O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ОҚ ва ҚОРА (Журналист билан «Мухолиф» суҳбати)

ОҚ ва ҚОРА (Журналист билан «Мухолиф» суҳбати)
948 views
18 April 2022 - 9:35

“Янги Ўзбекистон” газетасида мухолифатчи Пўлат Охуновнинг ўғли Отабек Охуновни кўкларга кўтаргувчи “Швеция молия бозорининг Отабеги” номли мақола эълон қилинди.
Мақола юзасидан фикр билдирган журналист Каримберди Тўрамурод билан Пўлат Охунов мулоқотга киришди. Уларнинг суҳбатини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Каримберди Тўрамурод:
Отаси (Пулат Ахунов) «Бирлик»нинг фаоли ва у «хушланмайди», унинг ўғли ҳақида яхши мақола. Ишқилиб, тушунмадим, бу ёқда Шпагнинг магнитофони…
Битта яхши таклиф: Муҳаммад Солиҳнинг ўғли билан ҳам суҳбат қилиш керак, у ҳам яхши тадбиркор.

Пулат Ахунов:
Каримберди Тўрамурод, Муҳаммад Солиҳнинг ўғли тадбиркор эканлиги ҳақида хабарим йўқ. Солиҳнинг ўғли ҳақида охирги ҳабар мана бу эди: «Муҳаммад Солиҳ “Туркистон Ислом Ҳаракати” раҳбари Тоҳир Йўлдошев билан 1998 йилда Истамбулдаги учрашувдан сўнг, Т.Юлдошев Салай Мадаминов ўзаро Ўзбекистонга қарши уруш очишда ҳамкорлик қилишга аҳдлашишади. Бу келишувнинг бир қисми сифатида ўғли Темурни Афгонистонда қолдириб, ўзи яна қайтиб келишни ваъда қилиб, Истанбулга қайтади. Кейин бир амаллаб ўғлини ҳам эсон омон чиқариб олгунга қадар Тоҳирвойга яхши муомала қилиб туради».

