Турк тарихи сон-саноқсиз урушлар билан тўладир. Биз бу урушлардан фориғ бўлиб, на ўз юртларимизни тиклай олган, на ўзимиз тинч ҳаёт кечира олганмиз. Бунда бизнинг айбимиз қанчалик бўлса, душманларимизники ҳам шунчаликдир.
Чунки руслар бошлиқ душманларимиз доим шундай ўйлашарди:
– Туркларга тинчлик бермаслик керак, токи бошқа ҳудудларга олға кетолмасинлар.
Бунинг учун ҳам тез-тез бошимизга балолар ёғдирар, урушлар очарди, Болқон миллатларини «Истиқлол!» дея қичқиртирарди.
Биз бундай тўхтовсиз урушарканмиз, у замонлар аскарга олинмаган ғайримусулмонлар бойиб бораверарди.
Уларнинг нечун бой, бизнинг нечун камбағал қолганимизни бир қишлоқлик мўйсафиднинг Мустафо Камол Отатуркка бергани қисқа бир жавоби, ўта чиройли тарзда изоҳлайди.
Отатурк, Мерсин шаҳрига борганида, шаҳардаги улкан биноларни кўриб, сўради:
– Бу қаср кимники?
– Киркорники…
– Анави улкан бино-чи?
– Яргоники…
– Анави-чи?
– Соломонники…
Отатурк бироз асабийлашди:
– Улар бу биноларни қураётганда, сизлар қаерда эдингиз?
Тўпланганлар орасидан бир қишлоқлик оқсоқолнинг овози келди:
– Бизми қаерда эдик? Биз Йаманда, Туна бўйларида, Болқонда, Албан тоғларида, Кавказда, Чаноққалъада, Сакаряда жанг қилаётгандик, пошом…
Отатурк ҳар гал бу онларни эсларкан:
– Ҳаётимда жавоб беролмаганим ягона инсон – мана шу мўйсафид эди, – дерди.
Туркчадан таржима