Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом (ўз замонида) Аллоҳу Таолога иймон ва ибодат этганларнинг биринчиси эди.
Бу воқеа Қуръони Каримда шундай ифодаланади: “Де- ки, мен Аллоҳга ихлос этувчи ўлароқ ибодат этишим учун амр олдим. Менга мусулмонларнинг аввали бўлиш буюрилди”. (“Зумар”, 11- 12).
Илк пайтларда Қуръайш мушриклари Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қаттиқ қарши чиқмади. Ҳатто улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Каъба масжидида намоз қилишига ҳам индамадилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кейин Аллоҳга ва унинг расулига илк иймон келтирган инсон Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг завжалари Ҳазрати Ҳадича бўлди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қавми тарафидан инкор этилиб, ҳақоратларга учраганида Аллоҳу Таоло унинг қайғусини Ҳазрати Ҳадичанинг таскин берувчи сўзлари ила кетказар, саботини мустаҳкамлар эди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳадиси шарифларида “Ўз замонидаги хотинларнинг хайирлиси Имрон қизи Марям эди. Бу уммат хотинларининг хайирлиси эса Ҳадичадир”, дейди.
“Жаннат хотинларининг устуни Ҳувайлиднинг қизи Ҳадича, Муҳаммаднинг қизи Фотима, Имроннинг қизи Марям, Музаҳимнинг қизи (фиръавннинг завжаси) Осиёдир”, деган яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
Ҳазрати Ҳадича мусулмон бўлганида ёнидаги қизлари ҳазрати Рукия, ҳазрати Умму Кулсум, ҳазрати Фотима ҳам мусулмон бўлдилар.
Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин!
Ҳазрати Али Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва Ҳазрати Ҳадичанинг намоз қилганларини кўриб “бу надир?”, деб сўради.
– Бу Аллоҳнинг ўзи учун танланган пайғамбарлари орқали юборган диндир, – деди Расулуллоҳ.
Кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳазрати Алига:
– Мен сени бир ва ягона бўлган Аллоҳга иймон этишга, унга ибодатга даъват этаман. На фойдаси, на зарари бўлган Лот ва Узза (бутлар)ни инкор этишга даъват қиламан, – деди.
– Мен бу дин ҳақида бугунга қадар эшитмадим. Отам Абу Толиб билан маслаҳатлашмай туриб, бу ишни қилолмайман, – деди Ҳазрати Али.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом пайғамбарликнинг эълон қилинишидан аввал одамлар ичида тарқалишини истамагани учун:
– Эй, Али, сенга айтганимни қилсанг қил, қилмасанг, мусулмон бўлмасанг, сенга айтганларимни ҳеч кимга айтма, сир тут, – деб буюрди.
Ҳазрати Али ўша кеча кутди.
Аллоҳу Таоло унинг кўнглига Ислом севгисини ерлаштирди.
Эрталаб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига бориб, “Ё, Муҳаммад, кеча менга айтганинг нима эди?”, деб сўради.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга:
– Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарикалаҳ, (Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган, бир бўлгаси, шериги бўлмаган Аллоҳ), деб шаҳодат келтир. Лот ва Уззани рад эт, инкор қил. Аллоҳга тенг тутилган ҳар қандай бутлардан узоқлаш, – деди.
Ҳазрати Али Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг буйруғини дарҳол бажарди, мусулмон бўлди.
Аллоҳ ундан рози бўлсин!
Ҳазрати Али отаси Абу Толибдан қўрқиб, бир муддат мусулмонлигини махфий тутди, айтмади.
У мусулмон бўлганида 10 ёшда эди.
Намоз вақти келганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Макка водийларига кетиб, у ерда намоз қилар, Ҳазрати Али ҳам унга қўшилиб намоз қиларди.
Буни бир куни Ҳазрати Алининг онаси Фотима хотин билиб қолиб, эри Абу Толибга айтди. Абу Толиб ҳам Пайғамбаримиз ва Ҳазрати Алининг изидан тушиб таъқиб этди. Уларнинг Батни Наҳлда намоз қилганларини кўрди.
– Эй, биродаримнинг ўғли, бу дин қайси диндир?, – деб сўради Пайғамбаримиздан Абу Толиб.
– Эй амаки, бу Аллоҳнинг динидир. Аллоҳ малакларининг динидир. Аллоҳ пайғамбарларининг динидир. Бобомиз Иброҳимнинг динидир-ки, Аллоҳ мени пайғамбар ўлароқ бутун қулларга шу дин билан юборди. Эй амаки, ўгит берайин, тўғри йўлни кўрсатайин, бу йўлга ҳаммадан кўра ҳам сен лойиқсан! Бу йўлдаги даъватимни қабул этишга, бу хусусда менга ёрдамчи бўлишга ҳам кўпроқ лойиқсан!, – деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
– Эй биродаримнинг ўғли, айтганинг нарсаларда хавфли нарса йўқ. Фақат мен оталаримдан айрилишга кучим етмайди. Янада сен юборилганинг вазифада собит бўл. Валлоҳи, мен тирик эканман, сен ишингни тамомлагунча, сенга ёқимсиз бўлган ҳеч нарса бўлмаяжакдир, – деди Абу Толиб.
Ҳазрати Алига ҳам ёмон бир гап айтмади.
Фақат “Эй, ўғлим, сенинг қабул қилган дининг қандай дин?”, деб сўради.
– Отажон, мен Аллоҳга, Аллоҳнинг Расулига иймон келтириб, унинг Аллоҳдан сўйлаганларини қабул ва тасдиқ этдим. Унга тобе бўлдим ва у билан бирга намоз қилдим, – деди, Ҳазрати Али.
– У сени фақат хайир ва яхшиликка даъват этади. Сен унинг йўлидан кетишда давом эт, – деди Абу Толиб.
Абу Толибнинг сўзлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломни севинтирди.
Ҳазрати Алидан сўнгра мусулмон бўлган Зайд бин Ҳoриса эди.
Уни пайғамбаримиз қулликдан озод қилиб, ўғил ўлароқ қабул қилганди.
Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Ҳазрати Абу Бакр исломиятдан аввал ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг дўсти эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом у ҳақда шундай деган: ”Иломиятга даъват этганимда, кўпчилик тараддуд қилди, секин ҳаракат қилди, аммо Абу Бакрга исломиятни таклиф этганим он қабулда кечикмади, тараддудга тушмади”.
Ҳазрати Абу Бакр мусулмон бўлганида, ҳеч тортинмасдан мусулмонлигини эълон қилди ва халқни ҳам Аллоҳга ва унинг Расулига иймонга даъват этди.
Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Қул Билол Ҳабаший билан унинг онаси Ҳаммома хотин ҳам мусулмон бўлдилар.
Билол Ҳабаший мусулмонлигининг илк эълон қилган еттита мусулмондан бири эди. Уни динидан қайтариш учун ақл бовар қилмас қийноқларга солишди. Аммо у Аллоҳдан қайтмади, мушриклар уни “Лот ва Узза маъбуддир”, дейишга мажбур қилолмадилар. Ва Билол Ҳабашийни Ҳазрати Абу Бакр сотиб олиб, уни қулликдан озод қилди, қийноқлардан қутқарди.
Аллоҳу Таоло ҳаммасидан рози бўлсин.
Улардан кейин:
11. Абу Фукайҳа
12. Ҳомид бин Саид
13. Ҳомид бин Саиднинг завжаси Умайна хотин
14. Амр бин Саид
15. Ҳомид бин Саид
Ҳазрати Абу Бакрнинг ташвиқи ила:
16. Ҳазрати Усмон
17. Зубайр бин Аввом
18. Абдураҳмон бин Авф
19. Саъд бин Ваққос
20. Талҳo бин Убайдуллоҳлар Пайғамбаримиз ёнига келишди ва ундан Исломият ҳақида билги олишди, унинг тарафидан Исломга таклиф қилинди ва мусулмон бўлдилар.
