O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пайшанбада суд, кейин нима бўлади?

Пайшанбада суд, кейин нима бўлади?
182 views
07 July 2012 - 12:41

[soundcloud id=’52065555′]

Швеция матбуоти саҳифаларида бугунги кунларда Стромсунд шаҳрида яшаб келган ўзбек диссиденти, имом Обидхон қори Назаровга нисбатан уюштирилган суиқасд кенг муҳокама қилинаяётганлиги кузатилин

аяпди. Маълумингизким, Обид қори Назаров шу йилнинг 22 февраль кунида ўз уйи подъезди ичида номаълум шахс томонидан отилганди. Унинг бошига теккан ўқ оқибатида ҳали-ҳамон кома ҳолатида ётибди.

Муҳожиротдаги ўзбекларнинг мутлоқ кўпчилиги бу сиёсий қотиллик эканлиги ва бу суиқасд ортида Ислом Каримов бошчилигидаги ўзбек режими турганлигини таъкидлаб келишди. Таассуфки, бу жиноят ортида швед миллатчилари турганлигини даъво қилган айрим ватандошларимиз ҳам учради.

Шу йилнинг 15 май кунида Швециянинг Мальмо шаҳрида икки нафар ўзбекистонликлар, эр – хотин Боҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар қўлга олинганди. Гарчи бу икки нафар Ўзбекистон фуқароларининг исми швед матбуотида эълон қилинмаётган бўлсада, уларнинг шахси аллақачон кўпчиликка ошкор бўлиб бўлди.

Маълум бўлганига кўра, Нодира Аминова Швецияга ўқиш визасини олиб келган ва таҳсил олиш билан бир вақтда БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) лойиҳаларидан бирида валонтерлик ҳам қилган. Унинг эри Боҳодир Пўлатов эса ҳеч қаерда ишламаган ва ўқимайди ҳам.

Швед матбуотида бу эр-хотинларнинг Ўзбекистон МХХ (Миллий Хавфсизлик Хизмати) томонидан суиқасдга кўмаклашишга мажбурланганми, ёки МХХ томонидан махсус тайёрлаб юборилган агентларми деган савол очиқ қолмоқда ҳозир. Аммо Ўзбекистондаги диктатор режимининг табиатидан келиб чиқиладиган бўлса, бу режим бунақанги муҳим амалиётни тасоддифий кишиларга ишониб топширмаслигини тушуниш қийин эмас. Демак, улар Швецияга махсус юборилган резидентлар дейиш учун тўлиқ асос бор. Шунда ҳам бу асос фақат ўзбек муҳожиротида бор холос. Аммо ўзбеклардаги бу ишонч полиция учун етарлик эмас!

8 июль кунида Швециянинг Остерсунд шаҳрида ўзбекистонлик эр-хотинларга айблов эълон қилинаркан, улар мазкур жиноятда айбдор деб топилдилар ва суд жараёни келгуси ҳафтанинг пайшанба кунида, яъни 19 июль санасида бошланиши эълон қилинди. Асосий жиноятчи, суиқасдни бевосита амалга оширган шахс эса барибир озодликда қолмоқда.

Матбуот хабарларида келтирилаётганига кўра, Обид қори Назаровга уюштирилган бу суиқасд ортидан очилган жиноят иши 830 саҳифани тапшкил этмоқда ва швед криминал полицияси жиноятни турли йўналишларда ўрганиб борганлигини ҳам таъкидлаяпди. Давлат қораловчиси Кристер Петерссонга (Krister Petersson) кўра, бу суиқасд тергов-суриштирув ишларида сиёсий буюртма билан амалга оширилганлиги ойдинлашган.

“Биз бундан бошқа сабаб кўрмадик. Масалан пул, ёки рашк асосида суиқасд амалга оширилмаган”, – дея таъкидлаган “Остерсунд постен” газетасига берган интервьюсида халқаро прокурорлар палатаси бош прокурори Кристер Петерссон.

Бу албатта ўзбеклар учун янгилик ҳам эмасди. Шунчаки, муҳожиротдаги ўзбеклар аввалбошиданоқ таъкидлаганлари каби, суиқасднинг сиёсий мотивларга эга эканлиги ниҳоят ўз тасдиғини топди. Бир қарашда ҳали бундай дейишга ҳам эртадек. Чунончи, суд ҳукми ўқилмаган ҳали. Обид қори Назаровнинг ўтмишига назар ташлаган кишида бу жиноят кимнинг буйруғи билан уюштирилганлигини ҳам пайқаш қийин эмас.

Шу кунларгача Ислом Каримов режими хорижда бир неча суиқасдларни амалга оширди. Улардан бири, ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга нисбатан 2001 йилда ташкиллаштирилган суиқасд интиҳосига етмай фош бўлганди. 2007 йилда Қирғизистонда ўзбек журналисти Алишер Соипов отиб ўлдирилди ва унинг қотили топилмади. Аниқроғи, қирғиз милицияси қотилни топишдан манфаатдор эмасди ҳам. 2011 йилда Россиянинг Иванова шаҳрида ҳам Каримов клани буюртмаси билан бошқа бир сиёсий қотиллик амалга оширилди. Бунда ЎХҲ нинг Россия Федерациясидаги раҳбари Фуад Рустамхўжаев номаълум шахс томонидан ўз уйи олдида отиб кетилди.

