ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)
Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.
Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.
Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.
Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.
“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.
Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.
Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган
* * *
20-ҚИСМ
Mаxмат бу қадар яшилликни бир ерда кўрмаганди. Ёнғоқ дарахтлари водийнинг ҳар тарафини қоплаганди. У бунча юксак теракларни ҳам биринчи кўриши эди. Mаxмат азалдан юксак ва катта дарахтларни севарди. Аммо тераклар нақадар юксак бўлмасин, ёнғоқ дарахтининг ихтишомини бераолмасди. Ёнғоқ дарахтлари бутун атрофга шохларини ёйгандилар.
Mаxмат водийнинг баланд бир ерига иншо этилган бино балконидан манзарани томоша қиларди. У тонгнинг салқинини бой бермаслик учун эрта уйғонганди. Бу гўзалликнинг ўз ўлкасида, Анқарадан бор-йўғи икки ярим соатлик масофада эканлигига, бу қишлоқни шу кунгача кўрмаганига ҳайратланарди.
Уй Иброҳим Гуларнинг дала ҳовлиси эди.
Унинг дўстининг оти ҳам Иброҳим Юлдуз эди. Иккалови ҳам рокини севишарди. Иброҳим Юлдузга:
–Эллик ёшга кирдинг, бунинг шарафига битта қўй сўймасанг бўлмайди, — дейишди дўстлари.
–Қанақа эллик, эллик икки бўлди ёш. Аммо сизга бўлим бошлиғи тайинланганим учун бир қўзи сўяман.
Аммо битта қўзи етмас, иккита бўлиши керак. Mаxмат Гунаш хонимга машина олди, унинг шарафига яна биттасини сўямиз, — деди Иброҳим Юлдуз.
Ва оилалари билан Гуларнинг дала ҳовлисига келишганди. Кеча оқшом икки Иброҳим узоқ суҳбатлашишди.
–Шундай ҳам азон айтадими шундай гўзал қишлоқда, бундай хунук овоз билан азон айтиш мумкинми, — дерди Иброҳим Юлдуз, — Бу муаззинни қаердан топдингиз? Мен ўзим бир азон ўқий…
–Зарари йўқ, кел яхшиси илоҳий айтайлик:
Шул жаннатнинг ирмоқлари оқар Оллоҳ дея, дея, — деб Юнус Эмрадан ўқий бошларди Иброҳим Гулар.
Икки дўст тонггача шундай давом этишди, аммо Mаxмат эрта ётганди. Ва эрта уйғониб водий гўзаллигини томоша қиларди.
Mаxмат беихтиёр бу кучли яшилликнинг манбасини ахтара бошлади. Баxайбат ёнғоқ дарахти тагида Ўғуз билан Гулнор кўрингандай бўлди. Сарғая бошлаган бир япроқни олиб, Гулнорнинг сочларига тақди Ўғуз. Кейин иккаласи бир бўлди, дарахт шохлари оралаб юксала бошладилар, кейин кўздан ғойиб бўлдилар.
***
–Ало, Mаxмат, оқ кўпик яна қачон пайдо бўлади?, — телефондаги овоз Турғутнинг овози эди.
–Қайси оқ кўпик?, — деди Mаxмат.
–Ҳазор денгизи соҳилидаги Гулнорнинг сочига қўнган оқ кўпик, — деди Турғут.
–Билмайман, Туруғут, — деди Mаxмат, — Гулнор билан Ўғуз Олтой тоғларига кетишганди. Бир ойдир улардан дарак йўқ.
–Нима деяпсан, оғайни нимадан хавотирланаяпсан, улар роман қаҳрамонлари-ку, — деди Турғут.
–Tошкентда сенга йўлкурсатувчи бўлган Гулнорни менга сен тушунтирмадингми, Турғут? У қанақа роман қаҳрамони бўлади? Ҳазор тўлқинларидан сачраган кўпикни фақат мен кўргандим. Гулнорга бўлган муҳаббат йилларча ичимда гизли қолди. Кейин Гулнор билан Ўғузни кўрдим. Бугун бу ёшлар менинг умидим. Бир ойдан бери улардан дарак йўқ. Аммо биламан-ки, улар Эргенаконни топажаклар. Балки топгандирлар.
–Сен ташвишланма, Mаxмат, улар мутлақо топган бўлишлари керак. Балки топгани учун ҳам у ердан келолмаётган бўлишлари мумкин.
–Балки шундайдир, Турғут. Акс ҳолда менга мутлақо хабар беришган бўлишарди.
–Кутайлик-чи.
–Майли, кутайлик.
Телефон трубкасини қўйиб, Турғут ўйланиб қолди. У жон дўсти Mаxматдан асарнинг давомини сўрамоқчи эди, Mаxматнинг романини илк ўқиганлардан бўлишни истаётганди. Аммо Mаxматнинг гаплари…
Эржияс тоғига тирмашган Мажид Дузалнинг икки тоғчи билан қор кўчими остида қолиб, ҳалок бўлгани Mаxмат Эрйигитни қаттиқ асабийлаштирганди. Бу ёш ва бақувват одам шунчаки жўн ўлишлиги керак эди Mаxматнинг назарида. Элбрус, Олтой чўққиларига кўтарилган одам учун Эржияс нима эди?
Ўғуз ва Гулнор унинг охирги шогирдлари эди. Ёки улар ҳам у лаънати қор кўчими остида қолишдими?
Mаxмат Боён ўлгийдаги отелда Мажид Дулални кутган кунларини эслади. Олтой тоғларида икки марта ўлим билан юзма-юз келганди мажид ва буни эслаб куларди. Ўлимдан кулган одам эди у.