Улардан кейин мусулмон бўлганлар:
21. Абу Убайда бин Жарроҳ
22. Абу Салама
23. Арком бин Абиъал Арком
24. Усмон бин Мазъун
25. Қудома бин Мазъун
26. Абдуллоҳ бин Масъуд
27. Убайда бин Ҳорис
28. Саид бин Зайд
29. Саид бин Зайднинг завжаси Фотима бинти Ҳаттоб
30. Асмо бинти Абу Бакр
31. Ҳаббоб бин Арат
32. Абдуллоҳ бин Масъуд
33. Масъуд бин Рабъ (Рабийъ)
34. Айёш бин Аби Рабийъ
35. Айёш бин Робийънинг завжаси Асмо бинти Салама
36. Ҳунайс бин Ҳузофа
37. Амр бин Рабийъ
38. Абдуллоҳ бин Жаҳси
40. Жаъфар бин Абу Толиб
41. Жаъфар бин Абу Толибнинг завжаси Асмо бинти Умай
42. Амир бин Аби Ваққос
43. Маъмод бин Хорис
44. Наҳҳам Нуайм бин Абдуллоҳ
45. Ҳoтиб бин Амр
46. Абу Ҳузайфа бин Утба бин Рабийъ
47. Амр бин Фуҳайра
48. Вақид бин Абдуллоҳ
49. Суҳайл бин Байзо
50 Салит бин Амр
51. Мутталлиб бин Азҳар
52. Мутталлиб бин Азҳар завжаси Рамла бинти Авф.
Бу инсонларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даъватга бошлашидан аввал мусулмон бўлганлар.
Аллоҳ ҳаммасидан рози бўлсин.
Пайғамбаримизнинг Даоъул Аркомга кириб, исломиятни у ердан ёйиши
Ислом тарихида “Доръул ислoм” дея аталган Доръул Арком аслида Aсҳоби киромдан бўлган Арком бин Абил Аркомнинг Сoфa тепаси ёнида жойлашган уйи эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қуръайш мушрикларидан яшириниб юрганида, бу уйда истиқомат қилганди, ўша уйдан исломга даъват этганди.
Пайғамбаримизнинг асҳоби шу уйда тўпланарди.
Шу уйда жамоат бўлиб намоз қилишарди.
Аллоҳу Таоло динини халққа эълон қилишни буюрганига қадар Пайғамбаримиз 3 йил давомида шу уйда туриб ўз вазифасини адо этди.
Бу муддат ичида Пайғамбаримизни яширин кўриб, унга иймон келтирганлар сони ошиб борди.
Нубувват (пайғамбарлик)нинг беш босқичи, даъват ва ижобат умматлари
Даъватнинг беш босқичи бўлиб, биринчиси нубувват (пайғамбарлик) босқичидир.
Иккинчиси, энг яқин қариндош- уруғларни охират азоби ила қўрқитиб, огоҳлантириш босқичидир.
Учинчиси, ўз қавмини охират азоби ила қўрқитиб, огоҳлантиришдир.
Тўртинчиси, аввал охират азоби ила огоҳлантирилмаган бутун қавмларни бу азоб билан қўрқитиш босқичидир.
Бешинчиси, Oхир замонгача, жин ва инсонлардан даъват қабул этабилажак ҳолда бўлганларни охират азоби ила қўрқитиш босқичидир.
“Уммат” деб бир динда, бир замонда ёки бир ерда тўпланган ҳар қандай жамиятга айтилади.
“Уммат” калимаси фақат инсон жамиятларига нисбатан эмас, ерда яшаган бутун ҳайвонлар ва учган қушлар учун ҳам ишлатилади.
Мутаржим Осим Афанди “Қомус” таржимасида шундай деб ёзади:“Уммат деб пайғамбар юборилган жамиятга айтилади. Хоҳ иймон этсинлар уларга уммати ижобат итлоқ бўлур, хоҳ иймон этмасинлар, уларга уммати даъват итлоқ бўлур. Ва уммат деб жамоатга каби ҳайвон турига ҳам айтиладир”.
Кофирлар “уммати ижобат” эмас, балки “уммати даъватдирлар”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фақат арабларга эмас, бутун инсонларга пайғамбар ўлароқ юборилди.