2012 йилнинг 22 февралида Обид қори Назаровга нисбатан уюштирилган суиқасд ҳам Фуад Рустамхўжаевга уюштирилган суиқасд билан ўхшаш эканлигини ҳисобга олсак, ҳар иккисини бир шахс ижро этган деган тахминга бориш мумкин. Бироқ Россия худди Ўзбекистон каби порахўрлар ва жиноятчилар мамлакати экан, демак, руслар Фуаднинг қотилини изламаганлиги сабабини тушуниш осон.

Стросундда содир бўлган суиқасд олдидан кўплаб одамлар полицияни ҳар қанча огоҳлантиришига қарамасдан, полициянинг боқибеғамлиги сабаб киллер тўхтатиб қолинмади. Жиноятчи бемалол Стокгольмда ва Остерсундда меҳмонхоналарда яшади. У бемалол автомобилларни ижарага олиб ўз ишини бажариб кетди. Энди эса жавобгарлик эр-хотин Нодира Аминова ва Боҳодир Пўлатовлар чекига тушмоқда. Асосий жиноятчи эса суиқасддан икки кун ўтиб Швеция ҳудудларини тарк этган. Унинг кетиши ортидан эр-хотинлар компьютер ва телефонларини жиноят изларидан тозалашга киришганлар.

Швециянинг йирик газеталаридан бири Афтонбладет (Aftonbladet) 7 июль кунида Обидхон қори Назаровга уюштирилган суиқасд юзасидан берган мақоласида жиноят мотивини фош этган ва бугун қамоқда ўтирган Ўзбекистон фуқароларининг тақдири нима бўлиши билан ҳам қизиққан: aftonbladet.se

“Бу айбланаётган шахслар жиноятни содир этганликларини инкор қилишмоқда”, – деб ёзади газета Нодира Аминованинг адвокати Эрик Бобергга (Erik Boberg) таянган ҳолда, – “Унинг таъкидлаётганлигига кўра, аёл бу ишни суиқасдчининг режаларини билмаган ҳолда қилган ва у ўзини алданган, унинг ишончига кириб хизматидан фойдаланилган дея ҳисоблаяпти”, – сўзини якунлайди адвокат.

Адвокатнинг вазифаси ўзининг мижозини ҳимоя қилиш ва керак бўлса уни мутлоқ бегуноҳ қилиб суд залиданоқ озодликга олиб чиқиш бўлади одатда. Бироқ прокурор Кристер Петерссон эса ўзига ишонаяпти. Унинг сўзларига кўра, бу жуфтликнинг айбини исбот қилиш учун етарлик маълумотларга мавжуд.

“Улар суиқасддан олдин ҳам, суиқасд вақтида ҳам ва ниҳоят, суиқасддан кейин ҳам асосий гумонланувчига яқиндан ёрдам беришган”, – дейди Кристер Петерссон.

Албатта суиқасд ижрочисини Швецияга келтириш имкони мутлоқ мавжуд эмас. У Ўзбекистонда, ёки Россия Федерациясида бемалол, ўз ҳаётидан, ишидан мамнун ҳолда яшамоқда. Энди қўлга тушиб қолган Нодира Аминова ва Боҳодир Пўлатовларни нима кутаяпти? Прокурорнинг Афтонбладетга билдираётганига кўра, бу жуфтлик бир умрга Швециядан бадарға қилиниши ҳам мумкин экан. Лекин швед қонунларида суиқасдга кўмаклашганларга ўн йиллик қамоқ жазосини беришни ҳам кўзда тутилган.

“Мен суддан уларга ўн йиллик жазо тайинлашини сўрайман”, – аниқлик киритади у ўз сўзларига прокурор.

Ўзбекистон фуқаролари бўлган эр-хотин Нодира Аминова ва Боҳодир Пўлатовлар тақдири билан Ўзбекистон томони мутлоқ қизиқмаяпти. Масалан, адвокат хизматини таклиф этиши мумкин эди, ёки Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчиси Швецияга келиб айбланувчилар билан суҳбатлашиши ҳам мумкин эди. Аммо эндиликда бу айбланувчилар расмий Тошкент учун ишлатиб бўлинган материал холос.

Швед қонунларига кўра, бировнинг жонига суиқасд уюштириш натижасида жабрлнаувчи вафот топганида жиноят иштирокчилари бир умрлик қамоқ жазоси ҳукм қилинишлари кўзда тутилади. Обид қорининг суиқасдда оғир жароҳат олгани эса ўзбекистонлик эр-хотинларни умрбод қамоқ жазосидан асраб қолаяпди.

Суд нима дейди? Буни келгуси ҳафтанинг пайшанба кунида бошланиб тўрт кун давом этадиган суд мажлиси қароридан билиб олишимиз мумкин холос. Ҳар неки, суд жиноятчиларни мамлакатдан бир умрга бадарға қилишга қарор бермас. Шундай бўлиб қолса ўзбекистонлик бу эр-хотинлар учун айни муддао бўлган бўларди.

Тўлқин Қораев.

Швеция.