O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Охирги манзил”

“Охирги манзил”
533 views
30 July 2017 - 6:00

«ОХИРГИ МАНЗИЛ»

2000 йил 24 апрел. УЯ 64/71. ЖАСЛИҚ

Соат тонгги 4:00 да иккита зековоз 80 нафар маҳбус билан Жаслиқ зонасига кириб келди. Биз келганимизда биздан олдин келган машинадаги маҳбусларни туширишни бошлаш экан.

‒ Первый пошёл! Второй пошёл!.. ‒ деб бақиришяпти.

Қий-чув, бақир-чақир, қийқириқлар…

Мен чиққан зековоздаги маҳбуслар ҳам машинадан тушишга ҳозирлик кўра бошлашди.

Яхшиям менда ҳеч нарса йўқ. Қолганлар ашқол-дашқолини боши узра кўтариб олган, кимлардир сумкасини қидирган…

Тушиш навбати бизга келди.

Мен Устознинг қайси машинага чиққанини билмай қолган эдим.

Бу ғала-ғовурда бақиришдан ҳам фойда йўқ. Ҳар ким “ўзинг учун ўл етим” бўлиб ётибди.

Ҳамма эшик олдига сурилади. Гўё олдинроқ чиқса, улуғ мукофот кутиб тургандай. Фамилиясини ўқиганда чиқса ҳам бўларди. Йўқ, эшикни тўсиб туриши керак. Бошқаларнинг ўтишига халақит бериши шарт қилиб қўйилган буларга.

– Бегжанов! Бегжанов! Қани Бегжанов?– деб бақирди кимдир пастдан.

– Шу ерда! Мен Бегжанов!– деб мен ҳам бақириб жавоб бердим.

Эшик олдида тиқилиб турган оломонни ёриб ўтиб, пастга тушиб олдим.

Тушишим билан “Нимага имиллайсан ҳайвон, курортга келдингми?!” деб елкамга, белимга беш-олти марта резина тўқмоқ билан аямасдан уришди. “Дело” бўйича текширувдан ўтказаётган зобитнинг олдига боргунимча ҳам 10-15 марталаб дуч келган жойимга уришди.

– Фамилия, имя, отчество?! – деб бақирди офицер.

– Бегжанов Муҳаммад Мадаминович, 1954 йилда туғилганман!

– Статья, срок?

– ЖКнинг 158, 159, 216, 242-моддалари билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилганман!

– Йўқол! – деб ўшқиради офицер.

Бу ёғида мени нималар кутаётганини билмайман ва билишни ҳам истамас эдим.

Ўзимни “тирик коридор”га урдим.

Икки томондан дубинкалар дуч келган жойимга ёғила бошлади. Оғриқни сезишни унутиб, жон-жаҳдим билан мўлжалга интилавердим. Мўлжал – тезроқ бу “тирик коридор”дан қутулиш.

Бироқ, “коридор”нинг чеки-поёни йўқдай эди.

Қаерга боришинг лозимлигини ҳам ўша “тирик коридор” кўрсатиб турарди.

“Коридор” бўйлаб иккинчи қаватга тармашаман. Дубинка ёмғири ҳамон тўхтовсиз ва беаёв ёғар эди.

Бу не бахтки, иккинчи қаватга чиққанимда “коридор” тугаб, қаршимда стол пайдо бўлди.

“Ҳайрият-э, қутулдим”, деган ўй ўтди хаёлимдан.

Стол орқасида уч офицер ўтирибди.

Улар:

‒ Бизга қандай шикоятинг бор? Биз врачлармиз. Шикоятинг борми? ‒ деб сўрашди.

‒ Шикоятим йўқ, ‒ деб жавоб қилдим мен.

– Шикоятинг бўлмаса, ечин! ‒ деди биттаси.

Булар мазах қилмоқчи, устимдан кулмоқчи шекилли, деб ўйлаб туриб қолдим.

– Нима, тушунмадингми? Ечин дейиляпти сенга! ‒ деб бақиришди бараварига.

Мен ечина бошладим.

– Ҳамма нарсангни еч, қип-ялонғоч бўл! Ҳамма нарсангни анави уюмга ташла! Тезроқ бўл, имиллама! Камерага чоп, тез бўл!

Яна ўша “коридор”, яна дубинкалар ёмғири.

Қип-яланғоч ҳолда, уялиш нималигини унутганча “мўлжал”ингиз томонга чопасиз.

“Тирик коридор” камера эшиги олдида тугайди.

Эшик олдида алоҳида-алоҳида полга бир кишилик кийим-кечак, бир жуфт читоз[1] тахлаб қўйилган бўлади.

Шу тахламлардан бирини олиб, камерага ўқдай отилиб кириб оласиз ва дубинка ейишдан қутуласиз.

 

Бу маросим “Жаслиқ” зонасига киришнинг “ломка”си дейилади! Яъни, “синдириш” маросими!

Мендан кейин яна ўнтача маҳбусни бизнинг камерага киритишди.

Эшиклар қулфланди.

Коридорда жимлик.

Камерамизда ҳам жимлик ҳукм сурарди.

Ҳаммамиз “бу ёғида нима бўлар экан” деб кутяпмиз.

Бир соатлар сўнг бошқа камераларнинг эшиклари очилиб-ёпила бошлади. Навбат биз ўтирган камерага ҳам келди.

Эшиклар очилиб, уч-тўртта фамилияни ўқишди. Фамилияси чиққанларни хонадан опчиқиб кетишди.

Бир оздан сўнг тағин эшиклар очилди ва мен билан яна икки кишини камерадан чиқариб, қарама-қарши тарафдаги камераларидан бирига киритишди.

Камерадагилар сони биз билан бирга 16 кишига етди. Шконкалар сони ҳам шунча, демак бу ерга энди одам ташламайди. Камерадаги барчамиз бугунги этап билан келтирилганлармиз.

Бу ерда ҳам худди олдинги камерадагидек, кутиш бошланди. Ҳамма ўзининг хаёли билан банд. Жим-житлик.

Бир оздан сўнг камера эшиги шарақа-шуруқ очила бошлади.

Ҳаммамиз ўрнимиздан турдик. Камерага қорақалпоқ лейтенант ва учта войсковой кириб келишди.

