ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР
(8)
Парвоздаги қиёфа
1
Кўзсиз, тикилганинг ёмон-да,
Кўзойнаксиз тикилсанг, ажал.
Яхшиси, ёқамдан тортгин-да,
Иккимизни ажратсин, жанжал.
2
Паст оҳангда, сўзлар эркаклар,
Аёллар бошида оқ рўмол.
Хонани совутар, йиғи товуши,
Қартайган йигитлар, бемажол.
3
Ханграмагани каби итлар,
Кўкка қараб, увламас эшак.
Дил калити, аслида, тиллар,
Сас – қиёфа дегани, бешак.
4
Тилни асраб ўттиз икки тиш,
Тугмалардек тўкилар, бир-бир.
Узаяди тил ҳам боёқиш,
Соқчиларсиз, унга кўп оғир.
5
Деразани, чил-чил синдирди,
Маҳкум қайтди келган изига.
Чечакларнинг исёнкор ҳиди,
Ёпиштилар, анқиб тиззига.
6
Кўзин юмиб, ҳатламаса, бас,
Моянасиз қолади бўнак.
Журъатсизлик, тўқийди қафас,
Чув тушади, хонаки юрак.
7
Зулмат қўйнидаги Оқ кема,
Чайқалади, қон тусида гоҳ.
Гоҳо сутнинг рангига кирар,
Денгизга кўз тиккан бандаргоҳ.
8
Учаяпти ип илиб нина,
Лайлаклардек, ҳавода суниб.
Етолмайди, ангишивона,
Нина ўйнар, кўйлаклар тикиб.
9
Кун туғилди яна бир тонгда,
Тўрт тарафдан бошланди, шовқин.
Арракашлар йўталганида,
Тўнка олар, бир зумгина тин.
10
Не демоқчи, аслида япроқ,
Не демоқчи, лойқаланган сув.
Япроққа бор кузакда сўроқ,
Балиқ лойда бўлолмайди, қув.
11
Ашулани ушлаб кўрдилар,
Буламонни куйлатган каби.
Найнинг юрагини ўйдилар,
Насимийни жавратган каби.
12
Тила тилагингни деб сўрар,
Қурбақага айланган балиқ.
Олтинларни тушида кўрар,
Қолган ишлар, бариси ортиқ.
13
Толнинг новдасидан болалар,
Дудук ясадилар, ям-яшил.
Қанот боғлаб учди, нолалар,
Яшил бўлди, қип-қизарган тил.
14
Адашиб келмади ғариблик,
Ўша эди, излаган уйи.
Қиламан деб морбоз табиблик,
Шол бўлганди ҳар икки қўли.
15
Чирилдоқлар, чирилламанг, маст,
Илма-тешик қиласиз тунни.
Қайтаришдан чарчаб кетдим, бас,
Қарзга олган эдим бу кунни.
* * *