ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 34
(давоми)
ҚИБЛАНИНГ ЎЗГАРТИРИЛИШИ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларидан сўнгра Қуддуси шарифга қараб, ўн олти ой намоз ўқидилар. Лекин кўнгилларида Каъбага қараб намоз ўқишни бек орзу қилар эдилар.
Чунки Каъба Иброҳим Халилуллоҳнинг қибласи эди. Ўтган пайғамбарлар, Одам алайҳиссаломдан Хотам алайҳиссаломгача ҳаммалари Қуддуси шарифга қараб ибодат қилур эдилар. Ёлғиз Иброҳим Халилуллоҳга Аллоҳ изни билан Каъба — қибла бўлди.
Қурайш сайидлари: «Муҳаммад ўзи Иброҳим Халилуллоҳ йўлидаман, дейдур, андоқ эрса, нечук Каъбага қараб намоз ўқимайди, яҳудлар қибласи Байтул Мақдисга қарайди», деб таъна қилишур эди.
Бунинг устига яҳудлар: «Муҳаммад бизнинг динимизга қарши бўлса ҳам, ўзи қибламизга тобеъдур», дер эдилар. Расулуллоҳ Маккада турган чоғларида Қуддуси шарифга қараб намоз ўқиган бўлсалар ҳам, намозда Каъбага орқа ўгирмаган эдилар. Аммо Мадинага келганларида, намоз ўқисалар, Каъба дол орқада қолишга тўғри келди. Расулуллоҳга бу иш ҳам кўп оғир келган эди.
Жаброил алайҳиссаломга: «Аллоҳ таоло мени юзимни яҳудлар қабиласидан Каъбага ўгирармикин», деб кўнгилларидаги орзуларини билдирдилар. Анда Жаброил алайҳиссалом бу мақсадни Аллоҳдан талаб қилишни маслаҳат бердилар. Расулуллоҳ: «Менинг бу тилагим қачон қабул бўлгай», деб кўп термулганликдан, дуо қилганларида юзларини кўк сари кўтарур эдилар.
Бир куни Умму Башар деган саҳобия хотуннинг уйига уни кўргани келдилар. Шу ерда пешин намозининг вақти кирган эди. Шу жойдаги маҳалла масжидига чиқиб, саҳобалар билан пешин намозини ўқишга турдилар. Икки ракат ўқиганларида Жаброил алайҳиссалом:
«Фавалли важҳака шатрол масжидил Ҳаром» оятини ваҳий келтирди.
Яъни: «Юзингни Каъбага айлантир», деган Худо тарафидан амр бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ичида, турган ҳолда юзларини Каъбага ўгирдилар. Мана ўшал кундан бошлаб, бутун мусулмонларнинг қибласи Каъбага қарор топди. Шу кунда ҳам Мадинаи Мунавварада икки қиблалик масжид, деган бир-бирига қарама-қарши, икки меҳроблик бир масжид бордур. Уни ҳожилар зиёрат қилурлар. Бу воқеа ҳам Пайғамбаримиз ҳақида улуғ неъматлардин саналур. Чунки бошқа пайғамбарлар умрлари бўйича қилган ибодатлари бир қиблага қаратилган эди. Аммо бизнинг Пайғамбаримиз қилган тоат-ибодатларини икки қиблага қараб адо қилдилар. Икки қибланинг савоб даражалари ул зотга ҳосил бўлди.
РЎЗАНИНГ ФАРЗ БЎЛИШИ
Шу йилнинг Шаъбон ойида Аллоҳ таоло томонидан ваҳий келиб, мусулмонларга ҳар йили бир ой Рамазон ойида рўза тутмоқ фарз бўлди. Бундан илгари Пайғамбаримиз ва саҳобалар ҳар ойда уч кун — ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари ихтиёрий рўза тутар эдилар. Китобларда бу кунларни «айёми байзо», яъни «ойдин кунлар» деб атардилар.
Ҳар йилда бир ой Рамазон ойида — рўза тутмоқ беш бинои Исломнинг бирисидур. Инсон асли яратилишида икки тарафлик сифат билан яратилмишдур. Яъни, жисмоний ҳайвоний ва руҳоний малаконий сифатларга эгадур. Ҳар икки томоннинг тарбияти ўзига хос, ғизоси билан (озуқа) бўлур. Яъни, емак-ичмак инсоннинг жисмоний тарбияти бўлганидек, намоз, рўза, тоат-ибодат унинг руҳоний тарбиятидур.
Инсон боласи жисмоний сифатлари томонидан қаралса, ҳайвон боласидан ҳеч қандоқ фарқи йўқдур. Агар инсон ҳайвоний сифати билан қўйилса, ул ҳолда ўзидан бошқа ҳеч нарсани танимайдур. Бошқа бировлар учун қайғуриш унинг эсига ҳам келмайдур. Очлик, чанқоқлик энг оғир ишдур.
Бунинг қийинлигини ҳар ким ақли билан билса ҳам бўлур. Лекин очликни татиган киши, уни татимаганлардан яхшироқ билур. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳар йили бир ой, бой-чоғой, шоху гадо демай, бир ой рўза тутмоқни барчага бир текис фарз қилди. Ҳаммага очликнинг аччиғини тотқизди. Очлик қандоқлигини, тотиганларга очлик билан эзилган ожизларни эскартди.
Энди рўзанинг руҳоний томонига қарасак, агар шароити риоя қилинган тақдирда, унинг қалбига, руҳига, бошқа ибодатларга қараганда тезроқ таъсир қилишида ҳеч шак йўқдур. Ибодат, риёзат таъсир қилди, демак, қалб, руҳ қувват топиб, ёмон хулқлардин пок бўлди, демакдур.
Инсонда доимо қарама-қарши икки тортишув бордур. Биринчиси, раҳмоний ақл, иккинчиси, шайтоний нафсдур. Буни Пайғамларимиз: «Лиммаи раҳмоний, лиммаи шайтоний», дедилар. Бу икки куч одам боласини доимий суратда талашурлар. Ҳақиқатда эса буларнинг бири жаннат, иккинчиси дўзахдур. Бу икковидан қайси бирига қўшилса, бандада ихтиёр бордур.
Лекин шуни билмоқ керакким, намоз, рўза, тоат-ибодат билан раҳмоний ақл қувват топади. Агар булардан ажраб, фисқ-фасод, нафси ҳаво йўлига кирса, шайтоний нафси ривожга киради. Мана бу икки қувватнинг қайси томони ривожлик, кучлик бўлса, инсон шу томонга мойил бўлур. Шунинг учун, рўза ойининг туганчисида фитр-садақа беришни шариат вожиб қилди. Рўза шарофатидан кўнгиллари юмшаган мўминлар буни оғир олмай, ихлос билан адо қилишларини билди.
Расулуллоҳ Мадинага келгач, икки йилдан кейин Рамазон ойининг рўзаси, мусулмонларга шу оят билан фарз бўлди:
«Я айюҳаллазина аманув кутиба алайкумус сияму кама кутиба алаллазина мин қабликум».
Маъноси: «Эй мўминлар, бир ой Рамазон рўзаси сизларга фарз бўлди, сизлардан илгари ўтган пайғамбарларга ҳам рўза фарз бўлган эди».