O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Отасиз синф

Отасиз синф
23 views
10 June 2013 - 12:53

Синфимизда 40 нафар ўқувчи бор. Шулардан 39 тасининг отаси йўқ. Синфдошларим орасида ота ҳақида деярли суҳбат бўлмайди.Лекин худди мени қийнаётгандек уларни ҳам бир савол қийнаса керак: “Отам қанақа эди?”. Бу савол билан эса баҳсга чиқиб бўлмайди.

Баъзида ойимдан: “Ойи, отам қанақа эди?” деб сўрасам, улар отам ҳақида айрим нарсаларни гапирадилар. Шунда ойим ниманидир чайнаб мазасини шимиб тўппасини менинг оғзимга солаётганга ўхшайди.Ҳечам,ҳечам бу жавобнинг мазасини сезмайман. Мен отамни кўришим керак. Ўшандагина саволимнинг жавобини мазасини шимиб туярдим.

Хуллас, агар бир ҳикояга иккита ном қўйиш мумкин бўлганда,мен ҳикоячамга “Отасиз синф” ва “Денис” деб сарлавҳа қўйган бўлар эдим.

Баъзан катта йўлларда машина босиб, эзиб кетган мушукними, кучукними ўлигига тасодифан кўзим тушиб қолса, касал бўлиб қоламан.Эзилишни тасаввуримга сиғдираверганимдан.Ҳар кун эрталаб синфга кириб келар эканман,Денисга кўзим тушибоқ яна тасаввурим эзилиш билан лим-лим тўлиб қолади. Дениснинг отаси ўзек онаси рус. Дима исмли укаси ҳам бор.Ўзининг айтишича отаси рус хотинга уйлангани учун отасининг қариндошлари уларни қабул қилмас экан. У отасини бир аввал бир марта кўрган, ўшанда отаси унга икки юз сўм пул берган экан.Денис шу пул билан икки ой мақтаниб юрди.Онаси Кореяга ишлагани кетган. У укаси билан Алиса холасиникида яшайди.Яқин яқингача биз тетя Алисани Дениснинг холаси деб ўйлар эдик. Аммо у бир куни синфимизга кириб келди, Дениснинг ёқасидан тутиб, бошини деворга ургач, билдикки, у холаси эмас, энагаси экан.

Энага эрталаб бир бурда бўлка билан мактабга жўнатади. Шу билан кечқурун овқатланишади.Энг оғир ишларни унга қилдиради.Уч ой аввал ойиси Кореядан бир мартагина телефон қилган, отасини бир ой аввал бир зумгина кўрган. Ҳечам қорни тўйиб овқат емаган, декабр келди ҳамки иссиқ кийими йўқ.Спорт кийимида мактабга келади.Шимининг тиззалари коптокдек қотиб шишиб кетган кўп кийилгани ва кирлигидан. У очлигидан ўттиз тўққиз қўлга бир-бир қараб чиқади,бир оғиз ҳам ўзбекча сўз билмайди.Мен буларнинг барини ўқитувчимиз у билан гаплашганда билиб олганман, чунки у менинг партадошим.

Денис ҳақида ойимга гапириб берганимда ойим йиғладилар. Кейин Денис бизнинг оиламизнинг сиртқи аъзосига айланди. Гўё ойимни мен синглим ва укамдан бошқа яна бир боласи бордек қайғурар эдилар.Кечқурун ҳаммамиз ўқиш ва машғулотлардан бўшаб, уйда дастурхон бошида йиғилганимизда, ойим бизга яна битта боласи бордек, у уйга қайтмагандек, қоронғида, оч-юпун кўчада қолиб кетгандек ҳис қиляпман ўзимни дер эди . Биз укам билан Денисни энагасига билдирмай унга егуликлар олиб чиқар эдик.Энди мен тушлик учун икки карра кўпроқ пул ё егулик олиб кетар эдим мактабга.Ҳар куни дарсга кечикиб келадиган Денис нон учун вақтли келиб мени кутиб ўтирар эди.Аввалига у бу нарсаларни мендан олаётганида роса хижолат чекди. Лекин орадан бир ой ўтиб у мендан очиқчасига пул талаб қилишга ўтди. Бирор бир егулик олиб бормаган куним  уҳатто мен билан уришиб, баъзида қўл кўтарарди ҳам.Яқинда унинг ойиси Кореядан қайтиб келди.Энди у чиройли қизларга қиммат шоколад совға қиляпти. Мен эса йўлларда машиналар эзиб босиб кетган мушук ва кучукларнинг ўликлари ҳақида кам ўйлайман.Инсонлар ҳақида эса кўп айниқса ота ҳақида.

Бугун мактабга кетаётганимда икки ярим яшарлик синглим тишлаб ташланган печенеларни сумкамга солди “ опа, Денисга беринг”,дея.

Афсуски уларни ўзим еб қўйдим.

Хадижа Ясийн
7-синф ўқувчиси