Аҳли Китоб бўлган яҳудий ва христианларнинг ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг рисолат ва даъвати ташқарисида қолмаганлари Қуръони Каримда шундай ифодаланади: “Эй аҳли Китоб, пайғамбарларнинг ораси узилган бир замонда сизга (ҳақиқатни) очиқ айтиб турган расулимиз келди. Токи, “бизга нa раҳмат муждачиси, нa-да азоб хабарчиси келди”, деманглар. Мaнa, сизга раҳмат муждачиси ҳам, азоб хабарчиси ҳам келди энди! Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир!” (“Моида”, 19).
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг энг яқин юртдошларини огоҳлантириши ва ўзига ёрдамга даъват этиши
Ҳазрати Али шундай дейди: “Сен (аввал) энг яқин қариндошларингни (инзор эт, уларни охират азоби ила) қўрқит!” (“Шуаро”, 214) ояти нозил бўлганда, Расулуллоҳ алайҳиссалом мени чақириб, “Эй Али, Аллоҳу Таолонинг энг яқин қариндошларимни огоҳлантиришимни амр этиши менга жудо оғир келди, қайғулантирди. Чунки, биламанки, қавмимга бу мавзуда сўз очсам, муҳаққақ ёқимсиз бир нарсага дуч келаман. Шу боис, бир оз жим юрдим. Менга Жаброил алайҳиссалом келди ва “Ё, Муҳаммад, агар Аллоҳу Таолонинг сенга амр этганини қилмасанг, Роббинг сенга азоб этажак!”, деди. Ё, Али, бир соъ (тўрт ҳовуч қадар) емак пишир ва устига қўй бутидан гўшт қўй. Бизга бир меш тўла сут ҳозирла. Кейин Абдулмутталиб ўғилларини мажлисга чақир. Уларга бир сўзлайин. Амр қилинган нарсани уларга айтайин”, деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
Расулуллоҳнинг буйруғини бажардим.
Абдулмутталибнинг ўғиллари Расулуллоҳнинг ёнида тўпландилар.
Улар ўша пайт 40 киши эдилар. Ёки 40дан битта оз ёки битта кўп эдилар. Расулуллоҳнинг бутун амакилари – Абу Толиб, Ҳамза, Аббос ва Абу Лаҳаб – ҳам келганлар орасида эди.
Расулуллоҳ мени чақирди ва емакни олиб кел, деб буюрди.
Емакни олиб келиб, олдига қўйдим.
Пайғамбаримиз гўштни бўлиб, чаноқнинг теварагига қўйди ва келганларга “қани, олинглар, бисмиллоҳ!” деди.
Йиғилганлар ҳаммаси еди ва тўйдилар.
Борлиғим қудрат қўлида турган Аллоҳга ямин этаман, уларнинг ҳаммасига берилган бу емакни улардан биттаси ейиши мумкин эди!
Кейин Расулуллоҳ:
– Ё Али, уларга сут ҳам бер! – деди.
Уларга сут мешини келтирдим.
Ҳаммаси қона – қона ичдилар.
Емакдан ва сутдан қолгани худди уларга ҳеч ким қўл урмагандай турар эди.
Расулуллоҳ сўзини бошламоқчи эди, Абу Лаҳаб:
– Қизиқ – ку, биродарингиз сизларни катта бир сеҳр билан сеҳрлади. Тўғриси, биз бугунгидай бир сеҳр ҳеч кўрмагандик!, – деди.
Кейин Расулуллоҳга қараб:
– Булар сенинг амакиларинг ва уларнинг ўғиллари. Сен уларга истаганингни айтиб бўлдинг. Сен диндан озишни ташла! Шуни яхши бил-ки, қавминг сен учун бутун араб қабилаларига қарши келишга тайёр эмаслар. Бутун Қуръайш уруғлари устингга бостириб келмасдан аввал, ота ўғиллари сени ҳибс этиб, асир олишлари керак. Бу бошқа ҳолатдан яхшироқ. Эй биродаримнинг ўғли, мен сен каби шар ва ёмонлик олиб келган биттасини кўрганиим йўқ, – деди ва Расулуллоҳнинг оғиз очишига имкон бермади.
Ҳамма тарқалди.
Абу Лаҳабнинг сўзи Расулуллоҳга жуда қаттиқ ботди.
У мажлисда ҳеч гапирмади.
Шунда Жаброил алайҳиссалом келиб, Аллоҳнинг буйруғини дарҳол адо этишни амр этди.
