O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Оқ уй” ни туш кўрдингизми?

“Оқ уй” ни туш кўрдингизми?
152 views
19 March 2013 - 15:03

Ҳурматли Санжарали Имомов,

Сизнинг аввалги, олимларни йиғиш ва кейинги “кесувчи саф” ҳақидаги мақолангиз ўқувчилар орасида анча-мунча мунозара ва нафратга учрагани учун ҳам фикрлар умумлашмаси сифатида ушбу мақолани ёзишга қарор қилдик. Мақолаларингизда бир томонлама “эзгу ниятлар” кўзланган бўлса ҳам, одамларда  мужмал таассурот қолдиргани ўзингизга маълум. Қандай юртда яшаб турганигизни “унутдингиз чоғи” гўё ойдан тушган одамга ўхшаб мулоҳаза билдиргансиз…

“Олимлар даврасини ташкил қилиш” – бу оз бўлса-да, қолган-қутган виждонли олимларни қўш-қўллаб тутиб бериш дегани эмасми? Қолаверса, давр талабидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ақлли бошини диктаторнинг дорига тутиб бериш олимлик эмас. Иккинчидан, мустақиллик олимларининг кўпчилиги ҳамма қатори кимга нима бўлса бизга ҳам шу, дейдиганлар тоифасидан бўлиб қолган. Бир мисол, бир куни Низомий номидаги университетда ўқувчи жияним: “домламиз  (…) “имтихон учун менга пул йиғиб берманглар, яхшиси иккита овқатланиш сервизи қилиб беринглар, узатадиган қизларимга сизлардан совға бўлсин, яхшироғидан олинглар”, деди деб келди. Мен унга “сен ўз кучинг билан ўқияпсан, бу ишга аралашма”, дедим. У эса “агар рўйхатда номим  бўлмаса, у менга ҳар қанча билсам ҳам аъло баҳо қўймайди”, деди.

– Очиқдан очиқ заказ бергани домлаларинг уялмайдими?

– Ҳамма шундай қилганидан кейин кимдан уялсин! Ҳамма имтиҳонларда пул йиғишади. Тўғри, бермайдиганлар  тўртта-бешта топилади. Лекин берса олмайдиган, талабасини койиб ташлайдиган домла бизда йўқ бўлса керак, – деди жияним.

Ана сизга мустақиллик даври олимлари ва талабаларининг аҳволи. Улар ўз амалларини ишбилармонлик, тадбиркорлик деб тушунадилар. Ҳозирда бутун мамлакат шу аҳволда. Ишингиз тўғри, рисоладагидек кетаётган бўлса ҳам, “қон чиқармасангиз” ном чиқармайсиз, мансабдор қиёфасидаги ажина-арвоҳлар ушр-кафсан тилаб сизга кун бермайди. Ё пора беринг ё қобилиятингиз бўлса ҳам итнинг орқа оёғи бўлиб, судралиб юраверинг, гапнинг индаллоси шу.

Иккинчидан, билмайсизми бизда олим ҳам академик ҳам, профессор ҳам, сенат ҳам, депутат ҳам , борингки, халқ ҳам  ҳаммаси гўё бир тану бир жон бўлиб, Президентга ва бир-бирига бирлашиб  кетишган. Бир тану бир жон бўлолмаганлари хижратни ихтиёр этган.  Ризқини тополмаганлари юрт кезиб, куллика рози бўлган. Бу шундай мамлакатки, сиз ҳали ҳам одамларнинг “тилдан қолмаганлиги”га ишонар экансиз. Бизда бир одам гапиради, бутун мамлакат маъқуллайди. Мен маъкулламаяпман-ку, дейишга шошилманг, балки сизнинг йўриғингиз бошқадир.  Шу мақолангиздан кейин ёлғондан бўлса ҳам сизни излаб келишгандир?!

