O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Отасини хўрлашни қай маданият ёқлайди?

Отасини хўрлашни қай маданият ёқлайди?
161 views
24 April 2012 - 14:41

Ўз бошпанасига эга бўлиш ҳақида фақат уйи борлар орзу қилмайдилар, холос. Бутун дунёда миллионлаб одамлар уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун ўзларини ўтдан-чўққа урадилар. Кимдир бу вазифани ҳал қилишга эришади, кимдир эса ҳафсаласи пир бўлиб, ўзида куч тополмай, «муайян турар-жойга эга бўлмаган шахслар» тоифасига ўтади. Уйсизлар йўқлиги билан мақтаниши мумкин бўлган бирор мамлакат бўлмаса керак, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар бу билан мақтанолмайдилар. Иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлмаган давлатларнинг фуқаролари бу жиҳатдан жуда ночор аҳволдалар. Ўзбекистон давлати фуқаролари ҳам бундан мустасно эмаслар.

«Бомж» деган сўз фақат таъминланган кишиларнигина эмас, ҳатто уйсизларнинг ўзларини ҳам чўчитади: улар ўзларини бундай аташларини ёқтирмайдилар. Бунинг устига улар қип-қизил “бомж” ҳам эмаслар – ҳар бирининг қариндош-уруғи, баъзиларининг ҳатто оиласи ҳам бор. Бироқ турли сабабларга кўра, улар ертўлада, кўча-кўйда, дуч келган жойда яшайдилар. Шундай аҳволга тушишига сабаб бўлган фарзанди, амалдорлар ва ўзларининг таржимаи ҳоллари ҳақида истамайгина гапирадилар.

“Бир маҳаллар менинг ўз уйим, оилам бор эди, – эслайди Хива туманидан Озод оға Раҳимов, – Шундай бўлдики, мен ўз ўғлим саъй-ҳаракатлари билан кўчада қолдим. Кейин менга раҳм қилган қизимнинг уйида яшай бошладим. Мен олтмиш бешга кирдим. Аввал ҳайдовчилик  қилганман. Оила курдим, уй-жой қилдим, фарзандлар улғайтирдим. Мен каби уйсиз қолганларнинг муаммоларини судларда, нотариусда кўп кўрдим. Ҳар кимни тақдири турлича, аммо айримлар уйсиз, айримлар ишсиз, ҳужжатсиз, мол дунёсиз қолмоқда.

“Нажот”га маълум бўлишича, (+998625104755)Озод ака Раҳимов 1947 йилда Хива туманида туғилган. Умри давомида юк машинасида ҳайдовчилик қилган. Биринчи турмушидан ажрашган. Иккинчи бора қўшиқчи ҳалфа Роҳат Хўжаниёзовага уйланган. Олдинги оиласидан ҳам, кейинги оиласидан ҳам фарзандлари бор. У ўз меҳнати эвазига Роҳат Хўжаниёзовага уй олиб бериб, биргаликда яшаган. 2006 йилга келиб, Озод аканинг хотини вафот қилган. Оилавий низонинг келиб чиқишига сабаб, Роҳат Хўжаниёзова ўзидан қолаётган уйни ўғли Отабек Озод ўғли Раҳимовга васият қилиб қолдирган. Озод Раҳимов шу васиятнинг ҳақиқийлигига шубҳа билан қарайди. Отабек “Сизга янги иморат олиб бераман” деб, отасини уйдан чиқариб юборган. Шундан кейин Озод Раҳимов ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун фуқаролик судига мурожжаат қилган. Кўп йиллик тортишувдан кейин ниҳоят суд Озод Раҳимовни уйга киритиш ҳақида қарор қабул қилган.

Ўғли Отабек яна фирибгарликка, уйни бошқа бировга сотиб юборган ва ўзига бошқа уй  ва машина сотиб олган. Бу воқеадан кейин ота ҳақиқатан ҳам кўчада қолган. Бахтига олдинги хотинидан туғилган фарзандлар уни уйларига қабул қилиб, бағри кенглик қилишган.  Озод Раҳимов яна ҳуқуқини муҳофаза қилишларини сўраб, ҳуқуқ-тартибот идораларига ва “Нажот”га ҳам мурожаат қилган.   Ниҳоят 2011 йилнинг декабрь ойларига келиб, “Нажот”нинг аралашуви натижасида Отабек Раҳимов отасини янги сотиб олган уйига киритган эди. Лекин ҳозирги кунга келиб яна отасини уйдан чиқариб юбориш мақсадида турли кўринишдаги хўрлашларни амалга оширмоқда.

