КГБ, МХХ ҳақида билганларим
МХХ ёки КГБнинг фаолияти ҳақида ёзиш ниятим йўқ эди. Чунки ҳамма замонларда ҳам қудратли ва сирли бўлган бу ташкилотнинг фаолияти ҳақида кўпчилик қатори мен ҳам жуда кам нарса биламан.
Погон тақадиган ташкилотлар ичида МХХ бошқаларига қараганда коррупцияга камроқ ботгани, ўз ишининг устаси ва ўз бурчини бошқаларга нисбатан содиқлик билан бажарадиган ташкилот деб тушунаман уларни. Улар ҳамма замонларда ҳам ўз мавқеи билан бошқа куч ишлатар ташкилотлардан устун бўлган. Каримовнинг мураккаб бир шароитда чорак асрдан буён тахтда қолаётгани ҳам айнан МХХнинг шарофатидан бўлса, не ажаб.
МХХнинг вазифаси (менинг тушунишимча) судларга ўхшаб адолатни қарор топтириш, прокуратурага ўхшаб қонун устиворлигини таъминлаш эмас. Унинг вазифаси давлат (ҳукумат, президент) хафсизлигини таъминлаш, уларни қонун ва ҳалқдан ҳимоя қилиш. Бу вазифани МХХ қойилмақом қилиб бажараяпти менинг назаримда.
Мухтарам ўқувчи мени МХХга лаганбардорлик қилаяпти, деган ҳаёлга бормаслиги учун мен бу гапларни улардан (МХХдан) кўп азият чекаётган бир пайтимда айтаётганимни ҳисобга олишларини истардим.
Аввал айтганим, МХХ фаолияти ҳақида жуда кам нарса билганим сабаб, менинг улар ҳақида ёзганларимни улар фаолиятига баҳо деб тушунмаслик лозим. Мен қуйида улар (КГБ, МХХ) ва мен орамизда бевосита ва билвосита бўлган ва бўлаётган тафсилотларни қандай бўлса шундайлигича ёздим, қандай хулоса чиқариш муҳтарам ўқувчиларга ҳавола.
КГБ, МХХ назарига тушишим сабаблари ва улардан келган азиятлар ҳақида
Африканинг кейинги 1970-1980 йиллар тарихига назар солсангиз, ундаги қатор давлатлар Европа давлатлари колониялигидан озодликка чиқиб, ҳар бири мустақил бир давлатга айландилар.
Албатта, уларда ўз ўзини бошқариб кетиш салоҳияти ва имконияти йўқ эди. Шу боис улар кимнингдир ёрдамига муҳтож эдилар. Ривожланган капиталистик давлатлар уларга текинга ёки арзонга ёрдам беришга хуши йўқ эди. СССР эса пайдо бўлган бу янги давлатларни ўзига оғдириб, социалистик давлатларни кўпайтириш учун уларга дўстона (текин) ёрдам қўлини чўзди. Бундай давлатлар “Социалистик йўналишдаги (фикрдаги) давлатлар” деб атала бошлади.
Шундай мамлакатлардан бири 1975 йилда Португалия колониясидан чиққан Мозамбик эди. СССРнинг бўлғуси дўстларидан бири сифатида Мозамбик Халқ Республикаси президенти Самора Моизес Машель 1980 йилда Москвага – Л.Брежневнинг олдига келди. Унга керак ёрдамларнинг биттаси издан чиққан пахтачиликни тиклаш эди.
Шу боис Брежнев уни Ўзбекистонга – Ш.Рашидовнинг олдига йўллайди. Рашидов уни пахтачилик институти (СоюзНИХИ)га ва 2-3 та пахтачилик хўжаликларига олиб боради. Буларга “Комиссар Жю” (Фантомас филмидаги қаҳрамонлардан бири) деб танилган, ўша даврдаги Ўзбекистон мелиорация ва сув хўжалиги вазири Исмоил Жўрабеков ҳамроҳлик қилган.
С.Машель Рашидовдан Мозамбикда битта пахтачилик институти ва бирнеча пахтачилик хўжаликларини ташкил қилиб беришни сўрайди. Бу иш И.Жўрабековга топширилади. Шу тариқа Мозамбикда пахтачилик институтини ва пахтачилик хўжаликларини ташкил қилиш ва унда ишлаш учун мутахассислар танлана бошланади.
