2 сентябр куни Ослода Ўзбекистон Халк Ҳаракатининг Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан намойиш бўлиб ўтди. Намойишда Норвегия бўлими фаоллари, Босния, Украина ва Шарқий Туркистонлик мехмонлар иштирок этишди. Намойишчилар Осло марказий станцияси олдида йиғилиб, пиёдалар юрадиган Карл Йоханс кўчаси орқали Норвегия парламенти олдига келишди. Бу ерда Ўзбекистон Халк Ҳаракатининг Норвегия бўлими раиси Мақсуд Бекжон Ўзбекистонда 20 йилдан бери хукм сураётган мустабид тузумга қарши курашиш миллатини севган хар бир кишининг бурчи эканлиги хақда маъруза қилди. Айни пайтда Ўзбекистон Халк Ҳаракати Муассислар Мажлиси аъзоси Намоз Нормўмин ўзбек тилидаги хорижий радиоларининг бу намойиш хақдаги саволларига жавоб берди. Намойиш Норвегия Парламенти олдида якунланди.
Қуйида ЎХҲ Осло намойиши ҳақида Ҳаракатнинг муассислар мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси Намоз Нормўминнинг “Озодлик” радиосига берган интервюсини ўқишингиз мумкин.
Норвегия парламенти биноси олдида ўтказилган пикетда Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаолларидан 30 яқин одам қатнашди.
Ҳаракат муассислар мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси Намоз Нормўмин фикрича, бундай намойишлар Ўзбекистондаги диктатура режимини тинч йўл билан ағдаришга билвосита хизмат қила олади:
– Ҳозир биринчи навбатда бугун биз Ослода Ўзбекистон Халқ ҳаракати Норвегия бўлимининг норозилик намойишини ўтказаяпмиз. Аввало шуни айтишимиз керакки, биз мустақилликка қарши эмасмиз. Биз мустақил давлатимизнинг диктатура режимига айлантирилганлигига қаршимиз. Яъни биринчи талабимиз диктатуранинг тугатилиши, иккинчиси ноҳақ қамалган, сиëсий, диний ëки бошқа сабаб билан режимга қарши бўлганларнинг озод қилиниши, кейинчалик зарур бўлган ислоҳотларнинг ўтказилиши.
Озодлик: Мана сизлар норозилик намойишларини Ўзбекистоннинг ичида эмас¸ ташқарисида қилаяпсизлар. Шу митинглар Ўзбекистон ҳукуматига қанчалик таъсир қилади?
– Албатта¸ таъсир қилади. Чунки бизнинг халқимиз аслида ҳам ижодкор, тарихда ҳам, бугунда ҳам дунë жамоатчилигида ўз ўрнини эгаллаган халқ. Мустақилликнинг илк йилларидаги намойишларни, халқимизнинг ислоҳотларга бўлган хоҳишларини ҳаммамиз эслаймиз. Демак бу ҳам дунë жамоатчилигининг, ҳам Ўзбекистондаги халқимизнинг эътиборини тортишга ва мавжуд диктатура ҳукуматини изоляция қилишга қаратилган. Биз умид қиламизки, бу ўз натижасини беради, дейди Намоз Нормўмин.
ЎХҲ Норвегия бўлими