O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ошиғи олчи юлдузимиз

Юлдузлар оламида янги шов-шув! Машҳур француз киноартисти Жерар Депарье Франция фуқаролигидан воз кечиб, Белгиянинг Нишан деган кичик бир шаҳарчасига кўчиб ўтибди.

Ошиғи олчи юлдузимиз
163 views
17 December 2012 - 15:21

karimova_2Юлдузлар оламида янги шов-шув! Машҳур француз киноартисти Жерар Депарье Франция фуқаролигидан воз кечиб, Белгиянинг Нишан деган кичик бир шаҳарчасига кўчиб ўтибди. Унинг бундай қарорга келишига  бош вазир Жан-Марк Эйро унинг ўз даромадларини солиқдан яширганлиги ҳолатини “ачинарлик” дегани бўлибди http://www.1tv.ru/news/world/222153. Маълумки, Жерар Депардье Франция бойларидан бири бўлиб, актерлик маҳорати билан топган пулларидан ташқари, у ўзининг вино ишлаб чиқариш бизнесига ҳам эга. Бунга жавобан “Журналь дю Диманш” газетасида чиқиш қилган Депарье   ҳамма вақт солиқларни тўлаб келгани ва ижтимоий суғуртасидан ҳеч вақт фойдаланмаганини уқдирибди. Францияда бойларга нисбатан 75% даромад солиғи солинишидан келиб чиқсак, машҳур кино юлдузининг солиқдан қочиш ҳаракати ҳақиқатга яқинроқ деб гумон қилиш мумкин.

Аммо у солиқларни тўлаб келганини иддао қилмоқда. Нима бўлди ўзи? Агар у ҳақ бўлса нега на оладиган пораларидан, на ўмарадиган пулларидан келадиган даромад учун солиқ тўламайдиган бизнинг ёрқин юлдузимиз Гугуша билан оғиз-бурун ўпиша бошлади экан? Чиллаки чиллакини кўриб чумак ёзади деганларидек, Депарье ҳам Ўзбекистондаги режимни, унинг маликасини кўриб чумак ёздимикан? Ҳар неки, Францияда бунақа эркалик кетмайди.

Юлдузлар! Юлдузлар деганда ўзбекнинг ҳозирги авлоди самодаги юлдузни эмас, балки турли туман артистлар ва раққосаларни тушунадиган бўлиб қолишган. Чунки уларга юлдузлар ҳақида илм берилмайди, балки пахта тердиришади, ғўзани ягона қилдиришади, кўча супиртиришади ва йўқ билим учун “беш” баҳоларни қўйиб катта ҳаётга – мардикорликка юборишади.

Балки шунинг учун ҳам ўзбек ўғлонлари юлдузлар тури деганда “поп юлдузи”, “диско юлдузи”, “рок юлдузи” каби юлдузларни тушунадиган бўлиб қолишгандир. Нега унда Муножот Йўлчиевани ўзбек мақоми юлдузи дейилмайди? Бунинг сабабини биров билмаса керак.

Бизнинг энг ёрқин юлдузимиз эса Гугуша! Тахаллусни у Эрон актрисаси Гугуш (Фоиқа Оташин)дан ўзлаштириб олган бўлса ҳам майлига, за то – у бизнинг Гугуша! Демак бу бизнинг юлдуз ва уни танимайдиганлар бўлмаса керак. Ҳар ҳолда уни Швецияю, Швейцарияда ҳам жуда яхши таниб олишди. Айниқса миллионлаб олган поралари ва пул ювишлари ортидан. Шундай бўлсада юлдузимизни қисқа сатрларда бўлсин, танитиб ўтамиз. Аниқроғи, эслатамиз.

Ўзбекистон осмонида порлаган юлдузимиз, маликамиз, тенги йўқ гўзал ва барно Гугуша – бу Ислом Абдуғаниевичнинг пушти камаридан бўлган “юлдуздир”. У ва фақат у айни кунларда ўзбекнинг энг ёрқин юлдузи тимсоли ҳамдир.  Бу юлдузимиз дипломатияда ҳам, илмда ҳам, кийим-кечак бичиш ва тикишида ҳам, заргарликда тенги йўқ танҳо эканлигини алоҳида эслатиб ўтмоқ жоиз.

Юлдуз Гугуша энди ўз бахтини кино сценарийларида ҳам синовдан ўтказмоқда ва комил ишонч билан айтиш мумкинки, бунда ҳам муваффақият қозонади (қозонмай кўрсинчи, нечита ўзбек сценаристининг калласи кетади).  Ҳали замон унинг фильми Ўзбекистонда энг машҳур фильм бўлади ва 30 миллион томошобинни йиғади. Бундан ортиғининг эса иложи йўқ, чунки Ўзбекистон аҳли 30 миллиондан ортмайди.

Унинг бўлажак машҳур фильмида Франциялик юлдуз, худди ўша солиқдан қочганлиги айтилаётган Жерар Депардье асосий роллардан бирини ўйнайдиган бўлибди. Аъло! Кексайиб қолган бу француз юлдузи ва ўзбекнинг янги порлаб чиқган юлдузи ўзаро ҳамкорликни бошлашибди.

Ўхшатмагунча учратмас дейдилар. Ёки кўр кўрни қоронғу зиндонда топади дейдилар. Бўлмаган гап! Маликамиз бениҳоя доно аёл. Унинг донолигига тоқат қилолмай эри ҳам қўйиб юборган. Ақлини кўрсатиб жиккиллайверган бўлса керак-да. Аслида айб Франция ҳукуматининг ўзида. Масалан, бурноғи йилимиди,  Франция суди бизнинг халқимизнинг отаси (қани эди, бу халқ етиб бўлиб қолса) Ислом Карим ҳазратларини “диктатор” деб ҳукм чиқарди. Аслида у киши диктатор эмас, балки халқимиз сира сира ўз ҳукмадоридан айрилгиси йўқ. Шунга мажбур бўлганидан у ҳукуматдан кета олмаяпди. Яқинда юлдузимиз қуёш бўлиб ҳам порлай бошлайди. Халқимиз уни Ислом Каримовнинг ўрнига юртбоши қилиб сайлайди. Дарвоқе, кейин юртбоши бўлмайдию, балки “Юрт онаси” бўлар, балки “Юртопа”, лекин ҳаргиз “Юртмомо” эмас.

Гугуша билан Депардьенинг бир бирига мос тушганини кўрмайсизми. Иккиси ҳам иқтисодий жиноятчи. Фарқ, бири ЎЗзбекистон фуқароси, иккинчиси эса Европа, қолаверса дунё фуқароси экан. Белгия унга жой бермаганида Депардье нима қиларди? Албатта Ўзбекистон унга сиёсий бошпана берган бўларди!

Ҳаётнинг ўзи қиморга ўхшайди. Бирида юттсанг, бирида ютқазаркансан. Тўғри, Гугушамиз ҳам бироз маблағ йўқотди. Масалан 30 миллион Швеция банкларида музлаб ётибди, яна бир канча миллиарди Швейцрия банкларида. Хуллас, Гугушамизнинг ошиғи яна олчи бўлди.

 

Юлдузга ҳасад қилган Улкан Зардор.