O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ОТАБЕК ИСМОИЛ, МУКОФОТ МУБОРАК!

ОТАБЕК ИСМОИЛ, МУКОФОТ МУБОРАК!
370 views
21 October 2020 - 19:35

2013 йилнинг 9 майи арафасида ўн нафар курсдошим Андижонга, Булоқбошига, камина хонадонига меҳмон бўлиб келишганди.

Улар орасида хивалик шоир, ёзувчи, Хоразм Маъмун академиясининг катта илмий ходими Отабек Исмоилов ҳам бор эди. У Фарғона водийсининг гўзал табиатидан, Шоҳимардон, Ширмонбулоқ, Имомота каби дам олиш масканларининг сеҳридан руҳланиб, обод, хушманзара қишлоқлардаги ўзгаришлардан хайратланиб, туни билан қўлига қалам-қоғоз ушлаб чиқди. Бошқа курсдошларимизнинг “ Ҳой, ёшули, дастурхонга қарасангиз-чи, бир тост айтинг, сиздан ҳам эшитайлик… бир шеър бўлсин… “ деган ҳайқириқлари ҳам ҳавода қолиб кетди. Эртасига эрталаб бошқалар бош оғриғида тебраниб туришган пайтида у қўлимга бир шеър тутқазди-да, “ ўзингиз ишлаган вилоят газетасидагиларга манзур бўлармикан?” деб истиҳола билан менга юзланди. Шу куни ёнимда ҳамкасбим Тўлқин Сиддиқ турганди, у “Андижон сайри” деб номланган шеърни овоз чиқариб ўқиди ва хоразмлик меҳмонни бағрига маҳкам босди.

Шеърни эса ўзи билан олиб кетди. Орадан бир ҳафта ўтгач, ўша шеър “Андижоннома” газетасининг биринчи саҳифасида босилди.
Отабек ўз гўшасидаги ўзгаришларни кузатиб туриш билангина қаноатланиб қолмайди. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидан, ҳар бир шаҳридан, ҳар бир қишлоғидан янгиликларни олиб туришни истайди. Осмони тиниқ, мусаффо, сарҳадлари кенг, бепоён бўлган жонажон юртини севади ва илҳомланади.

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг “Ватан учун яшайлик” кўрик танлови якунлари эълон қилинди. Ғолиблар-у, эътирофга сазовор ижодкорлар орасида тенгдошимнинг ҳам борлигини кўриб, хаёлимдан юқоридаги воқеа майин ҳислар билан ўтди.

Гоҳо, бундан қирқ беш йил илгари у билан Тошкентда, Университетда ўқиган йилларимизни эслаб қоламан. Озғин, жуссаси кичик, оппоқ юзли бу йигит ташқи кўринишдан бўш-баёв кўринарди. Навоий номли кутубхонага кўп қатнарди, араб ёзувидаги қўлёзмаларни ўқиш билан кунини ўтказарди. Бизларни эса бунга тишимиз ўтмасди, бусиз ҳам зиёда бўлиб турган дарсликлардан ошина олмасдик.Ҳар қандай тиғиз шароитда ҳам билимини бойитишга, мустақил мутаоолога интилган одам, албатта мақсадига етар экан.

Отабек Исмоиловнинг ижодиёти ўзининг ранг-баранглиги, халққа яқин туриши, дардчиллиги, эзгуликка чуқур мойиллиги билан ажралиб туради. Ажойиб, ўйноқи ғазаллари, чиройли муҳаммаслар, таъсирчан қитъа ва рубоийлари кўнгил торини чертиб, чертиб ўтгандек бўлади. Муҳаммадризо Огаҳий меросини ўрганишга ва тарғиб этишга кўп куч-ғайрат сарфлаб келади.У гўё туши-ю – ўнгида хазрат Огаҳий билан яшаётгандек, суҳбатлашаётгандек таассурот қолдиради.

Отабек меҳнатсевар ижодкор, бусиз яшай олмайди. Ҳеч ким “Йиғлатар”, “Билмагай”, “Дилбар” каби ғазал ва шеърларини унинг ўзидек образга кириб, таъсирчан қилиб етказиб бера олмаса керак. Гўё юрак тубидан отилиб чиққан сўз ўзганинг юраги тубига етиб боргандек уйғонган ҳис-туйғу юрагингни яшнатади…

Эски ўзбек ёзувидан ташқари, араб, форс тилларидан ҳам яхши хабардорлик унинг илмий изланишларига қўл келмоқда. У киндик қони тўкилган Хива тарихининг ёрқин қирраларини тадқиқ этишдан, янги-янги манбааларни қидириб топишдан завқланади. Дунёнинг ҳар томонидан оқиб келадиган зиёратчилар Ичанқальанинг узоқ асрлик сирли йўлига, қолаверса Хоразм тарихига оид кўпроқ нарса билишни истайдилар. Таассуротлар қанчалар бой бўлса, Хиванинг таърифи дунёга шунчалар ёйилади. Сайёхлар оқимининг кўпайиши эса, албатта бу ўлканинг иқтисодий салоҳиятига, хизмат турларининг кўпайишига, мамлакат ва халқ даромадларининг мустаҳкамланишига замин бўлади. Отабек масала моҳиятига ана шундай ватанпарварлик кўзи билан қарайди ва тинимсиз изланади. Бир қанча илмий- оммабоп мақолалари шарқ олимлари эътирофига тушганлигининг сабаби ҳам шундадир.
Хуллас, “Ватан учун яшайлик” танловига ажойиб китоб – “Ҳайрат лаҳзалари” адабий мақолалар тўплами билан қатнашиб, эътирофга сазовор бўлган Отабек Исмоиловга бундан буён ҳам ижодий муваффақиятлар ёр бўлсин!

Маҳмуд Ибоев,
Ўзбекистон Журналистлар Ижодий уюшмаси аъзоси

Манба: facebook.com