Бугун, 13 куни Ослода Андижон қатлиомининг 7 йиллиги муносабати билан Андижондаги Бобур майдонида Ўзбекистондаги қаттол режим тарафидан ваҳшийларча ўлдирилган мингларча мусулмон биродарларимизнинг руҳини хотирлаш тадбири ўтказилди. Йиғилганлар ўлкамизда ҳукм юргизаётган манфур режимга қарши шиорлар айтдилар. Сўнгра Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Норвегия бўлими раиси Мақсуд Бекжон нутқ ўкиди ва йиғилганлар билан Ўзбекистондаги режим табиати ва мамлакатимизнинг истиқболи ҳақида суҳбатлашдилар. Қуйида Мақсуд Бекжоннинг нутқи билан танишасиз:
ҚОННИНГ ҚАДРИ
(Андижон қатлиомига 7 йил тўлгани муносабати билан)
Азиз дўстлар, мана, бугун Андижонда тинч намойишга чиққан аҳолининг қатлиом қилинганига 7 йил тўлибди. Орадан 7 йил ўтибди, аммо қалбимизда бу қатлиомдан қолган жароҳат ўзининг 7 кунини ҳам яшагани йўқ, бу жароҳат ҳали ҳам ўшандай янги ва қонталашдир. Вақт ўргимчаги бу жароҳат устини ўзининг иплари билан ўртишига ҳали бери умид йўқ, чунки, бу қатлиомни амалга оширган жиноятчилар ҳали ҳам жазосиз қолмоқда, боз устига, улар миллатни турли хил йўллар билан қатлиом қилишда яна ушандай ғайрат билан давом этмоқдалар.
Бугун бу катлиом ҳақда ўйлар эканман, хотирамга мамлакатимиз эндигина мустақилликка эришган илк кунларда бу ерда бўлаётган воқеаларни кузатиш учун ўлкамизга келган бир озарбойжон қардошимиз айтган қуйидаги гаплар эсимга келади: “Одатда, озодликка қон билан эришилади, сиз, яхшиямки, бунга қонсиз эришибсиз, аммо ҳақиқий озодликка эришиш учун кейинроқ барибир қон тўкишга тўғри келади”. Бу гап икки йилдан бери ўз ерларини босқинчилар ва уларнинг малайларидан озод қилиш учун курашаётган мамлакатдан келган қардошимизнинг гапи эди.
Мен ҳозир ўша озарбойжон қардошимизнинг гапини эслар эканман, хаёлимга:”хўш, биз озодликка эришиш учун яна қанча қон тўкишимиз керак, биз, халқ ўлароқ, Туркистонда энг кўп қон тўккан халқ эмасми?” деган надоматли ўй келади. Хўш, нега бу қонлар, ўша қардошимиз айтгандай, бирон бир самара бермаяпти, нега ҳали ҳам қонни энг кўп тўкиб, озодликдан энг узоқ колаётган халқ бўлиб қолмоқдамиз, деган саволлар руҳимни кемиради, менга тинчлик бермайди. Бу саволларга қалбдан чиқаётаган жавоб эса, кўнгилни ўкситувчидир, бу мунгли жавоб шундайдир: барча қадриятларимиз сингари бизнинг қонимиз ҳам ўз қимматини йўқотгандир, қонимиз ҳам худди инфляцияга учраган ўзбек сўми каби уни бирон бир нарсага алиштиришга яроқсиз бўлиб қолмоқдадир.
Советлар пайтида бир тийинга бир қути гугурт олиш мумкин эди, ҳозир эса бунга неча минг тийин сарфланаётганини ҳисоблаб чиқиш ҳам қийиндир; советлар пайтида бир фуқаронинг бурнидан тўкилган бир томчи қон бугунги пайтда юртимизда минглаб фуқароларнинг кўкракларидан оқаётган қондан қадрлироқ, қимматлироқ бўлган ва ўша бурундан тўкилган бир томчи қон учун унга сабабчи бўлган одам бугун ўн минглаб одамларнинг қонини тўкаётганлардан кўра кўпрок жазога мустаҳиқ қилинар эди.
Бугун биз қилишимз лозим бўлган асосий ишлардан бири қадриятларимизни тиклашдан иборатдир, қадриятларимиз тикланмас экан, миллат ўлароқ, қаддимиз ҳам тикланмайди, тўкилаётган қонларимиз ҳам қадрсиз, самарасиз бўлиб қолаверади. Зотан, қонимизнинг ўзи ҳам ўша ерга урилган, топталган қадриятлардан биридир. Қоннинг кадри – бу қонга юкланган Масъулиятда, Ғояда, Ниятдадир. Масъулиятсиз, Ғоясиз, Ниятсиз тўкилган қоннинг зиёфат учун сўйилган қўй қонидан фарқли жойи йўқдир. Қонимиз Халк Масъулиятига, Халқ Ғоясига, Халқ Ниятига йўғрилган пайтдагина у яна энг юксак қадриятларимиздан бирига айланади. Қонимиз Халқимиз қонига келиб қўшилмоғи, халқимиз томирларида оқа бошламоғи лозим, ўшанда биронтамизнинг ҳатто бурнимиздан оққан бир томчи қон ҳам бошқалар тарафидан бутун бошли бир Халқнинг тўкилгани қони сифатида талқин қилинадиган бўлади.
Қорин тўйғазиш учун ва ёки ўзининг тор бир “меркантил” манфаатлари учун тўкилган қон эса, самарасиз ва қадрсиз бўлиб қолаверади. Халқ ўз қонини уни фақат юксак ғояларга буркабгина қадр-қимматли ва охир-оқибатда озодликка, ҳурликка олиб келадиган даражада қадрли ва самарали қонга айлантириши мумкин. Бунинг учун халкимиз Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сингари юксак ғоялар билан майдонга чиққан сиёсий Ҳаракатга келиб қўшилмоғи лозим. Озодликка олиб келувчи қон ҳақида гапирган озари дўстимиз ана шундай сифатдаги қонни назарда тутган эди.
Мақсуд Бекжон
ЎХҲ Норвегия бўлими раиси
13.05.201
Осло