– Бугундан бошлаб мен сизларнинг отряднигингизман, – деди ва исм-фамилиясини айтиб ўзини таништирди. – Бу ёғига мен сизларнинг ҳам онангиз, ҳам отангиз бўламан. Нима камчилик, нима гапингиз, нима етишмовчилик бўлса, менга мурожаат этасизлар. Қаерга келганларингни биласизлар, деб ўйлайман. Билмаганлар бўлса, айтай: бу ер сизлар учун охирги станция (“манзил” демоқчи). Шу ерда ўласизлар, шу ерда кўмиласизлар. Бу гапларни шахсан ўзимдан тўқиб чиқараётганим йўқ, бошлиғимиз шундай деган.  Тушунарлими? Кимда қандай савол бор менга? Қаранглар, тартиб-интизом бўлсин, – деб ёнидаги шотирлари билан камерани тарк этди.

Отрядник чиқиб кетганидан кейин камерага “хозбарак”дан[2] ёши элликлардан ошган киши (маҳкум)ни киритишди. У ўзини таништиришни бошлади.

УЧ КУНЛИК «ЎҚИТУВЧИ»

– Йигитлар, менинг исмим Солижон. Наманганнинг Косонсой туманиданман. 97- модда билан ўтирибман. Жазо муддатим 20 йил. Бизни бу ерга 1998 йил бошида олиб келишган эди. Бу ерга келганимизда зонада биздан бошқа ҳеч ким йўқ, шу бинодан бошқа ҳеч қандай иморат ҳам йўқ эди. Зонага киришдаги штабни, учрашув хоналарини биз, ҳозир “хоз”да ишлаётган 35 нафар маҳкум қуриб битказганмиз. Жуда қийналганмиз.Ўзларингиз яхшимисизлар? “Ломка”дан эсон-омон қутулдиларингми?

Камерамиздан бир йигит  унга савол берди:

– Ака, кечирасиз-у, бу камерага нима мақсадда келдингиз ўзи?

– Мени бу камерага юборишларининг сабаби – уч кун ичида сизларга зонанинг ички тартиб-қоидаларини тўлиқ тушунтиришим керак. Агарда уч кун ичида ўргатишга, тушунтиришга улгуролмасам, менга ит азобини беришади. Шунинг учун сизлардан илтимос, айтганларимни эслаб қолишга ҳаракат қилинглар. Мен йўқ пайтда билганларингиз билмаганларингизга ўргатинглар. Шу уч кун ичида бир-бирларинг билан танишиб олинглар, чунки уч кундан сўнг гаплашиш, бир-бирларингга қараш тақиқланади. Агарда гаплашганингиз ёки бир-бирингизга қараганингизни дубак кўриб қолса борми, камерадаги ҳаммани коридорга чиқариб дубинкалайди. Мени ҳам “ўргатмабсан” деб қийнашлари тайин. Шуни ҳам билиб қўйишларингиз керакки, бу зонада дубаклар асосан қорақалпоқ ва қозоқлар. Улар ёшми, қарими, аяб ўтиришмайди, қийнашдан лаззатланишади. Шунинг учун азобланишингизга заррача ҳам сабаб берманглар.

– Солижон ака, менинг исмим Хайрулло, Марғилонданман. Уч кун давомида бу ердаги режимни тушунтираман, дедингиз. Бу ердаги режимни ўрганиш шунчалик қийинми?

– Баъзилар учун қийин, кимдир учун осон бўлиши мумкин. Ҳамма бир хил қабул қилолмайди-ку. Шунинг учун ҳам айтдим-да ҳали: билганларингиз билмаганларингизга ёрдам беринг, деб. Йигитлар, сизларга яна бир гапни айтиб қўяй: мени “козёл” деб ўйламанглар. Мен ҳеч қачон бировга туҳмат ёки бировга нисбатан чақимчилик қилмаганман, тепада Оллоҳ бор. Биламан, ҳаммаларингиз диндор одамларсиз, шунинг учун ҳам аниқ далилсиз танимаган одамингиз ҳақда “бу киши козёл бўлиши мумкин” деган шубҳага боришингиз гуноҳ эканлигини биласиз.

– Ака, мен Шуҳратман, Фарғонадан. Бу зонада қанча одам бор экан, билмайсизми? Промка[3]си-чи, борми?

– Сизлардан олдин икки этап келди, менимча. Сизлар билан 200 тадан ошиқ бўларкан. Олдинги этап билан келганлар ҳозир учинчи қаватда сетка тўқишади. Икки-учта камерадан ташқари ҳамма камералар тепада ишлашади.

Шуҳрат яна савол беради:

– Ака, олдинги этапларни қандай кутиб олишган?

– Йигитлар, келинглар, олдин шу режимларини ўрганиб олайлик. Бўш вақтларимизда уларни ҳам гаплашиб оламиз. Бўладими шундай қилсак?

Камерадаги маҳбуслар Солижон аканинг бу гапини маъқуллашди.

– Унда бошладик, – деди Солижон ва зонадаги режим тўғрисида гап бошлади: – Йигитлар, биринчи навбатда “доклад” қилишни ўрганамиз. Доклад қилинганда камера рақами айтилади. Сизларнинг камерангиз рақами 17, эсдан чиқарманглар…

Солижон ака “доклад” қилишни, “ҳолатлар” (положения)ни, эрталабки уйқудан туриш, уйқуга ётиш, сайрга чиқиш, ҳаммомга қандай бориш, сайрга чиқиш, камерада тинтув пайтида нима қилиш кераклиги ва бошқа тартиб-қоидалар тўғрисида гапирди, тушунтирди.

‒ Шу уч кун ичида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон мадҳияларини ёдлаб олишларингиз керак бўлади, ‒ деди. Сўнгра гапида давом этди: – Мени ҳозир тушлик қилдиришга олиб кетишади. Тушликдан кейин сизларга қорақалпоқ гимнини олиб келаман. Биргалашиб ёдлаймиз. Ҳозир сизларга ҳам овқат келтиришади…

Куннинг иккинчи ярмида камерамиздагилар ўзбек ва қорақалпоқ гимнларини машқ қилишди. Баъзи бирлари қорақалпоқ гимнини ёдлаб олишга ҳам улгуришди…

Яна икки кун давомида Жаслиқ зонасидаги режимнинг икир-чикиригача тушунтириб берган Солижон ака, биз билан хайрлашиш олдидан  биздан олдин келган этаплар ҳақида сўзлаб берди.

Унинг айтишига қараганда, биздан олдин келган икки этапнинг ҳам “ломка”си даҳшатли бўлган. Калтакдан ўлганлар, бир умрга майиб бўлганлар ҳам бўлган экан. Шунинг учун ҳам бизнинг этап “ломка”си олдинги этаплар “ломка”сига қараганда “шоколад” эмиш.

Солижон аканинг айтишига қараганда, Жаслиққа биринчи этап 1999 йил ноябр (декабр?) ойида бўлган экан. Биринчи этапдаги маҳбусларни (80 нафар маҳбус) ғайритабиий услубда, яъни ҳар бир маҳкумни алоҳида матрас ичига ўраб, матрас устидан тиконли сим билан чандиб боғланган ҳолда АН-12 ҳарбий юк учоғига ортиб бу ерга олиб келишган экан. Унинг эшитишига қараганда, биздан олдин келган этапларда 50 кишидан ортиғини шахсан Каримовнинг буйруғига кўра шу ерда ўлдиришган экан.

Солижон ака гапи сўнггида:

‒ Биродарлар, биз энди қайта кўришамизми-йўқми, буниси Оллоҳга аён. Гапларимни омонат сифатида айтдим, сизларни мусулмон деб, имон-эътиқодли деб ишониб айтдим. Сиёсатга аралашмасам-да, мен ҳам Ислом Каримовни сизлардан беш-баттар ёмон кўраман. Бунинг сизлар билмаган сабаблари бор, уларни сизларга гапириб ўтирмайман. Бу ердагилар унга (Каримовга) ит каби содиқлар. Айниқса зона бошлиғи (майор Бобожонов) Каримовни “Менинг ҳақиқий отам!” дейди. Агарда улардан бири мен айтган гаплардан хабардор бўлса, шу куни мени ўлдиришади. Шунинг учун, илтимос, менга ёмонлик истамасаларингиз, ўзларингиздан бошқа  ҳеч ким буни билмасин. Эртадан бошлаб сизлар учун оғир ҳаёт бошланади, бунга тайёр туришларингиз керак. Ҳар қандай оғир вазиятда ҳам бир-бирларингизни сотманглар, аксинча, суянчиқ бўлинглар. Оллоҳ ёрдамчиларингиз бўлсин, биродарлар. Барчамизга тўйларда кўришиш насиб этсин. Хайр, омон бўлинглар, – деб хайрлашди ва камера эшигини қоқди.

Ҳеч ким келмагач, мушти билан янада қаттиқроқ урди.

Коридордан “Қайси камера?” деган овоз эшитилди.

Солижон ака камера номерини айтди.

Эшиклар очилди ва “уч кунлик ўқитувчимиз” чиқиб кетди.

Шу бўйи у билан қайта учрашиш менга насиб қилмади.

ЖАСЛИҚ ЗОНАСИДАГИ «ҲОЛАТЛАР»

Солижон ака айтишича, зонада 11 ҳолат (положения) жорий қилинган. Қуйида Жаслиқ колониясидаги ўша ҳолатларни санаймиз:

1-чи ҳолат – Камера эшиги очилганида камерадагилар ўринларидан туради ва ўнг қўлини кўксига қўйиб саломлашади. Навбатчи маҳкум офицерга камерадаги ҳолат тўғрисида ахборот беради;

2-чи ҳолат – маҳкумлар тик турган ҳолда жўр бўлиб президент Каримов ва зона бошлиғи номига ҳамду санолар айтади, ўзлари содир этган жиноятларидан пушаймонлигини билдиради ва президент Каримовдан кечирим сўрайди ва ҳоказо.

3-чи ҳолат – эшик очилмасидан олдин коридордан туриб 3-чи ҳолат эълон қилинганида камерадаги маҳкумлар эшикка орқа қилиб 4-чи ҳолатда ўтиришлари лозим бўлади.

4-чи ҳолат – продолнинг[4] ўнг томонида 8 ва чап томонида 8 киши қўлларини бўйни устига қўйиб, боши пастга эгилган ҳолда, оёқ устида ўтирилади.

5-чи ҳолат – бунда 4-чи ҳолатдан чиқиб полга ўтирилади ва оёқларга 5 дақиқа мобайнида дам берилади.

6-чи ҳолат – бир оёқни тиззадан букиб, иккинчи оёқда тикка турилади.

7-чи ҳолат – бир оёқни кўтариб олдинга узатган ҳолда бир оёқда тикка турилади.

8-чи ҳолат – “шмон” (тинтув).

9-чи ҳолат – Ўзбекистон Республикаси давлат гимни жўр бўлиб айтилади.

10-чи ҳолат – Қорақалпоғистон Республикаси гимни жўр бўлиб айтилади.

11-чи ҳолат – деворга ўгирилиб, қўлларни юқорига кўтарган ҳолда деворга таяниб турилади. Бу ҳолат, асосан сайрга чиққанда, ҳаммомга чиққанда ва соч-соқол олдиришга чиққанда ишлатилади.

«ОҒИР ҲАЁТ»

БИРИНЧИ КУН

2000 йил 27.04. УЯ 64/71. Жаслиқ. 17-камера.

Ҳақиқатан ҳам, Солижон ака айтганидек, эртасига биз учун янги, ўта оғир ҳаёт бошланди. Эрталабдан камерамизга зона бошлиғи шотирлари билан кириб келди. Навбатчи маҳбуснинг “доклад”идан сўнг бошлиқ шотирларидан бири:

– Бегжонов ким? – деб сўради.

– Мен Бегжонов, гражданин началник! – деб эшик олдига келдим.

Зона бошлиғи майор Бобожонов кўзимга тик боқиб, диққат билан мени кузатиб чиқди. Мен ҳам унинг кўзига тик боқиб қараб туравердим. Бобожоновнинг шотирларидан бири:

‒ Жуда ўхшар экан, ‒ деди бошлиғига.

Бобожонов миқ этмади ‒ шу турганича қотиб тураверади.

– Бор, жойингга тур! – деди сўнгра.

– Хўп бўлади, гражданин началник! – дедим аскарчасига ва жойимга бориб турдим.

Жаслиқ лагери бошлиғи майор Бобожонов билан шу тариқа танишиб олдик.

Бошлиқ кетгач, орадан беш дақиқа ўтиб-ўтмай, эшикдаги дарча очилди ва коридордаги дубак:

‒ Бегжонов, бу ёққа кел, тирноғингни кўрсат! ‒ деди.

Эшик олдига келдим.

‒ Қўлингни чиқар кормушкадан, темирнинг устига қўй, тирноғинг ўсганми, йўқми, текшираман!

Ўнг қўлимни дарча эшикчаси устига қўйдим. Қўлимга қаттиқ зарба келиб тушди. Оғриқдан “Воҳ, онангни!..” деб сўкворганимни билмай қолдим.