Каримберди Тўрамурод:
Мен тарихни кавламадим. Сизга доир тарихни ҳам кавламоқчи эмасман, кавласам, анча бадбўй нарсалар чиқиб кетиши мумкин. Сиз жуда эски маълумотларни бераяпсиз. «Тоҳирвой» деганингиз кўкариб чиққанига ҳам жуда кўп бўлган. Муҳаммад Солиҳнинг ўғли эса, БУГУН, сизнинг ўғлингизча эмасдир, аммо яхшигина тадбиркор.
Мен ўғлингиз қаердан пул олгани, ниманинг эвазига бизнес қилгани ҳақида ҳам ёзганим йўқ. Шунчаки, «Янги Ўзбекистон» мухбирига таклифимни айтдим, холос. Ё бирор нотўғри, ноқулай гап айтдимми?
Сиз ўзингизни «Бирлик» нинг асосчиси деб эълон қилгансиз, тона олмайсиз, тўғрими?
«Бирлик» фаолларидан бири ўлароқ, чет элга чиқиб кетгансиз, тона олмайсиз, тўғрими?
Сиз мухолифат фаоли сифатида Ўзбекистон ҳукумати ва давлати учун «хушланмайдиган» мухолифатчисиз, бу ҳам тўғри-я?
Унда нега «Янги Ўзбекистон» газетаси давлатнинг «ашаддий душмани» бўлган сиздек «хавфли мухолифатчи» нинг ўғлини осмонларга олиб чиқаяпти?
Мақсадлари нима?
Агар мақсадлари сиз билан ҳукумат орасидаги вазиятни юмшатиш бўладиган бўлса, вазият сиз учун ҳамиша юмшоқ бўлган, менинг билишимча. Сиз «тазйиққа учраган» мухолифатчи сифатида Швецияга чиқиб кетганингиз билан бемалол Ўзбекистонга келиб, данғиллаган иморатларни қуриб, яна Швецияга чиқиб кетгансиз. Менинг тушунишимча, бу сафар «тирикчилик» учун. Исталган пайтда яна Ўзбекистонга кела оласиз ҳам.
Агар мақсадлари шунчаки ўғлингизнинг бизнесини реклама қилиш, дейдиган бўлсак, шусиз ҳам унинг бизнесига Ўзбекистондаги манаман деган ҳалол бизнесменлар ҳавас, ҳатто ҳасад қилишади.
Айрим сўзлар қўштирноқ ичига олинганига эътибор қилинг ва уларни том маънода қабул қилманг!
Мен оддий бир журналистман, сиёсатга аралашиш ниятим йўқ. Биргина истагим: Тарих тўғри ёзилсин!
Келажак авлод Мустақиллик меъмори ким эканини, меъмор уларнинг онгига сингдирилган шахс эмаслиги, балки Мустақилликнинг ашаддий душмани бўлганини, Мустақилликни бошқалар истагани, бошқалар у учун курашганини билишларини истайман. «Бошқа» ларнинг ичида сиз ҳам борсиз, албатта. Қайси даражада ва ўринда, бу бошқа масала.
Мен тарихни тиклаш мақсадида туркум суҳбатлар уюштириш ниятида эдим. Шу мақсадда Муҳаммад Солиҳ билан суҳбат қилдим. Кейин Дадахон Ҳасанов билан суҳбат қилдим. Кейин сизни топиб, бормоқчи эдим. Аммо Дадахон ака билан суҳбатдан кейин ҳафсалам пир бўлди.
Нега?
Ўзини мухолифатчиман деган шахс борки, бир-бирининг гўштини чайнар экан. Ҳаммаси МЕН дер экан-у, бирортаси ҳукумат билан, давлат билан уришмас экан, ҳаммаси бир-бири билан уришар, бир-бирининг пайини қирқар экан.
Мана, сиз ҳам буни исботладингиз!
Сизлар мухолифатчи бўлсангизлар, нега БИРЛАШМАЙСИЗЛАР?!
Нега 31 йилдан бери бир-бирингизни ғажийсизлар?!
Битта гапни айтаман, хафа бўлманг: Муҳаммад Амин Беклар, Шер Муҳаммад Беклар, Иброҳим Беклар Совет ҳукуматига, унинг бутун бошли армиясига қарши курашдилар. Тўғри, улар муваффақиятга эришмадилар. Ҳеч нарсага эришмадилар! Ҳаммаси осилиб, отилиб кетишди.
Аммо мен уларни ҳурмат қиламан! Улар ҳақида 100 қисмли киносценарий ёзаяпман! Чунки, улар мағлуб бўлсалар ҳам ШАРАФЛАРИНИ сақлаб қолишди! Эркакдек жанг қилиб, эркакдек ўлиб кетишди!
Сизлар ҳам ҳеч нарсага эришмадингизлар! Сизлар ҳам шараф тожини кийишларингиз мумкин эди!

Аммо бундай бўлмади! Сизлар ўз шарафларингизни сақламадингизлар!
Душманларингиз ШЕР бўлди! 30 йил майшат қилди! Кайф қилди! Кайфда ўтиб кетди!
Сизлар-чи? Шердан енгилган сиртлонлар, қашқирлар каби бир-бирингизни ғажиш билан бандсизлар!
Бугунги ёшлар БИРОРТАНГИЗНИ танимайди, сизларга эргашмайди ҳам. Буни ўзларингиз ҳам яхши биласизлар ва энди мухолифатчиман, дея турли хорижий ташкилотлардан маблағ ундириш ва шу маблағлар эвазига бизнес қилиш билан бандсизлар!
Хафа бўлсангиз ҳам айтай: мен суҳбатлашган мухолифатчилар ичида БИРГИНА инсон бошқаларга лой чапламади, бошқаларни пастга урмади, бошқаларнинг ролини камайтирмади, ғийбат қилмади. Бу Муҳаммад Солиҳ эди!

Манба: Facebook