Энди Отабек Раҳимов тўҳрисида икки оғиз сўз айтсак: Ҳозирги кунда Отабек Озод ўғли Раҳимов санъаткор, ҳалфа қўшиқлари ижрочиси, маданият ходими. Хоразм вилоят телерадикомпаниясида ҳалфачилик санъати ҳақидаги яхши бир кўрсатувга бошловчилик қилмоқда. Бундай касбдаги инсон аслида ота-онага меҳр кўрсатишда, инсонпарварликда бошқаларга ибрат бўлиши керак. У бўлса, шу даражада паст кетиб, ўз отасини кўчага ҳайдамоқда. Наҳотки у, Бобораҳим Машрабнинг машҳур қўшиқ сифатида айтиладиган “То отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сани” деган каломини эшитмаган бўлса? Санъат одами бундай калотни эшитмаган бўлиши мумкин эмас. Отабек Раҳимовни отага қарши шундай ишларни қилишга нима ундамоқда? Бойликка ўчликми ёки мансабдан бурун кўтарилишими? Ё балки атрофидаги амалдорлар уни шундай қилишга ундаётгандир? Ҳар қандай вазиятда ҳам “Нажот” уйсиз кўчада қолган Озод Раҳимовга ўз ҳақ-ҳуқуқларини  ҳимоя қилишда яқиндан ёрдам кўрсатади.

Бу дунёда инсон бадал топа олмайдиган неъматларнинг муқаддимасида отаси ва онаси туради. Ака-ука ёки опа-сингил ёхуд хотин ва бола-чақаларининг ўрнини тўлдириш мумкин, бироқ, ота-она ўрнини бу дунёдаги бирон махлуқ тўлдира олмайди. Шу боис ҳам бутун тарбияларда, хусусан исломий тарбияда ота-онанинг ҳаққи фарзанд зиммасида нақадар буюк экани кўплаб таъкидланади. Ислом дини ота-онага яхшилик қилиш энг мўътабар ибодатлардан бири эканини эслатади. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилиш ҳукмини баён қилар экан, ота-онага яхшилик қилишни ўша жумлага боғлайди: وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا﴾) «Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди» (Исро: 23).

 

 Шунинг учун ҳам, ота-онанинг ҳурмати ҳар замон ва ҳар ҳолатда қадрланиши лозим. Тўғри, баъзида улар ҳам хатога йўқ қўядилар. Бироқ, фарзандлар уларни кечириши, қилган хатоларини юзларига солмасликлари лозим. Акси тақдирда, уларни ранжитиш фарзандларга нисбатан уларнинг қарашларини хусусан уйланган ёки турмуш қурган пайтларидан бошлаб ўзгартириши мумкин.

“Нажот”нинг фикри шундайки, «бомж» ларнинг кўпчилиги «рўйхатдан ўтмаган бўлса – иш йўқ, ишламаса –рўйхатга олинмайди» каби берк доира ичига тушиб қолганлар. Уй-жойдан маҳрум бўлишнинг бир неча сабаблари аниқланган.  Бу сабаблардан бири судланиш бўлиб, бу туфайли кишини унинг розилигисиз уй рўйхатидан чиқариб ташлашлари мумкин. Сабаблардан яна бири кўчмас мулк сотиш-сотиб олишдаги алдов, бошқа бири ишдан бўшагандан кейин муассаса берган уйдан маҳрум бўлиш ва бошқалар. Уй рўйхати (прописка) муаммосига дуч келганлар ўз турмушларидан рози эмаслар ва уни ўзгартиришни хоҳлайдилар.

“Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Хоразм вилояти фуқаролик судларида шу каби уйсизлик ҳолатига тушганлардан 15 нафарга яқин фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун азият чекиб юрганликларини билдиради.

*Ушбу материални тайёрлашда Интернетдан олинган уйсизлар (бомжлар) тўғрисидагимаълумотлардан ва Озод Раҳимов билан ўзаро суҳбатдан фойдаланилди.

 

Хайитбой ЯҚУБОВ, Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси.