O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ота бола йиғлашган ҳолда бир биримиздан ажрадик…

Ота бола йиғлашган ҳолда бир биримиздан ажрадик…
311 views
20 May 2016 - 6:00

40251-any2fbimgloader17Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 41

(давоми)

Шундай қилиб, бу дўстимиз Турғун оға билан йўл устида топишқан сўнггида, Қўйошув деган довонга яқин ерда, қалин қарағайлик тоғ ичида биз учун тайёрланган ёлғиз ўтовга келиб тушдик. Марҳум ўғлим Ғаппорхон мени шу жойга ўринлаштириб қўйгач, ўз тирикчилиги учун Оролтепага қайтиб кетди.

Менинг бу турган жойим эса, ҳар тарафлама йигирма ўттиз чақиримлаб халқдан йироқ, эгиз тоғлар, қалин қарағайлар, ўрмонлар орасида бўлганликдан инсон йиртқичлари, золим ваҳшийлардан ўзимни қутилган ҳисоблаб, ҳуррият осмони остида оз бўлса ҳам озодлик лаззатини татиғандек бўлиб яшамокда эдим.

Вақтлик бўлса ҳам шу фурсатдан фойдаланиб, тиббиёт хизматида ўтган кунларимда тўпланган тажрибаларимни жамлаб, умрим узулган сўнггида халқ учун, айниқса ўз авлодим учун эсдалик бўлармикин деган умид билан, очиқ туркий тилида бир китобча ёзиб, номини «Шифоул илал» (Касалликлар давоси) қўйдим. Агар шу китобчани ҳушёрроқ бир киши олдимиздан ўтказиб, тушунарлик таълим олар экан, ўзи ва бошқалар учун бундан фойда олиши аниқдур. Бунинг устига бу китобча кўзга кичик кўринса ҳам, тарихи улуғ воқеалик даҳшатлик кунларда ёзилғанлиқдан, авлодимиз учун эсдалик бўлиб ҳар оилада бундан бир нусха бўлиши албатта лозимдур.

Шу билан бош паноҳимиз Турғунбой уйида бирор ойдан ошиқроқ туриб, июн ойи охирлашиб келганда, тоғлардаги қорлар эриб, довон йўллари очилар вақти бўлгач, улуғ Юлдуз орқали Олтишаҳар сафарига чиқмоқчи бўлдим. Бироқ бу узун оғир сафаримда менга ёрдамчи йўлдош бўлғудек ҳеч кимса йўқ эди. Бу тўғрида маслаҳатлашиб, кенгашимиз шунга келиб тўлдиким, Турғунбой оға йўлбошчи бўлиб, улуғ Юлдузга мени етказмоқчи бўлди. Ундан у ёғига бўлса, Кучар шаҳридан келадиган савдогарлар эшакчиларига қўшилиб, ўзим кетмоқчи бўлдим. Сўз шунга тўхталгач, марҳум ўғлим Ғаппорхон отўлов тайёрлаб, сафар жамолғасини келтирди.

1937 йили июл ойиинг аввали пайшанба куни эрталаб қўшхонамиз Туғунбой оғанинг ёлғиз уйидан «Бисмиллоҳ» деб отланиб чиқдик. Икки-уч чақирим йўл юрилгач сўнггида, ўғлим Ғаппорхон отидан тушиб узангимга кўзини суртиб, юзини қўлимга қўйиб йиғлаган ҳолда мендан розилик сўради.

Хонтангри тармоқлари улуғ тоғлар орасида ота бола йиғлашган ҳолда бир биримиздан ажрадик. Ҳали меҳримга тўйиб қонмаган ёш болаларимнинг жалдираб қолаётганларини эскариб, улар учун ўз ўрнимда меҳр муҳаббат қилишга буюрдим. Ҳаёт оламида кераклик, дунё ва охиратда фойда зарарлик нарсаларни бироз баён қилиб, васият қилганим сўнггида ўғлим Ғаппорхон кўзи ёшланган, кўнгли мунгланган ҳолда орқага қайтди.

Биз икковлан бўлсак узоқдан ялтираб кўринган, муз қор ойналар билан чўққилари қопланган, улуғ Тян-Шан тоғлари томон қараб юзландик. Бироз юрганимиздан кейин қаршимиздаги Қўйошув довонини ошиб, Чопқи яйловидан тушдик. Буни кичик Юлдуз деб ҳам атайдилар. Бу яйловда илгари Тўрғовут қалмоқлари яшаб келган бўлсалар ҳам, бирор юз йиллардан бери қизай қозоқлари эгаллаб турадилар.

Бу ўринда ёзилган «Қўйошув» деган сўз бундан саккиз юз йил илгари, ҳозирги Жамбул Талас ўлкасида ўтган турк улусининг тупки уруғи қирғиз халқидан чиққан қаҳрамон Манас баҳодирни эскартади. Бу қаҳрамон Или Олмалиғ қалмоқлари устида чопул қилмоқчи бўлиб, қўшин тортқанида айтган сўзларини қирғиз достончилари тасвирлаб, тубандагича ирламишдурлар:

Илининг боши уч орол кўрган жўра барсинби, Тойошув менен қўйошув ашқан жўра барсинби, деган сўзи халқ оғзида яқин йил сақланиб келган.

(давоми бор)