Йигирма йилдирки, менинг дидимга оқ кўйлак қайта-қайта мос тушаверади. Оқ ранг – менинг заифлигим, менинг ўжарлигим. Ҳаёт баъзан мени бошқа рангдаги кўйлак кийишга мажбур этади, лекин мен каби кимсалар ўша кўйлакда ҳам ўзини оқ кўйлакдагидай ҳис этмаса, уни киймай қўя қолади.
Бундан йигирма йил аввал пахтани машинада теришга қарши бўлган раисни “консерватор” деб аташарди. Мен бўлса, ҳозир ҳам ўз шеърларимни машинкадан кўра, қўлда теришни яхши кўраман. Яқин дўстларимдан бири менга: “Тилинг қашшоқ”, деб айб қўйди. Ҳаққоний айб: у менинг кичкина китобчамдан ўндан ортиқ “титроқ” сўзини учратиб, ҳафа бўлибди.
Иккинчи дўстим менинг тарафимни олиб: “У қашшоқ, шунинг учун ҳам ҳар бир сўзини ўз ўрнида сарф қилишга мажбур”, деган гапни айтди. Мен уларга: “Ўзимга хиёнат қилмайдиган, вафодор сўзларни ишлатишга ҳаракат қиламан, холос, вафодорлар эса, ҳамиша ҳам кўп бўлавермайди”, деб жавоб қилмоқчи эдим, аммо бу фикрнинг ҳам собитлигига шубҳа уйғонди.
Ҳолбуки, ўша титроққа ўхшаган сўзлар, бор-йўғи, менинг оқ кўйлакларим эди. Шунингдек, мен мусиқа “жабҳа”сида ҳам қолоқман, йигирма йилдирки, ҳиргойи қилсам, доимо битта қўшиқ – “Хоразм сегоҳи”ни айтаман. Жўраларнинг “Ҳадеб битта қартани айлантираверадими!” – қабилидаги писандалари ҳам кор қилмайди.
Таниш зинапоялардан ҳар куни эрталаб тушиб, кечқурун яна кўтарилган каби, мен ўша қўшиқни ҳиргойи қилсам, қўшиқнинг авжи ёки пастида зерикмай кўтарилиб-тушиб юравераман. Гапнинг рости, бу кўйлак – қолган кўйлакларим ичида энг оқи. Баъзан уни ҳеч ким йўқлигида кийиб олиб, роса яйрайман. Мен уни ҳиргойи қилиб ўтирмайман, балки бор овоз билан айтаман. Овозим дағал, ғадир-будир қишлоқ йўли сингари узоқ-узоқларга чўзилади. Бу йўл устида ўзимни, танамни сокин учаётган бургутдай ҳис қила бошлайман.
Эгнимда бошқа кўйлак бўлса, мен ўзимни камтар ёки мулойим, ҳатто ажойиб одам ҳис қилишим мумкин. Аммо “бургут ҳиссиёти”ни туғдирадиган кўйлак битта – кейинги кўйлагим… Илгари фасллар ичида баҳорни яхши кўрардим. Лекин унга бирор марта севги изҳор қилган эмасман. Яширин шеърлар бағишладим-у, лекин ўзим тан олмадим. Чунки у ҳаддан ташқари ўйинқароқ, борингки, беқарор қиз эди. Мен – тортинчоқ кимса, ундан ҳадик олардим, устимдан кулади, деб қўрқардим. Шундай қилиб, севгим изҳор этилмаганча қолиб кетди. Баҳор менинг яшил кўйлагим эди, енги калта яшил кўйлагим.
Энди йигирма йилдирки, кузни севаман. Китобдаги “титроқ” сўзининг кўплигига ҳам куз айбдор. Эркак бир қадар худбин мавжудотдир. Эркак киши аёлнинг уддабуронлигига қойил қолса бас, унинг мардлигини кечира олмайди. У аёлни ҳимоя қилгиси келади. У ҳимоя қилишга муҳтож бир одам. Шу маънода, куз ниҳоятда заиф, заифа – унинг бутун сиймосидан илтижо ёғилиб туради. Унинг барча дарахтлари, жами кўкатлари ва мевалари мендан ёрдам сўрайди, мен эса жон деб ёрдам бераман – мен уни севаман.
Менинг оқ кўйлагим – сариқ куз.
Ёки: Жуда кўп шоирларнинг авлодларга ёзган мактубларини ўқиб, ҳеч қачон авлодлар олдида ноз қилмасликка қасам ичдим. Бошимни дўстим силамаса, мен унинг набирасига “сила” деб айтиш қўлимдан келмаслигини англадим.
Авлодларнинг олқишидан дўстимнинг муштини афзал кўрдим. Унинг ўзини севмай, набирасини кўтариб юриш носамимийлик эмасми?
Бу – менинг навбатдаги оқ кўйлагим.
Ниҳоят, “ўз жонига қасд қилмоқ – ёмон гуноҳдир, иложи борича яшаган яхши”, деган фикр мени доимо таъқиб этиб юради.
Мен уйқу олдидан шу кўйлакни кийиб оламан.
1978
(6)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (12-14-саҳифалар.)