Чет элда (айниқса капиталистик мамлакатларда) ишлаши керак бўлган мутахассислар асосан 2 критерий бўйича: 1 – Мутахассис сифатидаги салоҳияти ва, 2 – КГБ талабига жавоб берадиган сифатлари бўйича танланар экан.
Пахтачилик институти учун танланаётган олимлар ичида менинг ҳам номзодим бор эди. Вазирликнинг кадрлар бўлими бошлиғи, отставкадаги КГБ подполковниги эканини КГБда ишлайдиган битта танишимдан билганман.
Бир суҳбатга борганимда, номзодлар рўйхатига кўзим тушиб қолди. Битта агрохимик ўрнига 5-6 та киши бор экан. Улардан кўпи пахтачилик соҳаси олимлари бўлиб, ёши ва салоҳияти жиҳатидан мендан анча устун олимлар эди.
“Булар бор жойда менга йўл бўлсин”, деб Мозамбикка кетишдан умидимни узгандим. Уларнинг ҳаммаси қолиб, айнан мен кетдим чет элда ишлашга. Кейин маълум бўлишича, улар кучли мутахассис бўлгани билан КГБ элагидан ўта олмай қолишган экан.
Африкада Ўзбекистон ва Мозамбик ҳукумати назарига тушадиган ишлар қилиш насиб этди менга. Мозамбикдаги фаолиятим ҳақида Ўзбекистон ва Мозамбик оммавий ахборот воситалари ёзилган. Шу тариқа мен 1981 йилда КГБ билан жиддий рўбару бўлиб, унинг элагидан ўтганман.
Иккинчи бор КГБ (бу гал МХХ) мен билан 1999 йилдан жиддий шуғулланишга киришган. Бу шундай бўлган:
Мен мамлакат президенти И Каримовга адолат сўраб бир неча бор мурожаат қилганман. Менинг аризаларим президентга етиб бормай, унинг шотирлари (президент маҳкамаси ходимлари) томонидан, кимнинг устидан шикоят қилган бўлсам, улардан хизмат ҳаққи (пора) олиб, ўшаларнинг ўзларига юборилган.
Президент маҳкамасида ишлайдиган бир танишим аризамга юқоридан эътибор бўлиши учун уни “Озодлик”, ВВС каби радиолар орқали эшиттириш лозимлигини тушунтирди.
Шу тариқа “Озодлик”нинг Тошкентдаги офисига бордим ва менинг сиёсий даъвоим йўқлигини, мақсадим аризамни юқорига (яъни президентга) етказиш эканлигини айтдим. Бу ишни “Озодлик”нинг таниқли журналисти, асли Афғонистонлик ўзбек – Зикрулло Ишонч ўз зиммасига олди.
У мен ҳақимда эшиттириш тайёрлаётиб, таржимаи ҳолим ва фаолиятимни ўрганиб чиққач: “Домла, катта олим, жиддий шахс экансиз. Сиз тўғрингизда Ўзбекистон матбуоти кўп ва хўб ёзибди. Президент атрофидагиларнинг кўпи, балки унинг ўзи ҳам сизни таниса керак. Шу боис, “Озодлик”да чиққан кунингиздан бошлаб, сиз билан Ўзбекистон Миллий Хафсизлик Хизмати жиддий шуғулланишга киришади. Агар салгина (ҳатто ўтмишда ҳам) нозик томонларингиз бўлсада, радиода чиқмаганингиз маъқул. МХХ ўша нозик жойингиздан тутиб сизни қамаб юбориши мумкин. Бизнинг тажрибамизда бунақалар кўп бўлган. Шу боис “Озодлик”да чиқишни яна бир бор ўйлаб кўринг”, деди Зикрулло Ишонч.
Менинг биронта нозик томоним йўқлиги учун “Озодлик”да чиқавердим. Менинг чиқишим шов-шув бўлиб кетди. Вилоят ҳокими мени чақириб, “Озодлик”да бошқа чиқмаслигимни илтимос қилди ва бир ҳафта ичида менга иш беришлари ҳақида ваъда берди.
Зикрулло Ишонч айтганидай, МХХ мен билан кеча-кундуз шуғуллана бошлади. Уларнинг айрим ҳаракатларини танишларим орқали эшитиб, билиб ҳам юрдим. Кўп ўтмай МХХ буюртмаси бўйича мен ҳақимда “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида фақат бўҳтондан иборат фельетон босилди. Вилоят ҳокимлиги мени МХХ ўз назоратига олгани ва уларнинг рухсатисиз менга иш бера олмаслигини билвосита билдирди менга. Шу тариқа мен МХХнинг назарига ва назоратига иккинчи марта тушдим.