Дубак жаҳли чиқиб кетди, шекилли:

– Э-э-э, сен мени онамни сўкдингми? Қўлингни чиқар! ‒ деб бақирди.

– Чиқармайман, бор, қаерга борсанг бор!

– Бегжонов! Яхшилик билан айтаман, чиқар қўлингни!

– Чиқармайман, дедим сенга!

Камерадошларим ҳаммаси 4-чи ҳолатда ‒ оёқ устида, қўлларини бўйни устига қўйган ҳолда пастга қараб ўтиришар эди. Дубак айтганидан қолмай, янада қаттиқроқ бақира бошлади:

– Бегжонов! Охирги марта қайтараман, чиқар қўлингни! Ҳозир войсковойларни чақираман! Ўзингни ҳам, камерадаги сафдошларингни ҳам дабдаласини чиқаришади, тушундингми!?

Йигитларга қарайман. Ҳаммаси қандай ўтирган бўлса, шу ҳолича пастга қараб ўтирар, ҳеч қайсиси мен томонга бошини кўтариб қарамас эди. Уларга раҳмим келиб, қўлимни дарчадан чиқардим.

Қўлимга яна зарба тушди. Эшик ортида турган ваҳший бақиришда давом этди:

– Чиқар қўлингни! Ўзим “бўлди, бор жойингга” демагунимча чиқарасан қўлингни, тушундингми?!

Бу сафар чап қўлимни чиқариб дарча эшиги устига қўйдим. Яна зарба, яна ва яна…

Ҳар қўлимга бештадан дубинка урганидан сўнггина ваҳший:

‒ Бўлди, бор, ўтир жойингга! ‒ деди.

Жойимга келиб ўтирдим.

Иккала панжам ҳам ёстиққа ўхшаб шишиб кетди.

Қўлларимни бўйнимга қўёлмайман.

Оғриқ пасайиш ўрнига янада қаттиқроқ азоб бера бошлади.

Чамаси ярим соатлар ўтиб, бармоқларим букилмайдиган ҳолатга келди.

Ўнг қўлимдаги жимжилоқ бармоғим синганини суяк терини ёриб ташқарига чиқиб турганидан билдим.

Солижон аканинг кечаги айтганлари тўғри чиқаётган эди.

Буни мен зона бошлиғи майор Бобожоновнинг менга чексиз нафрат билан қараганиданоқ сезган эдим.

Айни чоқда, ҳали бу бошланиши ‒ “хамир учидан патир” эканини ҳам билиб турардим.

“ИИВ ертўласида қанчадан-қанча азоб-уқубатга бардош бердим, тўққиз кун ўлим билан олишиб ётдим ва Оллоҳнинг қудрати билан яна ҳаётга қайтдим. Иншаоллоҳ, сенларнинг қийноқларингни ҳам енгиб ўтаман!” дердим ичимда ўзимга ўзим.

Камера эшиги яна шақир-шуқур очила бошлади.

Коридорда турган дубак “Учинчи ҳолат!” деб бақирди. Ҳаммамиз ўрнимиздан сакраб туриб, эшикка орқа қилиб, яна тўртинчи ҳолатда ўтириб олдик.

Кимдир эшик томондан учта фамилияни ўқийди.

Албатта, чақирилганлар ичида мен ҳам бор эдим.

– Кимнинг фамилияси ўқилган бўлса, коридорга чиқсин! ‒ деб бақирди ўша овоз.

Учаламиз олдинма-кетин бир қатор бўлиб, ярим эгилган, қўлларимизни бўйнимизга қўйган ҳолда, орқа билан юриб эшикка яқинлашдик.

Тўхтадик. Турибмиз. Ўртада мен.

Войсковойлардан бири эшикка яқин турганни эмас, орқада қолганни бошига дубинка билан уриб?

‒ Сен чиқ! ‒ деб ўшқирди.

У орқаси билан юриб коридорга чиқди. Дубинкаларнинг тапир-тупур саси чиқди.

Иккинчи бўлиб эшик олдида турганни чиқаришди. Дубинкалар саси такрорланди.

Охирида менинг бошимга дубинка учи билан уриб:

‒ Чиқ! ‒ деди войсковой.

Эшикдан чиқишим билан дубинкалар ишга тушди.

– Қўлингни бўйнингга қўй! ‒ деб ҳайқирди бири.

Бошқаси:

‒ Вой-бў, қўлига нима бўлган буни? Шишиб кетибдими? Эй, қўлингга нима бўлди сенинг? ‒ деди.

Мендан олдин чиққанларни обкетиб бўлган, коридорда мен ва учта войсковой қолганмиз.

Войсковойлардан бири иккинчисига:

‒ Бор, олиб бор буни капитаннинг олдига! ‒ деди.

– Қўлларингни орқага қилиб, бошингни эгиб қадам бос! – деб ўшқирди буйруқ олган войсковой.

Бир коридордан иккинчисига ўтиб, ўнгга қайрилдик. Бир оз юрганимиздан кейин бир кабинет эшиги олдида тўхтадик.

Войсковой эшикни тақиллатиб, мени келтирганини айтди. Сўнгра менга:

‒ Кириб доклад қил! ‒ деди.

Мен кабинетга кирдим.

– Гражданин начальник, мен маҳкум Бегжонов… буйруғингизга бинон ҳузурингизга келдим! – дедим.

Кабинетда бир эмас, иккита капитан ўтирган эди. Бири сариқ[5] башара қорақалпоқ, иккинчиси узун бўйли ва юзи чўтир ўзбек.

Сариқ капитан:

– Хўш, жаноб Бегжонов! Сен ҳозир бизга қамалмаган шерикларинг устидан маълумотнома ёзиб берасан. Улар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Сен учун шунча яхши, мен учун эмас, тушундинг-а?! Мана ручка, мана қоғоз. Кел бу ёққа, ўтир. Чиройли қилиб, по-порядку ёз. Тушундингми, Бегжонов?

– Тушундим, гражданин началник, лекин… менинг қамалмаган шерикларим қолмаган. Ҳаммаси қамалган, гражданин началник.

Чўтир капитан гапга қўшилди:

– Ҳа, бобой! Қаерга келганингни унутдингми дейман? Бу зонада алдаш мумкин эмаслигини эшитмаганмисан? Қани, бир чеккадан бор ҳақиқатни ёз-чи, қариндошларинг ичида қамалмаганларидан кимлар бор ва улар ҳозир қаерда яшашади, нима иш қилишади, кимлар билан борди-келдиси бор, ҳамма-ҳаммасини ёз!

