан келган курашни ҳеч қачон тўхтатмаймиз. Курашда ва орзу қилишда давом этамиз.
Озодлик: Сизни кўраëтган, эшитаëтган мухлисларингизга, ватандан ташқарига сочилиб кетган, ўз юртида озод, эркин яшашни истаëтган ўзбекистонликларга, содда айтганда, озодлик истовчиларга бугун қандай мужда йўллаган бўлардингиз?
Муҳаммад Солиҳ: Мен истардимки, халқимиз орзу қилишдан тўхтамасин. Орзуга мутлақо эришишини ўйласин. Бу йўлда бутун кучларини бир нуқтага тўплаб, орзуга эришишда сўнгги ҳамлага халқ тайëр бўлсин. Халқ ўз озодлиги учун курашиши керак. Агар курашмаса, бундай бир халқ озодликка лойиқ эмас. Халқимиз, ўйлайманки, озодликка лойиқ ва унинг учун курашга, иншооллоҳ, чиқади.
http://www.ozodlik.org/content/article/1358697.html
11.12.2008
(133)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (396-394-саҳифалар.)