Шундан кейин менинг ишим ҳеч юришмади, йиллаб ишсиз юрдим. Катта-катта вазифаларда ишлайдиган яқин дўстларим ҳам менга ёрдам бериш у ёқда турсин, мендан қочиброқ юра бошлади. Ёрдам сўраб ёзмаган ташкилотим қолмади. Ҳеч кимдан наф бўлмагач МХХда ишлайдиган бир танишим тавсияси билан 2005 йил ёзда МХХнинг ўзига (Р.Иноятов номига) ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Хатимга барча ёзган нарсаларимни (шундоқ ҳам менинг ҳар қадамимдан уларнинг хабари бўлсада) ҳеч яширмай илова қилдим.
Улардан менга жавоб бўлмади, аксинча мени кузатишни янада кучайтиришди. Ҳатто айрим қўшниларимни, ҳатто Нуриддин ака исмли маҳалла оқсоқолини ҳам менга айғоқчи қилиб қўйишган.
2005 йил ноябрда, Лондон Университети таклифига биноан ҳақаро илмий конференцияда “Агрохимикатларнинг экологик муаммолари” мавзусида маъруза қилдим. Менинг маърузам олқишлар билан кутиб олинди ва бу ВВСда ҳам ёритилди.
Маълум бўлишича, менинг маърузамдан ўша куниёқ хабар топган ҳукумат (МХХ) дарғазаб бўлган ва Ўзбекистонга қайтиб борсам, ҳаётим хавф остида қолиши ҳақида огоҳлантиришди мени. Шу боис маълум муддат Буюк Британияда қолишга мажбур бўлдим…
2006 йилнинг бошларида Хоразмдаги уйимга, Раҳим Искандаровга ўхшаган бир-икки дўстларга дуои салом йўллаб хат ёздим. Р.Искандаровга ёзган хатим: “Хат олувчи йўқлиги учун қайтариб юборилди”, деган почтанинг муҳри билан ўзимга қайтиб келди. Дўстим Р.Искандаров оламдан ўтибди-да, деган хаёлда жуда қайғуга ботдим. Ўзим хатм қилган Қуръони каримни унинг руҳи покларига баҳшида қилиб, дуолар қилдим.
Кейин маълум бўлишича, мен телефон қилган ва хат ёзган барча одамларни МХХ чақириб роса “ишлов” берган экан. “Хоразмий ватан хоини, ким у билан алоқа қилса, улар ҳам хоин сифатида йўқ қилиб юборилади”, деб қўрқитишган. Шундан кейин тушундим мен ёзган хатларга ва телефонларга жавоб бўлмаётганининг сабабини. Шу тариқа мен 2006 йилдан МХХ сайъ-ҳаракатлари билан “Ватан хоини”га чиқарилдим.
2008 йилга келиб мен МХХга хат ёздим. Хатимда Англияда вақтинча қолишим сабаби ва бу ердаги фаолиятим ҳақида (тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда) батафсил ахборот бердим.
Хатимда “… Мен сиёсий мухолифатчи бўлмасам, фаолиятимнинг Ўзбекистон ва ҳалқаро қонунларга зид томони ёки Давлат хавфсизлигига дахлдор томонлари бўлмаса, менга сизлар томондан бундай совуқ муносабат ва таъқибнинг боиси нима?
Келинг, сизлар мени таъқиб қилишни бас қилиб, аксинча, менинг эзгу мақсадим – агрохимикатларнинг асоссиз ишлатилиши натижасида ватанимиз экологиясининг янада ёмонлашувининг олдини олиш борасидаги ишларимда менга ёрдам қилинг. Мен эса бир имонли (ҳожи ва сўфий) мўйсафид сифатида Ватанимиз хавфсизлиги йўлидаги ишларингизга дуо қилиб юрай. Шунда, иккаламиз ҳам Ҳақ ва ҳалқ наздида эътиборда бўламиз иншоаллоҳ”, деб ёзганман.