– Ҳеч ким сизларни алдаётгани йўқ, гражданин началник. Мен бор гапни айтдим. Ҳамма танишларим, қариндошларим қамоқхоналарда ўтиришибди.

Сариқ капитан чўтирига:

– Анавилардан бирининг дубинкасини олиб кел, ҳозир ўзи эланиб-ялвориб ёзиб беради, – деди.

Чўтир дубинка олиб келди, мендан назарини узмай, дубинка учи билан қорнимга ниқтади. Иккинчи, учинчи бор шундай қилди…

Сариқ менга ўшқирди:

– Тур ўрнингдан! Полга ўтир! Читозингни еч! Оёқларингни олдинга ташлаб ўтир! Санаб ўн дубинка ейсан, бу сенинг ҳозирчалик норманг бўлади! Ўзингга келиб, “Бўлди, акалар, ҳаммасини сизлар хоҳлагандай қиламан”, деб айтмагунингча, ёлвормагунингча дубинкалаймиз. Қани, ўтир!

Читозни ечиб полга ўтирдим.

Чўтир капитан қўлида дубинкани ўйнатиб:

– Қани, бобой, оёқларингни би-и-и-р массаж қилиб қўяй. Мен “дубинка массаж”нинг профессионали бўп кетганман. Ҳали-вери ўлмасанг, менинг массажимни узо-о-қ вақт эслаб юрасан. Қани-қани, оёқларингни жуфтлаб ол… Ҳа, ҳа, шундай. Ҳозир, ҳозир… Бир!.. Икки!.. Бобой, додламай ўтир! Кайфни синдиряпсан! Уч!.. Бақирма дедим сенга! Тўрт!.. Яхши… Ёқяптими массаж, бобой?! Беш!.. Ўн!

Сариқ капитан ўтирган жойида ишшаяр эди. Гап қотди:

– Бу бобой чатоқ чиқди. Ўн дубинкани ҳазм қилворди-я. Қойил, бобой! Гап йўқ сенга! Так держать. Ўлигингни ўзимиз уйингга посилка қилиб юборамиз.

Чўтир капитан сариғига:

– Олдингилар икки дубинкани еб тайёр бўлаверарди. Биттаси ҳам беш дубинкадан ортиғига чидолмаган. “Вой-дод, акажон, илтимос, бошқа урманг!” деб тиз чўкиб ёлворган эди. Бу бобой гордий чиқди. Ничего! Буни ҳам эртага синдирамиз. Ҳа, бобой, шундайми? Эртага синасанми? Синаса-а-н, синмай қаерга ҳам борардинг, бобойча! Сендан зўрроқларини ҳам синдирганмиз, – деди ва хо-холаб кулди…

Мени камерага олиб келишди.

Тушлик келтирилди.

Оёқларим шишиб кетганидан читозга сиғмай қолди. Читозни ечиб орқага қўйдим.

Буни кўриб қолган дубак мени эшик олдига чақирди ва нимага читозни ечганимни сўради.

Мен унга оёқларимни кўрсатдим. Шунда дубак:

‒ Бор, жойингга ўтир! ‒ деди.

Бу дубак олдинги итларга ўхшамас экан. “Бор, жойингга ўтир” дейиш билан чекланиб қўяқолди.

Камерага овқат тарқатилди.

Менда иштаҳа ўлган, лекин овқатланишга мажбур эдим.

Эшик “кўз”идан мўралаб турган дубак ким нима қиляпти – ҳаммасини кўриб турибди. Ҳар қандай шубҳали ҳаракатни кўздан қочирмайди. Лекин барибир олдингилардан бошқача экани ҳам билинар эди.

Мен эшикдан киришда чап томонда, иккинчи бўлиб ўтирибман. Эшик “кўз”ига яқин жойда.

Овқат пайтида ҳамма 5-чи ҳолатда ўтиради. 5-чи ҳолат дегани – полга думбани ташлаб, оёқларни олдинга узатган ҳолда ўтириш.

Икки болдир орасига овқат идишини қўйиб овқатланилади.

Ҳар икки соатда 5-чи ҳолат эълон қилинганида, думбани полга қўйиб оёқлар чўзилади.

Бир сўз билан айтганда, оёқларга беш  дақиқа дам берилади.

Ҳозир эса, биз овқат пайтидаги 5-чи ҳолатдамиз.

Ҳамма овқатланяпти. Мен қошиқни ушлаёлмай қолган эдим. Бармоқларим букилмайди.

“Кўз”дан мўралаб турган дубак:

‒ Чапдан иккинчи (яъни, мен), нега овқатланмаяпсан? ‒ деди.

Мен қўлларимни кўрсатдим.

‒ Бир иложини  қилиб ейиш керак, оч қоласан-ку, ‒ деди дубак.

“Булар ичида ҳам яхшилари учрайди”, деб қўйдим ичимда.

Дубак айтганидек, “бир иложини қилиб” овқатнинг шўрвасини ичдим…

Овқатдан сўнг ҳамма 4-холатга ўтди.

Икки соат оёқ устида ўтиравериб, қон айланмасликдан оёқлар уюшиб қолди. Камера йўлагининг чап ва ўнг томонида саккизтадан маҳбус. Уларнинг ичида фақат мен думбани полга қўйиб ўтирибман. Навбатчи кўраяпти, лекин гапирмади.

Навбатчи дубаклар ҳар икки соатда алмашиб туришади.

Ҳали барча навбатчи дубаклар билан “танишиб” улгурмаганмиз. Ҳозирча учтасидан биттаси бошқаларига нисбатан яхшироқ чиқди. Шунга ҳам шукр.

Ҳар икки соатда беш дақиқа 5-чи ҳолат беради. Беш дақиқа ўтиб, яна 4-чи ҳолатга қайтилади. Бундай ўтириш кечки овқатгача давом этиб, овқатдан сўнг эса, уйқуга ётиш эълон қилинишидан 15 дақиқа олдин тўхтатилади. Қолган 15 дақиқа камера ичида сайрга ажратилади.

Сайрдан сўнг уйқуга ётиш эълон қилинади. Беш сония ичида ҳаммамиз ўз жойимизда кўзларимизни юмган ҳолда ётишимиз лозим бўлади.

Шундай қилиб, “оғир кунлар”нинг биринчиси ҳам ўтди.

Бугун бошимдан кечирган воқеаларни хаёлан таҳлил этишга киришдим.