Эртаси куни тонгда Расулуллоҳ алайҳиссалом, “Ё Али, у кимса эшитганинг сўзлар билан мени гапиртирмади, мен оғиз очмасдан ҳамма тарқаб кетди. Сен кеча оқшом тайёрлаганинг миқдорда емак ҳозирла, кейин қариндошларни яна тўпла”, деди.
Емакни ҳозирлаб, қариндошларни тўпладим.
Расулуллоҳ емакни олиб кел, деб буюрди.
Емак келди ва Расулуллоҳ кеча оқшомги каби этни бўлиб, чаноқ атрофига қўйди. “Қани, олинглар, бисмиллоҳ!” деди.
Ҳамма емакдан тўйгунча едилар.
– Қани, уларга сут ҳам бер! – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
Уларга мешда сут бердим.
Сутдан қона- қона ичдилар.
Валлоҳи, уларнинг ҳаммаси учун ҳозирлаганим бу емак ва берганим бу сутни улардан биттаси еб-ичган бўларди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом келганлардан:
– Қарзимни менинг ўрнимга ким тўлайди?, – деб сўради.
Мен жим турдим.
Бошқалар ҳам жим эдилар.
Расулуллоҳ саволини такрорлади.
– Мен тўлайман, ё Расулуллоҳ!, – дедим мен.
– Сен тўлайсан ё Али, сен тўлайсан!, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом (Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом “менинг қарзимни менинг ўрнимга тўлаяжак ва берган сўзимни ерига келтиражак, жаннатда мен билан бирга бўлажак, менинг вакилим бўлажак ким?”, деб сўради).
Меҳмонлардан бириси “Сен карам ва жўмардликда денгизсан, сенга бу хусусда ким вакил бўлишга кучи етади?”, деди.
Расулуллоҳ саволини такрорлаганида, Ҳазрати Али “Мен сенинг вакилинг бўламан”, деди.
Расулуллоҳ унга “Қарзимни сен тўлаяжаксан, ваъдаларимни сен бажаражаксан”, деди.
Шундан кейин Расулуллоҳ гапини шу сўзларла давом эттирди: “Ҳамд Аллоҳга махсусдир. Мен унга ҳамд айтаман. Ёрдамни ҳам ундан сўрайман. Унга инонаман, унга суянаман. Шубҳасиз биламан ва билдираман-ки, ундан бошқа илоҳ йўқдир. У бирдир, унинг эши, ўртоғи йўқдир! Ҳар ҳолда, ўтлоқ излашга юборилган одам оиласига келиб ёлғон сўзламас. Валлоҳи, мен бутун инсонларга ёлғон сўйласам ҳам сизга сўйламасдим. Бутун инсонларни алдаган бўлсам ҳам, сизни алдамасдим. Сизни даъват этганим Аллоҳ шундай бир Аллоҳдирки, ундан бошқа Илоҳ йўқдир. Валлоҳи, сизлар уйқуга кетгандай ўлажаксиз, уйқудан уйғонгандай тирилажаксиз ва бутун қилмишларингиз учун ҳисобга тортилажаксиз! Яхшиликларингизнинг мукофотини кўриб, ёмонликларингизнинг жазосини чекажаксиз! Буларнинг оқибати ёки мутлақо Жаннат ёки мутлақо Жаҳаннамдир. Инсонлардан илк огоҳлантирилганлари сизларсиз. Эй, Абдулмутталиб ўғиллари! Валлоҳи, араблар ичида дунё ва охират учун менинг сизга келтирганимдан устунроқ ва хайирлироқ бир нарсани ўз қавмига келтирган бошқа бир йигитни билмайман! Мен сизни тилда осон айтилган, мезонда (тарозида) эса оғир босадиган икки калимага даъват этаман. Бу “Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадун абдуҳу ва Расулуллоҳу” дир. Бунга шаҳодат этишингизни Аллоҳу Таоло менга амр этди. Эй Абдулмутталиб ўғиллари! Мен махсус ўлароқ – сизга, умумий ўлароқ – бутун инсонларга пайғамбар қилиб юборилдим. Сиз бу хусусда аввал кўрмаганингиз баъзи мўъжизаларни ҳам кўрдингиз. Менга юкланган вазифани адо этишим учун менга ёрдамчи ва биродар бўлишни, Жаннатни қозонишни ким истайди? Ким бу йўлда биродарим ва соҳибим бўлиб, менга баёт этади?”, деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
Ҳеч ким оёққа қалқмади.