Хатимга расмий жавоб бўлмаган эсада, мени таъқиб қилишларида анча юмшоқликни сездим ва бундан хурсанд бўлдим. Афсуски, бу илиқлик узоққа чўзилмади. 2010 йилдан бошлаб МХХ томонидан турли хил номлар остида, нафақат Ўзбекистон матбуотида, ҳатто Каримов режимига мухолиф саналадиган “Ризобек” ва “Ҳаракат” каби сайтларда ҳам менга турли бўхтонлар уюштирила бошлади.
Бу ҳам етмаганидек, 2012 йилнинг бошларида, Каримов мухолифатини нималар кутаётганини кўрсатиб, ҳалқ юрагига қўрқув солиб қўйиш учун, Хоразмда менга аталган рамзий қабрни МХХ ходимлари намойишкорона бузиб ташлашди. Бундай ҳол (қабрни бузиш) Ўзбекистон тарихида биринчи эканлиги сабаб, ҳалқ ичида катта шов-шувга айланганди.
Президентга ёзилган аризалардан наф йўқлигини, бунинг устига МХХнинг устидан шикоят қилиш: “Отанг қотили қози (МХХ) бўлса, додингни кимга айтасан”, деганидай мутлақо бефойда эканини билсамда, МХХ агенти К.Нуржоновнинг турли номлар билан, турли хил ахборот воситалари орқали менга бўхтон қилаётгани, МХХ ходимларининг менга аталган қабрни намойишкорона бузиб ташлаганларини ёзиб, бу борада ёрдам сўрадим.
Президентга ёзган хатимга Бош Прокуратурадан, Хоразм вилояти прокурори ва менга аталган жавоб келди. Мен бунга жуда ҳайрон қолдим. Чунки мен президентга неча марта ариза ёзган бўлсам, барчаси мен шикоят қилган шахсларга юбориларди.
Бу гал менинг шикоятим МХХнинг ўзига эмас, прократурага юборилган, бунинг ўзи бир умид уйғотадиган янгилик эди. Иккинчидан, прокуратура билан МХХ мавқе талашиб, бир-бири билан келишолмай юришларидан хабарим борлиги, бошқа бир умид эди.
Прокуратурадан келган “Аризага жавоб” номли хатни ўқиб умидларим сароб эканлигини тушундим. Бу жавобда: “Сизга аталган қабр маҳалла оқсоқоли Бектурдиев ва қабристон имоми Жуматовларнинг хулосасига (кўрсатмасига) асосан, укаларингиз томонидан бузиб ташланган”, деб ёзилган.
2011 йилда маҳалла оқсоқоли Бектурдиев ва қабристон имоми Жуматов иштироки ва раҳбарлигида, укамлар томонидан қурилган қабр бир йил ўтар-ўтмас, 2012 йилда наҳотки айнан ўша одамлар томонидан бузиб ташланган бўлса?!
“Агар ҳоҳласангиз ёки бу борада шикоят қилишда давом қилсангиз, қабр бузилиши билан боғлиқ одамлар (укаларим ва қариндошларим)ни қамаб юборамиз”, дейишганига ўласизми.
Мен президентга ёзган хатимда, менга турли номлар остида бўҳтон қилаётган МХХ агенти К.Нуржонов ва рамзий қабрни бузган МХХ ходимларининг устидан шикоят қилгандим. Боғот район прокурори Р.Жуманиёзов имзоси билан келган жавоб хатида эса МХХ агенти К.Нуржонов ва қабрни бузган МХХ ходимлари ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ.
Аксинча, қабр ўз укаларинг ва қаридошларинг томонидан бузилган, деб ёзилган. Мана сизга қонун устиворлигини ва ижросини назорат қиладиган Каримовча прокуратуранинг фаолияти.
Маълум бўлишича, қариндош ва қўшниларим бўлмиш маҳалла оқсоқоли Бектурдиев ва қабристон имоми Жуматовларни МХХга чақириб: “Қабрни бузишга биз хулоса (кўрсатма) берганмиз”, деб тушунтириш хати ёзишга мажбур қилишган. Укаларимга эса “Қабрни биз буздик”, деган тилхатни зўрлаб ёздиришган. Жавобни ҳам МХХ тайёрлаган. Бечора прокурор ҳам менинг қариндошларимга ўхшаб, имзо чекишга мажбур қилинган.
Бу ҳали МХХнинг минг бир услубидан биргинаси холос. Каримовчи МХХ ва унинг услубларидан Аллоҳнинг ўзи асрасин.
Ахмад ҳожи Хоразмий
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри
2013