ОХИРЗАМОНА
Кўнгил айтар, дўстлар, айлайин баён,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Дунё учун шариатни ташлабон,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Муллолар илмига этмади амал,
Шариат ишига айламай жадал,
Феълимиз бузилиб, кўпайди касал,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Муфтилар мол олиб, ривоят берар,
Ноҳақлик бир ўтдир, қалбни куйдирар,
Эл феъли бузилиб, фасод кўпаяр,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Ҳоким бўлган азал ҳаром пул йиғар,
Тўғрисўз бошига дунёни йиқар,
Шариат номига бир четда қолар,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Эшонлар бор риё айлар намозин,
Ғафлатда ўтирар қиш билан ёзин,
Ёлғон сўзлаб, элдан олар ниёзин,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Сўпилар нафс учун малла тўн кияр,
Шубҳали таомни ҳалол деб, еяр,
Ҳар чиққан риёни каромат деяр,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Шайх бўлганлар назир учун уришиб,
Мол-дунё деб фарзанд билан сўкишиб,
Мозорлар бошида қушдек чўқишиб,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Хўжалар фахр этар асл зотини,
Қиём Исомиддин қўйиб отини,
Фалон кас хўжа деб қай авлодини,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Элга бош бўлганлар тўғри сўзламас,
Пора олар, лекин Аллоҳдан қўрқмас,
Ноҳақ гувоҳ бўлар, даъводан қайтмас,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Бойларда қолмади хайру саховат,
Дунё деб кезарлар топмай фароғат,
Ғариблар бойлардан кўрмас кифоят,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Ўғил хушрўй бўлса, кўнгиллари шод,
Гўё давлатлари бўлармиш зиёд,
Кун-кундан жаҳонда кўпайди фасод,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Қиз, жувонда ҳаёдан йўқдир асар,
Йигитлар қиз билан ўйнашиб, кезар,
Кеча кундан бугун аҳволлар баттар,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Ёмон ишлар юртда одат бўлибдир,
Жаҳон фисқу фасод ила тўлибдир,
Феълимиз бузилиб, ранглар сўлибдир,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Бойлар закот бермай, бўлдилар судхўр,
Миллатга дард бўлди бор хусиматхўр,
Умр ўтди, ғафлатга бўлдик мағрур,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Гуноҳлар кўпайиб, озайди савоб,
Қўрқаман, бу жаҳон бўлмагай хароб,
Касб этиб сотарлар оғую, шароб,
Билмасман, яқинми охирзамона?
Махдумқули, қилди оғир ҳикоят,
Яхшиларга шояд бўлгай кифоят,
Дунё ишларига йўқдир ниҳоят,
Билмасман, яқинми охирзамона?
МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди