O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пайғамбарлар тарихи (26). Муҳаммад алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (26). Муҳаммад алайҳиссалом
224 views
05 July 2014 - 11:22

2Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилиши, болалиги ва ёшлиги

Муҳаммад бин Абдуллоҳ, бин Абдулмуталлиб, бин Ҳошим, бин Абди Маноф, бин Қусай, бин Қилоб, бин Мурра, бин Қоъб, бин Луат, бин Ғолиб, бин Фуҳр, бин Малик, бин Нодр, бин Қинона, бин Ҳузайма, бин Мудрика, бин Илёс, бин Мудор, бин Низор, бин Моад бин Аднандир. (Ибн Исҳoқ Ибн Ҳишом, 1/1-4, Бухорий,”Саҳиҳ”, 4/238).

Бутун манбалар Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аднанга қадар бутун аждоди исмлари юқорида кўрсатилгани каби бўлиб, Аднан Исмоил алайҳиссалом ва Иброҳим алайҳиссалом уруғидан келганлиги тўғрисида ҳам фикрлар бор. (Ибн Халдун,”Тарих”, 2 жилд, қс 1, 241-298 бетлар).

Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўн тўққизинчи аждоди бўлган Муазд бин Аднан Исо алайҳиссаломнинг замондоши эди. (Бухорий, “Саҳиҳ”, 4/270).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Мен Одамдан (а.с) отам ва онамга қадар доим никоҳ маҳсули ўлароқ келдим, асло зинодан келмадим. Мен сизнинг нафс бобида энг хайирлингизман, уруғ-аймоқ бобида ҳам энг хайирлингизман” деган эди. (Бeйҳокий,”Далоил”, 1/174-175).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг исми-шарифлари

Пайғамбаримиз алайҳиссалом “менинг қатор исмларим бор: мен Муҳаммадман, мен Аҳмадман, мен Моҳийман, ки Аллоҳ Таоло куфрни мен билан йўқ этажак.

Мен Ҳоширман, ки одамлар қиёмат куни менинг изимдан ҳашр қилинажак.

Мен Аҳибман, ки мендан сўнгра пайғамбар йўқдир” деган эдилар. (Бухорий,”Саҳиҳ”, 4/162).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қуръони Каримда тўрт карра “Муҳаммад” исми билан бир карра “Аҳмад” исми билан тилга олинади. (“Саф”сураси, 6). Пайғамбаримиз алайҳиссаломга энг кўп “Муҳаммад” исми қўлланди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг отаси ҳазрати Абдуллоҳнинг вафоти

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг отаси Ҳазрати Абдуллоҳ Ҳазрати Аминага уйланганидан сўнг кўп ўтмай, Шомдан тижорат қилиб қайтаётганида, Мадинада вафот этди. Ҳазрати Абдуллоҳ у пайт 25 ёшга тўлганди. (Ибн Саъд, 1/99).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳали туғилмаган эди. Ҳазрати Абдуллоҳдан қолган меърос шулар эди: Умму Айман исмли бир чўри хотин, 5 та туя, бир нечта қўй, бир қилич, бир миқдор кумуш пул.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг туғилиши

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Фил йилида, Раббиул-аввал ойининг 12-кунида, душанба куни, тонг оқара бошлаганида, Шиъбдаги уйида туғилди. (Тобарий, “Тарих”, 2/125). Риёзиётчиларга кўра, бу Шамсий ойларидан 20-нисон ойига тўғри келади. Мисрлик Маҳмуд Фалаки Пошо ҳисобига кўра, бунинг милодий 571 йилнинг 20 нисон (апрель)ига тўғри келар экан.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилган уй Шиъбда бўлиб, Ҳошимдан Абдумутталибга қолган, ундан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг отаси ҳазрати Абдуллоҳ ҳиссасига тушган уй бўлиб, “Мавлуд сўқмоғи” деб аталган Абу Толиб Шиъбий йўлидаги “Лайл” кўчасида эди. (Азроқий, 2/198) Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилганда Абдураҳмон бин Авфнинг онаси Шифо хотин энагалик қилди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилган кечаси зуҳр этган ҳодисалардан баъзилари

Ҳазрати Аминанинг билдиришига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳомилалиги даврида ҳам, уни туққанда ҳам ҳеч қандай машаққат чекмаган. Ва у туғилар экан, у билан бирга Шарқ ва Ғарбни эгаллаган бир Нурнинг чиққанини кўрганини айтади Ҳазрати Амина. (Ибн Касир,”Бидоя”, 2/264). Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилар экан, чақалоқлар каби ерга тушмай, қўлларини ерга тираб, бошини осмонга кўтарди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилган кеча, Шайтон ўзининг тўртта мудҳиш қичқириғидан биттасини қичқирди. (Суҳайлий, 2/149).
Сова кўлининг суви ичига тортилди. Самова водийсини сув босди.

