…Президент Каримов ҳалиям отнинг чоти орасидан кўзини узмасди, “қилт” этмасди, киприк қоқмасди.
Бўлиш-туриши кўзига дурбинни тутиб тош қотиб қолган мурдага ўхшарди.
Кўримсиз чўтир башараси ва совуқ афт-ангори, уни четдан қараган одамга минг йиллар ёзнинг жазрамасию, қаҳратон қишида қор ва ёмғирларга тутинган ҳайкал сингари таъмирталаб кўрсатарди. Оғзи бақаники сингари очилиб, халқуми соқақушники каби осилиб турарди. Бир тутам қовжираган хашакка ўхшаш тўзғиган сочи пешонасига тушиб, унинг болалигида рахитдан шаклини ўзгартирган бошини, сочи юлиб чиқиндига ирғитилган қўғирчоқники сингари пачақ ва кўримсиз кўрсатарди. Ясама тишлари бир бошқа, сарғайиб кетган ўзининг тишлари эса бир бошқа – калласи куйдирилган қари қўйнинг тишлари сингари шарти кетиб парти қолган бўлса ҳам, дум тиклаб, йўлбарсни қўрқитишга чоғланган мушукка ўхшарди.
Отнинг олд икки оёғи орасидан кўриниб турган, халқнинг тилида “Юридичский” деб аталадиган кўҳна ғиштин бинода жойлашган унверситет, айни чоғда, унинг диққат-эътибори марказида эди. У тахтни ишғол этган кунидан буён, қонунларни ва инсон ҳақ-ҳуқуқларини шу унверситетда етишиб чиққан мутахассислар ҳисобидан яксон қилиб, фуқароларни мана шу кимсаларнинг қўли билан ноҳақликларга гирифтор этиб келаётганини яхши биларди. Қабоҳат ва разолатнинг уяси ҳисобланадиган бу бинода, халқнинг бошига не-не мусибатларни солган хавфсизлик ташкилотидагиларнинг ва ҳуқуқ тизимидаги кимсаларнинг ўғил-қизлари пора бериб-пора олишдан, инсонларни ноҳақ қамаш ва қийноқларга тутиш усулларидан сабоқ оларди.
Улар Президентлик ва Ички ишлар академияларидаги сингари бу жойда бўзрайганча одамнинг икки кўзига боқиб, тап тортмасдан ёлғон гапиришни, давр ва Каримов қурбонларини қилмаган айби учун қасамга қистаб, қамаб юборишни, фуқароларнинг қони-жони ҳисобига орттирган ҳаром пулларига муҳташам бинолар тиклаб, турли марка қимматбаҳо машиналар сотиб олиб яшашни ва ишлашни ўрганардилар.
Унверситет, мамлакат ҳуқуқ тизимларида чорак асрдан буён, мислсиз жиноятларига қарамай бемалол фаолият кўрсатиб келаётган президентнинг суянган тоғи ҳисобланадиган Бўритош Мустафоевга ўхшаган бир гуруҳ – адолат ва эзгуликка тиш-тирноғи билан қарши кимсалар томонидан тўлиқ монополия қилинганди.
Бу жойда келгусида содир этилиши муқаррар барча жиноятлар ва ноҳақ-туҳматлар эзгулик ва адолат байроғи остида, президент ва унинг амалга ошираётган “Ўзбек модели” – бузғунчиликларини асраб-авайлаш принсипларига таяниб шакллантириларди.
Бўриларга қўй териси қопланадиган бу ўқув даргоҳидан Мустақилликнинг ўтган 23 йилида, ўн минглаб ўғри ва каззолар етишиб чиқди. Бу жой чорак аср мобайнида, инсониятга қарши жиноятлар содир этиш йўли билан оилавий бизнесларини амалга оширадиганлар учун трамплен вазифасини ўтаб келди. Халқ ичида юрадиган гап-сўзларга қараганда, Бўритош Мустафоевнинг атрофида беш юздан ортиқ оила жипслашганди.
Бу оилалар учун ҳуқуқ тизимларида ўқиш ва ишлаш ота-боболар бошлаб берган анъаналарга содиқлик рамзи бўлиб, мазкур оилаларнинг барчалари бир-бирлари билан алоқаларини қариндош-уруғчилик ришталари билан боғлар эдилар. Улар ўзлари йиллар давомида вужудга келтирган мана шу ҳалқа ичида, бир-бирларига қиз узатиб, бир-бирларининг оилаларидан келин туширардилар.
Тўй-маъракаларига ва яхши ёмон кунларига ҳам бир-бирларидан ташқари кимсаларни камдан-кам чақирардилар. Албатта, мансабдорлар ва машҳурлар бундан мустасоно эдилар. Ўзбекистондаги ҳуқуқ тизимлари, мана шу каби оилаларнинг бизнес хўжалиги, бошига иш тушга фуқаролар эса уларнинг чорваси ўрнида эди.
(Давоми бор)
Эргаш Сулаймон