O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Оч яшайлик, ватан бўлсин, тинч…

Оч яшайлик, ватан бўлсин, тинч…
150 views
15 December 2014 - 15:02

1290-йиллар шеърияти туркумидан

Ол байроғи бўлмаса
Сирингни саришта этмас ҳар киши,
Юрагида ишқнинг ғами бўлмаса.
Ишқсиз юракларнинг бўлмас ташвиши,
Ошиқни борлама, доғи бўлмаса.

Ҳар бахшини доно билиб, тинглама,
Ҳар орифни Фироғийга тенглама,
Ёмон тилдан ҳазар этгил, англама,
Боғбон эмас, дилда боғи бўлмаса.

Ҳар кимса ҳам айтган сўзин, сўз деяр,
Ҳар боғбон ҳам боқчасини, боғ деяр,
Боғдан боғ ҳам, сўздан сўз ҳам фарқланар,
Бургут – зоғдир, баланд тоғи бўлмаса.

Сафо, билсанг, мардга қишлар ҳам баҳор,
Номардларга Муҳаммаднинг кўнгли тор,
Абдулланинг кўчасида нима бор?
Алишердек, ол байроғи бўлмаса.

Тонглар йиғламоқда
Қуёшнинг кўзига қон тўлган бугун –
Замон золимларга бергандан барор.
Тонглар, йиғламоқда, хорликдан беун,
Орифлар бошини кўзлаганда дор.

Қонсираган халқнинг ичида дами,
Киприк қоқса, қиндан чиқади қилич.
Мўминнинг ичида кини, алами,
Гаровга олинган фарзандда илинж.

Ич йиринг боғлади, тан сўкилмасми?!
Ўлдирди, хорликлар, қон тўкилмасми?!
Руҳлар ювилмасми, юрак кулмасми,
Мазлумлар унмасми, ғамлар тинмасми?!

Ваҳшийга айланди, туғишган ўлка,
Тиканли сим бўлди, Ватаннинг тани.
Чорасиз бу элни, Яратган қўлла!
Ўзинг қўлламасанг, раҳнамо қани?

Мерос
Минг йил бўлди, балки, ўн минг йил,
Кўксимизда куйламас довул.
Бўронларга йўқ ичдан майл,
Соямиз ҳам бошда ясавул.

Шарпамиздан қўрқамиз, асли,
Тунлар бизга темир панжара.
Насиб этмас, ҳурликнинг васли,
Кунларимиз, ваҳший бир дара.

Шундай экан, довул ҳақида,
Ўйламоқнинг мавриди эмас.
Бўрон ётсин, тоғлар ичида,
Тўғри йўлдан чалғитмасин, бас.

Ичимизда энг катта душман,
Қўрқув турар, қўлида қилич.
Жон сақлашнинг йўли тамоман,
Бизга сукут, мум тишлашлик тинч.

Жон турганда қилнинг устида,
Денгизларни ўйламоқ, нечун.
Қонли қилич золим дастида,
Майли, ҳурлик олаверсин, тин.

Ер юзида бизлардан бошқа,
Қанча халқлар зор қақшар, эрксиз.
Ўшаларга исёнлар, сатқа,
Яшайверсин, ўшалар тўкис.

Шундай экан, озодлик ва эрк,
Руҳимизга йўламасин, ҳеч.
Журъатсизлик шаънимизга кўрк,
Оч яшайлик, ватан бўлсин, тинч.

Қалбни бузманг, илло он қадар,
Бу дунёда ўз йўлимиз бор.
Қўрқни мерос қолдирган падар,
Ололмайди, ёдгорликни дор.

Ўзига аср, энди…
Бузилди қалб қўрғони, оғди минг йиллик бино,
Жаҳолат элда байроқ, урф-одат бўлди зино.
Уйдан чиқмай эркаклар, кафтига қисди хино,
Аёллар кўчаларда, меҳнатга аср энди.

Ўқимай дониш бўлмоқ, раиятнинг истаги,
Алифдан кўр қозилар, мамлакатнинг тиргаги,
Озодликдан миллатнинг рўёб бўлди тилаги,
Қалъалар топди, завол, кулбалар қаср энди.

Илм олиш шарт эмас, қўлда бўлса ҳужжати,
Чўнтагида дастмоя, пора – яшаш ҳикмати,
Иш бошласа, ҳар соат, ошар қадр-қиммати,
Ҳур, мустақил оталар, зафардан масрур энди.

Эҳтиёж туғилмасдан ғойибдан келди ҳурлик,
Ичда талаб бўлмаса, “ҳур” кўринмоқ кўргулик,
Озод бўлмоқдан олдин, жоиздир, руҳий бирлик,
Ҳурлик олган бу миллат, ўзига аср энди.

Сафо Турон