Қисро (Эрон хукмдори) саройида 14 та ҳайкал йиқилди. Эронликларнинг минг йилдан бери оташгоҳларидаги ҳеч ўчмаган олов ўчди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилганида уни каъбага олиб бориб, ҳақида дуо этилиши

Ҳазрати Амина Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бобоси Абдумутталибга “набиранг бўлди, кел, уни кўр”, дея хабар юборди. Абдумутталиб ғоят севинди ва набирасини кўришга келди. У набирасини бир безга ўраган ҳолда, қучоғига олиб Каъбага кирди.
У ерда Oллоҳга бу эҳсони учун дуо этиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни яна онасига бериб юборди. Ва ўғли Абу Толибга “бу чақалоқ сенга омонатим бўлади. Муҳаққақ, бу ўғлимнинг ҳол ва шони юксак бўлажак”, деди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг эмизилиши

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни аввал онаси Ҳазрати Амина 3 кун ёки 7 кун эмизди. Кейин уни Сувайба хотин эмизди. (Ибн Саъд, 1/108). Бу аёл ҳазрати Ҳамза ва Абу Салама бин Абдуласадларни ҳам эмизди. Шу боис, Ҳазрати Ҳамза ва Абу Салама Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сут биродарлари ҳисобланади. (Ибн Саъд, 1/99).

Сувайба хотин Абу Лаҳабнинг жорияси эди. Ҳазрати Ҳадича уни озод этиш учун Абу Лаҳабдан сотиб олмоқчи бўлди, аммо Абу Лаҳаб уни сотмади. Пайғамбаримизни Сувайба хотиндан сўнгра Бани Саъд бин Бакр қабиласидан бўлган Ҳалима хотин эмиза бошлади.
Ҳалима хотин ўнта хотин билан Маккага бориб, эмизиладиган чақалоқ ахтардилар. Ҳалимадан бошқа ҳаммаси ўзига чақалоқ топди.
Ўша пайтда Ҳалима хотинни Пайғамбаримизга сут онаси излаб юрган Абдумутталиб кўриб қолди ва “сен кимсан?” деб сўради.

– Мен Бани Саъдлардан бир хотинман, – деди Ҳалима.
– Исминг нима?
– Ҳалима.

Буни эшитиб, Абдулмутталлиб:

– На гўзал! Саъд ва Ҳилм (Ҳалима) икки гўзал хислатдирки, дунёнинг хайри ҳам, абадиятнинг иззат ва шарафи ҳам булардадир, – деди Абдумутталиб.

Ҳалима хотиннинг айтишича, Абдумутталиб унга:

“Эй Ҳалима, менинг ёнимда етим чақалоқ бор, уни Бани Саъд хотинлари “биз ота-онаси бор бўлган чақалоқ оламиз, чунки улардан эҳсон келади”, деб қабул қилмадилар. Сен уни эмизишга оласанми?, – деди. Мен ҳам “менга бир оз муҳлат бер, эрим билан маслаҳатлашайин” – дедим ва эримга бу ҳақда хабар бердим. Ундан “Маккада шу етим боладан бошқа эмизадиган чақалоқ қолмабди, уни олсам бўладими?” деб сўрадим. Эрим “истасанг ол, балки Аллоҳ бу чақалоқ воситаси билан бизга баракат ва мўл-кўллик эҳсон этар”- деди. (Ибн Исҳoқ Ибн Ҳишом, 1/172). Абдумутталибнинг ёнига қайтиб бориб, унга “чақалоқни оламан”, дедим.

Абдумутталибнинг юзида севинч кўринди.

Мени дарров Аминанинг уйига олиб борди. Амина мени “хуш келдинг, сафо келдинг”, дея қаршилади. Ва мени Муҳаммад алайҳиссаломнинг хонасига олиб кирди.

Мен чақалоқни сутдай оппоқ юнг газмолга ўралган, тагида яшил рангли ипак тўшалган ҳолда кўрдим. Чалқанча ётиб, пиш-пиш ухлар эди. Ундан хушбўй миск ҳиди келарди. Унинг севимли юзига тўйиб бўлмасди. Уйқусидан уйғотишга кўзим қиймади. Қўлларимни унинг кўксига қўйганим он у сокин кулимсиради ва кўзларини очди. Дарҳол манглайидан ўпдим ва қучоғимга олдим”…

Ҳазрати Aмина Ҳалима хотинга шундай деди:

– Менга уч кеча давомида “ўғлингни Бани Саъд бин Бакрлардан Абу Зуайб оиласи ичида эмизасан”, деган амр келди. Мана, шу қучоғингдаги чақалоқнинг сут отаси Абу Зуайбдир. Абу Зуайб менинг отамдир.