Оёқ тагига келиб тушган тўқмоқ оғриғи миямга чақмоқ каби урилди. Гўё бу чақмоқ чиқиб кетишга йўл тополмай миямнинг қоқ марказидан тешиб ўтгандай бўлди. Дафъатан “Воҳ!” деб юборган ҳайқириқ товушим бир неча сония самода муаллақ қолгандай туюлди.

Бундай азоб таъмини ИИВ ертўласида ўтирган ҳар бир диндор, ҳар бир сиёсий тутқин тотиб кўрганига шубҳа йўқ.

Бундай азоблаш тури олдида бошқа қийнаш усуллари (бошга елим қоп кийгазиш, тинчлантириш кийими кийгазиш, музлаткич ичига қамаш, думба-баданга дубинка билан уриш, тепкилаш, муштлаш, ҳатто тирноқ қўпориш ва ҳ.к.лар) арзимасдек туюлади.

Чунки уларни унутиш оёқ тагига уришдан кўра тезроқ унутилади. Оёқлар тагидаги оғриқ эса…

Бу азоб-уқубатлар энди унутила бошлаганида, унинг қайта такрорланиши ҳар қандай мана-ман деган одам юрагига ғулғула солади, қўрқув уйғотади, ўзига ишончсизлик туғдиради: “Сени ҳам эртага синдирамиз”; “Сендан зўрроқларини ҳам синдирганмиз…”

Қалбдаги биринчи овоз:

“Наҳот сен ҳам эртага оғриққа дош беролмай бу ит эмганлар олдида тиз чўкишга мажбур бўлсанг?! Нимага титраяпсан ўзи?! Қўрқяпсанми?! Ҳа, ҳа! Қўқяпсан, эртаги кундан қўрқяпсан! Эртаги азобдан қўрқяпсан! Сен қўрқоқсан, қўрқоқ!..”

Иккинчи овоз:

“Сен ҳар қандай азобга чидашинг керак! Сен қўрқоқ эмассан, кучуклар олдида тиз чўкмайсан! Сендан ўн карра ортиқ азоб чекканлар бор, улар синмади! Нега сен синишинг керак?! Қўрқма, Оллоҳ сен билан! У сени қўриқлайди! Синишингга йўл қўймайди!..”

ИККИНЧИ КУН

2000 йил 28.04. УЯ 64/71. Жаслиқ. 17-чи камера.

Бу чўли биёбоннинг қоқ марказида тонг отиши қандай манзара касб этишини кўриш биз маҳкумларга насиб қилмаган. Чунки биз бу хилватга дам олиш, тонг отишини томоша қилиш учун келмаганмиз. Бизни бу ерларга Каримов режими сургилаб келтирди…

Соат эрталабки 5:00.

Коридордаги навбатчиларнинг бараварига “Подъём! Подъём!” деган бақриқлари остида биз маҳкумлар беш сония ичида ҳам кийиниб, ҳам сафга туришимиз керак бўлади. Яхшиям, биз маҳкумларга тўшак ва ёстиқдан бошқа ҳеч нарса берилмаган. Шунинг учун, оёқ кийимидан бошқа кийиниш-ечиниш зарурати йўқ.

Эшик “кўз”и орқали саноқ ўтказган навбатчи войсковой бизга ҳожатга чиқиш, юз-қўлни ювиб эрталабки нонуштага тайёргарлик кўриш учун 10 дақиқа вақт беради. Шу ўн дақиқа ичида камерадаги 16 киши ҳаммасига улгуриб сафга туриши лозим. Камерадаги навбатчи маҳкум бу тўғрида навбатчи дубакка ахборот беради.

“Яхши” дубак навбатчилик қилаётган бўлса, “завтрак” келгунга қадар 5-чи ҳолат эълон қилади, бошқалари 4-ҳолат бериб оёқ устида ўтирғизиб қўяди.

Бугун “оғир ҳаёт”нинг иккинчи куни.

Эрталаб нонуштадан сўнг навбатчи дубак менинг оёқ кийимсиз ўтирганимни кўрди.

‒ Чапдан иккинчи, бу ёққа кел! ‒ деб буюрди.

Эшик олдига келдим.

– Нимага читозсиз юрибсан? ‒ деб сўради.

Мен унга оёғим шишиб кетгани учун читозга сиғмаётганини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Лекин бу товуқмия тушунишни истамади. Шу битта саволни қайта-қайта такрорлашдан чарчамади.

Бу эси пастнинг ғинғиллаши асабга тега бошлади ва ортиқ унга жавоб бермай қўйдим. Кўзига лўқ этиб қараб туравердим. Икки-уч маротаба саволига жимлик билан жавоб олган товуқмия ниҳоят ёрилди:

– Қўлингни кормушкадан чиқар!

Бир оғиз ҳам гапирмай, қўлимни дарчадан чиқариб, темир устига қўйдим. Қўлимга урди. Мен қўлимни тортиб олмадим.

– Нариги қўлингни чиқар! Бунингни торт!

Мен у айтганидай қилиб ўнг қўлимни чиқардим. Бунисига бир дубинка уриб:

‒ Бор, жойингга ўтир, читозни кий! ‒ деди.

Мен эшик олдидан кетмадим:

‒ Оёғим читозга сиғмайди… Қўлимни чиқарайми? ‒ дедим.

‒ Бор, ўтир жойингга! ‒ деди товуқмия.

Келиб жойимга ўтирдим. Ичимда: “Кун бошланиши ёмонмас. Биринчи “синов” арзимас бўлса-да менинг фойдамга, қолган “синов”лар ҳам қанчалик оғир бўлмасин, иншаоллоҳ, менинг фойдамга бўлажак!” дея ўзимга далда бердим.

Соат саккизларда ДПНК эрталабки текширишга келди.

Камера 1-чи ҳолатга кирди.

Камера бўйича навбатчи маҳкум ДПНК бошлиғига ахборот берди:

‒ Мен, маҳкум… 17-чи камерада 16 нафар маҳкум бор… ҳаммаси жойида… муассаса бошлиғидан миннатдормиз… овқатлар яхши, шароитлар яхши, ҳеч қандай эътироз йўқ, арз ва шикоятлар йўқ… президентимизга минг раҳмат… президентимиз олиб бораётган сиёсат тўғри… бизнинг президентимиз чиқараётган қонунлар энг адолатли… ва ҳоказо ва ҳоказо…

Шундан сўнг  саф тартиб саноғи (маҳкумлар сафдан бир қадам олдинга чиқиб ўзининг рақамини айтади) бўлди. Саноқдан кейин яна ўша 4-чи ҳолатга ўтилди…

Соат эрталабки ўнлар чамасида камера эшиклари очила бошлади ва 3-чи ҳолат эълон қилинди. Ҳамма бараварига ўрнидан сапчиб туриб, деразага томон қайрилиб, 4-чи ҳолатга кирди. Фамилиялар ўқилди.