…Яна йигирма уч йил орқага қайтиб “Агар-ки… Юртга жар солиб Қирғистонга қўшин киритишга фармон берилса, биринчиларнинг бири бўлиб қирғизнинг устига от солиб елдириб, қилич ўйнатиб бостириб борардим…Тўқсон биринчи йилги-ёқ Ўш қирғинида ўзбек туққан чақалоқни сўйиб гўшт растасига илган қассоб қирғизни ичини ағдармагунча тинчимасдим”, деб лоф уришингиз ҳам сохталикдан бошқа нарса эмас. Ўша замонда агар эсласангиз, жангга Фармон берилишини кутиб турмасдан ўз қалб фармони билан Ўшга отланганлар, у ерда хорланган ўзбекларни, қариндошларни бағрига олган ватандошларимиз ҳозир ҳам орамизда яшаб юришибди. Кўплари бундай инсонпарварлиги учун қора рўйхатларга ҳам тушган эди…

Ким сизга жар солади? Ичингизда шунчалик жасорат, олов бор экан, ўзингиз жар солиб чиқишингиз мумкин эди-ку. Орадан шунча йиллар ўтиб, бу гапларни силлиққина айтяпсиз. Ўзингизни дард чеккан қилиб кўрсатяпсиз. Дард эса ҳеч қачон бир текис ва силлиқ бўлмаган. Нима десангиз денг-у, театр соҳаси мутахассиси бўлсангиз ҳам ролингиз ишончли чиқмабди.

…“Туя ҳодисаси” яхши мисол, аммо унинг бугунги вазиятга ҳеч бир алоқаси йўқ. Аҳли иймон орасидаги фитнага халқнинг миллат душманига муносабатини қиёслашингиз, чорак аср қон ичган одамни муросага чақиришга даъватингиз ғалати?! Ҳеч бир замонда бирор бир диктатор муроса билан тахтдан воз кечган бўлса, шунинг мисолини келтиринг, одамларни ишонтиринг эди. Агар бу кўр-кўрона овсарлик дейдиган бўлсак, сизга (Н.Жуманиёзовнинг гапидан ҳам) қаттиқроқ ботиши мумкин, сиз ўзингизни ўзингиз тушунмаяпсиз, чоғи?

… Агар тафаккур қилсангиз, кўрасиз ва биласиз; Диктаторимиз сиёсатининг аччиқ меваларидан онасининг раҳмидаги ҳомила ҳам тотиб, дунёга келмоқда. Чунки бугунги аксарият авлоднинг ҳалол меҳнатига ҳаром аралашган, ҳалқумлар кирланган, мафкура айнаган. Ор-номус учун ҳаёт-мамот майдонига кириши лозим эрлар ўзга элларда қуллик меҳнатига рози, ҳар ҳолда меҳнат қилиб нон топяпти, уй-жой қиляпти, машина миняпти, ҳукуматга эҳтиёжи йўқ.  Диктатор ҳукуматига айни шу керак эди, хазинасига валюта тушмоқда, машиналар сотилмоқда, чала-ярим қишлоқ қурилиши халқнинг бўйнига илинмоқда, ожиз бола-чақа, зиёли-ю, ўқитувчи пахта далаларига мажбуран ҳайдалмоқда, тадбиркори таланмоқда, шаҳарларни  “яшартириш учун” (Президент нутқидан) кўчалари бузилиб,  чинорлари, мевалари кесилиб арчалар экилмоқда. Табиий бойликлари сотилиб, хазиналар гумдон қилинмоқда. Хуллас, “ақли ниҳоятда кенг қамровли, ўта профессионал” Диктаторимиз тарқаб кетган, оломонлар юртига айланган мамлакатимизни йиртқич бўри каби ғажиб емоқда. Атрофидаги сарқитхўр ҳуқуқ тартибот қозилари, амалдорлари, ҳокимлари, хос имом-домлалари эса дўзахда ўз-ўзига касов бўладиган икки қўллари кўксида “иштаҳангиз карнай бўлсин, отамиз”, деб қуллиқда.

Мақолангизни ўқиганлар ҳамон ҳайрон; сиздай бир драматург-ижодкорнинг муросачи “кесувчи саф” ҳақидаги хом-хатала ғояси ижодингизни ҳам шубҳага қўйяпти-ку; наҳотки (баъзи сохта мухолифларга ўхшаб)  бижғиган Диктатор муҳитининг “Оқ уй”и сизнинг ҳам тушингизга кирган бўлса?!

 Абдуқодир КАРИМОВ