Ҳазрати Aмина ҳомилалик пайтида ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломни туғиш асносида зуҳур этган воқеаларни Ҳалима хотинга айтиб берди ва унга “ўғлимга яхши қара”, дея тайинлади.

Ҳалима хотиннинг кўнгли ёришди, эшитганларидан севинди. (Ибн Саъд, 1/111). Ҳалима хотин оиласининг Пайғамбаримиз туфайли баракатга эришганини шундай эслайди: “Мен уни бошқа бир чақалоқни тополмаганим учун олгандим. Аммо йўлга чиқиб, уловимнинг ёнига келганимда, бу чақалоқ учун кўкракларимга кўп сут келди. У билан бирга ўз болам (Пайғамбаримизнинг сут биродари) ҳам тўйгунча эмди ва ҳар иккаласи тўйгунча ухладилар. Ҳолбуки, бундан аввал бизнинг боламиз йиғлаб, бизни ухлатмасди.
Яна эрим қари ва сутсиз туямизнинг ёнига борганида, унинг эмчакларига ҳам сут тўлган эди. Ҳар иккимиз унинг сутини соғиб ичдик.

Ўша кечаси хайирли бир кеча бўлди. Тонг отганида эрим Хорис “Валлоҳи эй Ҳалима, сен бир муборак чақалоқ олдинг!”, деди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг улғайиши

Пайғамбаримиз алайҳиссалом икки ойлик экан, ҳар тарафга юмалай оларди. Уч ойлик бўлганида оёққа тура оларди. Тўрт ойлик экан, деворни тутиб, юрар эди. Беш ойда эркин юра бошлади. Олти ойда тез юра оларди. Етти ойлик бўлганида гапира бошлади ва унга айтилган гапни идрок этди. Ўн ойлик бўлганида болалар билан ўқ отишиб ўйнай бошлади. (Зурконий, 1/148)

Пайғамбаримизнинг сутдан кесилиши

Ҳалима хотин “икки йил ўтганида уни сутдан кесдим” деб хотирлайди. (Ибн Исҳoқ Ибн Ҳишом,1/173).
Ҳалима хотин, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг баракати туфайли ундан ҳеч айрилишни истамаганлигини айтади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўкси малаклар тарафидан ёрилиши

Пайғамбаримизнинг сут онаси Ҳалима хотин онт ичиб шундай дейди: “Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг сут биродари (Абдуллоҳ) билан чодиримиз орқасида яйловда ўйнар эканлар, Абдуллоҳ чопиб келиб, менга ва отасига оқ кийган икки киши у Қуръайшли биродаримнинг қорнини ёриб, ичак-чавоғини ковлашаяпти!”, деди ваҳима ичида.

Мен отаси билан дарров у ерга бордик. Уни (Пайғамбаримиз алайҳиссаломни) юзи сарғайган ҳолда кўрдик. Мен дарҳол уни бағримга босдим. “Нима бўлди, болагинам?”, деб сўрадим.

– Оқ либос кийган икки киши келиб, қорнимни ёрди ва ичимда нимадир ахтардилар, – деди у (Пайғамбаримиз алайҳиссалом).
– Ҳаммамиз чодирга қайтиб келдик. Эрим Хорис “Эй Ҳалима, бу боланинг бошига бир фалокат келишидан қўрқаяпман. Уни дарҳол оиласига топшир”, деди. (Тобарий, “Тарих”, 2/127).

Бу ҳодиса баъзи манбаларга кўра Пайғамбаримиз алайҳиссалом тўрт ва ёки беш ёшлигида юз берган. (Ибн Саъд, 1/112).
Бу хусусда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Мен Саъд бин Бакр оиласида эмизилиб, улғайдим. Бир куни сут биродарим билан қўзичоқларни ўтлатиб юрганимизда оқ либосли икки одам қор тўлдирилган олтин лаган билан ёнимга келишди. Мени тутиб, қорнимни ёрдилар. Юрагимни чиқариб, уни ҳам ёришди. Юрагимнинг ичидан бир қон парчасини олиб, ташқарига отдилар. Кейин юрагимни, қорнимни ўша қорда ювиб, тозаладилар. Кейин улардан бири иккинчисига: “Уни унинг умматидан ўн киши билан тарозида торт!”, деди.

Тарозида тортдилар. Мен ўн кишидан оғир келдим. Кейин “уни умматидан 100 киши билан торт!” деди. Мен улардан ҳам оғир келдим.

“Уни умматидан минг киши билан торт!”, деди. Тортди.

Мен минг кишидан ҳам оғир келдим.

Шунда у одам йўлдошига “етар, уни бутун уммати билан тортсанг, у умматидан оғир келади”, деди. (Ибн Саъд, 1/175).

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.