–Юлдузлар остида абадий ухла, Мажид бей, — деди Mаxмат. Ўрнидан туриб қоғоз, қалам олди. “Тоғ одам” деб қўйди сарлавҳани. “Оқ тоғларга дўст тутинганди, — дея ёза бошлади Mаxмат, — Чўққилар кўк юзида ўпишишарди. Чўққиларда мовий кўзли, хипча одам қўлларини кўкка чўзарди зафари учун шукр этиб. Оқ байтал каби эди тоғлар, у эса ваҳший отларнинг суворийси. У мовий кўкда олтин ранг чизги эди. Чўққига қадаган ой-юлдузли байроқ кўлкасида мовий нигоҳли, олтинранг чизги. Уфқлардан нарисини ҳаёл қиларди, унинг учун водийлар тор ва қорнғу туюларди. Уфқ фақат тоғлардан боққанда кенгаяоларди. Фақат тоғлар қоронғу пастликларга исён этарди. Исён юксалган сари оппоқлашарди, юзини, мағрур бошини самога йўналтирар эди. Тарихнинг бутун исёнкорлари унинг дўстлари эди. Кўрўғли бир тоғ эди. Тоғлар Кўрўғли эди. Мовий кўзли сариқ одам Кўрўғли эди. Эски дунёнинг тоғлари уни ўзига ром этганди. У Агри тоғларининг, Элбрус ва Помирнинг оқ ёлларидан тутиб, сокинлаштирганди, бўйсундирганди. У Эргенакондан чиққан отлиқлардан бири эди холос. Бир миллион йил аввал тоғнинг темирини эритганди. Энди чўққиларда эди. Кўк байроқ кўзлари билан уфққа боқарди. Унга рўпара чўққида бир бўзбўри увларди.
У Ўғуз ҳоқоннинг қирқ йигитидан биттаси эди. Исми, балки, қипчоқ эди. Нозик бел, ияги туртиб чиққанди. Кулганда инжу тишлари порларди. Ўша он ёноқ суяклари бўртиб чиқарди. Ва мовий кўзлари чақнарди.
Олтой этакларида бирга эдик. Ўрхунда бирга чўмилгандик. Ўтуркн яйловларида бирга от чоптиргандик. Мангутошли кечаларида қоронғу осмонга қараб, уйқуга кетгандик.
У ваҳший чўққилар билан курашиб, қайтиб келганди. Балки қайтиб келмади, ўша Олтой тоғларида қолгандир. Сен фақат тоғларга кўмилшинг мумкин эди, тоғларга кўмилдинг. Тўрт девор орасида мискин ва сафил руҳлар яшайди. Сен эса мовий кўзларинг билан чўққилардан боқаяпсан менга.”
***
Сал нарида ёруғлик кўринганида Ўғузнинг дармони тугаб, битганди. Икки соатдан бери Гулнорни кўтариб, йўл юрарди. Гулнорнинг бадани ўт бўлиб ёнарди, ҳарорати қирққа чиққанди. Аспирин ҳароратни туширмади. Аммо кўринган ёруғлик Ўғузга қувват берди. Фавқулодда матонат билан олдинга юра бошлади, бир неча дақиқа сўнгра кўзларига қуёшнинг кескин нурлари урилди, Гулнорни қуёшга тўғри узатди ва ерга йиқилди.
Беш дақиқа сўнгра ўрнидан турди, кийимларини яшил ўтлар устига отди. Мажид Дузал танлаган дориларни халтадан ерга тўкди. Юксак ҳароратга қарши таблетни Гулнорга ичирди. Гулнор ҳали ҳам ўзига келмаганди.
–Топдик, Гулнор, — деди Ўғуз, — Эргенаконни топдик. Кўзингни оч, севгилим. Қара, қуёш нурини сенга сочаяпти, қушлар сенинг учун сайрашаяпти. Кўзингни оч, гўзалим. Ердаги ўтларга қара, улар сенга кулимсираяпти. Сен ҳам кулимса, гўзалим. Яшил кўзларингни менга кўрсат, менга. Биласан, улар мени яшатади, бундан маҳрум этсанг мен ҳам яшамайман, севгилим.
Гулнор қабоқларини ярим очди, фақат бир сония яшил нигоҳлари Ўғузга боқди.
–Ташаккур, севгилим, ташаккур, — деди Ўғуз ва Гулнорнинг сочларини силади. Кейин ўрнидан туриб xўл кийимларни гуллар устига ёйди. Сув каноридаги тошлардан ўчоқ ясади, олов ёқди. Ялпиз каби бўй таратган ўтларни тўплаб, қайнатди, Гулнорга ичирди.
Ўттиз олти соат сўнгра, тонгда Гулнор кўзларини очди.
–Қара, севгилим, — деди ҳолсиз овоз билан Гулнор, — шу мис рангли тоғларнинг интизомли тизимига қара.
–Кўраяпман, жоним, фақат ўзингни чарчатма. Сен ҳақли эдинг. Сендан шубҳаланмаслигим керак эди. Мана, сен айтган Эргенакондамиз, фақат сен ўзингни чарчатма, гапирма.
Гўлнор кўзларини юмиб жим бўлди. Тушга қадар терин уйқуга кетди.
Ўғуз икки кун давомида турли хил тузоқлар қуриб овлаган қуён ва қушлардан тушлик емаги тайёрлади. Гулнорни кабоб ҳиди уйғотди. Ўғуз кўзларини очган қизнинг кўзларидан, бўйнидан, елкаларидан узок-узок ўпди. Кейин булок сувидан xовучларига тўлдириб, ичирди.
Гулнор оёққа турди, той каби ўйнади чаманлар устида. Ўғузни йиқитди, у билан курашди, Mурод олиб, мурод берди.