Мен дарҳол ўрнимдан турдим.
Мен у ердагилар ичида ёши энг кичиги эдим.
Расулуллоҳ менга, “Сен ўтир!”, деди.
Ва саволини уч маротаба такрорлади.
Ҳар сафар мен оёққа қалқдим.
У эса ҳар сафар “сен ўтир”, дер эди.
– Ё Расулуллоҳ, мен ёшим кичик, оёғим қувватли бўлмаса – да, сенга қардош ва ёрдамчи бўла оламан, – дедим мен.
Ҳамма жим эди!
Саволни уч марта такрорлаб бўлганидан сўнг, Расулуллоҳ қўлини менинг қўлим устига қўйиб:
– Сизларнинг ичингизда бу менинг қардошим, васийим ва ёрдамчимдир. Унинг сўзларини тингланг ва унга итоат этинг. Бу ишга амакимсиз, амакимнинг ўғли ворис бўлди, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
Йиғилганлар кулишиб, ўрнидан турдилар ва Абу Толибга:
– Қара, сенга ўз ўғлингга итоат этишни буюрди. Унга итоат эт, – дейишди.
Абу Толиб эса уларга:
– Тинч қўйинг уни, амакисининг ўғли бошини фақат хайирли тарафга эгади, – деди ва Расулуллоҳга юзланиб:
– Биз учун сенга ёрдам этишдан ҳам севимли нарса йўқдир. Ўгитларингни қабул этдик. Сўзларингни тамом тасдиқладик. Бу тўпланганлар сенинг боболарингнинг зурриётларидир. Мен ҳам улардан биттасиман. Уларнинг ичида сен истаган нарсаларинг учун энг тез югурaдигани, онт бўлсин-ки, мен бўламан. Сен сенга амр этилганларни адо этишда давом эт! Онт бўлсин-ки, сенинг атрофингни қуршаб, сени ҳимоя қилишдан чарчамаяжакман! Нафсимни Абдулмутталиб динидан чиқишга мажбур қилолмадим. Ҳар ҳолда, у динда ўламан, -деди.
Абу Лаҳабдан бошқа ҳаммаси юмшоқ ва яхши сўзлар айтдилар.
Фақат Абу Лаҳаб:
– Эй Абдулмутталиб ўғиллари, бу бир шаър ва ёмонликдир! Бошқалари унинг қўлини қайириб, бу ишдан қайтармасидан олдин, сиз бу ишни қилингиз! Агар бугун унга бўйин эгсангиз зиллатга, ҳақоратга учрайсиз! Уни ҳимоя қилсангиз, сизларни ўлдиражаклар!, – деди.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Аммаси София бинти Абдулмутталиб Абу Лаҳабга:
– Эй биродарим! Биродаримнинг ўғлини ва унинг динини ёрдамсиз, хўр ва ҳақир ташлаб қўйиш сенга ярашадими? Валлоҳи, олимлар анчадан буён Абдулмутталиб ўғилларидан бир пайғамбар чиқишини айтиб келаётгандилар. Мана ўша пайғамбар!, – деди.
– Онт бўлсин- ки, сенинг умидинг пучдир! Зотан хотинларнинг сўзлари эркакларга тушовдан бошқа нарса эмас! Қуръайш оилалари, улар билан бутун араблар оёққа турса, уларга қарши қўяжак на кучингиз бор? Валлоҳи, улар бизни чайнамай ютади, – деди Абу Лаҳаб.
Абу Толиб унга:
– Эй қўрқоқ одам! Валлоҳи, токи биз тирик эканмиз, унга ёрдам этамиз, уни ҳимоя этамиз деди, – ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қараб:
– Эй биродаримнинг ўғли! Роббингга даъват этмак истаганинг пайт бизга айт, қуролланиб, сен билан бирга майдонга чиқамиз, – деди.
Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.