Мен ва яна икки маҳбус ўрнимиздан туриб эшик томонга юрдик. Кечаги ҳамроҳларим ўрнига бошқаларини танлашибди. Бугун ҳам кечагидай, янги ҳамроҳлар ўзларига тегишли “улуш”ларини олиб, мендан олдин чиқиб кетишди. Навбат менга келди. Войсковойларнинг каттаси навбатчи дубакдан сўради:

– Нега бу оёқяланг? Оёғига нима бўлган бунинг, ёстиқ бўп кетибди-ку?

Навбатчи дубак гапирмасдан боши билан оперлар кабинети томонга ишора қилди ва:

– Шу туришида олиб бораверинг, оёғига читози сиғмаса биз айбдормас-ку,– деди.

Оқсоқланиб ташқарига чиқдим. Негадир бугун войсковойлар мени калтаклашмади ва оперлар кабинетига ялангоёқ ҳолда олиб боришди.

Кабинетга кириб доклад қилдим. Бугун ҳам кечаги турқи совуқлар экан.

Сариқ капитан чўтирига:

– Анавининг дубинкасини олиб қол, кетиб қолмасин, – деди.

Чўтир чиқиб, анчагача қолиб кетди. Столи устидаги қоғозларини титкилаб ўтирган сариқ менга қарамасдан:

– Хў-ў-ш, ким эдинг, Бегжоновми?

Менинг жавобимни кутмасдан:

– Қандай энди? Яхши дам олдингми? Оёқлар қалай, оёқлар? оғримаяптими?

Мен жим туравердим. Кабинетга дубинка кўтариб чўтир кириб келди ва сариқдан:

‒ Бу нимага турибди? Ўзидан билиб тайёр туришни билмасмикан? ‒ деди.

Сариқ ўзининг қоғозлари билан банд бўлиб, чўтирнинг гапига унча эътибор бермади. Шунда чўтир “масъулият”ни ўз қўлига олиб:

– Қани, бобой, марҳамат қилсинлар. Чиройли қилиб ўтириб олинг-чи, – деди. Шу алпозда кўзи оёғимга тушди. – Ие, манавини қара, ялангоёқ келибди-ку бу ерга!

Сариқ қоғоз титкилашдан тўхтаб, оёқларимга қаради, сўнгра чўтирга сирли қараш қилди. Қайта менга ўгирилиб, деди:

– Бегжонов, нима қиламиз, кечагини ёзиб берасанми ёки “супер массаж”ни маъқул кўрасанми?

– Гражданин началник, менинг ёзиб берадиган нарсам йўқ, бўлмайди ҳам!

– Ҳай майли, демак, массажни давом эттирамиз бўлмаса, – деди сариқ ва чўтирга:

– Чиройли қилиб бешта дубинка бер, шунинг ўзи етади бунга. Оёғининг шиши қайтганидан кейин яна планкани кўтарамиз, – деди.

Чўтир дубинканинг учи билан оёқларимга уриб кўриб, ҳиринглади:

– Оғрийдими? Роса таранглашибди ўзиям, шунақангги массажбоб бўпдики, асли қўяверасиз! Тирсиллаб турибди-я, вах-вах-вах!..

“Оллоҳ, Ўзинг мадад бер менга!” деб ёлбораман ичимда.

– Бобой, кетдикми? Қани, бешта бўлса, бешта-да! Мана, бир!!! Мана, икки!!! Мана, уч!!!

Учинчи зарбада оғриқдан ‒ бошқа оғриқларга қараганда “фарқли” оғриқдан “Воҳ!” деб ўрнимдан сакраб туриб кетганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Бу сафарги оғриқ гўё кўзларимдан ҳам отилиб чиққандай туюлди менга…

Чўтир қўрқиб кетиб столнинг нарига томонига, сариқнинг пинжига тиқилиб олади. Сариқнинг рангги оқарди. Менинг важоҳатим қўрқинчли бўлган шекилли, бу икки офицер анча вақтгача шу қотганича туриб қолди.

Сариқ бир оз ўзига келганидан сўнг чўтирга:

‒ Бор, анавини чақир, обкетсин, ‒ деди.

На сариқ, на чўтир менга бир оғиз ҳам гапирмади.

Чўтир войсковойни олиб кирди.

Войсковой ҳам “Кетдик”дан бошқа бир сўз демай мени олиб кетди…

Бу воқеадан сўнг уч кунгача ҳеч ким менинг “мушугимни пишт” демади. Коридордагилар ҳам асабга тегишни тўхтатишди…

ШАНБА – ЖАСЛИҚДА «ҲАММОМ» КУНИ

Май ойи бошида биз маҳкумларни бу зонанинг “ҳаммом”и билан таништиришди:

– 17-чи камера! Ҳаммомга тайёрлан! – деган чақириқ янгради.

 Ҳамма қип-яланғоч бўлиб ечинди. Қўлига фақат сочиғини олиб камера эшиги олдида саф тортиб турилди. “Деворга бурил!” деган буйруқ бўлиши билан деворга қараб, яланғоч думбаларни дубинка учун “шайлади”.

Ҳар ким думбасига 5-6 дубинкадан еганидан сўнг, коридорнинг ўртасида бир қатор бўлиб сафланди ва “Баняга томон бегом!” деган буйруқни кута бошладик.

Мен югура олмаганим учун сафнинг энг охирида турибман.

Буйруқ янгради ва камерамиз маҳкумлари узун коридорнинг охиридаги эшик томон чопишди…

Ҳар бир камера учун “ҳаммом” вақти бор-йўғи 9 (тўққиз!) сония. 16 (ўн олти!) киши ечиниш хонасига йиғилганидан сўнг, ҳаммомга жавобгар дубаклар олти киши аранг сиғадиган “Баня”га камерамизнинг ҳамма маҳкумини киритади. Дубаклардан бири “Баня  бошланди” деб эълон қилади ва тўққизгача санайди.

Бу “баня”да учта душ бор, ким ўша душлар тагида туриб қолган бўлса, шуларнинг баданига сув тегади, қолган 13 (ўн уч!) киши қандай кирган бўлса, шундай қуп-қуруқ чиқади.

Тўққиз сонияда ҳамма “чўмилиб” бўлди ва кийиниш хонасида тўпланди.

‒ Коридорга чиқиб бир қатор бўл ва деворга ўгирил. Пайкангни (бешта дубинка думбага ейишни назарда тутади) олганинг 17-чи камера томон бегом! ‒ деган буйруқ бўлади.

Камерага келгач, войсковойларнинг каттаси сўрайди:

– Баня қандай бўлди, мужиклар?

Камерадагилар бараварига:

– Зўр бўлди, гражданин началник!

– Ювинмаганлар борми?

– Йўқ, гражданин началник, ҳамма ювинди!

– Совунлаб ювиндингларми?

– Ҳа, гражданин началник, совунлаб ювиндик!

– Бизга арз ёки шикоятларинг йўқми?

– Йўқ, гражданин началник, ҳеч қандай арз-шикоятимиз йўқ.

– Шикоятларинг йўқ бўлса, соч-соқолни олдиришга тайёрланинг… Соч-соқолингизни совунлаб яхши юмшатинг.

– Хўп бўлади, гражданин началник!

ЖАСЛИҚДА СОЧ-СОҚОЛ «АМАЛИЁТИ»

Жаслиқ зонасининг маҳкумлари ҳафтанинг шанба кунидан ўлгудек қўрқишади. Чунки бу кун улар учун ўта оғир кун ҳисобланади. Ўзи шундоқ ҳам ҳар куни еб турган калтаклари камлик қиладигандек, устига яна “ҳаммом” ва “соч-соқол” каби қийноқ турлари қўшилади.

Соч-соқол олдириш учун камера маҳкумларидан уч киши соч ва соқолини жўмракдан оқаётган шўр сув билан “яхшилаб юмшатади”. Бошқа камерадан “сартарош”ликка учта маҳкумни олиб келишади. Уларнинг қўлларига бир марталик тиғи ўтмас устара беришади ва коридорда 5-чи ҳолатда ‒ оёқларини керган ҳолда пастга қаратиб ўтирғизиб қўйишади. Ҳар бир “сартарош”нинг ёнига иккитадан войсковой бирикитирилади. Улардан бири “сартарош”нинг, иккинчиси соч-соқол олдираётганнинг “хато”ларини “тўғрилаб” туради. Бу дегани – “сартарош” жўрттага соч олмаётганликда айбланиб калтак ейди, соч-соқол олдираётган эса, соч-соқолини ивитмаганликда айбланиб калтак ейди.

Бундай ғаройиб “амалиёт”дан сўнг камерадагиларнинг барчаси айиқ чангалидан қутилган овчига ўхшаб қоладилар. Яъни уларнинг соч-соқоли эмас, териси шилиниб, бошию афт-башараси қонга беланади. “Амалиёт” сўнгида:

– Беш дақиқа вақт. Ҳамма юз-қўлини ювиб, сафга турсин! – деган буйруқ бўлади.

Қонга беланган 16 та маҳкум 5 дақиқа ичида ювиниб-артиниб сафга туриши керак бўлади. Агарда биронта маҳкум сафга бир сония кечикса, “амалиёт”нинг давоми коридорда давом эттирилади. Агар ҳамма вақтида сафга туришга улгурса, “амалиёт” қандай ўтгани ҳақида сўров ўтказилади.

ДПНК бошлиғи ёрдамчиси, войсковойлар бошлиғи сўровни бошлайди:

– Мужиклар, кайфиятлар қалай?

Маҳкумлар жўр бўлиб жавоб беради:

– Кайфиятлар аъло, гражданин началник!

– Соч-соқоллар яхши олиндими?

– Яхши олинди, гражданин началник!

– Ҳеч ким қийналмадими, иш қилиб?

– Йўқ, гражданин началник, ҳеч ким қийналмади!

– Мойкалар[6] ўткирмикан? Тирнамадими?

– Мойкалар ўткир, тирнамасдан жуда силлиқ олди, гражданин началник!

– Ўнгдан олтинчи! Бу ёққа кел! Юзинг, бошинг нимага тирналган?

– Йиқилиб тушдим, гражданин началник!

– Қаерга йиқилдинг, полгами?

– Ҳа, гражданин началник, полга йиқилиб тушдим!

– Полга йиқилган бўлсанг, башаранг кўкармабди-ку, нимага алдайсан?

– Алдаганим йўқ, гражданин началник, полга йиқилиб тушдим!

– Алдамаяпсанми? Ростданам полга йиқилдингми?

– Худди шундай, гражданин началник, полга йиқилиб тушдим!

–  Маладес, мужик! Хўш, бизга эътирозлар борми, мужиклар?

– Йўқ, гражданин началник, сизларга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ!

– Колония бошлиғига шикоятлар борми?

– Йўқ, гражданин началник, колония бошлиғига эътирозимиз йўқ!

– Колония бошлиғининг олиб бораётган ишлари қониқарлими?

– Ҳа, гражданин началник, колония бошлиғининг олиб бораётган ишларидан мамнунмиз! Овқатлар яхши! Шароитлар яхши! Камчиликлар йўқ! Шикоятлар йўқ! Ҳаммом вақтида бўлиб турибди! Соч-соқолимизни вақтида олиб турибмиз! Бу яхшиликлари учун колония бошлиғига минг раҳмат!

– Маладес, мужиклар, ҳар доим доклад шундай бўлсин! Хайр сизларга, мужиклар!

– Хайр, гражданин началник!..

* * *

[1]    Читоз – бир йилда бир марта бериладиган қамоқхона оёқ кийими (ботинка).
[2]    “Хозбарак” – зонанинг хўжалик ишлари билан шуғулланувчи маҳкумлар ётоқхонаси. “Хоз” қисқачаси.
[3]    “Промка” – зонанинг ишлаб чиқариш (иш билан таъминлаш) жойи, ҳудуди.
[4]    Продол – камера ичидаги эни 2,5 метрлик “даҳлиз”.
[5] Одатда, ҳар қандай офицер олдига ким киришидан қатъий назар, у ўзини танитиб ўтади. Юқорида зикр қилинган икки капитан ўзларини менга танитмагани учун уларнинг юз тузилишига қараб “ном” қўйишга мажбур бўлдим.
[6]    Жаргонда: “мойка” – устарага ўрнатиладиган тиғ (писка).

(давоми бор)

Манба: Би-Би-Си Ўзбек